Ой нурини тўкканда сим-сим.
Вужудингиз қучганда уйқу,
Тушингизга Мадина кирсин.
Ҳаловатни билмади кундуз,
Сизга парво қилмади кундуз,
Ҳавас қилсин мингларча юлдуз,
Тушингизга Мадина кирсин.
Шайтон изғиб овлади дилни,
Орзусидан ёвлади дилни,
Ғамлар кириб ғовлади дилни,
Тушингизга Мадина кирсин.
Ой юзини доғласин рашки,
Тўхтамасин самонинг ашки,
Бу шундайин мунаввар тушки,
Унга фақат Мадина кирсин.
Жаннат исли равзага чопинг,
Қайғуларнинг дарчасин ёпинг,
Шараф топинг, шафоат топинг,
Тушингизга Мадина кирсин.
Ҳақ Расули умматим дея,
Сени бекор кутмадим дея,
Соғиндингми суҳбатим дея,
Тушингизга Мадина кирсин.
Қўлларини ўпиб йиғланг, дўст,
Пойларига чўкиб йиғланг, дўст,
Ҳасратингиз тўкиб йиғланг, дўст,
Тушингизга Мадина кирсин.
Отам-онам сизга фидо, денг,
Бутун олам сизга фидо, денг,
Беҳишти ҳам сизга фидо, денг,
Тушингизга Мадина кирсин.
Уйқу ичра ҳаловат топинг,
Тунлар шундай бахт-омад топинг,
Туриб ҳамду салавот топинг,
Тушингизга Мадина кирсин.
Ўткирбек Муҳаммад Собир.
Аллоҳга омонатмиз 🤗
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев