Ҳаётий ҳикоя.
Содиқ чол йиқилди. Йиқилганда ҳам ёмон йиқилди. Ҳуш-беҳуш ҳолда уйга олиб кириб ётқизишди қўшнилар. Оғриқ зўридан вужуди дир-дир қалтираб, юзидан қора тер қуйилар эди. Ўғлига телефон қилишди. Ўғил қўшни қишлоқдаги жайдари табибни олиб келди-да, иши шошилинч экан, отасидан ҳол аҳвол сўраб, таскин берди-ю шошилиб чиқиб кетди. Табиб у ёғ-бу ёғини кўриб, қовурғаси синиб, умуртқаси дарз кетганлигини, жигари ҳам лат еган бўлиши мумкинлигини айтиб, докторга кўрсатиб, рентген қилдириш лозимлигини тайинлади.
Қарига ҳам жон керак, ёшга ҳам. Жон азоби ёмон бўларкан. Содиқ чол оғриқ азобига чидолмай инқиллар экан, соп-пасоғ юрган кечаги ёруғ куни қўл етмас узоқ, эртанги куни эса қоронғи ва мавҳум туюлар, тузалиб кетишдан умидини узган эди.
Аслида Содиқ чолнинг тўрт қават кўрпачага чиқиб, кампири билан менжашиб, оёғини уза-ти-иб ётадиган даври. Болалари ўзи-ўзи билан бўлиб кетган. Бир – бировидан кам жойи йўқ . Давлат ишларида сидқидилдан, ҳалол ишлагани учун нафақаси ҳам мўмайгина. Кампири иккаласи, ўзи айтмоқчи, “ола-ам жаҳон” пулни ҳар ой қуртдай санаб олади. Ўзи ёмон. Тиниб-тинчимайди. Ўзи ҳам тинч ўтирмайди, кампирига ҳам кун бермайди. Ҳали мол-ҳол, ҳали экин-тикин деб югургани югурган. Гапини қаранг: “Тирик банда тинч ўтирмаслиги, қимирлаши керак, гўрга кирганда хоҳлаганча тинч ётиши мумкин” ,- эмиш. Тўғри, униям тушуниш керак. Болаларимга нафим тегсин, бири икки бўлсин, камчилик кўрмасин, зориқмасин, - дейди-да. “Мен қиламан ўттиз, худо қилади тўққиз”, - дегани шу экан-да. Ўзини ҳамма ишга кучи етадиган, ғайратли ҳис қилиб учиб юрган эди. Инсон - хом сут эмган ғофил банда. Эртаси нима бўлишини билмас экан. Эрта-ку эрта, лаҳзаси ҳам худонинг измида. Мана, кеча ва бугун, лаҳза ва лаҳза ўртасига қора чизиқ, йўғи-ий, худо асрасин, қизил чизиқ тортилди. Бир зумда еру осмон йўқ, фақат жон, жон бор. Бу жон азобини тортгандан кўра ўлиб қўя қолгани маъқул эан. Лекин ўлим даҳшат. Юмшоқ кўрпачалардан бир зумда совуқ қора ер бағрига бориш, яқинларини ҳеч қачон қайта кўрмаслик ваҳимали, гарчи ҳар бир банда қисматида бор бўлса-да, боягина яйраб-яшнаб, ўзини узоқ яшайдигандай ҳис қилиб, орзу-ю режалари билан юрган одамни эзиб ташлар экан. Ўзини ночор, ожиз , кимгадир муҳтож ҳис этиш туйғуси Содиқ чолга ёт эди. Бирдан кичирайди, мунғайди. Кўрпа ичида муштай бўлиб ётар экан, пичирлаб худога илтижо қилар, қаршисида совуқда қолган мусичадай қунишиб ўтирган кампирига қийин бўлишини ўйлаб, изтироб чекарди.
Қизларидан умид йўқ. Уларга оғирини ортмоқчи эмис. Ҳаммаси уйли - жойли – ўзга уйнинг шамчироғи. Бировнинг қўлига, раъйига қараган ожиза. Бола – чақасини ташлаб келиб, елиб-югуриб отасининг кунига ярай олмайди. Бор умиди шаҳардаги ўғлидан. Ўғлининг эса бир қорасини кўрстиб кетганича дараги йўқ. Кампири ночор, жонига малҳам бўлолмайди.
Кириб - чиқиб ҳол сураётган қўшнилар шифокорга олиб боришни, яхши табиблар манзилини айтишади. Кампирнинг ҳам, чолнинг ҳам дарди ичида: “Ўғлим келмаяпти”,- дейишидан кўра ўлиб қўя қолишгани маъқул. Одамлар ўғлини айбситишларини сира – сира исташмайди. Чолнинг иситмаси кўтарилиб, алаҳлай бошлагач, кампир ўғлига қўнғироқ қилди:
----Болам , оғриқ қолдирадиган дори билан дўхтир топиб келмасанг бўлмайди.
Ўғил “хўп, ҳозир бораман”,-деди. Барака топсин, ўғли жуда меҳрибонда, Шаҳар узоқ эмас. Бир соатларда етиб келса керак. Чолга далда берди:
---Бир пас чиданг, отаси, ўғлингиз ҳозир зўр дўхтирларни олиб келади. Кўрмагандай бўлиб кетасиз. Чол инқиллаб кўзини юмди. Нажоткорини интизор кута бошлади.
2
Телефон жиринглади. Шоша-пиша гўшакни олган кампир келинининг тулкинамо овозини эшитди:
---Ойижон, ўғлингизни юқорига мажлисга чақиришган эди. Бормасалар қандай бўлар экан? Биласиз. ишлари нозик. гап тегиб қоладими дейман-да.
Кампирнинг тарвузи қўлтиғидан тушди, лекин сир бой бермади:
----Майли, келин. Ишдан гап эшитиб юрмасин. Бир гап бўлар.
Умиду умидсизлик орасида муаллақ кун ҳам ўтди. Кун бўйи осмон бўзрайиб, қўрғошиндай қотди. Йилт этган нурини булутлардан ўтказа олмаётган қуёш қачон ботди, номаълум. Бирдан зим-зиё тун бостириб кирди. Изғирин изиллайди, эшик тутқичига теккан қўл ёпишиб қолади. Узоқдан шоқолларнинг чийиллаган қий-чув нағмаси эшитилади. Бу эса юракка зилдай ваҳима солади. Чол оғриқнинг зўридан иҳрайди.
Кечқурун кампир чолнинг оҳ-воҳига чидолмай яна ўғлига, ўғлининг уйига қўнғироқ қилди. Яна келининиг ипакдай эшилган мулойим-хунук овозини ночор эшитди:
----Ассалому алайкум , ойижон . Отам яхшимилар. Илойим соғайиб кетсинлар-да. Ўғлингиз ҳам ўйлагани ўйлаган. Боришга вақт топмаяптилар. Кечга бормоқчи бўлиб турувдилар. Бошлиқларининг туғилган куни экан. Катта ресторанда зиёфат берётган эмиш. Ўғлингизга ўзинг бош-қош бўлиб тур дептилар. Энди бошлиқ бошлиқда. Бориб ёнларида турмаса бўлмас экан.
Кампир лом-мим демай гўшакни қўйди.
---Ҳа, даминиг ичингга тушиб кетди? Нима гап? Ўғлинг югуриб келяптимикан?
---Ҳа, отаси , кеп қолар. бошига иш тушганда чидайди-да бандаси. Чиданг. Худо суйган бандасига дард беради. Ўғлингиз ҳали ҳам мажлисда экан. Энди, раҳбарларидан ўтолмайди-да.
---Нима раҳбарнинг отаси йўқми? бор бўлса касал бўлмайдими?
Кампир индамай пиёладаги чойни чолнинг оғзига тутди.
Кечаси соат 3-4 ларга бориб чолнинг аҳволи оғирлашди. Кўз олди қоронғулашиб, тишлари таккиллай бошлади. Жон азобида кўзига ўлим кўринди. Ўлимдан ҳам баттари эртага одамлар орасида тарқаладиган гап-сўз: “шунча давлати, обрў-эътибори билан отасини даволатмади”,-деган иснод ўғлига тамға бўлиб қолишидан қўрқди. Жуда-жуда қўрқди:
---Чақир ўғлингни. Ўлишимни томоша қилиб ўтирмай. Нима, эгасиз итдай ўлиб кетавераманми?
Кампир рақам терди. Узоқ кутишдан кейин келинининг уйқусираган овози эшитилди.
---Келинжон, отангизнинг аҳволи ёмон. Аллақандай бўп боряпти. Келин эрини ўйғотиб, воқеани айтди шекилли, ўғлининг бақирган зардали овози барала эшитилди:
---Хўп, мен нима қилай?!
Чол эшитди. Юрагига зил кетди. Ток ургандай вужуди зир титради. Агар ҳозир кампири “отанг ўлди”,- деганда ҳам худди шу-“хўп, мен нима қилай?! “ деган сўзларни эшитишини аллақандай ички туйғу билан ҳис этди. Оғриқ азобида инграб ётганида ҳам кўзидан ёш чиқмаган эди. Йиғлаб юборди. Кўзларидан шашқатор оқаётган ёшларини кампирига билдирмаслик учун тескари ўгрилди. Титроқ овозда:
---Нега ваҳима қиласан? Йўллар муз, тайғончоқ бўлса. Бола пақир кечаси йўлга чиқиб.. ҳовлиқиб бирор бир... туф, туф, худо асрасин. Қўй, эртагача ўлмасман Ундан кўра иссиқ-иссиқ новвот чой қилиб бер.
Чолининг қийналишига чидолмаган кампир унга сездирмай бир неча бор ўғлининг уйига, қўл телефонига қўнғироқ қилди. телефонлар ўчирилган эди. Қоронғуда тимирскиланиб уч-тўрт марта дарвозага бориб йўлга қаради. Дарвазанинг қулфини очиб қўйди:ўғли келса совуқда кутиб қолмасин. Дўхтир излаб юрганда бола бечора. Кампирнинг ўғлига ичи ачиб кетди: “Уйқуси ҳам ҳаром бўлгандир. Шу совуқда машина ҳайдаб юришнинг ўзи бўладими? Бу фалокат қайда эди-я. Тинмагур чол, ўзиям тинмайди, бошқаларниям тиндирмайди. Мана оқибати: ётибди оҳ-воҳ қилиб.
Ниҳоят тонг отди. Чол бир оз ҳаловат топгандай бўлди. Мизғиди. Чошгоҳда ўғил келди. Отасини энг яхши касалхонага жойлаштирди. Тузалиши учун катта харажатдан қочмади. Қариндош – уруғ ўғлининг бу меҳрибонлигидан, жумардлигдан мамнун. Бир ўғил бўлса шунчалик бўлади-да. Лекин отанинг ич –ичидан бир дард кемиради. Бу дардни бировга айтолмайди. Юрагига дард бўлиб ёпишган зардали – заҳарли сўзлар қулоғида жаранглаб, миясида акс-садо бериб туради.
--"-Хўп, мен нима қилай"?! Аслида бу ота беҳад яхши кўрган, шаънига доғ тугул гард ҳам юқтиришни истамаган фарзанднинг ўз-ўзига босган бағритошлик ва худбинлик тамғаси эди. Бу дард ота қалбида яширин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2