Муаллиф: Хазонрезги
Конраднинг муҳаббати туфайли Верониканинг рутубатли оламига бир кафт нур сизиб киргандек бўлди. Ана шу бир кафт нур қизнинг бахт туйғусини тотишга етарли бўлди. Йигит ҳақда хаёл суришнинг ўзиёқ унга олам- олам қувонч бағишлар, бироқ ҳаётлари атиргул гулбаргидек омонат эканлиги, қачонлардир муваққат бу бахтлари йўқсизлик чоҳига тушиб барчаси бир лаҳзада барбод бўлиши аниқлигига кўзи етса-да, қайсар юраги булар ҳақда ўйлашни истамас эди.
Клавдий Вероникани эҳтиёт қилиш чораси сифатида бўлинма билан жазолаш тадбирларига чиқишига таъқиқ қўйиб қўйди. Вероника унинг бу ишига ортиқча эътироз билдирмади, зеро қизнинг ҳаётида энди Конрад бор ва йигитнинг хаёли у учун энг ширин тасалли эди.
Икки ёш кечалари фурсат топиб ҳуфёна учрашишар, бу учрашувларда тунни тонгга улаб диллашар, ишқ ифоридан сармаст бўлишар эди. Муҳаббат уларни ўзига шу қадар асир қилиб улгурган эди-ки, улар энди пойтаҳтни, ҳаётларини тиккан касбларини ташлаб узоқ-узоқларга қочиб кетиш ҳақида ҳам ўйлай бошлаган эдилар.
Ҳаш-паш дегунча орадан бир ярим йил муддат ўтди.
Адель Клавдийга Вероникани ўзи айтандек Моварауннаҳр юраги бўлмиш шаҳри Самарқандга юборилиш учун тайёр эканлиги, қиз ислом дини, у шаҳардаги маҳаллий аҳолига тегишли урф-одатларни ҳамда тилни тўлиқ ўзлаштиргани ҳақда баёнот берди.
- Жуда соз ! - муғомбирона илжайди Клавдий,- сени юксак тақдирлаш кутиб турибди, Адель! Ҳозирча мана буни қабул қилиб ола тур!
Клавдий хона бурчагидаги маҳфий туйнукдан мўъжазгина сандиқча олиб аёлнинг қаршисида очди. Сандиқча дур-у жавоҳир, лаъл, зумрад, тилло тангалар билан лиқ тўла эди.
- Мен энди шу бугундан бошлаб сафар ҳозирлигини кўраман,- деди Клавдий Аделга, -сен билан бу ҳусусда яна бир бор учрашиб бафуржа маслаҳатлашиб оламиз.
- Хўп, - гапни қисқа қилди Адель,- энди менга руҳсат...
- Яхши, - деди Клавдий Аделни кузатиб қўяр экан қулоғига сирли шивирлади,- фақат сендан битта илтимос, аввал бошдан илтимос қилганимдек режаларимиз ҳақида Вероника ҳеч нарсани билмаслиги керак...
Адель айёрона жилмайганча Клавдийнинг ўтли нафаси остидан чаққонлик билан сирғалиб чиқиб кетди.
Орадан икки кун ўтиб Клавдий Вероникани ҳузурига чақирди:
- Сени нима мақсадда чақирганимни биласанми?- қизга бошдан оёқ синчков назар ташлади Клавдий.
- Айтсангиз биламан,- ҳотиржам жавоб қайтарди Вероника.
- Аделнинг айтиши бўйича сен ўзлаштиришинг керак бўлган барча илмни эгаллаб бўлибсан, яъни ҳуфялар тайёрлаш мактабини тамомлабсан.
Вероника ўтирган жойида бир қимирлади-ю, бироқ индамади.
- Билсанг бу мактабни тамомлаган битирувчилар ён-атрофдаги қўшни мамлакатларга ҳуфя сифатида ишга жўнатилади, бироқ биз, айниқса мен, сени бошқа давлатга жўнатиш фикридан қайтдик, сабаби сен билан жуда қадрдон бўлиб қолганмиз. Қолаверса шу ерда ҳам сенинг ҳизматларинг тенгсиз биз учун.
Клавдийнинг иқрорини эшитиб Верониканинг кўзларида ҳурсандчилик аломатлари чақнагани гап эгасининг назаридан четда қолмади.
- Бир гап айтайми, Вероника? - қизнинг елкасига дўстона қўл ташлади Клавдий, - биз сени асраб, авайлаш ниятида ҳукмни ижро қилиш тадбирларига иштирокингни бир неча ойдан буён чеклаб қўйган эдик. Айни чоғда эса менинг димоғим чоғ. Албатта бунга сабабчи сенсан. Шу муносабат билан пойтахтимизнинг шимолий шарқий дарвозасидан чиқиб ўн беш мил нарида ястанган ўрмонга уя қурган яна бир талончилар тўдасини маҳв этиш учун бугун йўлга отланган бўлинма сафига қўшилиб чигалларингни ечиб келишга руҳсат бераман. Албатта ўзингни асраш ва соғ-омон қайтиб келиш шарти билан.
Вероника ва ниҳоят бўлинма биносидан ташқарига чиқиш, шу билан бирга навбатдаги тадбирда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида эшитиб ҳар икки елкасига қанот битиб кетгандек бахтли сезди ўзини. Унинг асосий ҳурсандчилигининг сабаби эса Конрад билан бирга шаҳар ташқарисига чиқиш хушхабари эди!
- Бўлди, қароқчиларнинг бари қиличдан ўтказилди, - деди бугунги юришни бошқараётган Алекс, - шундай бўлса ҳам эҳтиёт шарт яна бир бор теварак-атрофни кўздан кечириб чиқинг.
Сараскарлар атрофни кўздан кечириш учун тарқалдилар. Вероника ва Конрад ҳам тўрдаги чайлани кўздан кечиришни мақсад қилиб йўлга тушдилар. Вероника олдинда, Конрад эса уни ҳимоя қилиш мақсадида икки одим ортда борар эди. Кутилмаганда Вероника Конраднинг "Имм" дея инграган овозини эшитди ва жонҳолатда ортга ўгирилди. Конрад курагига санчилган камон ўқи таъсирида оғриқ азобида тиззалаб қолганди
- Конрааад! - орқа тарафдан Алекснинг ҳайқирган овози эшитилди. У қуюқ буталар ортида яшириниб ўқ узган талончи йигитни чопиб ташлаган эди.
Вероника кийикдек чаққонлик билан Конрадни тутиб қолди. Йигит унинг қучоғига йиқилди.
- Конрад! Конрад! - Вероника тошдек қотиб қолган йигитнинг танасини силкитар экан,- аҳволинг қандай? Бирор сўз десанг-чи?
Конрад гапиришга чоғланди, бироқ мажоли етмади. Верониканинг чап қўлига аллақандан илиқ суюқлик тегди, у Конраднинг қулоқларидан оқиб келаётган қон эди.
- Ҳе... ни,-сўкинди уларнинг ёнига етиб келган Стефан чуқур надомат билан, - ўққа "Ажал бўсаси" суртилган экан.
-Нимааа? - даҳшатдан Верониканинг кўзлари олайиб кетди ва дарҳол Конраднинг қўл-оёқларини пайпаслаб кўра бошлади.
"Ажал бўсаси" жуда ноёб заҳар тури бўлиб, у билан заҳарланган инсоннинг ҳаётда қолишига умуман имкони қолмас эди. Заҳар танага кириб қонга сўрилиши билан, танани фалаж қилиб қўяр, сўнгра ички ички аъзоларни бир-бир парчалаб чиқар эди. Бу ҳолат шу даражада азобли эди-ки, халқ орасида "Ажал бўсаси" ни олганлар бу дунёда турибоқ жаҳаннам азобини тота олган инсонлардир" деган гаплар юрарди.
Конраднинг қўл-оёқлари тошдек қотиб қолган, ҳаётлигидан нишон биргина кўзларида азобнинг мислсиз аломатлари зоҳир эди.
- Вероника...- алам билан шивирлади Стефан, - Конрадни қўйиб юборадиган вақтимиз келди. Унинг азобларини енгиллаштирмасак бўлмайди. Уни менга бер...
Вероника дастлаб Стефаннинг сўзларига тушунмади, бироқ кўп ўтмай қучоғида ҳаракатсиз ётган севгилисини бу дунёда ушлаб туришнинг ҳар сонияси Конрад учун қанчалар азоб бўлаётганини ҳис қилди.
- Ўзим, -шивирлади Вероника Стефанга алам билан сўнг Конраднинг кўзларига лаб босди,- алвидо, севгилим. Сени ҳеч қачон унутмайман...
Вероника Конраднинг қучоғидан авайлаб майсалар устига қўйди ва унинг бошини қўллари билан тутди. У Конраднинг кўзларига сўнгги бор тикилганга... зарб билан бўйнини қайириб синдириб ташлади...
Вероника Конраднинг очиқ қолган кўзларини кафтлари билан сийпалаб юмди. У ўрнидан турар экан бўлинма аскарларининг барчаси ёнида Конраднинг сўнгги ҳурматини бажо келтириш учун йиғилганликларини кўрди.
Вероника пойтаҳтга Конрадсиз ва юраксиз қайтди...
#ҚОРА_МАРВАРИД
🔳 🔳 🔳
Тонг қоронғусида ҳизматга отланган Музаффар Али ҳовли этагидан матога ўралган алланимани бағрига босганча қайтаётган Ойишани кўриб ҳайрон бўлди.
- Ойиша!? Тонг ҳали ёришмай бу ерларда нима қилиб юрибсен? - қизнинг йўлини тўсди Музаффар Али
Ойиша унга қараб ҳижолатли жилмайди:
- Узр... Сизнинг ҳам ўтингизни ёрдимми? Мен ўзим шундоқ... Нурижаҳон уйғониб қолгунча доғ сув тайёрладим. Гўдаклар бундай вақтида кўпроқ суюқлик ичадилар.
- Шундай дегин? - юзи ёришди Музаффар Алининг,- қизалоғим яхшими? Сени қийнаб қўйғони йўқму?!
- Нурижаҳон ажаб ақлли қиз. Кўзлари билан инсонга гапириб ётади. Кўпинча ўзим ҳам ҳайрон қоламан, наҳотки бир ойлик қиз шунчалар тийрак бўлса деб?!
- Ойиша, мени кечир. Сени ҳам кўп юмушға қўйдим...
- Нега кечирим сўрайсиз, Али? Сиз кечирим сўрашга арзийдиган қандай иш қилдингиз? - ҳайрон бўлди Ойиша.
- Нурижаҳонни пойтаҳтға ҳам, Бухорога- марҳума онасининг юртиға ҳам жўнашиға қаттиқ қаршилик қилғонимни айтамен-да. Сен дўстимсен, шу сабаб кўнглимдаги ҳеч бир сўзим сен учун маҳфий эмас. Биласен, қизимни пойтаҳтга жўнатишға кўнглим йўқлиги- биринчи аёлим Ҳумайрадин гумоним борлиғида. Бир вақтлар Моҳижаҳон Бегимга қилинғон суиқасдда ҳам унинг қўли бор деб гумон қиламен. Шул сабаб қизалоғим пойтаҳтда ул хотун бирлан бир том остида қолишиға кўнглим йўқ. Буҳоро эса биздин бирмунча узоқ, қизимни у ерға жўнатсам кўнглим тилағанда кунда бориб кўриб келишға имконим йўқ. Шул сабаб мен учун энг мақбул йўл қизимнинг шул ер-дўстимнинг назорати остида бўлмоғи.
#ҚОРА_МАРВАРИД
- Али, кўнглимдагини сўрадингиз, жавобини олинг:
- Сиз юрагим ҳисларини мутлоқ тўғри баҳолабсиз. Ҳа, ҳақиқатда менинг юрагим, тўғрироғи руҳим тонгги сабодек беҳад қўнимсиз. Уни соҳиби бўлган ўзим кўпда жиловлашга қийналаман-у, ўзгаларнинг бас келишлари инчинун. Бироқ менда ана шул қайсар эркинликдан ҳам кўра улуғворроқ бир туйғу бор. Унинг номи садоқат. Сиз сал аввал дўстлигимиз ҳақида тўхталдингиз. Мендек дўстингиз ягоналигини айтдингиз. Менинг ҳам бу юртда ягона дўстим сизсиз. Хайринисо онани она ўрнида, синглингиз Меҳрибон ва марҳума Моҳижаҳон Бегимни сингил ўрнида кўрганим рост. Оз фурсатда барчангизга жуда қаттиқ боғланиб қолдим. Тўғри, вақти келиб бу жойлардан насибам бошқа ерларга кўчар. Бироқ ҳозир айни шу ерда бўлишни истайман. Дўстим ва унинг оиласи ёнида. Кичкинтой Нурижаҳон билан. Кўнглим шуни тилайди. Руҳсат берсангиз албатта.
Музаффар Али Ойишага меҳр билан термулди:
- Сени менға йўллағон Аллоҳимға беҳисоб ҳамдлар бўлсун...
🔳 🔳 🔳
- Вероника, ўзингни қўлга ол!
Конрад ўлимининг эртаси куни Верониканинг аҳволидан ташвишланиб қиздан хабар олишга келган Стефан уни хаёллари паришон , умидсизликка таслим бўлган ҳолда учратди.
Вероника ўзига сўз қотган Стефанга телбавор тикилди.
- Сен энди Конрад учун ҳам яшамоғинг керак! Унинг учун қасос олишинг шарт! - қизнинг қаршисига ўтириб қатъият билан такрорлади Стефан.
#ҚОРА_МАРВАРИД
- Қасос...?! - бемажол шивирлади қиз ва титраб-қақшаганча сўзида давом этди,- қачонганча қасос олиб яшашим керак, Стефан? Айта оласанми? Юрагим ҳаловат топиши учун яна неча инсонни ўлдиришим керак? Чеки, чегараси борми бу ишларнинг? Айтайми?! Жонимга тегди буларнинг бари!? Ҳар бир олган нафасимда ҳаво билан бирга қон томчиларини ютаётгандек беҳузур бўлиб кетаяпман, эшитаяпсанми, Стефан?
Гапнинг ростини мен чарчадим?! Барисидан чарчадим! Энг асосийси умид қилиб яшашдан чарчадим! Бу дунё ёмонларга шу қадар тўла экан-ки, бутун умр курашсанг ҳам уларни тугата олмас экансан! Қайтага ўзингни бой берар экансан. Мен ҳам уни бой бердим. Ҳаётимдаги ягона илинж- Конрадни...
Стефан...- алам билан заҳарханда кулимсиради Вероника,- биласанми биз Конрад иккимиз буларнинг барига қўл силтаб... узоқ-узоқларга қочиб кетишни режа қилгандик. Ўзимиз учун оддийгина бир кулба тиклаб у ерда тинч ва осойишта, ҳалол меҳнат қилиб яшашни истагандик. Болаларимиз кўп бўлишини орзулагандик...- қиз чуқур хўрсинди,- ана шунақа гаплар...
Энди эса Конрад ҳам йўқ... Орзу ҳам ... Бари у билан кетди.
Биласанми, Стефан, мен ҳозир ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ўлишни истаяпман. Шундоққина жон берсам-у, баридан бир йўла қутилсам. Конрад билан боғлиқ ҳотиралардан ҳам. Ҳеч бўлмаса дунёнинг нариги чеккасига кетсам ҳам майли эди...
Вероника ўзига тасалли беришдан ожиз қолган Стефанга оҳирги сўзларни айтар экан, бирдан сергак тортди...
Уч кундан сўнг Вероника Клавдийнинг ҳузурида қатъият билан ҳозир бўлди.
- Илтимос, менга пойтахтдан чиқариб бошқа мамлакатларга уюштириладиган сафарга боришга руҳсат берсангиз.
- Вероника,- қўлларини чорасиз ҳайрон ёйди Клавдий,- сени бу ерда олиб қолиш учун қанча ҳаракат қилганимни биласанми? Сен ахир бу ерда сув ва ҳаводек зарурсан!? Менимча қолишга сенинг ҳам қаршилигинг йўқдек кўринганди менга. Билсам бўладими, нима учун бирдан фикринг ўзгариб қолди?
- Фикрим ўзгаришига Конраднинг ўлими сабабчи бўлди. Қотил уни заҳарланган ўқ билан бир бор ўлдирган бўлса, мен уни шу қўлларим билан иккинчи бор ўлдирдим. Гарчи бошқа иложим қолмаган бўлса ҳам сафдошимни ўлимида ўзимни айбдор деб ҳисоблаяпман.
- Конрад ҳақида ўша куни эшитдим,- афсус билан бош чайқади Клавдий,- азамат йигит эди. Бироқ унинг ўлимида ўзингни айблашинг ножойиз. Сен ўз хизмат вазифангни бажаргансан, шу билан бирга бу йигит учун қилган энг охирги яхшилигинг бўлган.
- Клавдий, - оғир тин олди Вероника,- Конрад билан етти йиллик қадрдон эдик. У мен учун шунчаки сафдошдан ҳам ортиқроқ қадрдон эди.
#ҚОРА_МАРВАРИД
-Сени тўғри тушунишга ҳаракат қиламан, Вероника. Шу билан бирга бизнинг ишимизда ортиқча кўнгилчанлик мағлубият билан тенг эканлигини таъкидламоқчиман.
-Ҳақ эканлигингизни тан олмай иложим йўқ,-ўжарлик билан ўз сўзида туриб олди Вероника,- айнан шунинг учун ҳам мени сафарга жўнатишингизни сўраб келдим. Менимча фақат назарий маълумот билан чекланмай, балки барини амалиёт билан уйғун равишда ўрганиш вақти келди.
- Юрагинг шунга чопаётган бўлса бошқа иложим ҳам йўқ,- ва ниҳоят таслим бўлди Клавдий,- сен учун яна бир бор ҳаракат қилиб кўрганим бўлсин. Ёдингда тут, қўмондонга сўзим ўтса уч кундан сўнг сафарга жўнашинг мумкин.
- Демак, уч кундан сўнг сафарга кетар эканман,-деди Вероника "масала ҳал" деган оҳангда,-бориб нарсаларимни йиғиштирай
- Кетишинг ҳал бўлиши билан энг оҳирги дарсни ўтасан,- деди Клавдий қизга меҳрибонлик билан,- кўзланган манзилга борганда ўзингни қандай тутишинг, вазифани кимлардан олишинг, неча кунда алоқага чиқишинг, хуллас барини келишиб олишимиз керак бўлади.
- Жуда соз, -деди Вероника ортиқча сўз қўшмай, -ҳаммаси сиз айтгандек бўлади...
🔳 🔳 🔳
- Гўзалим менинг Нурижаҳоним, -Ойиша қизалоқни эркалар экан дераза ёнида тасбеҳ ўгириб ўтирган Хайринисо онага сўз қотди,- она, бу қизни кўринг, барча гапга тушунади-я?
Хайринисо она тасбеҳни токчага қўйиб Ойишага ўгирилди:
- Зукко, зеҳнли, билим ва фаросатли инсонларнинг фарзандлари шундоқ бўлур,- деди ҳўрсиниб, -Музаффар Алини билурсен, Моҳижаҳон Бегим билан унча кўп таниш бўлмағон бўлсанг-да, аммо қандоқ расо ақл соҳибаси эрканлигидин хабардор бўлдинг.
-Она, бир сўз сўрасам дилингиз оғримайдими? - Хайринисо онага меҳр билан термулди Ойиша
- Дилим оғримайдуми?! Мен қайдин билай дилим оғриш, оғримаслигини? Қани сўрағин-чи, ўшанда билурсен?
- Онажон, Низомиддин оға билан Роҳила опамни она ўрнида она бўлиб вояга етказган экансиз? Ўзингиз турмушга чиқмаганмисиз? Чиққан бўлсангиз ўз фарзандларингиз бўлганми? Бўлишган бўлса ҳозир қаерда улар? Шуларнинг барчаси ҳақда билгим келганди.
- Турмушға чиқғонман мен,- бирдан овози титради Хайринисо онанинг, - фарзандларим ҳам бўлғон. Каттаси қиз , ўртанчаси ўғул, кенжатойим ҳам қиз эрди. Улар ҳозир бу ердин анча узоқда. Кўрмағонимға салкам қирқ йилча бўлуб қолди . Улар барчамиз борадиғон манзилға мендин олдин йўлға чиқишғон. Оталари билан.
Мен асли қўҳна Кешнинг қизи эдим. Отам оддий косибчилик бирлан камтарона кун кўрар эрдилар. Оиламиз унчалик ҳам катта эрмас эрди. Отам, онам, опам, мен ва укам. Вақти келиб вояга етганимда опамдин сўнг отам мени ўзи каби қўли қадоқ, ҳалол қўшни косиб шогирдиға узатди.
Куябимға никоҳимиздин сўнг, вақт ўтиб, кейинроқ кўнгил бердим. Келинлиқ оилам анчайин катта рўзғор эди. Куябимдин ташқари унинг яна уч нафар укаси ва яна шунча синглиси бор эди. Мен ҳам аста-секин шу оилаға киришиб кетдим. Бирав билан юмушимиз йўқ, ўз аравамизни тинчгина тортиб кимдин кўп, кимдин кам яшаб юриб уч фарзандлик бўлдик. Каттам олти, ўртанчам беш, кичигим уч ёшга тўлғонда...
Ўшанда юртимизға ўрнашиб қолғон энг оҳирғи мўғул босқинчилари билан ҳокимият талашиб узил-кесил жанглар бўлиб турғон пайтларда ёғий тараф сарбозларидан бири кутилмаганда куябимнинг синглиси Гавҳарға кўз олайтиради. Гавҳар бениҳоя хушсурат қиз бўлиб, эндигина ўн олти ёшни қаршилағон эрди. Ул сарбоз Гавҳарни зўрлик билан уйдан олиб чиқиб кетаётган вақт, номус исканжасидаги бечора қиз сарбознинг қўлидин қаттиқ тишлайдир. Оғриққа чидолмаған сарбоз қизни сўйиб қўяди. Шу куни мўғуллар бирлан навбатдаги қирғинбарот бизнинг оиладан аланға олғон эди.
Албатта Гавҳарнинг акалари бўлмиш куябим ва бошқалар сингилларининг шундоққина жувонмарг бўлиб кетишлариға жим қараб турмагандилар.
"Қонға-қон, жонға-жон!"
Ўша кунги қирғинбаротда ҳар икки тараф тутдек тўкилди. Душман тараф биравни қари, бошқасини ёш демай бир бошдин қиличдин ўтказди.
У кунлар шундоққина кўз ўнгимда...
#ҚОРА_МАРВАРИД
Мен она эдим... Уч боламни олиб кулбамизға беркинганим ёдимда.
Бироқ тинимсиз еб, ичиб, куч тўплаб пишқириб кетган босқинчи барзанғиларға менингдек ожизанинг кучи етармиди?
Кулбамиз эшигини синдириб кирган малъунларга энг аввал мен қўлимга илинган нималар биландир рўбаро бўлдим. Кўзларимнинг оҳирги кўрғони ҳанжар дамини ялтирағони бўлди.
Мен ҳушимға бир хафталарда келгандим ўшанда...
Кейинчалиқ маълум бўлишича менга урилғон ҳанжар юрагимдан бир озгина тепаға қадолған ва умр шаъмим шул сабаб сўнмасдин қолғон экан.
Ўшал қирғинбаротда ҳар икки оиламиз аъзоларидан биргина уйи шаҳарнинг бошқа четида бўлғон турмушға чиққон опамдин бошқа барчалари шаҳидлиқ жомидин шарбат тотиб бўлғон эканлар.
Энди мен- етим, бева, уч фарзандидан бир кунда айрилғон мазлума эрдим.
Бошға тушгонини кўз кўрмай қолмас эркан. Бошимға ёғилган бу кулфатлар туфайли йиғладим, сиқтадим, бироқ қани қўлимдин бир иш келса.
Кўп ўтмай дунёдаги ёлғиз дардкашим опам мени ўз уйиға олиб кетди.
Аммо у ерга боргач узоқ фурсат ўтмай бир дардим икки бўлди. Опамнинг эри менга ошиқ бўлиб ўзига учунчи хотин қилиш тадоригиға тушғон эди. Воқеадан хабардор бўлган опам куйди, ёнди, қовжиради, сўнг бошқа чораси йўқлиги ва менинг ҳаётим шу тадбир бўйича тинчишини ўйлаб тақдириға тан берди. Мени ўзига кундош бўлишимға кўнди.
Мен эса опамнинг шунча қилғон яхшилиға бу тариқа жавоб қайтара олмас эдим.
Гарчи опам ва унинг эриға қаршилиқ сифатида бирор сўз айтмағон бўлсам-да, бор-йўқ нима нарсаларимни йиғиб бир кечада уларнинг уйидин чиқиб кетдим. Бошим оғиб юриб-юриб уч йил деганда шаҳри азим Самарқандға етиб келдим. Ўша вақтлар табобатга қаттиқ қизиққанимдин ул ерлик бир табиб кампирға шогирд тушдим. Беш йиллар давомида ул ҳакиманинг даргоҳида илм ўргандим. Сўнгра табибам менга оқ фотиҳа берди. Мен устозамнинг дуосини олиб ўз билганимча беморларни гиёҳлар ёрдамида даволай бошладим. Одамларнинг хизматини қила номим танилиб қолғоч, кунлардин бир кун ҳукмдоримизнинг оталарининг саройларига аёллар табиби мақомида хизматға қабул қилиндим.
Бора-бора сарой аёнлари орасида ишонч қозонғоч , табибалик билан бир қаторда бошға ишларға ҳам жалб этилдим. У кезлари ёшим қирққа яқинлашиб қолиб эди.
Ҳа энди бу ёғи ўзингга аён. Қайта турмуш қурмадим. Орада Кешдаги опамнинг хабарини даракладим. Улар мен хонадонларини ташлаб чиқиб кетғоч икки йил ўтиб Ҳақ ҳузуриға йўл олғон эканлар. Менга келган хабарларға кўра қорин оғриғи билан боғлиқ қандайдир касаллик жигаримнинг ҳаётиға нуқта қўйғон эмиш.
Хизмат юзасидин ҳукмдор саройида қанчадан қанча аёнлар билан танишлиғимға қарамай ҳеч бири билан яқин қадрдон бўлмағонман. Токи Яҳё Мирзо билан танишғонимға қадар. Мирзо билан опа-ука тутинғанимға ҳам салкам ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтибди. У пайтлар Мирзо оддий сарбоз эди. Бир куни сайсхонада бир сарбозни илон чақиб олгани, аҳволи оғирлиғи ҳақида хабар келганди. Ўшанда Аллоҳнинг иродаси бирлан бор маҳоратимни ишға солиб йигитчани нариги дунё остонасидин қайтариб олиб эдим.
Шу-шу мен опа-ю, Яҳё Мирзо ука бўлди.
Эҳҳ... Яҳё Мирзо бирлан шунча йиллардин бери бирғаликда не-не воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирмадик дейсан. Буларнинг бари алоҳида ҳикоя, алоҳида қисса. Бир бошдин сўзлайин десанг неча кун-у, неча ой керак бўладур. Энг асосийси эса берган саволинға жавоб ола билдинг деб ўйлаймен.
- Она...
Ойиша ҳўрсинганча Хайринисо онанинг елкасига бош қўйди...
🔳 🔳 🔳
Клавдийнинг сўзи ўтиб Вероника сафарга кетадиган бўлди. Қизни элчи Андроний гуруҳи билан Ўрта Осиёга юборилишга шай қилинди. Сафарга кетишдан икки кун аввал Вероника Стефан билан бирга Конраднинг қабрига бориб видолашиб қайтди.
"Мени кечир, Конрад, -деди Вероника марҳум севгилисига хаёлан мурожаат қилиб,- бу ерларда мени ортиқ тутиб туришга арзугилик сабаб қолмади. Энди бу ерлардан кетишга мажбурман. Умид ўлган маконда бошқа ҳеч бир туйғуга ўрин қолмас экан. Менинг умидим эса сен эдинг...
#ҚОРА_МАРВАРИД
Тақдир бўлса бу ерларга балки қайтарман. Балки ҳеч қачон қайтмасман. Билмадим. Олдиндан бир нарса дея олмайман. Билганим шуки, сенинг дардингни бироз унутмоқ учун, юрагимдаги оловни ҳаминқадар пасайтирмоқ учун олис-олис манзилларни мўъжал қилдим.
Йўқ! Бу билан сени унутишга ҳаракат қилмоқчи эмасман. Ҳеч қачон унутмайман ҳам! Сен ҳамиша қалбимда бўлиб қоласан!
Энди кетишим керак...
Алвидо, севгилим.
У дунёдаги дийдоргача алвидо...
Вероника бўлинмага қайтгач уни Клавдий йўқлаётгани ва эртага сафар олдидан энг оҳирги машғулотни ўтиши лозимлиги ҳақидаги хабарни етказишди.
Вероника эртаси тонгдан ҳарбий устозлари қабулида ҳозир бўлди. У ўзи ҳуфя қилиб жўнатилаётган мамлакат, у ернинг одамлари, қандай ва қайси маълумотларни олиш, маълумотларни қай тартибда Константинополга юбориш ҳақида батафсил тушунча ва топшириқларни қабул қилиб олди.
Барча устозлари Вероника билан хайрлашгач, қизга сафар олдидан яхшилаб ҳордиқ чиқариб олиш учун руҳсат берилди.
Вероника хонасига қайтиб сафар учун тайёрлаган анжомларини яна бир бор кўздан кечириб бўлгач, руҳи ҳамда танасига дам бермоқ учун ўрнига чўзилди. Шу кўйи унинг кўзи илинди...
Тушида маҳзун жилмайиб турган Конрад ўзига бир қучоқ оппоқ бўлиб гуллаган мойчечак тутаётган эмиш.
- Мени кечир,- гулларни олар экан шивирлади қизнинг лаблари титраганча,- кетишдан бошқа илож топа олмадим.
- Сен энг тўғри қарорни қабул қилдинг,- Верониканинг елкасига ўнг қўлини қўйганча далда берди йигит,- бу ерлардан кет ва ўз бахтингни излаб топ.
- Менинг бахтим сен эдинг...- кўзларидан ёш қуйилиб кела бошлади қизнинг
- Сен шундай деб ўйлагансан,- ҳўрсинди йигит,- ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим... Аммо шуни яхши билки, токи ҳаёт экансан, бахтли бўлишингга ҳали имкон бор.
Конрад аста бурилиб кета бошлади. Вероника унинг рўпарасида пайдо бўлган узун нурли йўлак бўйлаб сингиб кетаётганини кўриб изидан талпинди:
-Кетма, Конрад! Мени ташлаб кетма...
-Кетма! Кетма! - Вероника ўз овозидан ўзи уйғониб кетди
"Конрад...-изтироб билан шивирлади қиз,-мени кечир..."
Вероника атрофга шом қоронғилиги чўка бошлаганини кўриб хаёлларини жамлади-ю, ўрнидан ирғиб турди. У ватандаги сўнгги кечада ўзига бир неча йиллардан бери устозлик қилиб келган Адель хонимга бирга кечган кунларини эслатиб турадиган совға қолдиришни режа қилган эди. Адель ётоғи рўпарасидаги деворнинг маҳфий туйнугини очиб у ердан мўъжазгина қути олди-да, ичидан қимматбаҳо олмос кўзли узук чиқарди. Ушбу узук бир неча йил аввал талончи Патрик тўдаси тор-мор қилингани учун Вероникага шахсан император томонидан тақдим этилган эди.
"Тонг қоронғусида йўлга тушаман. Узукни ҳозир Адель хонимнинг хонасига бир парча мактуб билан қўйиб чиқаман. Хоним уни тонг отгач топади,-жилмайганча ўйланди Вероника, - ўйлайманки, ушбу узук Адель хонимнинг мен учун қилган хизматларига муносиб совға бўлади"
Вероника бу сафар енгил кийинди. У мушукдек чаққон ҳаракатлар билан тез орада Адель хонимнинг хонадони яқинида пайдо бўлди. Бу вақтга келиб тун қоронғилиги теварак-атрофни ўз чодраси билан батамом буркаб олишга улгуриб бўлган эди.
Вероника қўлидаги маҳсус анжом ёрдамида хонадон деразасини овозсиз очди ва эпчиллик билан ичкарига кириб олди.
Вероника Адель хонимнинг уйига аввалам кўп бора келган, хонадаги жиҳозлар ўрни унга беш қўлдек таниш эди. У устозига аталган совғасини ичкари ётоқхонадаги пардоз столининг устида қолдирмоқчи бўлди. Ҳисоб-китобга кўра бу вақтда Адель хонимнинг уйида бўлмаслигини эътиборга олган Вероника ётоқхона эшигининг тутқичига қўл чўзди.
Верониканинг қўли эндигина тутқични ушлаб тортмоқчи бўлган ҳам эди-ки, ичкаридан Адель хонимнинг жарангдор кулгиси эшитилди:
- Бас қил, Клавдий! Биласанми нима? Шу чоққача мен ўзимни анчайин иқтидорли устоз деб билардим. Аммо мендаги иқтидор сендаги устомонлик олдида йўқ бўлиб кетди. Қойилман сенга!
Тан бердим, тан!
Муаллиф: Хазонрезги
#давоми_бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7