(Саъд ибн Муоз)
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Бадр жангида иштирок этиб, Бадр аҳлидан бўлиш ила шарафландилар. Бадр жанги бошланишидан аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг қўшин ҳозирлаб, Мадинага томон ҳаракатланаётлари хабарини олгач, асҳоблари билан кенгаш ўтказдилар ва уларнинг фикрини сўрадилар. Баъзилари дедилар:
– Бизлар карвон учун йўлга чиққандик. Уларнинг фойда кўришларига монеъ бўлишимиз керак эди. Чунки оладиган фойдалари билан бизга қарши қўшин ҳозирлар эдилар. Агар жанг қилишдан аввалроқ хабардор бўлганимизда, янада яхшироқ ҳозирлик кўрган бўлардик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Карвон соҳил йўлидан кетган. Абу Жаҳл қўшини эса бизга томон келмоқда.
Шундан сўнг Авс қабиласи раиси ҳазрат Саъд розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Бизлар Аллоҳга ва энг сўнгги Пайғамбари бўлган сизга имон келтирдик. Аллоҳ томонидан келтирилган Исломнинг ҳақ дин эканига қалбимиз ила ишондик ва тўғри деб билдик. Сизнинг амрларингизни тинглаш ва итоат қилиш учун сўз бердик. Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, бизга денгизни кўрсатиб, ичига тушсангиз, сиз билан бирга ўша денгизга тушамиз. Ҳеч қайсимиз ортга чекинмаймиз. Ислом душманлари билан курашишни ҳам жон дилимиз билан қабул қиламиз. Жангдан қайтмаймиз. Душман қаршисида сабр тоқат билан одилона турамиз ва жанг қиламиз. Аллоҳ таолога ёлвораман:
– Эй Буюк Роббим! Бизга шундай хизматлар насиб айлаки, ғайратларимизни кўриб, Расулингнинг кўзлари кулсин!
– Ё Расулуллоҳ! Энди бизларни Аллоҳ таоло лутфи ила истаган ерингизга олиб боринг!
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу нинг сўзларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
Ундай бўлса, Аллоҳнинг лутфи ва барокотига томон юринглар! Аллоҳ таоло ё карвонни, ёки Қурайш қўшинини ваъда қилганди. Мен қурайшликларнинг ҳалок бўлиш жойларини ҳозирдан кўряпман.
***
Бадр жангидан сўнг Уҳуд жангида ҳам қатнашган ҳазрат Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу кўрсатган жасоратлари ва қаҳрамонликлари билан саҳобалар орасида энг севимлилардан бўлдилар.
Бу жангда ўғли Амр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар. Ухуд жанги пайти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яралангандилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу билан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яраларини ўраб, даволаш чораларини кўрдилар.
"Расулуллоҳнинг қирқ юлдузи"
(Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар)
2-китобдан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1