19-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Наргиза Усанбоева.
Уни кўрган Барчиннинг ҳам, Малакнинг ҳам хавотири ошди.
— Эртага дўхтирга борамиз. Ўзингизга қўйса, бормайсиз, — деди Малак қатъий.
— Тўғри айтасан, ўзинг бирга бор! — маъқуллади Барчин.
Эртасига ўзини яна яхши ҳис қила бошлаган Ўлмас Малакни бирга боргани қўймади. Ўзи шаҳарга йўл олди. Назар дўхтир тайинлаган шифокорга учрашди. Шифокор аввалига унинг шикоятларини обдон тинглади. Сўнг турли саволлар берди. Ғалати қилиқлар ҳам қилдирса денг. Кўзини юмдириб қўйиб, бармоқлари ҳолатини сўрайдими-ей! Ўлмасни ҳайрон қолдирган нарса кўзи юмиқ пайтида шифокорнинг ўзи унинг бармоқларини гоҳ букди, гоҳ мушт қилдирди. Кейин қай ҳолатдалигини ундан сўради. Ўлмас эса бармоқлари қанақа турганини ҳис қилишга қийналди. Албатта, бундан янада ичига ғулғула тушди:
— Дўхтир, бу ниманинг белгиси? Нега кўп нарсаларни яхши сезмаяпман?
— Миянгизни компьютер томографиясига тушириш лозим. Мияда қанақадир ўзгариш бўлса, сезгиларда ҳам шундай бўлади. Сезги органларимизнинг ҳаммаси миямиз билан боғлиқ.
— Менинг миямда ҳам ўзгариш борми?
— Буни текшириб кўриб, билиш мумкин. Буни ҳозир аниқ айта олмайман, — деди шифокор қоғоз қораларкан. — Томография сал қиммат туради. Агар ёнингизда пулингиз кам бўлса, бошқа куни ҳам мана шу қоғозни бериб, тушиб кетишингиз мумкин. Лекин қоғозни унутиб қолдирманг, у бўлмаса, сизни текширувдан ўтказишмайди.
Шифокор ҳақ экан. У айтганидек, бу матоҳдан текширувдан ўтишга Ўлмаснинг пули етмади. Бошқа пайт тушишни дилига тугиб, ортига, қишлоққа қайтди.
Йўлда кела-келгунча гоҳ ҳайратланди, гоҳ хавотирга тушди, яна сал-пал тинчланди ҳам. Ҳайрон бўлгани шифокорнинг ажабтовур савол ва қилиқлари туфайли, ҳадиксирагани бу аломатлар ёмон касалликники эмасмикан? Таскин топгани — шифокор ваҳима қилмади-ку! Агар хасталиги жиддий ва қўрқинчли бўлса, “Зудлик билан ётинг”, демасмиди? Демак, унинг касаллиги жа эътибор қиладиган, ғамга ботадиган дардлардан эмас. Шуларни ўйларкан, Ўлмас жилмайиб қўйди. Онаси ва Малакни қўрқитгани қолди. У бирдан Малак ҳақида ўйлай бошлади.
“Покизага ўхшаш томони борми унинг? Хокисорлиги, вазминлиги ўхшаб кетади. Аммо қаеридан, нимасидир бошқача... Албатта, Малак Покизага қараганда минг чандон гўзал. Тағин анча ёш. Лекин фаросати, ақли ёшига қараганда анча салмоқли. Балки шунинг учун ҳам болаларим ҳам тез кўниккандир унга?! Ўзим-чи? У хонадонимга келгач, бор қайғумни, Покизани унутмадимми? Унутдим. Ҳатто биринчи муҳаббатим, ора-сира юрагимни ғижимлаб турувчи Сарварага бўлган туйғуларимни ҳам ғуборларни босган илк қор каби изсиз йўқ қилмадими? Тавба, шу ёшимда севиб қолган бўлсам-а? Уят-е, беш болали одамга! Айтганча, нимаси уят? Ахир Малак ўз хотиним-ку!”
Ўлмас турли хаёллар исканжасида уйига кетганини ҳам сезмай қолди.
— Ассалому алайкум! Дарров келдингизми? — унга ажабсиниб ва домангирлик билан пешвоз чиқди Малак. — Текширувлардан ўтмай қайтиб келдингизми, дейман?
— Ўтмоқчи эдим... — Ўлмас “Пулим етмади” дейиш учун оғиз жуфтлаганди, яна аёлининг қўли калталикдан мунғайиб қолишини ўйлаб гапни бурди: — Шифокор “Бунга ҳожат йўқ” деди. Ўзи қизиқ саволлар берди. Айтсам, кула-кула ўласан. Кўзимни юмдириб, бармоқларимни турли ҳолга солди. Мендан эса топа олмадим.
— Қанақа қилиб? — тушунмади Малак.
— Ма, бармоқларимни ўзинг хоҳлаган кўйга сол. Истасанг мушт қил, ёки бўлмаса бирортасини ётқиз. Хуллас, кейин мендан сўра. Мен эса кўзларимни юмиб тураман, — Ўлмас кўзларини маҳкам юмиб олди.
— Нима қилдим, айтинг-чи?
— Мушт!
— Йўқ! — энди Малак эрининг кўрсатгич бармоғини ҳам ётқизиб, мушт ҳосил қилди. — Энди-чи?
— Шапалоқ!
— Йў-ўқ! Сиз жўртага шунақа қиляпсиз? Одам ўз қўлининг ҳолатини ҳам билмаслиги мумкинми?
— Нима қилай? Шунақа бўлиб қолди.
Эр-хотин гап билан бўлиб болалари келиб қолганини сезмаганди. Малак тезда қўлини эрининг бармоқларидан тортди. Ўсал бўлганидан ҳамма нарсани унутиб уйга қараб йўл олди. Ўлмас эса бошқа сўроқлардан қутилганидан енгил тортди. Энди онасига ҳам Малакнинг ўзи жавоб беради. Буёғига соғайиб кетса янада яхши...
Лойқаланган сув аста-секин тина бошлайди. Анис ҳам ўз турмушининг охирги вақтларини шунга менгзамоқда эди. Умида билан ажрашган даврини бемалол ҳаёт дарёсининг лойқаланган даври деса бўлади. Мана, энди шукрки, тиниқлашиб боряпти. Шаҳло билан турмуш қургандан буён рўзғорига барака, кунларига мазмун киргандек. Икковлашиб шошиб ишга боришади, бирга қизалоқлари — Сабинани боғчадан олишади. Сўнг уйга келгач, ота-бола ўйнайди, Шаҳло овқат пиширади.
Илгари-чи? Анис ярим тунгача қолиб кетса ҳам уйи томон ошиқмасди, интилмасди. Шу қадар Умидага нисбатан муносабатлари совуқ бўлганмикан? Умида ҳам “Келинг, овқат пишди, келмайсизми?” демасди-да! Билиб олгани “Ким билансиз? Шу пайтгача нима қиляпсиз? Ёнингизда ким бор?” каби саволлар эди.
Анис ўйлаб ҳам унинг сира “Келинг, сизни кутяпман, овқат тайёр”, деганини эслай олмади. Агар бир оғиз “Кутяпман”, деганида ҳам у уйига шошган бўлармиди?
Ҳозир-чи? Буткул бошқача ҳаёт! Айниқса, Сабинанинг унга талпиниши, “Тезроқ мени боғчадан олиб кетинг. Ўйнаймиз-а?” дейишлари уни ортиқ ишхонада ушлаб турмайди. Шаҳлодан олдин нарсаларини йиғишга тушади:
— Тур, Сабиш кутиб қолади...
Сабина ростдан ҳам кўзи тўрт бўлиб кутиб туради. Шаҳлога қиё ҳам боқмай, Анис томон ўқдай отилади:
— Дада! Дада!
Аниснинг ўша онларда юраги ҳапиқиб кетади: “Агар Сабина ўз қизим бўлганида, ким билсин, қандай аҳволга тушардим? Юрагим ёрилиб кетган бўлармиди?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 16
Кечаги кисм такрор куйилганми еки мен адашдимми?