-----
Келгусида кенг кўламли муқаррар ўзгариш
Ҳузайфадан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ бундай дедилар:
«Сизларнинг орангизда Пайғамбарлик Аллоҳ хоҳлаганича давом этади. Сўнг Аллоҳ хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг фуқаросига зулм ва адолатсизликлар етадиган подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг золим-зўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин Пайғамбар сукутга чўмдилар». (Абу Довуд Таёлисий муснади).
Ушбу кенг қамровли саҳиҳ ҳадис тарих мобайнида мусулмонлар турли даврларни босиб ўтишларини хабар қилмоқда ва бу Пайғамбарлик далолатларидан биридир. Дарҳақиқат, буни Пайғамбарлик давридан бошлаб, фуқаросига зулм ва адолатсизликлар етадиган подшоҳлик, сўнг ҳозирги кунда яшаётганимиз золим-зўравон подшоҳлик, сўнг кутаётганимиз рошид Халифалик даврига қадар бўлган воқелик ҳам тасдиқлаб турибди. Агар бу хабар мусулмонларни Рошид Халифалик замонидан фуқаросига зулм ва адолатсизликлар етадиган мерос асосидаги подшоҳлик замонига кўчишдан огоҳлантирган бўлса, демак бу хабар бугунги кунда мусулмонларга бир нарсани ҳақ-рост башоратини бермоқда.
Яъни Умматнинг золим-зўравон подшоҳлик замонидан энг гуллаб яшнаган замон бўлмиш рошид Халифалик даврига кўчиши башоратини бермоқда.
Ушбу ҳадис мусулмонлар интизор бўлиб турган ўзгариш албатта юз беришини очиқ кўрсатиб турибди. Яъни, парчалаб ташланган Ислом юртларида бугун мусулмонлар устидан кофир Ғарбнинг золим малайлари илмоний ғайриилоҳий конституциялар асосида ҳукм юритаётган бўлса, албатта мусулмонлар эртага битта давлатда бирлашиб, Ислом ақидасидан балқиб чиққан аҳкомлар билан бошқарадиган рошид Халифалик замонига кўчиб ўтадилар. Демак, бу мусулмон юртлардаги бир режимнинг – мавжуд бўлиниш ҳолати сақланиб қолган ҳолда – бошқа бир режимга ўзгариши эмас, балки кенг кўламли муқаррар ўзгаришдир.
Гап шундаки, Халифалик давлати барпо бўлган заҳоти оламшумул давлат бўлади. Ўша барпо бўлган пайтдан бошлаб, мусулмонларни фикр, туйғу ва тузумлари бир бўлган Умматга айлантиради, уларнинг барчаларини ўз неъматлари билан бағрига олган битта заминда бирлаштиради. Бу Аллоҳ Таолонинг ушбу каломининг тасдиқидир:
«(Эй инсонлар), сизларнинг умматингиз ҳақиқатда бир Умматдир, Мен эса (барчангизнинг) Роббингизман, бас, Менгагина ибодат қилинглар!» [Анбиё 92]
Барпо бўлажак Халифалик давлати шундай бир давлатки, у бир миллиард саккиз юз миллион мусулмонни бирлаштиради. Бирлаштирганда ҳам, ўз наслидан туғилган, қалблар унга очилиб, ақидаси жонли бўлган ва эр-кишилари бошқаларга асло ўхшамайдиган бир Уммат сифатида бирлаштиради. Бу давлат ўзининг стратегик жойлашуви билан бутун олам давлатларини биқинидан ушлаб турган ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада табиий бойликларга эга давлатдир. Унинг бундай ҳолати уни барча давлатлардан мутлақ бой ва қудратли давлатга айлантиради.
Бу давлат энг олий даражадаги мақомдан бошқа мақомни эгалламайди. Унинг оламга етакчилик қилиши унга ҳидоят, ғамхўрлик ва исломий фазилатни ёйишга асосланади. Бу эса, ўз вазифасини гўзал суратда адо этиш ва Аллоҳ калимасини олий қилиш учун вужудга келишидаги ғоя билан уйғун келган улуғ марказдир. Демакки, Росулуллоҳ мусулмонларга айни даврни башорат қилганларида, ҳақиқий хушхабарни башорат қилганлар. Зеро, ул зотнинг ушбу хушхабарини таъкиди сифатида, уни албатта содир бўлажагини хабар қилувчи бошқа ҳадислар ҳам келган. Масалан, имом Муслим, Ҳоким ва бошқалар Савбондан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ бундай марҳамат қиладилар:
«Аллоҳ ерни менга йиғиб кўрсатди, шунда унинг кун чиқишидан кун ботишигача барча жойларини кўрдим. Аниқки, Умматим мулки менга йиғиб кўрсатилган жойларгача етиб боради».
Ибн Ҳиббон ўзининг «Саҳиҳ»ида Миқдод ибн Асваддан Росулуллоҳ нинг бундай деганларини ривоят қилади:
«Бу иш кеча ва кундуз етиб борган жойгача етиб боради. Аллоҳ биронта ҳам ўтроғу кўчманчининг уйини қолдирмасдан унга бу динни азизнинг азизлиги ёки хорнинг хорлиги билан киритади. Азизликки, у билан Аллоҳ Ислом динини азиз қилади. Хорликки, у билан Аллоҳ куфрни хор қилади».
Имом Бухорий Абу Ҳурайра дан ривоят қилади. Росулуллоҳ бундай дедилар:
«То сизлар яҳудийларга қарши жанг қилмагунингизча, то ортида яҳудий яшириниб олган тош ҳам – эй муслим, мана яҳудий, ортимга яшириниб олди, кел уни ўлдир, демагунича қиёмат бўлмайди».
Шубҳасиз, ушбу ҳадиси шарифда айтилган сўзлар билан бугун мусулмонлар бошдан кечираётган воқелик бир хилдир. Чунки бугун ҳам бутун куфр аҳли мусулмонларга кўппаклардек ташланмоқда... Қўзғолонларда мусулмонлар Халифаликни талаб қилдилар... Ғарбнинг муфаккир ва раҳбарлари Халифалик ҳақида баёнотлар беришди... Хусусан, АҚШ тадқиқот марказлари Халифаликнинг барпо этилишидан огоҳликка чақиришяпти... Уммат орасида Ҳизб ут-Таҳрир рошид Халифаликни барпо этиш учун холислик ва онг билан жиддий даъват олиб боряпти...
Ҳизб Умматга Аллоҳ нозил қилган шариат билан ҳукм юритиш учун исломий дастур тайёрлаб қўйди... Ҳизб юқори савиядаги даъват кишиларини ва давлат раҳбарларини етиштириб-тайёрлаб қўйди... Ҳизб ушбу даъватни ҳимоя қиладиган ҳамда Аллоҳнинг амри ила давлат барпо бўлган пайтда бу давлатни албатта бағрига олиб, қўриқлайдиган Умматни тайёрлади ва ҳануз тайёрламоқда... бу Ҳизб худди ўтмишда Росулуллоҳ нинг ансорлари даъватга нусрат бериб, илк Ислом давлатини барпо этганлари каби, бугун ҳам қудрат ва ёрдам аҳлидан иборат ансорлар Халифалик даъватига нусрат беришларини кутиб турибди... Мана шуларнинг барига чуқур назар солиб, улар билан мазкур ҳадиси шарифда айтилган сўзлар ўртасини солиштирган киши – Росулуллоҳ башорат қилган Халифалик барпо бўладиган замон келди, дея хотиржам айта олади. Шу жиҳатдан, айни ҳадис Росулуллоҳ нинг том маънодаги башоратлари, деб эътибор қилинади.
Ушбу башорат бор экан, мусулмонлардан бирортаси унинг рўёбга чиқишини қийин санаши ҳаргиз жоиз эмас. Чунки, ўтган аср ниҳоясида бутун бошли коммунистик система, Совет Иттифоқида гавдаланувчи давлати билан қулади, унга қўшилиб, Совет Иттифоқи республикалари тизими йўқ бўлди. Зотан, бу система ўз аҳолисига бадбахтлик ва қашшоқликдан бошқа ҳамда хавфсизлик ва турмуш тарзи соҳасидаги тазйиқлар, инсон табиатига зид келган қонунлардан бошқа нарса келтирмади... Демакки, бугун навбат капиталистик системага келди. Бутун дунёга ҳукмронлик қилаётган бу мабданинг ҳам қулаши муфаккирлар томонидан тахмин қилинмоқда. Чунки бугунги кунда айни система аҳолиси унинг татбиқ қилиниши натижасида барча даражада омадсизликка гувоҳ бўляпти:
фикрий муваффақиятсизлик, руҳий, ахлоқий ва инсоний қадриятларнинг йўқолиши, ижтимоий муносабатларнинг чилпарчин бўлиши каби. Уларнинг ўзлари бирор альтернатив система қидира бошлашди. Бу капитализм системаси аҳолисига нисбатан айтилган гаплар. Қолганларига нисбатан эса, уларнинг аҳволи аниқ, гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Дарҳақиқат, бу системанинг халқлар ва давлатларга нисбатан муомаласи энг жирканч даражага етди: глобаллаштириш, дунё давлатлари бойликларини талон-торож қилиш, кризислар келтириб чиқариш, ўзлари эътиқод қилган халқаро қонунларни оёқ ости қилиш, халқлар ўртасида миллатчилик уруғини экиш, уруш оловларини ёқиб, қашшоқлик ва разолат... ёйиш каби.
Шунга асосан айтиш мумкинки, капитализм ҳалокат жарлиги ёқасига келиб, қулаб тушишини кутяпти... ўз жонини сақлаб қолиш учун курашяпти. Демакки, бугунги кунда бутун дунёда цивилизация бўшлиғи пайдо бўлди, уни тўлдириш керак. Афтидан, жуда кўп ғарбликларнинг Исломни қабул қилаётгани ҳам мана шу билан изоҳланади. Айтиш мумкинки, биз ва бутун дунё яшаётган айни давр капиталистик тузумнинг ағдарилиши, унинг инсоният учун такаббур ва ваҳший ҳисобланган халқаро тизимининг яксон бўлиши давридир. Бир вақтнинг ўзида, Ислом тузумининг ҳаёт майдонига қайтиб, давлат сифатида барпо бўлиши давридир.
Ҳа, Ғарб цивилизацияси ўзининг сўнгги кунларини бошдан кечирмоқда. Бунга уларнинг муфаккирлари ҳам гувоҳлик бериб, душманларимизнинг ўзи тан олишяпти... Қуйида уларнинг айни ҳақиқат ҳақидаги баъзи гапларини келтирамиз:
– Европалик социолог, сиёсатчи Жеан Жиеглер глобаллашган капитализмни «қотил жамият», деб атади;
– Давос форуми ниҳоясида Карл Шваб «кпиталистик тузум тугади», дейиш билан ўтирганларни ҳайрон қолдирди;
– Бир вақтлар даниялик файласуф Сёрен Кьеркегор бундай башорат қилган: «Ғарб цивилизациясида моддапарастлик ва манфаатпарастлик руҳий жиҳатдан ғолибдир. Шунинг учун бу цивилизациянинг тақдири емирилиш бўлиши муқаррар».
– Немис файласуфи Освальд Шпенглер «Ғарб цивилизациясининг емирилиши» номли китоб ёзган бўлиб, у ўз китобида Ғарб цивилизациясининг юлдузлар урушига киришиш билан ҳалок бўлажагидан башорат қилган. Бу китоб кенг миқёсда кутиб олинган.
– Жорий йил бошида француз файласуфи Мишель Онфре «Вайронагарчилик» номли китоб нашр қилди. Унда Ғарб цивилизациясининг инқирозга учраш арафасида эканини маълум қилди. Шунингдек, китобда «Ғарб цивилизацияси оёғида аранг турибди, юз тубан ағдарилиш арафасида», «Ушбу ҳалок бўлаётган цивилизациясини қутқариб қолиш учун ҳеч нарса қилиб бўлмайди», «Ғарб цивилизацияси барча халқлар устидан ҳукмрон бўлиб олди, эртага барпо бўлажак цивилизация албатта унинг ўрнини босажак ва бу вақт масаласи, холос. Кема чўкмоқда... билқ-билқ бўлиб чўкишдан ўзга ҳеч нарса қилолмаймиз» каби иборалар бор.
Муаллиф сўзларини бундай хотималайди:
«Ғарбнинг ўлими – энди бўладиган ҳодиса ҳақида башорат эмас, балки бугун бўлаётган ҳодисаларнинг тасвиридир. Чунки бутун дунё миллатлари қирғинбарот кризисга юз тутар экан, ҳалок бўлмоқда. Бунга учинчи оламда бўлаётган ҳодисалар сабабчи эмас. Йўқ, бунга ватанда ва биринчи олам хонадонларида бўлаётган ҳодисалар сабабчидир».
– Ричард Кук билан Крис Смит қаламига мансуб «Ғарб худкушлиги» номли китобда бундай сўзлар келади: «Қачон Ғарбда бирор кризис юз берган бўлса, демак, бу унинг ичкарисидан келиб чиққан, бунга шубҳа йўқ. Чунки бу кризис Ғарбнинг бузилишида ва одамлар ишончининг йўқолишида гавдаланади, ғарблик каллаларда, фикрларда гавдаланади».
Бундан ташқари, жуда-жуда кўп муфаккирлар, шоир ва ёзувчилар борки, барчалари капитализмнинг емирилиш арафасида эканидан огоҳлантирадилар. Аммо бу ерда уларнинг ҳаммасини келтира олмаймиз. Бироқ асосий диққатни шунга жалб қиламизки, уларнинг айримлари Исломни номзод сифатида илгари суриб, инсониятни қутқаришга қодир бирдан-бир альтернатив Ислом эканини таъкидладилар. Мисол учун:
– Француз муфаккири Де Баски бундай дейди: «Ғарб ҳеч қачон Исломни танимади. Балки, Ислом дунёга келгандан бошлаб унга нисбатан душманлик позициясини эгаллади. Ўзининг Исломга қарши курашини оқлаш учун унга туҳмат тошлари отиш ва уни қоралашдан тийилмади. Ислом номини қора қилиш оқибати ўлароқ, ғарбликлар миясида Ислом ҳақида жуда ёмон фикрлар жойлашиб қолди. Ҳеч шубҳа йўқки, бугунги асримиз ҳозирги моддий цивилизация чакалакзорларидан халос бўлиш учун муҳтож бўлиб турган ягона дин Исломдир. Чунки бу моддий цивилизация агар давом этса, албатта инсониятни ҳалокатга қулатмай қолмайди.
– Жаҳон адиби Лев Толстой бундай дейди: «Муҳаммадни мақташ учун бир нарсанинг ўзи кифоя: у умматни манфур одатлар эгаси бўлган шайтонларнинг қонли тирноқларидан қутқарди ва улар қаршисида тараққиёт, маданиятга йўл очди. Муҳаммад шариати ақл ва ҳикматга уйғунлиги учун ҳам бутун дунёга ҳукмронлик қилажакдир».
– АҚШнинг учта президентига катта маслаҳатчи бўлиб ишлаган америкалик муфаккир Патрик Бьюкенен ўзининг «Ғарб ўлими» номли китобида «Европа, АҚШ ва «Исроил»нинг ҳалок бўлиши, Исломнинг эса ривожланиши» ҳақида сўз юритди.
– Уларнинг акси ўлароқ, яна кўплаб муфаккирлар борки, улар Ислом цивилизациясининг дунёга етакчилик қилишидан қўрқишади. Масалан, немис тадқиқотчиси Пол Шмиц бундай дейди: «Ислом олами қўзғолони Европа учун бир огоҳлантирув ҳамда унинг бутун еру кўкини тутган ҳайқириқдир... У бутун европаликларни бир елкадан бош чиқариб, бундай исломий гигантга қарши курашишга чорлайди. Чунки бу гигант уйғониб, кўзларини уқалаб, оёққа тура бошлади. Шундай экан, унинг чақириғини эшитувчи борми, ким унга жавоб қайтаради?».
Таъкидлаш лозимки, Ислом ва унинг «хавф-хатарлари» бўйича тадқиқотлар ҳам жуда кўп. Биргина АҚШнинг Пью тадқиқот институти томонидан Исломнинг кенгайиши ҳақида чиқарилган ҳисобот, Ғарб оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди.
Ҳисоботда дунёда энг тез ривожланаётган дин Ислом экани таъкидланган ва бунга – хусусан Ғарбда – етарлича рақам ва статистик маълумотлар далил сифатида келтирилган.
Юқорида айтганимиз ўзгаришни мусулмонлар ҳам кутмоқдалар, ғайримусулмонлар ҳам. Зеро, мусулмонлар оммаси вазиятнинг фақат шаклан эмас, балки раббоний аралашув билан ўзгаришига интизорлар. Ғайримусулмонлар оммаси эса, бошларига тушган кризислар, руҳий бўшлиқ, оилалар бузилиши, бутун ҳаётий соҳаларида ҳукмрон бўлиб қолган эгоизмдан қутулиш учун вазият ўзгаришини исташяпти. Лекин улар айни ўзгариш қандай эканини мутлақо билишмайди. Фақат биз жуда ёмон вазиятда яшаяпмиз, уни ўзгартириш шарт, деб билишади, холос. Аммо онгли, холис фаолият олиб бораётган мусулмонлар эса, улар фақат кутиб ўтирмаяптилар, балки ўзгариш учун ҳаракат қилмоқдалар ва унинг қандай ўзгартириш йўлларию белгиларини, яъни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликдан иборатлигини яхши биладилар. Ғайримусулмон тадқиқотчи ва стратег муфаккирларга келсак, улардан баъзилари капитализмнинг албатта қулашини билишади, холос.
Баъзилари капитализмнинг қулашини ҳам тахмин қилишади, инсониятга етакчилик қилиш тахтига Исломнинг кўтарилишини ҳам тахмин қилишади. Яъни, гувоҳ бўлганимиздек, Исломнинг фикрий, мабдаий ва цивилизация жиҳатидан юксалишини тахмин қилишади. Айнан шу ерда Ислом ва Халифалик инсониятнинг халоскори сифатида намоён бўлмоқда ҳамда халқаро майдондаги баҳс-мунозарада цивилизацияга оид яроқли бир альтернатив сифатида энг кўп баҳс мавзусига айланмоқда. Демак, биз биламизки, Исломга қарши бунчалик қутуриб қилинаётган ҳужумлар тасодифий ҳужумлар ҳам эмас, бекорчи-асоссиз ҳужумлар ҳам эмас. Балки улар систематик ҳужумлар бўлиб, бундан энг ёвуз, маккор ва жинояткор ғарблик сиёсатчилар мусулмонларнинг ўз давлатларини барпо этишларига йўл қўймасликни кўзлашяпти. Яъни Аллоҳ амр қилган ҳамда бутун башариятни адашган ва адаштирувчи капитализм тузумидан қутқарадиган давлатларидан тўсишяпти.
Биз Аллоҳ амр қилган, дедик. Бунинг маъноси шуки, кураш имон билан куфр, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш бўлмоғи даркор. Кураш ҳақиқати мана шу. Чунки у бир-бирига зид, бир-бири билан асло қоришмас икки ақида курашидир: Бир томонда ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга, шахсий ва жамоий жиҳатдан ҳаётни юргизиб-бошқариб турувчи фақат Аллоҳнинг буйруқ ва тақиқлари бўлишига, яратиш ҳам, буюриш ҳам ёлғиз Аллоҳга хос бўлишига асосланган ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Росулуллоҳ ақидаси турибди... Иккинчи томонда ҳаётни юргизиб-бошқариб турувчи тузум фақат дин бўлишига мутлақо рози бўлмайдиган, аксинча, диннинг омма ҳаётига аралашишига қарши курашаётган капитализм турибди. Иккиси ўртасида асос жиҳатидан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди. Балки бу капиталистик система қонун чиқарувчи ҳам халқ, қонун асосида бошқарувчи ҳокимни танловчи ҳам халқдир, деган эътиқодга асосланган.
Бу бир-бири билан ҳаргиз учрашмайдиган ва бир-бири ўртасини асло бирлаштириб бўлмайдиган икки линиядир. Ким уларни бирлаштиришни истаса, демак, у ҳақ билан ботилни, куфр билан имонни бирлаштиришни истаяпти.
Аллоҳ Таоло айтади:
«Айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, аҳли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқингиз!»
[Моида 100]
Яна бундай деди:
«Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлишдир, қиёмат кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар, Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир» [Бақара 85]
Энди, «мўътадил ислом» ёки «ўртача ислом», деган таклифларга келсак, бу капитализм генидан тайёрланган бир нарса бўлиб, дин билан юзсизларча ва очиқ ўйнашишдир. Шунингдек, бу мусулмонларга сохталаштирилган ва капиталистлаштирилган исломни берган ҳамда унинг давомадини таъминлашга бўлган омадсизларча уринишдир.
Ваҳоланки, капитализм муваффақиятсизлигини капиталистларнинг ўзлари ҳам тан олишди, унинг жони узилаётганини, қайтиб тирилмайдиган қилиб кўмиб ташланишини ошкор айтишяпти. Шу ўринда, таъкидлаш лозимки, Ғарб исломий саҳнада қасддан Халифалик лойиҳасини ёмон отлиқ қилмоқда ва буни сохта халифалик ясаш орқали содир этмоқда. Исломий юртлардаги унинг малай ҳукмдорлари Ғарб ёнида туриб, биргаликда Исломга қарши, аниқроғи Халифаликка қарши курашяпти. «Терроризмга қарши», шиори остидаги бу курашда, уларга бир томондан, фазовий каналлардаги малайлари ёрдам бериб, Халифаликни хомхаёл қилиб кўрсатишаётган бўлса, бошқа томондан, сарой уламолари ёки расмий уламолар ҳам кўмаклашиб, ҳукмдорларни ботилларини чиройли қилиб кўрсатишяпти, ҳақни яширишяпти... Улар Росулуллоҳ башорат қилган туб ўзгаришга ҳаракат қилаётган мусулмонларга ҳужум қилишяпти.
Сўзимиз ниҳоясида бундай деймиз:
Ечим ва қутулиш фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун олам учундир. Бунинг йўли эса, аниқ маълум. У ҳам бўлса Росулуллоҳ юрган йўлнинг айнан ўзидир. Бу Роббимиз буюрган йўл бўлиб, уни қилиш-қилмаслик ихтиёри йўқ. Шу йўл билан кураш тўғри томонга, Аллоҳ рози бўладиган томонга: ҳақ билан ботил ва имон билан куфр ўртасида курашга қайтади. Барчамиз саййидимиз Муҳаммад нинг етакчиликлари томон қайтамиз. Дин мана шундай тўғри тушунилади, омадсиз капитализм фикридан таъсирланган касал-кемтик равишда тушунилмайди. Чунки кимда-ким разолатни ушласа, албатта ўзи ҳам разил бўлади. Ҳа, бутун башарият, худди нозил бўлингандек мана шу динга муҳтож бўлиб турибди. Биздан Аллоҳ ва Росули ҳам айни шундай тушунмоғимизни истайди.
Росулуллоҳ бундай марҳамат қилдилар:
«Умматим етмиш уч миллатга бўлиниб кетади, ҳаммалари дўзахи бўлади. Фақат битта миллат дўзахи бўлмайди. Бу миллат кимлар, ё Росулуллоҳ? деб сўрашди. Мен ва асҳобларимнинг йўлига эргашганлар, дедилар». (Имом Термизий ривояти).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев