Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Феруза Салходжаева.
Жисминги кийиб кетасан ночор...
Аммо, қайтиб келар дарҳол ёнимга,
Менга ўрганган кўнглинг.
Фарида Афрўз
Ёзнинг ўртасига бориб ҳаво исиб кетди. Катта шаҳарда одамлар офтобдан қочиб ўзини соя-салқин жойга урар, зарурат бўлмаса, тирикчилик деб аталмиш ҳаёт чархпалагини айлантирувчи куч бўлмаса, кўчага ҳам чиқмас эдилар.
Кибора қизларини қўшнисига ташлаб чиққач, қадамини тезлаштирди. Билди, қўшнисига малол келди, аммо на илож, бугун иш топмаса, оч қолади. Мактаб ёшидаги қизлар бўлса, қўшниси малолланмаса ҳам бўларди. Уйга ташласа ҳам бўларди-ю, кеч қолиб кетса тушлик берар деб ўйлади. У қизларининг жавдираб қолган нигоҳини ҳам, қўшни аёлнинг "Тез қайтасизми?", деган сўроғини ҳам, норози чимирилган қошларини ҳам унутмоқ истагида хаёлларини яқин ўтмишига бурди.
Бакир билан севишиб турмуш қурди. Ўзидан бир синф юқорида ўқийдиган йигитнинг отаси яхшигина пулдор эди. Бошида Киборани менсимаган йигит бора-бора қандай қилиб тузоғига илинганини билмай қолди. Олти фарзанд ичида учинчи ўғил эди у. Келишган, спортчи, яхши ўқирди. Умуман, йигитнинг оиласига қишлоқда ҳамманинг ҳаваси келарди. Ота-онасининг қаршилигига қарамай Киборага уйланди у. Кейин ўқиши баҳона Тошкентга кўчиб келдилар. Ўшанда қайнотаси ҳаёт эди. Ёш оилага уй олиб берди. У бошқалардек ижарама ижара юрмади. Бакир ҳам ишини топди. Кетма- кет қизлари дунёга келиб, ўзлари тошкентлик бўлиб қолдилар. Камбағалгина оиланинг оқ-сариқдан келган қизига омад кулиб боққанди. Қулай шароит, иссиқ сув, совуқ сув, ўчоқ тандир йўқ, ҳамма нарса муҳайё! Бакир ишдан келгач, баъзан машинада, баъзан пиёда сайрга чиқадилар. Шаҳарнинг озода кўчалари, бахтиёр одамлар, биров билан бировнинг иши йўқ. Сокин, бахтли ҳаёт...
Аммо Киборанинг бахтига кўз тегди. Аввал қайнотаси, кейин қайнонасини ерга қўйдилар. Турмуш ўртоғи чўкиб қолди. Ғам, ҳасрат эзиб юрган кунлари ғафлат босиб аравача етаклаб кетаётган ёшгина жувонни уриб юборди. Аёл ҳам болакай ҳам вафот этди. Қиёмат қўпди. Бакирнинг ака-укаси аралашиб ҳам ишни келишув асосида ҳал қила олмади. Арман йигит хотини ва боласининг ҳуни учун йигитнинг умрини қамоқда чиритмоқчи бўлди.
Шанба куни эди. Ўша куни турмуш ўртоғи эрталабдан Киборага ёмон туш кўрганини айтганди. Нафси кундан кун ошиб бораётган аёл интернет орқали тоғдан дала ҳовли гаплашган, бугун кечаси йўлга чиқсалар, якшанба кун бўйи
дам олиб, кечга шаҳарга қайтишлари керак эди.
—Тушингизни сувга айтиб юборинг, —деди "донолик" билан.
Унинг хаёлини тоққа бориш учун кўрилажак тадорик эгаллаб олган, эрининг алланечук ўйчан нигоҳини ҳис қилмаётган эди.
Мудҳиш воқеа эса ишда ушланиб қолган Бакирга қайта-қайта телефон қилаётган Баҳоранинг тезлаши билан ривожланиб кетди. Светофорнинг яшил чироғи пиёдаларга ҳам улов эгаларига ҳам баравар ёнган чорраҳада қонун бўйича аввал пиёдалар ўтиши керак эди, у барча пиёдаларни ўтказиб юбордим деб ўйлаб, бирдан газни босади-ю...
У ёғи қўрқинчли тушга ўхшарди...
Мана Бакир ҳозир қамоқхонада. Киборанинг қўлида на хунари бор, на дипломи! Яхши ҳаётга ўргатиб кетган эри эса панжара ортида.
Кибора иш излаб чарчади. Идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлашни ўзига эп билмади Эрининг қариндош-уруғи ҳам юз ўгирди. Уларнинг наздида Кибора зоти паст ва Бакирнинг омадсизлини учун асосий сабабчи эди.
Бугун ҳам иш топилмади. У оқ-сариққа мойил юзлари қизариб уйига етиб келди. Қўшнисининг уйидан қизларини олиб, яхшигина жиҳозланган, шинамгина уйига кириб келди.
Турмуш ўртоғи йиғиб қўйган пулларнинг ҳам таги кўриниб қолди. Тағинам бир йилга етказди-ку тежаб-тергаб.
У боя қайнатиб ўчириб кетган қозонининг тагига қайта гугурт чақди, кейин хамир ёйиб, угра кесди, кечки овқатга уннади.
Бакир ёнидалигида нафсига хуш ёқмаган таомини хозир тезроқ пишишини истарди. Қорни очганди аёлнинг. Бир вақтлар эриниб, овқат қилишни истамаса, тайёр, тотли таомларга буюртма берар, егани ейилиб, қолгани ахлат челакка улоқтириларди.
Аслиддин йигирма тўрт ёшга кирди. Отасининг эркаси. Уч қиздан кейин кўрган арзандаси. Мана бир ҳафта бўлди, дадаси ўзининг тикув цехини унга топширди. Йигит авваллари ҳам бу корхонага келиб-кетиб юриб, анча иш ўрганиб қолганди. Мана энди у раҳбар. Дадаси Тошкент вилоятида ҳам бир неча тикув корхоналар эгаси бўлгани сабабли, асосан ўша томонларда юргани сабабли шаҳардаги юмушлар секин-аста йигитнинг қўлига ўтди.
Бугун ҳам ишчиларни бир кўздан кечиргач, ташқарига йўл олди. Пишиб, мевалари тўкилиб ётган ўрик дарахти тагида бир қиз турарди. У иккиланиб турганга ўхшар, "кирсамми, кирмасамми", дегандек ўйланиб турарди
—Сизга ким керак? —сўради йигит шунчаки.
—Ишга кирмоқчи эдим, кимга учрашишни билмаяпман.
—Келаверинг, —деди Аслиддин қўлидаги сигаретини улоқтириб.
Аёл ҳаммасини гапирди. Орада бироз кўз ёш тўкди. Йигит Киборани ишга қабул қилди.
Иш қийин эди. Оғир. Саккиз соатлик қатъий тартиб, оз маош.
Кибора қизларини қишлоққа— ота-онасининг уйига олиб бориб ташлади. Сут— қатиқ ичар, гўштсиз бўлса ҳам иссиқ овқат ер. Ўзи ишга тушди. Куз келса, мактаблар бошланиб қолар, пул топишни уддаласа, қўшимча машғулотга берар...
Бир ой ишлаб бўлари бўлди. Оғир эди ишлаш. Бир бурда нон топиб ейиш шунчалик машаққатли экан-да?! Бакир ёнидалигида оғзидан чиққанини муҳайё қилар, у истаса бўлгани эди. Энди эса шу оғир меҳнатга кўнишга мажбур.
Тикув машиналарининг ёқимсиз овози, унга қўшилиб баланд товушда сўзлайдиган, хонани бошига кўтариб куладиган шанғи аёллар овози —ҳамма ҳаммаси асабига тегар, уйига боргач, қозон қайнатгани ҳоли қолмас, бир бурда нон еган бўлар, сўнг" Борса келмас"га кетган эридан эсталик қимматбаҳо телефонини титкилар, шодумон кунларини ёдга олар, сўнг йиғлаб-йиғлаб уйқуга кетарди.
Аслиддин ёш бўлса ҳам пишиққина, қаттиққўл. Ҳозир ҳам маҳсулотларни текшириб юраркан,
Киборанинг қошига келиб, тўхтаб қолди.
—Келинойи, биз, асосан, чет эл буюртмаси асосида ишлаймиз. Чокингиз тоза эмас, шу кунда маҳаллий бозорларга чиқараётган кийимимиз кўпайиб кетди, сал эътиборли бўлинг, илтимос! Бу цеҳ маҳсулотлари анчагина сифатли бўлиб, сал ўхшамай қолган маҳсулот ҳам ички бозорда харидоргир эди.
Йигит илтимос, деди-ю, аммо оҳангида заҳар бор эди.
"Ҳап сеними, шошмай тур!"-деди аёл ичида.
Сиртида эса йигитга шундай жилмайдики... Мана шу табассуми, мана шу ҳокисор нигоҳлари билан бир пайтлар Бакирни асир қилганди. Унинг остонаси олдидан ўтишга ҳазар қиладиган қайнота-қайнотасини бош эгдириб совчи қилиб уйга келтирганди.
Унинг сирли, табассуми, маъюс, шу билан бирга чўғ сачраб турган чиройли бодомқовоқ кўзлари йигитнинг бошини айлантириб қўйди... Тез-тез у ўтирган дасгоҳ ёнига келадиган бўлди йигит.
—Келинойи, ўтиринг, уйингизга ташлаб қўяман,-деди Аслиддин тасодифан йўлидан чиққан жувоннинг жавдираб турган, аммо нақ юракка борадиган нигоҳларига қараб. Кибора бир ҳафта уриниб эришгани бу муваффақиятни қўлдан беришни истамади, худди ноилож қолгандек машинага чиқиб ўтирди. Йигит тузоққа илинганди.
Қиёмат яқин қолганини билдирувчи аломатлардан бири зинонинг кенг ёйилишидир. Бири бўз йигит, бири эрли аёл шайтон қўйган тузоққа шундай қилиб кириб бордилар.
Кибора мақсадига эришгач ишдан бўшади. Энди қизларини мактабга кузатади, ундан сўнг уйга келмасликни, қўшимча машғулотга кетишларини тайинлайди-ю, ўзи Аслиддинни кутиб олишга тайёрланади. Йигит у истаган пулни беришга тайёр. Осмонларда учиб юрар, сўнг қанот қоқиб ўзидан етти ёш катта шу аёлнинг қошига етиб келарди. Ўзини унинг эри деб ҳисоблар, бор ҳаражатини бўйнига олганди.
Қамоқдаги эри ҳам ёдидан кўтарилган Кибора баъзи-баъзида қўрқинчли туш кўриб уйғониб кетар, тушида Бакир қамоқдан чиқиб уни қувиб юрган бўларди. Баъзида қилмишидан афсуслана бошлар, аммо йигитни кўргач, пушаймони ёдидан кўтарилар, уни куўатгач эса, эридан талоқ олиб, унга турмушга чиқиш режасини тузиб борарди.
Бугун унга учрашув белгиланган. Шу пайтгача Бакир билан кўришишдан қочиб юрганди. Энди ўзи истади. Талоқ сўрайди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8