МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
Қисса
84-90-ҚИСМ
Онаси... онаси ўзи буткул чўкиб, паришон бўлиб қолибди. Кўз ёшлари сел бўлиб, ғам дарёсини тўлдиради ва онасининг ўзини ғарқ қилади. Укаси Шоҳнур эса шеригини йўқотган қўзидек бўзлайди. Унга жуда суяниб қолган. Бирга ўйнаб катта бўлишди, ахир. Синглиси ва кейинги укаси ҳам “ака”лаб ота-онасини эзади. Меҳрибон-чи? Меҳрибон йиғлармикан? Жонлантириш бўлимидаги ҳамширанинг йиғлаши аниқ. Элнурнинг ўзи эса...
Кейинги ҳолатини кўз олдига келтириб кўрди: ниятига етди, ўзини ўлдирди. Кейин нима бўлади? Қоп-қоронғи гўрда, совуқ тупроқда ётадими? Қўрқиб кетди. Сўнг яна ўзига тасалли берди:
“Қабрдан қўрқиб, тирик қолдим, ҳам дейлик. Кейин абадий яшайманми? Ҳеч қачон қоронғи гўр ва совуқ тупроқ бағрини кўрмайманми? Кўраман! Барибир бир кун ўламан-ку! Шундай экан, эртага кирдим нима-ю, хору зор яшаб, эзилиб кейин кирдим нима?”
Элнурнинг фикри яна қатъилашгандек бўлди. Ўзича бир қарорга келиб, ниятини сездирмаслик учун отасини гапга солди:
— Ота, ўзингиз ҳам бирор нима еб олинг.
— Кўз тегмасин, бугун менинг ўғлим анча яхши, — деб қўйди ота фарзандининг яна мулоқотга кириша бошлаганидан хурсанд бўлиб. — Биласанку, мева-чева билан ишим йўқ. Егинг келса, яна битта олиб берай.
— Йўқ, — деди Элнур. — Мен едим-ку, хонадошларга беринг.
— Ҳайрият, сизнинг ҳам овозингизни эшитарканмиз, — деди рўпарада ётган чол. — Шунақа қилиб ўзингизни қўлга олинг. Тўполон қилгандан, Худога исён қилгандан фойда йўқ. Бу дунёда ўтмаган нарса бормики, сизнинг дардингиз ўтиб кетмаса. Бу кунлар ҳам ўтар-кетар... Ҳали эслаб “Ғирт жинни бўлган эканман”, деб кулиб юрасиз. Ўша дамларда шу гапларимни эсланг. Бу дунёда ўтмаган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарса ўткинчи.
— Э-э-э отажон, менинг дардим қаёққа ўтиб кетади? — алам билан деди Элнур. — Оёғим ўсиб чиқармиди?
— Шуни унутма, болам. Одамнинг ўзини бахтли ёки бахтсиз ҳис қилиши ўзига, кайфиятига, ақлига боғлиқ. Бу дунёда оёқсиз қолган битта сенми? Оёғи йўқларнинг ҳаммаси бахтсиз дейсанми? Дунёда оёқ-қўли буту, ишламайдиганлар қанча? Тилсизлар, кўзи кўрмайдиган, қулоғи эшитмайдиганлар қанча? Уларнинг ҳаммаси ҳам бахтсизми? Йўқ! Ҳамма нарса сенинг қарашингга, муносабатингга, фикрингга боғлиқ. Ўзингни бахтли ҳис қилишни истасанг, ўзингда борига шукр қилишни ўрган. Шукр қилсанг, бахтли бўласан. Бахт – шукрнинг қўйнида! Шукрнинг қучоғига кир ва бахт билан бўл! Ўйлаб кўр, Худога шукр, қўлларинг, кўзларинг, қулоқларинг омон қолган. Агар “Қўлларим ва кўзларимдан ҳам айрилсам, нима бўларди?” деб ўйласанг, ўзингни бахтли ҳис қила бошлайсан! Ҳозир замон ривожланган, протез оёқ қўйиб олсанг, ҳеч кимдан кам бўлмайсан. Шунинг учун ўзингни ҳам, отангни ҳам қийнама! Бизниям қўрқитма!
— Қўрқдингизми? — кулди Элнур.
— Ҳа, сендек келишган, ақлли йигит гуноҳга ботиб қолмасин, деб қўрқдим. Ойнага қара, Худойим сени қанчалар чиройли қилиб яратган. Шуям бахтинг. Оёқсиз қолганинг етмагандек, тасқара ҳам бўлганингда нима қилардинг? Ким тегарди сенга? Ҳозир ҳуснинг учун ҳам сенга ошиқ бўлиб, тегадиганлар кўп бўлади.
— Устимдан куляпсизми, бова? Ким тегади энди менга?
— Истаганингни ола оласан, агар хоҳласанг! Айтдим-ку, оёғингга протез қўйишса, тамом, сен соппа-соғсан!
Элнур чуқур хўрсиниб қўйди. Чолнинг сўзларида ҳақиқатни кўргандек бўлди.
Аммо ўзининг доим кимнингдир кўмагига муҳтож бўлиши ўйлаб, яна сиқилди. Натижада дилига тугиб қўйган нияти қайта бош кўтарди. Кечга томон отаси овқатини тайёрлаб берди, тувак тутди, қўлларини ювдирди. Бу Элнурни тағин эзди. Тағин унинг кўксини алам куйдира бошлади. Кун келиб уйланса, хотини шу ишларни қилиб юрадими? Агар яхши қизга уйланса-ю, у бу юмушларни ҳали бажарса... Сўнг фарзандларига юк бўладими? Нима қилади бунақа ҳаётни?
Кеч туша бошлагани сари Элнурнинг ҳам кўнгли қорайиб борарди. Қуёш эса унинг фикрларидан бохабардек, жаҳл қилгандек бўзариб ботди. Тун ҳам Элнурнинг оғир гуноҳини бекитмоқчидек зим-зиё эди. Аста-секин шифохонада сокинлик кучайиб, беморлару қаровчилар уйқуга кета бошлади. Элнур ётган хона эгалари ҳам бирин-кетин ҳуррак ота бошлашди. Фақат Элнурнинг отаси худди нимадир сезгандек, ҳали у ёнига ҳали бу ёнига ағдарилар, ухлай демасди. Элнурнинг ҳам кўзига уйқу қармоқ ташлай бошлади. Лекин у ухламаслиги керак. Шу тун ниятига етади. Тонггача омонатини топишириши шарт.
Ниҳоят, отаси ҳам ортиқ қимирламай қўйди. Элнур секин тумбача устидаги пичоқчага қўл узатди. Кимнингдир сезиб қолишидан қўрқиб, шоша-пиша билагига тиғини тўғирлади ва қаттиқ босиб, тортди. Билагидаги кучли ачишиш ва зирқирашдан “Аҳ”, деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. Тишини тишига босди-ю, кўзларини юмди...
* * *
“Мен қанчалар худбинман! Қанчалар вафосиз ва беқарорман! Шармандаман! Энди нима қиламан? Ҳамма билди, менинг бевафо ва бетутуруқ эканимни. Ўзимни ҳеч нима деб оқлай олмайман! Мени нима жин урди ўзи? Нега бундай қилдим? Шунчалар ҳам субутсиз бўламанми?”
Меҳрибон ўзини қўярга жой тополмас, дунёга сиғмасди. Ҳар не қилсинки, ўзига ўзини оқлаб беролмайди. Шундай экан, бошқаларга қандай оқласин? Аслида оқлаш не учун керак, аслида Меҳрибоннинг ўзи шунақа бўлса?
У ич-этини ер, аммо ичидаги азобни, изтиробни чиқариб ташлай олмас эди. Худди буни сезгандек уйидагилар ҳам унга бир нима демас, у ўз хонасидан чиқмай ётарди. Номига олдига китоб қўйиб қўйган, уни ҳатто варақламасди ҳам. Шу алфозда тун ҳам атрофга қора қанотларини ёйди. Синглиси келтирган овқатдан Меҳрибон едими, йўқми, ўзи ҳам билмайди. Кейин жойига чўзилди. Йиғлади, ўзини қарғади, охири уйқуга кетди. Туш кўрибди. Тушида унинг қаноти бор эмиш. Оппоқ, майин, чиройли, улкан қанот! Тўғри Элнурнинг ёнига учиб бориб, у ётган хона деразасига қўнганмиш... Элнур ҳайрат билан тикилибди, унга. Маҳлиё бўлиб қолибди. Сўнг худди ёнига борганидаги каби юз ўгирибди, терс қарабди. Шунда Меҳрибоннинг жони чиқиб кетай дебди. Шартта қанот қоқиб олдига борибди. Элнур қарабди унга. Меҳрибон гарчи ғурури ғалаён қилса-да, ҳаё пардаси тўсиқ бўлса-да, унинг юзини кафтлари орасига олибди.
“— Сиз билан бирга учишни истайман”, — деганмиш Меҳрибон. Элнур лом-мим демабди. Меҳрибон эса уни маҳкам қучибди-ю, кўкка кўтарилибди. Элнур аввалига унинг қўлларидан қутулмоқчи бўлибди, аммо парвоз қанчалар баланд ва завқли бўлгани сари кўзлари қувнабди. Сўнг эса Меҳрибонга қараб жилмайибди. Буни кўриб қизнинг юраги тўхтаб қолай деганмиш. Қичқириб юборай дебди.
“Қандай яхши”, деб бақирганмиш ҳам. Кейин ўзининг овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди.
“Нега уйғондим-а? Қандай гўзал туш эди. Мени уни ёнидан кўрдим, қучдим, хурсанд қилдим...” — ўйлади Меҳрибон.
Тушнинг таъсиридами негадир кайфияти яхши, руҳи енгил, ўзи ҳам тетик эди. У ётган жойида ташқарига қаради. Тонг отмоқда. Оппоқ, мусаффо тонг. Бу манзара ҳам Меҳрибоннинг қалбига оқлик олиб киргандек бўлди. Дик этиб турди-ю, юзларини ювди. Ҳовлига сув сепиб, супурди. Ўзича минғирлаб қўшиқ ҳиргойи ҳам қилди.
У гўё ўнгида ҳам Элнур билан бирга юргандек, унинг кўнглига йўл топгандек эди.
Қанийди, чиндан ҳам унинг қанотлари бўлиб қолса. Худди тушидаги каби у Элнурнинг ёнига учиб борарди. Ҳозир нима қилаётган экан? Тинчмикан? Аъзамнинг совчилари қайтганини эшитдимикан?
“Ҳа-а-а-а, Элнур мендан нега юзини бурганини энди билдим. У мени Аъзамга тегаяпти деб ўйлаган. Автоҳалокатга учрашидан аввал Аъзамнинг совчи юборганини билган. Мен бувим билан борган чоғларимда эса Аъзам билан тўйим бўлади деб ўйлаган. Шунинг учун юзимга қарашни истамаган...”
Меҳрибон хаёлига келган фикрдан қувониб кетди. Элнурнинг рашк қилган деб ўйлаб, қалби шодликка тўлди. Нонушта чоғида ҳам, кейин ҳам унинг кайфияти аъло эди. Бундан уйдагилари тажжубга тушди. Меҳрибон эса уларга эътибор қиладиган, изоҳ берадиган аҳволда эмасди. Тушидаги қанот гўё ўнгида ҳам пайдо бўлгандек, учиб-қўниб юрарди. Тушга яқин дугонаси Гулҳаё келди. Меҳрибон уни ўз хонасига бошлади.
— Ўл-е, писпиқ айтмайсанам... — деди Гулҳаё унга сирли қараб.
— Нимани? — ниманидир англаётган бўлса-да, ҳайрон бўлди Меҳрибон.
— Аъзамга тегаётганмишсан... Буни эшитиб, Элнур ўзини машинанинг тагига ташлаган экан, деган гаплар ҳам юрибди.
— Нима? Жиннимисан? Светафорда бўлганку...
— Бошида шунақа дейишувди. Бугун эшитдим, аслида у Аъзамга “Меҳрибонга мен уйланаман, севаман”, деб смс юборган экан. Аъзам “Менам севаман, энди кеч. Фотиҳа тўйимиз бугун белгиланади”, дебди. Бу хабарни ўқиб Элнур ўзини ўзи машина тагига ташлаган бўлиши ҳам мумкин деяпти-да, одамлар.
— Тавба... Одамларга ҳам гап бўлса-я... — ёқасини ушлади Меҳрибон.
— Уям майли, энди фотиҳаларинг бўларкан-ку, Аъзам билан. Шуни эшитиб Элнур кеча томирини кесганмиш. Чала ўлик ҳолда отаси кўриб қолибди. Кўп қон йўқотганмиш. Энди одам бўлиши қийин дейишяпти. Қариндошлари ҳаммаси бугун эрталабдан кетибди, қон бергани.
Меҳрибоннинг ранги оқариб, тили айланмай қолди. Кўзларига ёш тўлди:
— Нималар деяпсан, Гулҳаё? — қичқириб юборди охири чидай олмай.
Ҳеч нарсага тушунмаган Гулҳаё гапини йўқотиб қўйди.
— Гули, айт, Элнур яхшимикан? Нега кесади, томирини?
— Айтдим-ку, сенинг фотиҳангни деб...
— Фотиҳам бўлаётгани йўқ-ку! Наҳот у мени шунчалар севади? Наҳот у шу қадар ошиқ? Мен бўлса... Мен бўлса унга вафо қила олмадим, Гули... — йиғлаб юборди Меҳрибон. Унинг туш таъсиридаги кайфияти тарқаб, яна қайғу ва надомат исканжасида қолганди.
— Севишини билармидинг? — ачиниб сўради Гулҳаё.
— Билардим. Иккаламиз китоблар орқали гаплашгандик. Аммо бу қадар севади деб ўйламагандим. Бу қадар жонини фидо қилади, демагандим. Наҳот у мени деб шу кўйга тушди? Эй Худо, Элнурни мен ногирон қилиб қўйдим. Энди нима қиламан, Гули?
— Ўзи нега Аъзамга розилик бердинг. Элнур Аъзамдан минг чандон чиройли-ку! — дилидаги тилига чиқиб кетди Гулҳаёнинг.
— Билмадим, Гули. Шайтон йўлдан урдими, ақлимни олдими? Нега розилик берганимни билмайман. Шунинг учун мана икки кундирки, азобдаман.
— Элнурни бу аҳволга солиб, Аъзам билан бахтли бўлолмайсан.
— Аъзам Элнурнинг смсини деб ниятидан қайтди. Фотиҳамиз бўлмайди, энди... Элнур яхшимикан? Сўра, Гулҳаё. Илтимос, кимнинг телефони бор, сўрайлик. Топайли-и-к... — ялиниб йиғлай бошлади Меҳрибон.
* * *
Элнурнинг рангпар юзи янада оқарган, лаблари ҳам кўкимтир, нафас олаётгани ҳам сезилмасди. Шифокорлар барча зарур чораларни кўришди. Қон қуйишди. Дори-дармон юборишди. Лекин у ҳали кўзларини очмади. У жонлантириш бўлимига учинчи марта ётқизилди. Ҳамма таниб қолгани учун унга ачинар, Худодан умр сўрарди. Ҳамшира Моҳинур эса пана, кўздан йироқ жойларда йиғлаб ҳам олди.
— Шоҳ-бемор ортга чекиниш қилибдими? — Моҳинур билан бирга ишлайдиган Маржона энсасини қотириб деди. — Нима бало, уям сени севиб қолганми? Ҳадеганда жонлантиришга қайтишга ҳаракат қилади?..
— У ажал билан олишиб ётибди... — жаҳли чиқди Моҳинурнинг.
— Ажал билан олишаётгани йўқ. Ажалнинг этагига ўзи ёпишиб олган. Ажалнинг эса олиб кетиш нияти йўқ, уни ташлаб кетолмай оввора.
— Нега мунча совуқ гапирасан?
— Иссиқ гапира олмайман, унга нисбатан. “Авария”да ўлмадинг, оёғингни кесишди ўлмадинг, кейин оёғингни жароҳатладинг ўлмадинг, бўлди-да! Тақдирга тан бериш ҳам керак-да! Қанақа пессимист бола бу! — Маржона эгнига ҳалатини иларкан, яна Моҳинурнинг жиғига теккиси келди: — Ё ҳаммаси сенинг қўлингга тушишнинг ҳаракатими?
— Алжирама, Маржон... — қовоғини осди Моҳинур.
— Ҳазиллашдим, дугон. Унгаям қийин. Кўргиликни қабул қила олмаяпти. Қани, қайси хонада шаҳзодамиз? Уйқуда дейишди. Бир ўзим уйғотишга уриниб кўрай, уйқудаги шаҳзодани...
— Биринчи хонада.
Маржона биринчи хонанинг эшигини очиб, мўралади-ю, бақириб юборди:
— Доктор, қон босими тушиб кетяпти-и-и-и!
Маржонанинг овозини энг аввал Моҳинур эшитди. Биринчи хона эшиги ёнига қандай етиб келганини ўзи ҳам сезмай қолди. Маржона беморнинг атрофида куймаланар, аммо нима қилиш зарурлигини билмасди.
— Доктоо-о-ор! — Моҳинурнинг жон ҳолатда қичқирган овози бутун шифохонани тутди.
Бир эмас, иккита шифокор Элнурнинг бошида пайдо бўлди.
Дарҳол биринчи ёрдам кўрсатилди. Укол қилинди. Беморга уланган аппарат бироз ўтиб қон босими меъёрлашаётганини кўрсатди. Шифокорлар енгил нафас ола бошлади. Моҳинур эса эшикка суянганча Худога шукр айтар, қўрқиб кетганидан бутун танасини тутган қалтироқ ҳали босилмаганди. Иккала шифокор ҳам ҳали Элнурнинг тепасида уни кузатиб турарди.
— Шу бемор менинг сочимни оқартиради, шекилли, — кулди шифокорлардан бири.
— Мен Моҳинурнинг овозидан инфаркт бўлай дедим, — қўшимча қилди иккинчиси. — Моҳинур, бутун шифохонага “тревога” эълон қилвордингиз-ей! Ўлиб қолди деб ўйладим.
— Худо асрасин! — чин дилдан деди биринчи шифокор. — Узоқ яшайди. Қайта-қайта ажал билан юзлашди. Кў-ў-ўп яшайди энди. Азроил ҳам ошна бўп қолди-да!
— Моҳинур, ёнидан жилманг. Эътиборли бўлинг. Биз кейинги хонадаги беморларга қараймиз.
Икки шифокор шундай дея хонани тарк этди. Қаердандир яна Маржона пайдо бўлди. У Моҳинурга қош қоқиб деди:
— Уйқудаги шаҳзодамиз сал қолди-я, буткул уйғонмай қолишига. Яхшиям, хабар олибман. Кўзини очсин, бир жон қарзсиз дейман. У жонни қандай узаман, деса, “Ўзингизни менга бахшида қилинг”, дейман. Ана кейин сенинг ҳолингга маймунлар йиғлайди.
— Б-о-о-р, жинни, — қизариб ерга қаради Моҳинур.
— Моҳи, эътибор қилдингми? Иккалангнинг исминг ҳам уйқаш экан-ей! — тағин унинг жиғига тега бошлади Маржона. — Элнур, Моҳинур... Нур-нур... Биринг ойнинг, биринг элнинг нури бўлсанг, уйқудаги шаҳзоданинг қишлоғида ҳечам қоронғилик бўлмас экан-да, а? Биринг осмонда, биринг ерда ёритасан! Қарабсанки, одамлар карахт. Тонг отди-ю, кун ботмади, бу нимаси, деб Фанлар академиясига, порталга, Астрономия институтига хат ёзган, интернет сайтларида ҳам шов-шув бўлган...
— Жим бўл! — қовоғини осди Моҳинур.
— Дарҳол илмий изланишлар олиб борилиб, кўришсаки, Моҳинур осмонни, Элнур элни ёритиб, қоронғи тушмайдиган бўлиб қолган... Бу ҳақда қишлоқ аҳлига жавоб хати ёзишган... Одамлар қоронғи бўлмагани учун тунни аниқлай олмаган, ухламагани учун бош оғриғи, паришонхотирлик кучайган... Кейин одамлар тағин қоғоз-қалам олиб, сен билан Элнурнинг устидан Бош прокуратурага ёзишган...
Маржонананинг тўқиган лофидан Моҳинурнинг кулгиси қистай бошлади. У пиқ-пиқ кулар, аммо Элнурнинг ҳолатини ҳам хушёр кузатарди:
— Бўлди қил, Маржон, илҳоминг келдими? Шунча гап қаерингдан қайнаб чиқяпти?
— Тасаввур қиляпманда, — Маржона тўқиган воқеасини тўхтатиб, Элнурга тикилди: — Рангида қон қолмабди. Ўзи аварияда кўп қон йўқотган. Кейин оёғини деб қон йўқотди. Энди бу томоша... Нима дарди бор экан-а, шу йигитнинг? Ўзига келсин, бии-и-ир дардлашай. Сенга кўнглини ҳам билиб бераман...
— Марж-о-о-н, бугун гапирадиган кунингми? Жим бўл!
— Бугун уйқудаги шаҳзодани уйғотадиган куним. Нега бунақа қилади? Нега бунча ўлимни яхши кўради? Бунга ким сабабчи? Шуларнинг ҳаммасини аниқлайдиган куним бугун... — Маржона Элнурнинг ёнига бориб, унга тикилди. — Буни қара. Киприкни қара, қошни қара, рангни қара... Ҳақиқий уйқудаги шаҳзода! Тавба, дунё гўзали бўлган қизда ҳам бунақа узун киприк, бунақа қора қош бўлмаса керак. Худойим, ҳафсала ва меҳр билан яратган эканда, буни. Кун бўйи томоша қилиб ўтирсанг ҳам зерикмайсан. Тўғрисини айтайми, Моҳи. У сендан ўн чандон чиройли. Сенам чиройлисан, лекин у йигит киши бўлса-да, сендан кўра хушрўйроқ. Унут, бу гўзаллик тимсолини. Бир умр рашкдан куйиб ўтасан.
— Мен сенга бир нима дедимми? Нега менга бунақа гапларни айтяпсан? Ўзингга ўзинг нималар деб алжирайсан-а? — норози бўлди Моҳинур.
— Мен алжираётганим йўқ. Ҳақиқатни айтяпман. Сен ўзинг буни тан олмаганинг, тилинг билан айтмаганинг билан, бутун вужудинг, ҳатта-ҳаракатинг ҳамма ҳақиқатни айтиб турибди. Боя шифокор ҳам айтди-ку, мен Моҳинурнинг овозидан инфаркт бўлай дедим, деб. Гарчи ўша пайтда хонада бўлмасам ҳам, каридорда келаётганим учун шифокорнинг овози эшитдим. Кўрдингми, ҳамма сезяпти, кўряпти, эшитяпти. Сен буни тан олиб айтмаганинг билан, юрагингдаги муҳаббат борлиғингга нуқс қиляпти. Демак, дилингда унча-мунча эмас, нақ дунёни титратадиган муҳаббат туғилибди.
Моҳинур уялди. Қизариб кетди. Ерга қаради. Дугонасига қарши бир оғиз гап айта олмади. Нима десин? Ахир у ҳақиқатни сўзлаб турибди-ку! Эртаю кеч Элнурнинг хаёли билан яшаётгани ёлғонми? Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, мана унинг ҳам “дарди” “иситма” бера бошлади. Демак, бўлимда ҳамма билган.
“Ҳисларини яшира олмайдиган жинниман, мен. Энди бутун шифохонада дув-дув гап бўламан. Нима эмиш, ногирон бўлиб қолган беморини севиб қолган қиз, деб тилга олишади уни... Аниқ шунақа дейишади энди...”
— Ҳа, уялдингми? Ундан кўра хушингни йиғ, дугон, — деди Маржона ва қўшни хонага қараб кета бошлади. — Сен қараб тур. Мен бошқалардан хабар олиб келай.
Маржона чиқиб кетиши билан Моҳинур Элнурнинг тепасига келди. Элнур шу ҳолида ҳам кўрган кишини сеҳрлаб қўядиган даражада кўркам эди. Қон қочган юзлари қошу киприкларини янада қора ва жозибали кўрсатар, эртакларда тасвирланган шаҳзодаларни эслатарди.
“Наҳот, уни севиб қолдим? У-чи, у кимни севади? Қалбига қайси қиз ҳоким бўлган? У гаплашиб юрган, кўнгил қўйган қиз жуда гўзалдир?”
Моҳинурнинг хаёлини Элнурнинг инграши бузди. У йигитга тикилди. Оҳиста ҳол сўради:
— Яхшимисиз, Элнур? Кўзингизни очинг.
Элнур уйқудан уйғонгани каби кўзларини зўрға очди. Қошларини чимириб, қизга зўр бериб тикилди.
— Аҳволингиз яхшими? Мени танияпсизми? — сўради ҳамшира.
Элнур сассиз қизга кўз тикиб турарди. Унинг нигоҳларида қўрқувми, ҳадикми, ҳаяжонми, қай бири борлиги билиб бўлмасди.
— Қўлингизни беринг, — жонсиз пичирлади Элнур.
Моҳинур ўйлаб ўтармай, унга ўнг қўлини тутқазди. Элнур унинг бармоқларини бир-бир ушлади ва секин иккинчи қўлини қизнинг юзига олиб борди. Моҳинур ҳаяжондан ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Элнур қизнинг юзини силади. Қиз ҳайкалдек қотиб турарди: у на қўлини, на юзини торта олар, мансабдорнинг фарзанди бўлган, тантиқ ўқувчисига гапира олмайдиган ўқитувчи каби жим, забонсиз ва садосиз эди. Йигит эса кўзлари очиқ аммо сўқир кимса каби унга тикилган кўйи юзини сийпаларди. Бирдан Моҳинурнинг миясига қўрқинчли фикр келди. Агар бемор кўп қон йўқотиб, мияда кислород етишмаслиги, яъни, гипоксия ҳолати юз берса, миянинг зарарланиши туфайли кўз кўрмаслиги, қулоқ эшитмаслиги каби оғир асоратлар қолдиради.
“Наҳот, Элнурнинг кўзлари кўрмай қолди? Оёқларидан айрилгани етмагандек, кўр бўлиб қолган бўлса-я? Шундай бўлиш эҳтимоли катта. Чунки жуда кўп миқдорда қон йўқотди. Кислород етишмаслиги бўлиши табиий. Бунақа ҳолатлар жонлантириш бўлимида аввал ҳам бўлган. Ишқилиб, унақа бўлмасин. Бўлмаса, буткул ўзини йўқотади, Элнур. Эй Худо, уни бу синовдан ўзинг асра...”
Моҳинур ўзининг ҳаёлидан ўзи даҳшатга тушди. Элнурнинг ҳаракатлари эса янада қўрқинчли эди.
* * *
Меҳрибоннинг эзилиб кўз ёш тўкиши Гулҳаёни шошириб қўйди. Ялиниб-ёлворишадан баттар ўзини йўқотди.
— Меҳрибон, йиғлама. Уйдагиларинг келиб қолса нима деймиз? Ўзингни қўлга ол.
— Кимдандир сўрайлик. Телефонини суриштир, — дугонасининг қўлларидан тутди Меҳрибон.
— Ҳозир укамдан сўрай. Элнурнинг укаси укам билан синфдош-ку! — деди Гулҳаё ва укасига қўнғироқ қилди.
Аксига олгандек узун гудок кетар, Гулҳаёнинг укаси жавоб берай демасди. Уч марта терди, жавоб йўқ.
— Тавба, нега кўтармайди? — ҳайрон бўлди Гулҳаё.
— Уйларингдамиди?
— Билмадим. Кўринмаганди. Мен эрталабдан томорқада пиёзларнинг ўтини юлдим. Уни кўрмагандим, — деди Гулҳаё ва яна укасига қўнғироқ қилди.
Ниҳоят нариги томондан жавоб бўлди:
— Гулҳаё опа, ҳозир Камолга бераман. У дўхтирнинг олдида эди, — деди бегона йигит.
— Нима? Дўхтир? Камол дўхтирда нима қиляпти? — хавотир билан шошиб сўради Гулҳаё.
— Мен Шоҳнурман, опа. Акамга қон бергани шаҳарга келувдик. Қариндошлар ўтган сафар беришувди. Шунга мен жўраларимдан сўраб кўргандим. Камол ҳам қон бергани келувди. Ҳозир уни гали эди. Тинмай телефони жиринглаганига хавотир оляпсизларми, деб кўтардим.
— Аканг яхшими, Шоҳнур? Ўзи сен керак эдинг. Сенинг телефонингни олиш учун қўнғироқ қилгандим, Камолга. Рақамингни айт.
Йигит унга рақамини айтди. Гулҳаё ҳозир телефон қилишини, унгача четроққа ўтишини илтимос қилиб, алоқани узди. Шоҳнур чеккароққа ўтгунча дугонасини овутишга киришди:
— Бўлди, кўзёшларингни арт. Мана ҳозир Шоҳнур билан гаплашаман. Сўраймиз.
— Ишқилиб яхши бўлсин! Агар унга бир нима бўлса, мен ўзимни кечира олмайман, — деди Меҳрибон ҳиқиллаб.
— Бўлди, ўзингни қўлга ол. Мана теряпман, Шоҳнурга, — деди Гулҳаё ва Шоҳнурга қўнғироқ қилди.
Аввалига Элнурнинг аҳволини обдон суриштирди. Кейин нега томирини кесганининг сабабини сўради. Шоҳнур нимадир деди, шекилли Гулҳаё унинг гапидан қониқмади, сирли тарзда тушунтира бошлади:
— Шоҳнуржон, мен бир гап эшитдим. Далилларам тўғри келяпти. Аввал бир саволимга жавоб бер: аканг Меҳрибонни яхши кўришини билармидинг? Ҳа, эшитмагансан тўғрими? Аммо аканг автоҳалокатга учрашидан ярим соат олдин Аъзамга хабар юборган. “Меҳрибонни яхши кўраман, совчиларингни қайтар”, деган. Аъзам, “Қизнинг ўзи ҳал қилади”, деб жавоб ёзган. Меҳрибон ва Аъзамнинг фотиҳаси бўлиши овоза бўлганди, мана томирини кесди. Бу сенга нималарнидир англатмаяптими? Акангнинг ўз жонига қасд қилиши Меҳрибонга билан боғлиқ эмасмикан?
Давоми бор
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5