Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
"Агар биронтангизга мусибат етса, мендан жудо бўлгандаги мусибатини эсласин. Зеро, бу энг катта мусибатдир", деганлар
Имом Доримий ривояти.
#Ҳадис_1306
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди».
Фойда:
Мўмин киши эҳтиёткор ва фатонатли бўлгани учун икки марта қоқилмайди.
Шарҳ:
Мусулмон киши ақлли ва фаҳмли бўлиб, бу хусусда Қуръони каримдек илоҳий кўрсатмадан қувват олади. Оламлар робби Аллоҳга ибодат қилиши билан ҳидоят ва нурга мушарраф бўлади. Агар хатога йўлиқса, ўша хатосидан ибрат, дарс, фойда олади. Бир хил хатони қайта-қайта қилавермайди. Фақат иймонидан ажралган инсондагина бундай ҳодиса юз бериши мумкин. Ҳадисга эътибор берилса, мусулмон эмас, иймон келтирган мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди, деб айтилмоқда.Мўмин киши зийрак, фаросатли ва теран фикрли бўлади.
Мўмин киши айнан бир нарса устида икки марта алданмайди.
Мўмин киши аввалги тажрибаларидан фойдаланади.
Муттафақун алайҳ.
(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1307
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Икки лаънатловчидан сақланинглар». Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънатловчи нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг йўлига ва соя жойига хало қилган».
Имом Муслим ривояти.
(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1308
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди».
Ровий: «Қирқ кун» дедими, ёки «ой», ё «йил»ми, билолмадим», деган.
Муттафақун алайҳ.
(Абу Жуҳайм Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Симма ал‑Ансорий розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1309
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Кимки пиёз, саримсоқ ва кўк пиёз еса, асло масжидларимизга яқинлашмасин. Чунки фаришталар ҳам одам болалари озорланган нарсадан озор топишади».
Шарҳ:
Ислом поклик ва гўзаллик динидир. Саримсоқ ва пиёзни егандан кейин ошқозондаги овқат билан аралашгач жуда ёқимсиз, сассиқ ҳид юзага келади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом масжидда намоз ўқийдиганларга саримсоқ ва пиёзни еб киришдан қайтардилар. Токи бу тарзда масжидга кириш билан бошқа намозхонларга ва масжидни обод қилувчи фаришталарга озор бўлиб қолмасин.
Имом Муслимнинг ривояти.
(Жобир розияллоҳу анҳудан)
#Ҳадис_1310
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
"Сизларга одамларнинг даражаси яхшисини хабар берайинми? Аллоҳ азза ва жалла йўлида отининг жиловидан тутган кишидир. Ундан кейинги одамларнинг даражаси яхшисини хабар берайинми? Ўзининг қўйлари билан узлат қилган киши, у намоз ўқийди, закот беради, Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмай ибодат қилади.
Имом Бухорий ривояти
(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев