Муҳокамада "Муҳаббат ҳудуди" асари ҳақидаги фикрларингиз, кечинмаларингиз ва ҳисларингиз акс этган дил изҳорларингизни ўқиб бошим кўкка етди. Ҳаммасини ўқиб чиқдим. Эътибор, олқиш ва мақтовлар учун ташаккур! Доимо Аллоҳим паноҳида бўлинг!
#ҚУЁШИМ
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
“ҚУЁШИМ”
Меҳр ҳақида
Киноқисса
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Ташқаридан уйга тушиб турган қуёш нури бағрида хасни ўйноқлаётган дарё мисол минг йиллик чангни қўйиб юборгиси келмай чирпирак қилади. Дераза токчасида териб қўйилган тувакларда очилиб турган ранг-баранг гуллар уларнинг томошабинидек тепага боққан. Маҳфузанинг забардаст, дадил овози ҳам кўз илғамас чанг зарраларини чўчитиб юбораётгандек.
- Бу нима яшаш? Эркакмисан? Бўлди, иккинчи хотин оласан! Шунча чидаганинг етар!
- О-о-опа! - Умарнинг овози бироз тутилиб чиқади.
Маҳфуза укасининг овозига тақлид қилиб гапиради:
- Нима о-о-опа? Бир умр менга гапирсанг, тилинг тутилди. Бир умр мен йўл кўрсатиб келдим. Ўзингда калла йўқ! Менинг айтганимни қилиб кам бўлмадинг! Эндиям кам бўлмайсан. Иккинчи хотин оласан!
Умар ёш тўла бошлаган кўзларини китобдек тахланган сандиқ устидаги кўрпа-тўшакларга югуртиради. Барибир ўзига бўйсунмаётган кўзёшини қайтармоқ илинжида бир сира деворга осилган бобо, момо, ота-она, болаларининг суратларига ҳам тикиб чиқади. Маҳфуза эса укасига раҳм, нафрат, ғазаб аралаш қошларини чимириб тик боқади. Ҳар иккисини бирдек кузатаётган ота-онаси эса жим. Охири Умар бошини эгади. Унинг кўзи ерга тикилгач, Маҳфуза ўша ғазабнок нигоҳ билан отасига қарайди.
- Ота?
Жамол ота қулт этиб ютинади. Қизи Маҳфузага қарайди. Маҳфуза нигоҳи билан Умарни кўрсатади. “Гапиринг” деб имо қилади.
- Умар... – бўйнига ип солиб тортилган бузоқдек зўрға ҳаракатга келади ота. - Энди бундай яшаб бўлмайди, болам. Бошқага уйлан. Мана, опанг ўзим қиз топаман деяпти. Агар хўп десанг, тараддудни кўрамиз...
Умар хўрсинади. Онасига қарайди. Раҳима холанинг йиғи халтаси шундоқ ҳам тўла. Ўғлининг нигоҳига дош беролмай кўзларига сиғмаган “дур”лар думалай бошлайди. Оназор, рўмолининг учи билан уларни тутиб қолишга уринаркан, тўнғиллайди:
- Нега менга қарайсан? Мен рул йўқ! Рул отангда ҳам эмас, опангга ўтган!
Маҳфузанинг қаҳр қалқиб турган кўзлари онасига қадалади:
- Она?
- Нима она? – қовоғини осади Раҳима хола. - Ишчиларига буйруқ бериб ўрганиб қолгансан... Биз ишчингмасмиз...
- Она дедим, - тутақади Маҳфуза. - Гап буйруқ беришимдами? Шу хотин билан яшаб бўладими, энди, айтинг! Фикр қилинг, ўзингизам...
- Уям одам... - Раҳима хола йиғлайди.
* * *
Қўшни хонада Гулифор ҳайкалдек қотиб ўтирибди. Икки кўзи тўла ёш. Аммо кўзёшлар оқаётгани йўқ. Аёлнинг мислсиз ҳуснига безаклигини билгандек қотиб қолган. Шу ҳолида у рассомларнинг энг бебаҳо асаридаги сулувлар каби тенгсиз. Йиғлаб йиғлолмаётган шўрлик жувон Маҳфузанинг дарғазаб гапларини аниқ-тиниқ эшитиб ўтирибди.
- Одаммас у? Энди одам эмас! Нимаси одам? Э-э-э...
- Шуниям келин қилишда ўзинг югурувдинг, - қайнонасининг титроқ овозидан Гулифорнинг бўғзига-да, бир нима тиқилди. - Ширин овқатларини, тортларини...
2-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Раҳима холанинг йиғи зўридан гапира олмай қолганини Гулифор ҳам илғади. Холанинг йиғлагани ҳам яққол эшитилди. Шундай бўлса-да, йиғи аралаш гапирди:
- Эсдан чиқардингми? Биз “У қизни келин қилмаймиз, кийиниб олиб кўчада ликкилаб юришни билади, фақат”, деганимизда, пишириқларини мақтаган сенмасмидинг?!
Раҳима холанинг ўксиб йиғлагани, бурун тортгани ҳам эшитилди.
- Унда кийикдек қиз эди! – деди Маҳфуза бунга жавобан.
Гулифорнинг ёш тўла кўзларидан бир томчи ёш зув этиб юзига тушади. Катта, аммо ғам чўккан ёшли кўзлари бир нуқтага тикилган. Ҳамон ҳайкалмисол қотиб туради.
* * *
Гулифорнинг 17-18 ёшлик чоғлари. Калтагина, гулли кўйлак кийиб олган. Лозими ҳам калтагина, пасти қисмачали, ўзига ярашган. Худди шу матодан бошига ҳам тасма боғлаган, тасманинг икки учини пешанасини ёнига гул қилиб боғлаган, фақат тасма қийшайиб, сочлари тўзиб турибди. Кимдир, сочини, тасмани тортқилагани сезилиб турибди. Гулифор ёшли кўзларини бувисига тикиб, бақиради:
- Бувиииии!
Истарали, фариштаюз Кумуш момо уй тўрида қўлига игна, ўрта бармоғига ангуш таққанича қуроқ тикиб ўтирибди. Кўзида кўзойнак, бошида оппоқ чорси. Кўзойнак ортидан неварасига қарайди. Гулифорнинг ҳолидан ҳайрон бўлиб сўрайди:
- Нима бало юлишдингми?
Гулифор алам билан гапиради:
- Акам... Дугонамникига бораман десам, қўймаяпти! Мана бу тасмадан тортиб, сочимниям тўзғитди. Айтинг...
- Нега қўймайди? – хотиржам сўрайди момо.
- “Кўчага олифталанмай чиқ”, дейди. Қаерим олифта? Кўйлак-лозимда бўлсам, бошимда ҳам сочимни йиғиб турган тасма бор. Дугонам туғилган кунимга торт пишириб бер, деганди. Кеч қоляпман.
- Куйлак-лозиминг жуда калта-да, болам.
Гулифор бир оёғига, бир кўйлагига қараб олади:
- Бу мато икки метрдан ҳам кам экан. Боридан зўрға чиқардим.
Шу пайт қўшни хонадан онасининг овози эшитилади:
- Гулифооор! Ўлдираман, сени! Манов матодан нима тикдинг? Буни Комила янганг “қизим иккимизга лозим тикиб беринг”, деб берувди-ку!
Гулифорнинг кўзлари катта-катта бўлади. Югуриб бувисининг ёнига боради. Момонинг пинжига суқилиб, пичирлайди:
- Вааай, бировникилигини билмабман.
Шу пайт хонага унинг онаси Гулнор ҳаяжон билан кириб келади. Гулифорнинг эгнидаги кўйлакни кўриб, кўзлари чиқиб кетгудек бўлади.
- Вой шўрим! – қўллари беихтиёр чаккасига боради. - Кўйлак-лозим тикиб олибсанми? У Комила янгангники-ку, ноинсоф! Шунча кўйлак камми, сенга? Энди нима дейман?
3-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
- Бувим бир нима дейди ҳозир, - бувисини турткилайди қиз.
Кумуш момо индамай тикишини қилаверади.
- Нима дейди, бувинг? Бир оғиз сўрасанг, ўласанми?
- Бувиии, бир нима денг.
Кумуш момо юмушидан кўз узмай гапиради:
- Комила билан ўзим гаплашаман. Сандиқдан ўзига ёққан матони танлаб олади. Энди бунга бақирганингиздан нима фойда? Барибир мато ўз ҳолига қайтмайди.
Гулифор онасига қараб “тушундингизми?” дегандек қош қоқади.
Гулнор қайнонасига бир зум жим тикилиб туради, сўнг хўрсинганча дейди:
- Болани буздингиз, ая! Доим ёнини оласиз.
Кумуш момо аввал келинига кейин Гулифорга бошдан оёқ қарайди:
- Нимаси бузилган? Матони чиқитга чиқардими? Ё туғилган кунларда торт пишираман деб нарсаларни увол қилиб, сизга гап теккиздими? Олқиш эшитмаяпсизми? Ундан кўра, ўғлингизга айтинг, бунга хўжайинлик қилмасин. Бошида назорат қиладиган отаси, сиз, қолаверса мен борман! Яна... синглисига қўл кўтаришни қаердан ўрганганини ҳам сўранг.
Гулифорнинг чиройли кўзлари порлаб кетади ва бувисини қучиб ўпади:
- Раҳмат, бувижон! Мен дарров келаман.
* * *
Қишлоқ кўчаси. Трактор йўлни чангитиб, тариллаб кетяпти. Рулда Маҳфуза. Йўл четидаги гўшт дўконининг рўпарасига етганда трактор тўхтайди. Ундан Маҳфуза сакраб тушади. Гўшт дўконда ўтирган қассоб Ҳамид унга қараб завқи келади:
- Вооо, сакраганини! Бир эмас, етти эркакнинг ғайрати бор, бу опада.
Маҳфуза қассобхона томон юради.
- Келинг, опааа! – илжаяди қассоб.
- Хорма Ҳамид. Икки кило торт. Бир кило шўрвалик, бир кило мантилик бўлсин!
Ҳамид гўшт кеса туриб хушомад қилади:
- Ҳам шўрва, ҳам манти... Қойил сизга, опа!
- Нимасига қойил қоласан? Шўрваликни отамларникида қолдираман. Мантиликни олиб кетаман. Ҳозир Умарникидан чиқдик. Ота-онамни хафа қилдим. Шўрва осиб бериб кетиб, кўнглини олай.
- Сиздай опа ота-онасини хафа қилмайди, - мақтовда давом этади Ҳамид. - Лоф айтманг, опа.
- Хафа қилсам, ўзим учун қилибманми? Умар охирги пайтда латта бўлиб қолди. Иккинчи хотин ол, деяпман. Жим. Ота-онамни мажбурлаб олиб бордим. Қачонгача яшайди, у хотин билан... Бугун хотинига айтадиган бўлди, яна уйланишини.
4-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
- Тўғри, яшолмайди энди, - маъқуллайди қассоб. - Бунақа пайтда эркакка қийин. Қандай қиз эди, Гулифор?! “Гулифоооор”, дейишса, ифори келгандек қишлоқнинг йигитлари таппа-таппа ташларди. Мана, чиройи ҳам бир тийин бўлиб қолди.
- Ундан зўрини олиб бераман Умарга, қараб тур.
Ҳамид сергак тортади:
- Иккита хотин олиш мумкинмикан, опа? Иккихотинлик мумкинмас-ку!
- Йўлини қиламиз.
Ҳамид гўштни узатади:
- Мана, опа. Ош бўлсин! Сиз топасиз йўлини...
Маҳфуза гўштни олиб, трактори томон кетади. Ҳамид орқасидан қараб қолади. Ўзига ўзи гапиради:
- Бу опа йўлини топади. Ҳокимиятга бориб-келиб юради. Қонундаям йўли бўлса, керак. Умар иккинчисига уйлансин, йўлини сўраб оламан. Мен иккинчига уйланолмайми? Ҳамид қассоб-а? Нечта жувон гўшт олаётиб, акажонлаб турганда...
* * *
Умар ҳовлидаги экин-тикинларга сув қўйяпти. Қовоғидан қор ёғади. Кетмонни ариққа қаттиқ-қаттиқ уриб, сувга йўл очяпти. Аламини кетмондан олаётгандек. Ҳовлида қизи Нисо ўйнаб юрибди. Қизалоқ ўзига ўзи қўшиқ айтади:
- Нон ёпганда, нон ёпганда менинг ойим, менинг ойим... Иссиқ кулча, иссиқ кулча ёпар доим...
Умар қизига қараб баттар ғазаби қайнайди. Айниқса, айтаётган қўшиғи асабини бузади. Қизча эса ҳамон куйлайди:
- Нон ёпганда, нон ёпганда менинг ойим...
Умар ортиқ тоқат қилолмайди. Бор овози билан бақиради:
- Ўчир овозингни!
Нисо чўчиб тушади. Лаблари титрайди. Қовоғини осади. Дадасига еб қўйгудек қарайди, тишланиб, оғзини очмай туриб, “Ы-Ы-Ы” деб пишқиради. Кейин шартта бурилиб, уйга қараб аразлаб кета бошлайди:
- Ойи-и-и-и...
Умар унинг орқасидан қараб қолади. Баттар жаҳли чиқади. Ўзига ўзи тўғиллайди:
- Қилиғиям ўхшайди, ойисига...
Умар хотирага берилади.
* * *
Гулифор ётоқхонадаги каравотда уйқуда. Умар дарвозадан кириб келади. Ҳовли тўзиб ётибди. Умарнинг юзига негадир табассум югуради. Шошиб уйга киради. Хоналарга ҳам бир-бир бош суқиб қарайди. Уй ҳам тўзиган, ҳар жойда кийимлар сочилган, телевизорнинг усти чанг, идишлар ювуқсиз... Умарнинг барибир кайфияти тушмайди, ётоққа хурсанд кириб келади. Ширин ухлаб ётган жуфтига бироз тикилади, жилмаяди. Сўнг эркалаб уйғотишга уринади:
- Ифооор, ҳозирги гапимни эшитсанг, қувонганингдан сакрайсан, Ифооор!
5-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Умар Гулифорнинг ёнида ўтиради. Тикилиб қарайди. Гулифорнинг юмиқ кўзлари, узун киприклари, қора қошларига маҳлиё бўлади. Оппоқ юзини, тим қора қошларини меҳр билан силайди:
- Уйқудаги гўзалим, кўзларингни оооч!
Гулифор бир қимирлаб қўяди-ю, яна ухлайди. Умар уни елкасидан тутиб турғизади ва ўтқизади:
- Ифооор!
Гулифор кўзларини зўрға очади. Умарга сузилиб-сузилиб боқади. Келинчакнинг кўзлари яна юмилади.
- Кўзингни оч! Сени кўргим, кўзларингга тикилгим, сен билан гаплашгим келяпти. Мунча ухламасанг.
Гулифор кўзларини очади, қовоғини осади, қизи Нисо қилган қилиқни қилади – тишланиб, оғзини очмай “Ы-Ы” деб пишқиради:
- Тинч қўйинг, ухлай...
Гулифор кўзларини юмади, ўзини орқага ташлаб яна ухлайди.
- Сени мақташганлари бекор экан! – гапиришдан тўхтамайди Умар. - Сени жуда чаққон, пазанда, озода дейишувди. Ҳамма жой тўзиган, бир ҳафтадан буён иссиқ овқат ичганим йўқ. Сен айиққа ўхшаб ухлаганинг ухлаган. Ҳеч бўлмаса, нега бунақа тинмай ухлаётганингни айтай...
Умар яна Гулифорни елкасидан тортиб турғизади. Гулифор кўзини очади.
- Ойимга сени ёмонладим, - кўзлари ёниб гапиради Умар. - Келинингиз бир иш қилмайди, қорним оч, уйлар тўзиган, дедим. Ифор эса ухлагани-ухлаган, ухлагани-ухлаган дедим. Ойим айтдики, сен уйқуга бошқоронғи бўлибсан. Биз-чи, болали бўларканмиз...
Гулифор яна ўша қилиқни қилади. Тишланиб пишқиради. Қовоғини осади:
- Тинч қўйинг, мени, озроқ ухлай...
- Икки ҳафтадирки, ухлайсан фақат. Энди билсам, айиққа уйланган эканман. Сени соғиниб кетдим, ахир. Гаплашгим келяпти, кўзларингни кўргим келяпти, деяпман, Ифооор!
- Уффф! - Гулифор ўрнидан туриб, уйқусираб секин кета бошлайди.
- Қаёққа?
- Устимдан сув қўйиб чиқай...
- Оббо... Мен сени соғиндим, дедим, гаплашайлик дедим. Сен эса, ухлайсан, устингдан сув қуясан, яна ухлайсан, яна сув қуясан! Балиқмисан? Йўқ, сен айиқ бошли балиқсан! Ҳатто ҳомиладор эканлигини ҳам билмайдиган, айтса ҳам эшитмайдиган, айиқ бошли балиқ!
Гулифор Умарга ўгирилиб қарайди. Ширин жилмаяди. Қайтиб унинг ёнига келиб ўтиради:
- Нима?
Умар унинг катта-катта аммо, уйқу етовидан сузилган кўзларига маҳлиёлик билан қарайди. Гулифор ҳам ундан кўз узмайди:
- Ҳомиладор эканманми?
- Ҳа, уйқучи гўзал! Ойим айтди, уйқуга бошқороғи бўлибсан.
6-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Гулифор кулади, Умарга уялиб қарайди. Кейин қучоқлаб олади. Умар хурсанд бўлиб кетади. Хотинини бағрига босиб, сочини силайди. Гулифор эса унинг қулоғига пичирлайди.
- Майлими, яна озро-о-оқ ухласам...
Умарнинг юзи бужмайиб кетади.
- Вой-дооооод!
* * *
Умар гўзал хотира оғушида бўлса-да, ариқ ёқада ўйчан ўтирибди. Қизчаси ва аёлининг бу қадар ўхшашлигидан қувонишини ҳам, ўксинишини ҳам билмайди.
* * *
Узун тортилган симларга чарчаган келиндек осилган токларда узум шодалари маржондек кўзга ташланади. Токзор оралаб қизлар кишмиш теряпти. Қиқир-қиқир кулади. Чиройли, тим-қора узумларни олиб, бир-бирига кўз-кўз қилади. Бир дона олиб оғизларига солади. Кейин ёғоч қутига авайлаб қўйишади. Қуёш тим қора узум доналарини олмоқчи бўлгандек, нурли “қўллари”ни узатишдан чарчамайди. Сочлари узун, бошига қизил гулли рўмол танғиб олган қиз офтобнинг аламини келтирмоқчи бўлгандек бир шингил узумни олиб кўз-кўз қилади:
- Бу узумларни раис опа кўрса борми, кучига яна куч қўшилади.
Унинг ёнидаги юзини оқ рўмол билан тўсиб олган қиз ҳам жим турмайди:
- Тағинам айтган қаторларини териб улгурмаяпмиз. Агар ҳаммасини терсак, борми?
- Меҳрона опа қани? – атрофга қарайди қизил гулли рўмол ўраган қиз. - Уям 3-4 “яшик” териб қўйгандир? 15 яшик терсанглар бўлди, деганди, раис опа.
Юзи ниқобли қиз атрофга аланглайди:
- Меҳрона опа-а-а!
Рўмолли қиз ҳам жўр бўлади:
- Меҳрона опа-а-а!
Қизлар узум қаторлари бўйлаб аланглаб ортга қайта бошлашади. Ора-сира чақириб қўйишади. Қаторнинг бошроғида, узумнинг баландроқ шоҳлари панасида бир бош кўринади. Ниқобли қиз бошга ишора қилади:
- Ўтирибдилар, опамиз...
Рўмоли қизнинг аччиғи чиқади:
- Меҳрона опа, овоз берсангиз бўлмайдими?
Меҳрона бошини кўтариб қарайди. Кўзларидан бошқа оламда юргани, ҳозиргина кўз олган китобидаги воқеаларга шўнғиб кетгани, узумзордан буткул узилиб қолгани сезилади. Қўлидаги китобини ёпади. Қизил гулли рўмол ўраган қиз кесатади:
- Китоб ўқи-и-иб ўтирибсизми? Тавбаааа...
Меҳрона ҳижолат бўлиб ўрнидан туради. Пушти гулли либоси устидан оқ рангли эркаклар кўйлагини кийиб олган. Китобни қўлтиғига қисиб, эгнилаги эркакларча оқ кўйлакнинг тугмасини ечади ва кўйлакнинг орқа томонига китобни ўтказиб, кўйлакнинг пастини белидан қисиб бойлайди. Китоб тушмайдиган бўлиб жойлашади. Шундан кейин Меҳрона қизлардан сўрайди:
- Терамизми?
- Биз териб бўлдик. Энди сиз терасиз! – энса қотиради қизил гулли рўмол ўраган қиз.
7-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Жаҳли чиққаниданми, нафаси сиққаниданми ниқобли қиз ҳам ниқобини ечиб, юзини арта туриб бидирлайди:
- Олдин ишни қилиб, кейин китоб ўқисангиз, бўлармиди? Ўзи бу ерга нима учун келгансиз? Узум терамиз дедик-ку!
Меҳрона ёнидаги ёғоч қутини олади ва индамай узум баргларини очиб, узум теришга киришади.
* * *
Умар экинларига жилдираб оқаётган ариқ ёқасида ўтириб олган. Ариқ кичкиналиги боис, икки оёғи ариқнинг нариги қирғоғида. Оёқлари орасидан сувнинг оқишини кузатиб ўтирибди. Қовоғидан қор ёғади. Хўрсинади. Чорасизликдан эзилади. Уҳ тортади. Ариқ ёнидан хўл тупроқни олиб ғижимлайди. Бармоқлари орасидан тупроқ ерга сочилади. Умарнинг нафас олиши тезлашади. Тупроқ тўла қўли билан ариққа муштлай бошлайди. Сув лойқаланиб, лой аралаш оқа бошлайди. Лойқа сув кийимларига, юзларига сачрайди. Умар тўхтамайди. Муштлайверади...
* * *
Умарнинг шаҳарлик опаси Дилфузанинг уйи. Кўп қаватли уйнинг замонавий безатилган хонадони. Дилфуза ихчамгина, ўзига ярашган кийим кийган, ўзига қараган, пардоз қилган. Телефонда гаплашяпти:
- Ҳа, она, овқат қилиб бўлдим. Болалар ҳали келмади. Сиз нима қиляпсиз?
Нариги томондан Раҳима опанинг овози эшитилади:
- Ўзимни тутолмай, дунёга сиғмай ўтирибманда...
- Нима бало, йиғлаяпсизми? – қошлари чимирилади Дилфузанинг.
* * *
Файзли ҳовли. Супа атрофига сув сепилган. Ҳовлида гуллар очилган. Супа четида Раҳима опа телефонда гаплашяпти. Ҳовлида неваралари ўйнаб юрибди. Раҳима опанинг кўзлари ёшли:
- Йиғлайманда! Маҳфуза Умарни яна уйланишга кўндирди.
- Тўғри қилади. Бунинг нимасига йиғлайсиз, она? – Дилфузанинг қатъиятли овози эшитилади. - Пешанасига шу ёзилган экан. Раҳмингиз келмасин. Ортиқча раҳм-шафқат - ўзингизга жабр.
- Қандай раҳмим келмасин, жондай боламнинг уйи бузиляпти, - кўзларини артади Раҳима опа. - Сен ҳам, Маҳфуза ҳам кимга ўхшадинг, билмайман? Раҳм деган нарсани билмайсиз. Отанг раҳмдил, мен раҳимдил, сизлар...
* * *
Дилфузанинг уйи. Ошхона. Дилфуза телефонини қулоғига қистириб ўзига кофе дамлаяпти:
- Она, келинни қайнонанинг тупроғидан ясармиш. Опам ҳам, мен ҳам қайноналаримизга ўхшаганмиз.
8-қисм
Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Дилфуза ҳандон отиб кулади. Дамлаган кофесини олиб, стулга ўтиради. Телефонини қўлига олади.
- Сенга кулиш бўлса... – норози бўлида Раҳима опа.
- Рост-да, она. Аёллар боксчига ўхшайди. Онасидан ҳимояни ўргатади. Қайнонасидан зарба беришни... – Дилфуза яна кулади. Мириқиб кулиб олгач, гапида давом этади. - Унутманг, она, ҳаёт - бокс. Ҳимояланганингиз учун эмас, зарба берганингиз учун ғалабага эришасиз. Гапларимга ҳайрон бўлманг, ўғлим боксга боряпти.
Дилфуза тағин қиқирлаб кулади. Кофесидан бир хўплаб олиб, давом этади:
- Ютмоқчимисиз, зарба беринг. Бу галги зарбангиз Гулифорга бўлсин!
* * *
Қуёш шафақни қип-қизил қонга бўягандек ботяпти. Узумзорнинг қоқ ўртасидан ўтган икки изли йўлга трактор келиб тўхтайди. Йўл четига ўн-ўн бештача яшикка узум терилган. Ҳалиги икки қиз ёнида ўтирибди. Сал нарида токка яқин жойда Меҳрона китоб ўқияпти. Трактордан Маҳфуза сакраб тушади. Икки қиз ўрнидан туради. Меҳрона сезмайди ҳам. Китобини ўқиб ўтираверади.
- Териб бўлдиларингми? – сўрайди Маҳфуза.
Қизлар бирин-кетин салом беради.
- Ассалому алайкум.
- Волайкум. Ўн беш яшикми?
- Ҳа.
Маҳфуза қўлига узум олиб кўради:
- Мунча гўзал! Марварид-а, тим қора марварид донасидек-а!
Қизлар бир-бирига мамнун қараб жилмаяди. Меҳрона китоб ўқиб ўтираверади. Маҳфузанинг узумни қўяётиб Меҳронага кўзи тушади. Секин унинг ёнига келади:
- Меҳронамидинг?
Меҳрона бошини кўтаради, шошиб ўрнидан туради. Китоби қўлидан тушиб кетади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи. Маҳфуза китобга қарайди:
- Ўттизга кириб, буни энди ўқияпсанми?
Меҳрона китобини олади. Кейин бошини кўтариб, секингина гапиради:
- Ҳали ўттизга кирганим йўқ. Йигирма тўққиздаман. Ўн бешинчи марта ўқияпман.
Маҳфуза унга тикилиб қолади. Нималарнидир режа қилади. Меҳронанинг қўлидан китобини олади:
- Ўн беш марта ўқиб нима қиласан? Ёдлаяпсанми? Киносини кўр, бўлди. Етади.
У яна бир қур Меҳронага бошдан оёқ қарайди:
- Йигирма тўққизга кирдим, де. Даданг қаерда?
Маҳфуза Меҳронани гўё сканердан ўтказаётгандек эди, нигоҳи бир бошидан оёғига, бир оёғидан бошига қараб ҳаракатланарди. Миясида туғилаётган фикр, кўнглини ёрита бошлаганди.
Реакцияга ва изоҳлар бонус чақиради.
Давоми бор
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4