----
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.
«Муҳаббат» сўзи «ҳубб» ўзак-сўздан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъносини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади ва унга собит туради.
Муҳаббатнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир- бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни келтиришган:
1. Роғиб айтади: «Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. У икки хил бўлади. Бири табиий бўлиб, у инсонда, ҳайвонда ва гоҳида жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий бўлиб, у фақат инсонга хос бўлади».
2. Кафавий шундай дейди: «Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қисмдан иборат.
Биринчиси, ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан келган нарсани ҳукми ва тақдирига ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир.
Иккинчиси, фақатгина мақомот эгаларида бўлади. Унинг моҳияти қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир».
Аллоҳнинг муҳаббати барча нарсани У зотга ҳиба қилишдан иборатдир. Ундан сенга ҳеч нарса қолмайдир.
Бундан мурод иродангни, азмингни, ишларингни, нафсингни, молингни ва вақтингни ўзинг муҳаббат қўйган зотга ҳиба қилмоғингдир. Уларнинг барчасини У зотнинг розилигига бағишламоғингдир. Улардан ҳеч нарсани ўзингга олиб қолмайсан. Фақат У зот Ўзи берганини оласан.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати мақомотларнинг энг олийсидир. Шавқ, унс ва ризо каби кейинги мақомотлар ушбу мақомнинг самараларидир. Тавба, сабр ва зуҳд каби олдин келадиган мақомотлар бу мақомнинг муқаддималаридир.
Ислом уммати Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига муҳаббат қилмоқ фарз эканига ижмоъ қилган.
Аллоҳ таолонинг муҳаббатига оид ояти карималардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир», деган (54-оят).
Демак, Аллоҳ таоло ер юзида Ўз динининг барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадир. Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни, Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар.
Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳнинг муҳаббати бўлар экан. Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ.
Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса, ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотлар Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббати!
Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш, ихлосли мусулмон бўлиш.
Аллоҳнинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт. Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севги бўлиб, бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.
Аллоҳни севгувчи одам доимо ўз маҳбуби розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина бундай севгига соҳиб бўла олади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир», деган (165-оят).
Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам қаттиқдир. Қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт», деган (31-оят).
Аллоҳга бўлган муҳаббат, иймон қуруқ гап эмас. У одамлар орасида ўзининг иймони, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиши билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон тилда айтиладиган ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида, у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборат.
«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг».
Ким қалбида Аллоҳга муҳаббат борлиги даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳукм Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Пайғамбар алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:
«Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».
Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми?! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!
Аллоҳга муҳаббат ҳақидаги ҳадислардан намуналар: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қиёмат қачон бўлади?» деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.
«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди.
«Сен, ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:«Биз ҳам шундоқми?» дедик.
«Ҳа», дедилар. Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»ни зиёда қилинган». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули у учун ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши». Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири бўлган комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас.
«Ҳаловат» сўзи «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз, бу ерда истеъора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб олдилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма: «Қандай қилиб иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап.
«Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бу сиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.
Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир.
У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборат.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан қуйидаги дуо бор: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан яхшиликларни қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларга муҳаббат қилишни, мени мағфират қилишингни ва менга раҳм қилишингни, қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот этдиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қиладиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман». Термизий ва Ҳоким ривоят қилган.
Бу дуода биз ўрганаётган Аллоҳнинг муҳаббати мавзусига оид икки жумла бор.
«Сендан муҳаббатингни, сўрайман».
Аллоҳнинг муҳаббати мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўмин қалбда фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Бошқа нарсанинг муҳаббатига қалбида жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундоқ мақомга эриши учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраш керак.
«Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман».
Демак, амал билан одам Аллоҳнинг муҳаббатига яқинлашар экан. Амални қилиш учун эса, унга муҳаббат қилиш керак экан. Ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.
Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Эй, Аллоҳим! Мени муҳаббатинг ила ва муҳаббати Сенинг даргоҳингда менга манфаат берадиган шахснинг муҳаббати ила ризқлантиргин. Эй Аллоҳим! Менга муҳаббатини ризқ қилиб берган нарсангни Ўзинг муҳаббат қилган нарсада мен учун қувват қилгин. Эй, Аллоҳим! Мен муҳаббат қилган нарсалардан мендан четда қилганларингни менга Ўзинг муҳаббат қилган нарсаларда қувват қилгин», дер эдилар». Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади». Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолонинг бир қавмга муҳаббат қилишининг кетидан синов келиши ҳам бор. Ўша синовдан муваффақият билан ўтиш лозим.
Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай ўзига етган балодан ғазаби чиқса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади.
Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев