Хаётий хикоя...
Зиёда каттагина хонадонга келин бўлди.
Унинг умр йўлдоши уч ака-уканинг кенжаси эди.
Иккала қайнопалари аллақачон турмушга чиқиб, ўзларидан тиниб-тинчиб кетишган. Зиёда келин бўлган йилдан сўнг катта қайноғаси янги иморат қуриб, рўзғорини бўлаклади.
Кейин иккинчи қайноғаси шаҳардан уй олиб, оиласи билан кўчиб ўтди. Кўпчилик бўлиб яшашга ўрганган Зиёда ҳайҳотдай ҳовлида қайнонаси билан қолиб, кун бўйи зерикадиган бўлди. Нима қилсин, эри кун бўйи ишда , ҳатто баъзан кечалариям касалхонада қолиб кетади. Баъзан тонгда, баъзан ярим тунда келади.
Турмуш қуришганига тўрт йил бўлди, ҳамон фарзанд кўришмади.
Эрининг ўзи шифокор бўлгани учун Зиёда бирон жойга бориб даволаниб келиш ҳақида гапиришга ҳам юраги бетламайди.
Қайнонаси эса бот-бот:
– Ҳадичанинг келини ўғил туғибди, шу келин қачон тушганди? Санамойнинг қизини қачон узатишганди, фарзандли бўлибди-я, – деб илмоқли-илмоқли гапиради-ю, Зиёдага **** қўйгудай тикилади.
Бироқ ҳеч нарса демайди.
“- Ундан кўра очиғини айтақолса–чи” – ич-ичидан ранжийди Зиёда.
Бир куни қариндошлариникига тўйга кетган қайнонаси дарвозадан кирибоқ Зиёдани чақирди.
Ўтир! – деди буйруқнамо.
Супа четига астагина ўтирган Зиёда қайнонасининг амрини кутди.
– Менга қара, – деди у келинига қаттиқ тикилиб, – сенинг амманг бола туғмаган экан-ку! – деди осмондан тушгандай.
Зиёда “ялт” этиб қайнонасига қаради.. Ахир аммасининг учта фарзанди бўлиб, учаласидан ҳам невара кўрган-ку!
– Аммам, аммамнинг болалари, невара…
– Қўй-е, билмас экансан, – тутақди қайнонаси. – Озода амманг умуман туғмаган. Учала фарзандини ҳам асраб олган. Сенинг наслингда туғмаслар бор экан-да!
Озода ўқишдаги топган йигити билан Қашқадарёда яшаб юриб, 3 нафар болани асраб олган экан!
Ё худоё, ўзганики ўзак бўлолмас, деганлар. Айтавер, сен боламнинг бошини айлантириб нималарни ўйлаб юрибсан?
Зиёда донг қотди. Аммасининг фарзанд тарбиялаб олганини у ҳақиқатан ҳам билмасди. Қайнонасининг гапларидан ҳам ҳайрон, ҳам хижолатда эди. Қайнонаси эса Озода аммасининг “детдом”дан бола асраб олганини, бепуштлик Зиёданинг қонида борлигини, ўғлининг бахтсизлигини, ичидаги ҳамма дардини бир зумда тўкиб солди.
Зиёда келин бўлганидан бери биринчи марта қайнонасига тик қаради:
– Бекор гап! – деди овозини кўтариб. – Бунақа ёлғон гапларни қаердан олдингиз?
“Бекор гап”, “ёлғон гап”, энди менинг гапим ёлғон бўлдими? – астойдил жаҳли чиқди қайнонасининг.
Зиёда ерга қаради, қайнонасига қўпол гапириб қўйганини сезиб, ҳатто пушаймон бўлди. Лекин севимли аммасининг ортидан мағзава ағдариб, Зиёдани билиб-билмай, узил-кесил бепуштга чиқараётганидан кўнгли зил кетди. “Гапига яраша гап қилдим”, – ўйлади у қайнонасига бўй бергиси келмай.
– Мен сени индамас, десам ичингда уйдай бало бор экан-ку! – яна узиб олди қайнона.
Бу гал Зиёда индамади.
Ҳамма можаро эри Музаффар ишдан келганидан сўнг бошланди. Ошхонада овқатга уннаб юрган Зиёда она билан ўғлининг гапларини эшитмади-ю, дастурхон бошига келганида эрининг ҳам қовоқ-тумшуғи осилиб ўтиришидан билдики, она-бола Зиёданинг “масаласи”ни муҳокама қилиб ўтиришарди. Учаласи жим ўтириб овқатланишди.
Ошхонадаги юмушларини битирган Зиёда ичкари уйга йўналганида ортидан эри чақирди:
Кел, Зиёда, ўтир, – деди у меҳрибонлик билан. – Сен онамдан хафа бўлма. Мен ҳаммасини билардим. Озода опанинг фарзанд олиб боққанини суриштириб билиб олганимни сенга айтмагандим.
А! – худди Зиёдани биров туртиб юборгандай, гандираклаб кетди. – Биласиз, нега менга айтмадингиз? Ўзингиз билиб, индамай юрганингиз билан ҳаётимиз изга тушармиди? Кўрдингиз-ку, энамнинг камситишини! – йиғлаб юборди Зиёда.
Онам сени камситаётгани йўқ, негадир хотинига эмас, ерга боққанча гапирди Музаффар.
Нима десам экан, онам, онам ҳам неварали бўлишни хоҳлайди…
Орага жимлик чўкди. Бир зумлик сукунат Зиёдага йилдай туюлди. Эрининг сўнгги гапидан сўнг ичида нимадир узилгандай, жони оғриди.
Қайнонаси қўлидаги сочиқ билан елпинганича:
Бўлди, тамом!- деди чўрт кесиб. – Эртагаёқ Музаффар билан дўхтирга борасизлар. Умр тўхтаб турмайди, қачон Гулсаранинг келини ҳомиладор бўлар экан, деб!
Зиёда тонгни бедор қаршилади. Худди оғир касалликдан тургандай, лоҳас
сезди у ўзини. Негадир Музаффар камгап, ғамгин бўлиб қолгандай туюлди унга. Нонушта ҳам қилмай эри билан шифокор кўригига отланишди.
Бир кунда ранг-рўйи сўлиб, маъюс тортиб қолган Музаффарнинг ўзини тутиши Зиёдага ғалати туюлди. Эри ўзини бундай тутаётганининг боиси фақат фарзандсизлиги эмас, ундан ниманидир яшираётгандай туюлаверди Зиёдага. Яна ўзига ўзи таскин берди: “Ахир тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтганимизда шифокорлар иккаласини ҳам соғлом, деб хулоса беришган, гумон қилгудай жиддий касаллиги бўлмаса”…
Шундай бўлса-да шифокор кўригига киргунларича Зиёда ҳам, Музаффар ҳам худди бегоналардай, бир-бирининг гап сўзларига “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб қайтаришдан нарига ўтишмади.
Умумий лаборатория таҳлиллари, УЗИ хулосалари ёмон эмас, – деди Зиёдани обдон кўрикдан ўтказган шифокор опа. Сўнг Музаффарга юзланиб қўшиб қўйди. – Мана бу дориларни топиб, Сиз озгина даволанишингиз керак, шамоллаш бор экан. Нега олдин-роқ муолажа олмадингиз? Ўзингиз шифокор экансиз. Фарзанд кўрмаяпман, деб келиндан гумон қилиб юравердингизми, а, укажон?
Музаффар ноқулай аҳволда қолганди. Гарчи болалар шифокори бўлса-да, ўз вужудидаги етишмовчиликни сезар, лекин бу ҳолат фарзанд кўрмаслигига сабаб бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. У барча айб Зиёдада, деб гумон қилар, ҳатто хотинининг уруғ-аймоғида бефарзанд қариндошлари бор-йўқлигини зимдан суриштирган, Зиёданинг Қашқадарё вилоятига, ўз курсдошига турмушга чиқиб, фарзандсизлиги учун уч нафар бола асраб олган Озода аммаси ҳақида эшитгач, дилидаги гумон янада ортганди. Ҳатто Зиёданинг ўзи ҳам билмайдиган Озода аммасининг сирини ошкор этиб, хотинини сал бўлмаса бепуштга чиқараёзгани учун ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Зиёда эса худди елкасидан тоғ ағдарилгандай, оёқлари ердан енгил кўчар, бир гапириб ўн куларди.
Дўхтир опа билгир экан-а! – Гўё ҳамма муаммоларини ўша опа ҳал қилиб юборгандай, миннатдорлик билан гапирди Зиёда. – Сиз бўлсангиз, Озода аммамдан айланиб келиб гапириб ўтирибсиз.
Зиёданинг бу гапи Музаффарга: “Сиз гумончисиз”, – дегандай туюлди. Баттар юраги эзилиб, хотинининг юзига тик қарай олмай қолди.
Уйлари олдидаги гужум соясида уларни кутиб ўтирган Гулсара эна ўғлига эмас, келинига қараб кесатди:
Ҳа, дўхтир қўйнингизни алдовларга тўлдириб юбордими? Ё фалон ойдан сўнг туғасан, дедими?
Зиёда анчайин фаросатли, босиқ эди.
Бор гапни эри айтишини билгани учун:
– Ҳаммаси яхши бўлади, дейиш-ди, – деди-ю уйга кириб кетди.
Она-бола гужум соясида ўтириб узоқ суҳбатлашишди. Она нима деди-ю, ўғил қандай гап айтди, буниси Зиёдага қоронғи. Фақат шу кундан кейин қайнонасининг феъли кескин ўзгарди. Зиёдага нисбатан меҳрибон ва мулойим бўлиб қолди. Ўғли билан келинини Тошкент шаҳридаги “Гулшан” сиҳатгоҳига юбориш тараддудига тушди.
Озода аммангда айб йўқ экан, – деди бир куни Зиёдага. – Бояқиш эрини яхши кўргани учун шу йўлни танлаган экан. Аслида эри…
– Амманг бошқага турмушга чиқса, фарзандли бўларди, – деганди онаси Зиёда у ҳақда сўраганда. – Ота-онасининг “овулга қайт” деганига ҳам кўнмади. Сизлар жуда кичкина эдинглар, билмайсизлар. Лекин асраб олган фарзандлари бири-биридан ақлли. Гулсара қудағай гумонга бориб, гуноҳга ботибди.
Зиёда шуни эслади-ю:
Ҳечқиси йўқ, эна, – деди кулиб.
Орадан бир неча ой ўтиб, Зиёда ҳомиладор бўлди. Гулсара эна ер-у кўкка сиғмай қувонди.
Болам эсон-омон қутулса, худо йўлига бир жонлиқ эҳсон қиламан, – кўнглига тугиб қўйди у.
Шундай қилди: Музаффар маликалардай қизли бўлди. Исмини ҳам Маликахон, деб атади. Шу куни элга ош бериб, неварасининг пойқадамида қон чиқариб, худойи-садақа қилди.
Маликахоннинг укалари кўп бўлсин! – дея дуо қилишди “муборак бўлсин”га келганлар Музаффар билан Зиёданинг бағри тўлди, бахтлари кулди.
Кетма-кет яна икки ўғилчали бўлишди. Ҳовлилари олдидаги баланд гужум дарахтига Гулсара эна ўз қўли билан учта арғимчоқ қурди. Кун бўйи неваралари билан бирга гужум соясида ўйновчи қўшни болалар ҳам ҳузур қилиб, навбатма-навбат арғимчоқ учишади.
Ҳа, шукур-а, шукур, – дейди Гулсара эна арғимчоқлар шамолига кўксини тутиб. Шу омон бўлгурларни берган Худойимга шукур!
Фақат бот-бот ирим-сиримларга ишониб, гумонлар гирдобида қолганини, Зиёданинг дилига озор етказганини эслаб, оғир тин олиб қўяди. “Ўшанда шайтоннинг измига кириб, ўғлининг оиласи бузилиб кетишига сабабчи бўлишига бир баҳя қолганди-я! Гумон – имондан айирар, гумонинг – душманинг, деганлари шумикан? Имонсизликдан ўзинг асра”,- дея ўзини ўзи тафтиш қилади-ю, невараларининг қувноқ кулгуларидан баҳри-дили яйраб, барча дилхираликларни унутади.
Тамом.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев