МУАЛЛИФ: НАРГИЗА УСАНБОЕВА
Ёқимли мутолаа!
Эътиборингиз ва қимматли вақтингизни ажратаётганингиз учун ташаккур!
Қисса
77-83-ҚИСМ
Шу ҳолида у ортига қаради. Ўзига ҳам эшитилмайдиган ожиз овозда сўради:
— Ҳеч нарса қилмадими?
— Шунақаям қиласанми? — Маржона унга яқин келди. Кўкариб қолай деди. Учиб келиб кислородни уладим.
Моҳинурнинг юраги янада тез ура бошлади. У боя операциядан чиққан беморнинг оғзи-бурнига уланган кислородни бир олиб, бир қўйиб ўзи табиий равишда нафас олишига кўмаклашаётганди. Чунки чалажон беморлар наркоз таъсирида нафас олишни ҳам унутиб қўяди. Одатда ҳамширалар уланган кислородни оғзи-бурнидан оз-оздан узиб, яна қўйиб нафас олиш фаолияти тикланишига кўмаклашади. Агар бемор шунда ҳам ўзи нафас олмаса, то ўзига келмагунча кислородни узишмайди. Моҳинур хушсиз беморга уланган кислородни олиб, “Нафас олинг, нафас олинг”, деб турган чоғида Элнурнинг овозини эшитди. Кейин эса...
Эй Худо, бемор кислородсиз қолган. Агар Маржона кўриб қолмаганида...
Моҳинур дугонасини қучоқлаб олди. Шу даражада қўрқув қамраб олганидан тили калимага келмасди.
— Хушинг жойида эмас, Моҳи. — қулоғига шивирлади Маржона. — У оддий бемор. Бе-е-емор! Тушундинг. Мана, нариги бўлимга кетди, бир ҳафтача ётса, уйига ҳам кетади. Бўлди, шу билан уни кўрмайсан.
Маржона ҳамширани етаклаб келиб стулга ўтқазди. Унинг ҳамон қўллари титрарди.
— Унга ҳамма беморларга қарагандек қарай олмаяпман.
— Тўғри, чиройли йигит. Чиройи билан мафтун қилди ҳаммани. Менам навбатчи бўлиб қолган куним роса томоша қилгандим, юзини. Лекин кейин хушимни йиғиб олдим. Билсанг, бунақа келишган йигитлар ҳар куни битта қизни севади. Қизларнинг ўзи осилади, бундай йигитларга. Аммо энди ортидан юрган ўша қизлар мана йўқ. Ё севган қизи бўлмаган деб ўйлайсанми? Бўлган! Лекин ақлли қиз бўлгани учун дарҳол воз кечган. Бошига урадими, ногиронни? Сен эса ногирон ҳолига хушингни ўғирлатиб ўтирибсан. Ўзингга кел. Аслида унга жуда раҳминг келяпти, холос.
Моҳинур дугонасининг гапларини сукут билан, сассиз тинглади. Чунки унинг сўзлари аччиқ бўлса-да, ҳақиқат эди.
“Чиндан ҳам унинг севган қизи бўлмаганми? Битта келди-ку, анув куни. Худди ўзи каби гўзал эди. Мана, ногиронлигига кўз юмадиган вафодор севгилилари ҳам бор экан-ку!”
Моҳинур ўша куни келган Меҳрибонни яна бир карра кўз олдида жонлантирди. Таърифлаб бўлмас даражада гўзал эди у. Йўқлаб келишиша қараганда, вафодор ҳам.
* * *
Меҳрибон ҳамшира қиз Моҳинур ўйлаганчалик вафо кўрсатаётганмиди? Ўзи билан ўзи курашиб енгилиб қўймадими? У жим эди. Асли ҳам вазминроқ бўлган қиз, янада оғир ва ўйчан бўлиб қолган, уйдагилари эса Аъзам томонидан бугун келиши керак бўлган совчиларини кутиш учун тайёргарлик кўришаётганди. Чунки Аъзамнинг аммаси келиб, келадиган совчилар бирдан фотиҳа кунларини белгилаб кетишлари, Меҳрибондан бошқани келин қилмасликларини, беришса ҳам Аъзамга, беришмаса ҳам Аъзамга беришларини айтиб кетганди. Демак, бугун Меҳрибон ва Азамнинг фотиҳа куни аниқ бўлади.
— Тоғангни ҳам айттириб қўйдингми? — ўғлига қаради бувиси. — Бамаслаҳат иш қилмасак хафа бўлади. Амакингни ҳам чақиртир.
Дарҳол Меҳрибоннинг укалари қариндошлари ичидаги ёши улуғларни айтиб кетгани югурди.
— Эна, нима овқат қиламиз? — қайнонасига маслаҳат солди Комила.
— Иккита овқат қилайлик. Қудачилик- мингйилчилик. Боядан қайнатма шўрва солиб қўйсангиз бўларкан. Энди нима қиламиз?
— Қайнатма шўрвага кеч бўлди. Биринчисига чучвара шўрва қила қолай.
— Шундай қилинг, — келинининг фикри бувига ҳам маъқул келди. — Сал кейинроқ ошнинг тагини солиб қўйсанг, иккинчиси бўлади.
— Шундай қила қоламан, — ўрнидан турди Комила. Лекин иккиланиб яна қайнонасига қаради. Сўнг секин пичирлаб сўради. — Меҳрибон билан гаплашмадингизми, эна? Секин гаплашинг. Биз бугун фотиҳани белгилаб ўтирсак, у эртага “Қайтар”, деб жанжал қилиб ўтармасин!
— Қаерда у ўзи?
— Ҳалиям уйдан чиққани йўқ. Дадасиданам уялаётгандир деб, индамадим, — деди Комила.
— Сиз ишингизни қилаверинг. Мен ўзим ҳозир гаплашиб чиқаман, — буви шундай дея ўрнидан турди.
Меҳрибоннинг хонасига кириб борганида невараси паришон ҳолда китоб варақлаб ўтирарди. У шу қадар хаёл оғушида эдики, бувисига бир қараб ҳам қўймади. Сезмади гўё кампирнинг кириб келганини. Унинг юзида на норозилик, на розилик аломати зоҳир эди. Буви гарчи неварасини Элнурдан совитишга уринган бўлса-да, юраги ачишаётганди. Қани, Элнур соғ бўлса жон деб берарди унга Меҳрибонни. Афсус...
— Меҳрибоним, — момо неварасининг ёнидан жой олди. Бошини силади. Секин елкасидан қучиб бағрига тортди. — Тузукмисан?
Меҳрибон бош ирғади. Кўзларида ёш милтиллади. Буви буни кўрмади.
— Ҳозир Аъзамнинг совчилари келади. Улар бирдан фотиҳа кунини ҳам белгилаб кетишса керак. Аммаси шунақа деб кетганди-ку! Аъзамнинг шунчалик сенда кўнгли бор эканки, бошқани олмайман, дебди. Аммаси ҳам икки оёғини битта этикка тиқиб фотиҳа кунини белгилаймиз деб туриб олди. Яхши оила. Бизга маъқул. Сен қарши эмасмисан? Ўйлаб кўрдингми? Эртага яна бувим мажбурлаб узатганди, деб юрмагин. Норизо бўлсанг, уларга айтаман, “қизимиз рози эмас”, деб.
Меҳрибон индамади. Бувисини қаттиқроқ қучди.
— Бир нима де, қизим. Мендан кўнглинг ранжимасин, тағин.
— Нега сиздан ранжийман? — охири сўзлади Меҳрибон.
— Унда бир нима де...
— Ўзингиз биласиз...
Меҳрибоннинг бу сўзлари ҳаммасини ҳал қилди. Бувининг юзига табассум ёйилди.
Кампирнинг жилмайиши, ичида қувониши бежиз эмас. Корафта кампир учун қизнинг шу гапи кофи. Қиз бола ҳеч қачон “Турмушга чиқишга розиман”, демайди. Ихтиёрини топшириш – тақдири топширишдек гап.
Энди Меҳрибоннинг келажагини унинг номидан бугун бувиси белгилайди. Момо яна бир карра неварасининг бошини силади, пешанасидан ўпди. Сўнг иш кўплигини баҳона қилиб, қизни ёлғиз қолдирди. Ошхонага ўтганида келини гўштқиймалагичдан гўшт чиқараётганди.
— Кўнглингиз хотиржам овқат пишираверинг. Бугун фотиҳа тўйи белгиланади. Меҳрибон “Ўзингиз биласиз”, деди.
— Хайрият, — ростмана қувонди онаизор. У қизининг Элнурни танлашидан жуда хавотирда эди. — Нима деб рози қилдингиз?
— Мен рози қилмадим. Ўзи кўрди ахир, келин Элнурни. Шўрликнинг лўла болишдан фарқи йўқ. Шу ҳолида у уйланадими, йўқми Худо пошшо.
— Худонинг раҳми келсин, — Комила гўштқиймалагичнинг столдан ечиб олиб юва бошлади. — Катталарни айттирдингиз-а, эна? Тағин уларсиз тўй белгилаб хафа қилмайлик.
— Айттирдим. Сизнинг онангиз, отангиз ҳам келадиган бўлишди. Акангиз ҳам келса керак. Яна укамни, қайнотангизнинг укасини айттирдим.
— Яхши қилибсиз, эна. Барибир биринчи неварангиз. Меҳрибон менинг онамларга ҳам биринчи невара. Агар бехабар қолишса, маслаҳат қилмасак, қаттиқ хафа бўлишади.
— Қизиқмисиз, қариндошларга маслаҳат солмай бирор иш қилармидик? Мен қизларга айтай, меҳмонхонани тузатишсин, сизга ёрдамлашишсин. Меҳрибонга индаманг. Аралашмагани тузук, — кампир шундай дея ошхонадан чиқиб кета бошлади.
— Меҳрибонга нима дердим, эна. Қайси қиз бундай пайтда аралашганки, Меҳрибон аралашса. Ахир, қариндошлардан, биздан уялади... — қайнонасининг ортидан деди келин.
Меҳрибон яқинларидан уялиш ҳақида ўйлаб ҳам кўргани йўқ эди. У ўзидан, қилмишидан, қароридан ерга киргудек бўлиб ўтирарди.
“Қайси юз билан Аъзамга тегишга розилик бердим? Шунчалар бевафоманми? Шунчалар беқарорманми? Шунчалар иродам бўшми? Шунчалар фикрсизманми? Нега бирдан бундай қарор бердим? Нима учун бунчалар осон бевафолик қилдим? Нега виждоним қийналмаяпти?”
Меҳрибор чиндан ҳам ўз кечинмаларидан лол эди. Ахир у севган инсони, яна бошига оғир синов тушган суюклисига нисбатан жуда катта адолатсизлик қиляпти-ю, юраги тинч, қалби осойишта. Нега қийналмаяпти, ўзини емаяпти? Одатда кимгадир ноҳақлик қилса дарров виждон азобда қоларди-ку! Эсида, бир марта синфдош дугонаси Азизанинг узуги йўқолди. Кумуш экан. Дадаси икки ўғилдан кейин туғилган эрка қизининг туғилган кунига совға қилибди. Азиза роса йиғлади. Узук топилмади. Икки кун ўтиб, Меҳрибон яқин дугонаси Мафтуналарникига дарс қилгани борди. “Анув қутини кўр, ручкалар кўп”, деди Мафтуна стол бурчагидаги тўртбурчак идишга ишора қилиб. Меҳрибон ручка олиш учун идишни титкилади ва... ўша йўқолган узукни кўриб қолди. Мафтунага лом-мим демади. Аммо унинг номи ўғрига чиқишни истамагани учун Азизага ҳам бир сўз демади. Лекин виждони қийналди. Азиза дадасининг совғаси топилишини ҳамон истар, юрган йўлида ерга тикиларди. Тушириб қўйганман деган гумон бор эди унда. Азиза узугини ёдга олгани сари Меҳрибоннинг юраги азобланарди. Охири у Азизага эмас, Мафтунага “ёрилди”:
— Мафту, сизларникига борганимда қутичангда Азизанинг узугини кўрдим. Дарс қилгани борган бўлса, қолдирмаганми?
Мафтуна бу гапдан кўкариб қолди. Меҳрибонга анча тикилиб турди.
Сўнг шошиб деди:
— Қанақа узук? Қутида? У оддий ранги ўчиб кетадиган узук. Азизаники кумуш эди. Ундан кейин Азиза бизникига бормаган? Ё менга туҳмат қиляпсанми? Ишонч билан Азизанинг узугини кўрдим, дейсан?
— Йў-ў-ўқ, туҳматдан Худо асрасин! — қайтанга Меҳрибон ўзини йўқотиб қўйди. Узукни аниқ танигани учун Мафтунани ёмон кўриб кетди. Бироқ ўша дақиқадан бошлаб, у виждон азобидан қутилди. Чунки Мафтунани огоҳлантирди. Узукни қайтарса ҳам, қайтармаса ҳам гуноҳ-савоби ўзига.
Меҳрибоннинг наздида бу гал азобнинг тагида қолиб кетиши керак эди. Ахир у муҳаббатига ҳиёнат қиляпти, бевафолик қиляпти. Афсуски, қалби ҳам, виждони ҳам тинч...
“Бу қанақаси бўлди? Ё мен унчалик инсонийликдан чиқиб кетдимми? Ё виждоним ўлиб бўлдими? Муҳаббатим билан бирга виждонимни ҳам ўлдирдимми? Нега бу қадар совуққон бўлиб қолдим?”
Қиз ўз туйғуларини ўзи тушунмасди. Балки у Элнурни кўриб келганидан сўнг ўзгаргандир? Бунга Элнурнинг юз буриши, ҳамширанинг муносабати сабаб бўлдимикан, ё? Эҳтимол, Элнур билан бир марта ҳам севги ҳақида суҳбатлашмагани туфайли юраги изтироб чекмаётгандир? Аъзам-чи? Унга нисбатан нимани ҳис қиляпти? Бир умрлик ёр сифатида тасаввур қила оладими?
Бу саволларни Меҳрибон ўзига бергани билан зиғирча таъсир қилмаётганди. Жавоб топиш ҳам муҳим эмасдек. Ҳамма нарса аҳамиятини йўқотди, гўё.
“Тавба, Элнурдан кечмоқ, виждондан, ҳис-туйғулардан, юракдан, фикрлашдан кечмоқми? Наҳот, ҳамма нарсага куч бериб турувчи бу – муҳаббат?! Юракда муҳаббат бўлмаса на виждон, на қалб, на туйғулар ишлайди. Муҳаббатсиз барча инсоний туйғулар кучсизланиб қолади...”
Меҳрибон мийиғида кулди. Негадир кўзларига ёш тўлди. Қалби жумбушга келиб пичирлади:
— Муҳаббатдан кечмоқ – ўзингдан, виждонингдан, қалбингдан кечмоқдир! Менда энди буларнинг ҳеч бири йўқ!
У сархуш бўлиб дардини унутган ошиқ каби телбавор ўтирарди. Гоҳ китоб варақлар, аммо ўқимас, гоҳ ташқарига қараб меҳмонга келаётган яқин қариндошларини кўрар, бироқ кимлигини англамас, гоҳ бошини деворга суяб кўзларини юмганча ҳеч нарсани ўйламасликка ҳаракат қиларди. Икки соатча вақт ўтди. Меҳрибонни ҳеч ким йўқламади. Гўё уйда Меҳрибон йўқдек. На сингиллари, на онаси кирди бу хонага.
— Совчиларни бор эътиборлари билан кутишяпти, чоғи... — ўзига ўзи гапириб қўйди Меҳрибон.
У яна бир соатча ўтирди. Бир пайт синглиси унинг ёнига косада овқат олиб кирди:
— Ичиб оларкансиз?
— Раҳмат, — деди Меҳрибон паришон ҳолда.
— Совчиларингизни кутавериб, қоринларимиз очқаб кетди, — қовоқ осди синглиси.
— Овқат етмай қолдими? — ҳайрон бўлди Меҳрибон. — Кўпчилик бўлиб келишибдими?
— Келишмади-ку, опа, — бор ваҳимани кўзлари орқали кўрсатмоқчидек катта-катта очиб деди синглиси.
— Келишмади? — таажжубдан Меҳрибоннинг кўзлари қисилиб кетди. — Нега?
— Билмасам. “Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да”, деб ўтиришибди қариндошлар. Ҳамма йиғилган. Ойим “Шарманда қилди булар”, деб юрибди.
— Қариндошлардан кимлар келганди? — сўради Меҳрибон.
— Нариги бувим билан бобом, дадамнинг тоғаси билан амакиси, аммамлар, ўзимнинг амаким.
— Вой-ву-у-у, ҳамма йиғилган экан-да, ўзи?
— Фотиҳани белгилаймиз, дейишганди-ку! Шунга келишди-да, қариндошлар.
— Ростдан ҳам шарманда. Бизникилар йиғилишса-ю, улар келмаса...
— “Нимаси шарманда?” деди бувим. “Нимадир бўлган. Нима бўлсаям тинчлик бўлса бўлди?” деб бошқаларни ҳам овутди. Шунинг учун опа, сизам сиқилманг. Тинчлик бўлса келишади... Овқатингизни ичинг.
Меҳрибоннинг синглиси катталарнинг сўзларини такрорлай-такрорлай чиқиб кетди. Ўша кеч меҳмонлар тайёрланган таомларни еб, гурунглашиб, сўнг уй-уйларига тарқалишди. Аммо эртасига ҳам, индинига ҳам на совчилардан, на уларнинг элчиларидан дарак бўлди. Меҳрибоннинг бувиси ва онаси уларнинг нима сабабдан келишмаганини таҳмин қила-қила чарчашди ҳам. Охири учинчи куни Аъзамнинг ўша бироз ҳовлиқма, бироз дангалчи аммаси ийманибгина кириб келди. Унинг аввалги шаштидан, аввалги сўзамоллигидан асар ҳам йўқ. Буви уни очиқ юз билан қаршилади.
— Моможон, олдингизда уятли бўлиб қолдим. Ўша кундан буён келишга юзим чидамайди. Ёлғончи бўлиб қолиш жуда ёмон экан, — деди у меҳмонхонага кириб ўтириб, бир пиёла чой ича бошлагач. — Онам охири уришди. “Уларни ҳам хавотирга солмай, ўзимизни ҳам субутсиздек кўрсатмай бориб кел”, деди. Ўша куни биз келиш учун ҳамма нарсаларни тайёрладик. Қариндошларнинг ичидан каттароқлари ҳам йиғилди. Энди йўлга чиқамиз, деб турсак, Аъзам келиб қолди. Телефонига бир ҳафта олдин келган хабарни кўрсатди. Мурод аканинг автоҳалокатга учраган ўғли бор-ку, Элнур...
— Ҳа, ҳа, — деди Меҳрибоннинг бувиси тоқатсизланиб. — Оёғини кесишди.
— Ҳа-а-а, худди ўша. Ҳалокатга учрашидан ўн дақиқа аввал Аъзамга смс юборган экан. “Ошна, сени Меҳрибонга совчи юборяпти деб эшитдим. Унга мен уйланмоқчиман. Жуда яхши кўраман. Яширмайман, Меҳрибоннинг ўзи ҳам билмайди буни. Илтимос, совчиларингни қайтар...” деган экан. У пайтда Элнурнинг ҳолидан бехабар Аъзам “Буни сенмас, қиз ҳал қилади”, деб жавоб ёзган экан. Шунинг учун бизга индамаган. Бизам совчи бўлиб келавердик. Кейин Элнур шифохонага тушди, оёғи кесилди. Фотиҳа тўйини белгилаймиз, деган куни Аъзам кириб келди. Хабарни бизга кўрсатди. “Мен овқатланаётганим учун Элнурнинг смсини ярим соат ўтгандан кейин кўриб, жавоб ёзганман. Бу пайтда Элнур шифохонага тушиб бўлган экан. Телефони ҳам ҳалокат пайтида синиб йўқ бўлган. Жавоб хабаримни у ўқимаган. Ҳозир аҳволи бунақа. Шуни била туриб, Меҳрибонга уйланишим йигитчиликка тўғри келмайди. Мен Меҳрибонни Элнурдан кам яхши кўрмайман. Аммо Элнур ўзи оёқларидан ажради, яна севган қизидан ҳам айиришим...” деди бошини эгиб.
— Шунақа де... — эси кетиб шалвираб қолди буви. — Лекин... Элнур шу ҳолида Меҳирбонни сўратмаса керак...
— Менам шуни айтдим, момо. Аъзам “Сўратмаслиги, ўзига энди Меҳрибонни муносиб билмаслиги аниқ. Лекин ҳозир шу ҳолда ётганида у севган қизни фотиҳа қилишимиз, тирик, ожиз йигитни ўлдиришимиз билан тенг бўлади”, деди. Момо, мен Аъзамнинг гапидан вақт ўтсин, деган маънони тушундим. Хуллас, шунақа гаплар. Ўзимиз ҳам аросатда ўтирибмиз, моможон.
Аёл бошини эгди. Ноқулай аҳволга тушганининг таъсири ҳали ҳам кетмагани боис, ҳамон момонинг кўзларига тик қарай олмаётганди. Момо эса ҳамма нарсани кутса ҳам, буни кутмагани учун лол эди. Бир аёл қарар, бир дастурхоннинг юзасини сийпаларди. Хаёл отлиғ учқур шамол момонинг фикрларини ҳар томонга тортқилаб ўйнар, бирор хулоса чиқаришга, бирор сўз айтишга ожиз эди. Ич-ичидан Элнурнинг муҳаббатига, Меҳрибоннинг номини ёмон қилмаслик учун “Севгимни Меҳрибоннинг ўзи ҳам билмайди”, дея авайлаганига, Аъзамнинг мардлигига тан берса-да, буни ўзича адолатсизликка йўяётганди. Гўё Аъзамнинг бу чекиниши, Элнурнинг мажруҳ бўлиб қолгани боис Меҳрибонга уйлана олмаслиги неварасининг бахтига соя соладигандек эди.
Чин-да, ҳозирги йигитлар шамолдек эркин ва ўйноқи. “Аъзам бекорга Меҳрибонга уйланишдан воз кечмади, Элнур эса барибир уйланмайди, мен нега уйланишим керак?” деб Меҳрибон ҳақида ёмон хаёлга боришлари мумкин. Натижада невараси бахтсиз бўлиб қолса-чи? Момо шуларни ўйлаб тушкун ва паришон бўлиб қолганди. Ўзини, сўзини йўқотди.
— Момо, яна бизни нотўғри тушунманг. Хафа бўлманг. Айтай қилмадик. Меҳрибонни келин қилиш учун ҳамма нарсага тайёрмиз. Аъзамнинг ўзи “Шундан бошқасини олмайман”, деган. Фақат ҳозир вазият шунақа бўлиб қолди-да, момо... — кампирнинг сукутини хафагарчилик деб тушунган аёл узрини қайта айта бошлади.
— Тушунаман, нега хижолат бўласан? Мен бир нима дедимми? — охири тилга кирди момо.
Аёл кетиши билан момонинг ҳузурига Комила билан иккинчи қизи югуриб кирди. Момодан ҳамма гапни эшитгач, онанинг кайфияти тушди:
— Энди бу Элнурнинг муҳаббати бошимизга бало бўлмаса эди, эна. Аъзамларнинг оиласи менга жуда маъқул эди-да.
— Нима дейсиз, энди? Аъзам ҳам мард экан. Элнур ҳоли учун севгисидан кечиб турибди. Агар Элнур соғ бўлса, талашарди. “Қиз ҳал қилади”, деб жавоб ҳам ёзган экан. Лекин жавобни Элнур ўқимаган.
Бувиси ва онасидан ҳамма гапни эшитиб олган Меҳрибоннинг синглиси унинг ёнига югурди. Дарҳол эшитганларини опасига тўкиб-солди. Ҳақиқатни эшитган Меҳрибон эса эс-хушидан айрилар даражага келди. Йирик, хумор кўзларини синглисига тикканча қотиб турди-да, секин сўради:
— Элнур... Элнур смс ёзган эканми? “Меҳрибонни яхши кўраман”, деган эканми?
— Ҳа, шунақа дебди, опа, — бидирлади синглиси.
— Мен эса... Мен эса унга вафо қилмадим. Аъзамга тегмоқчи бўлдим, — Меҳрибоннинг овози титраб, кўзларида ёш айланди. — У мендан Лайлининг вафосини сўраганди, Меҳринисо. Мен эса...
Меҳрибон кўз ёшларини тия олмади. Бошини тиззасига қўйганча йиғлай бошлади. Синглиси эса ҳайратда эди. Кутилмаган янгиликдан анграйиб қолганди. Сал ўтмай ўзига келиб, опасининг бошини кўтарди:
— Опа, сиз Элнур ака билан гаплашиб юрармидингиз?
Меҳрибон сўзлаб берадиган аҳволда эмаслиги боис бош силкиб қўя қолди.
— Элнур ака билан гаплашиб, оёғини кесиб ташлашганидан кейин Аъзам акага тегмоқчи бўлдингизми? — Меҳринисонинг овозида ҳам ҳайрат, ҳам нафрат бор эди. — Шунақамисиз, опа?
— Шунақаман, Меҳринисо. Шунақа бевафо ва субутсиз, қўрқоқ ва беқарор опанг бор!
— Элнур ака соғ бўлса ҳам майли эди... — ҳамма ишда опасини ўзига ўрнак ва йўлбошчи деб биладиган ёш қиз учун бу умуман кутилмаган ҳол эди. Шунинг учун чидай олмади, жаҳлини ҳам яшириб ўтирмади. — Яхшиям, Аъзам акада инсоф, мардлик бор экан...
Меҳринисо шартта ўрнидан турди-ю, чиқиб кетди. Бу баттар Меҳрибонга таъсир қилди ва хўнграб йиғлай бошлади.
* * *
Элнурни ҳозир ҳеч нарса қизиқтирмасди. Унинг учун ҳаёт тугагандек. Сал аввал ҳам у ўзини бу қадар чорасиз, нотовон, кераксиз матоҳдек ҳис қилмаганди. Отасининг биргина тувак сўрагани дунёни остин-устун қилди. Элнурга шу қадар ожиз бўлиб қолганини англатди. У бундан кейинги аҳволини тўлалигича ҳис қилди. Бундан буён ҳатто ҳожат учун ҳам кимнингдир кўмагига таянади. Чанқаса, кимдандир сув беришларини илтимос қилади. Зерикса кимгадир “Мени у ёқ-бу ёққа олиб бор”, деб ялиниши керак. Нақадар даҳшат!
“Яшаб нима қилдим? Ўлиб кетсам яхши эмасмиди? Бунақа яшашдан маъно нима? Бундан буён ҳаётим ётиш ва ўтиришдан иборатми? Ўликдан нима фарқим бор? Қимирлаб, еб-ичиб туришимми? Ундан кўра ўлганим яхши эмасми? Одам нима қилса осон ўлади?”
Элнурнинг хаёлини фақат мана шу фикр банд қилиб олди. У ўз ўлими учун восита қидира бошлади.
“Ўзимни осолмайман. Кимдир кўмак бериши керак. Дори ичишим учун ҳам кимдир олиб келиб бериши керак. Ўзимни пичоқласам... Шифохонадаман, қутқариб қолишлари мумкин. Нима қилиш керак? Нима қилсам, ҳеч кимнинг кўмаги керак бўлмайди, ҳеч ким сезмайди...”
У шундан бошқа нарсани ўйламай қўйди.
Хаёлида фақат ёмон фикрлар, қалбида бадниятлар туғила бошлагани учун Элнурнинг қовоғи очилмас, тилини ютиб юборгандек дамдўзга айланиб қолганди. Икки бор ўзини йўқотиб қилган тўполонидан кейин отаси ҳам ортиқча савол бергани чўчир, хонадаги бошқа бемор ва қаровчилар эса унга бўрини кўрган қўйдек хуркак нигоҳ билан хушёр қарар, ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмасликка тиришишарди.
Элнур бўлса, эгри ва кож хаёллар оғушидан чиқишни истамас, ўлим учун осон йўл қидириш билан банд эди. Ниҳоят у йўлини топгандек ҳам бўлди.
— Ота, битта олма олиб беринг, — деди гўё кўнгли олма тусаётгандек.
Ўғлининг иштаҳаси очилганидан хурсанд бўлган падар епчил йигитлардек ёшига ярашмаган чаққонлик билан олма олиб, арчишга киришди.
— Ўзимга беринг, бекор ҳам ётибман-ку, — деди Элнур қўлини чўзиб.
Ота бундан янада қувонди. Кичкинагина пичоқча ва олмани ўғлига узатди. Элнур олманинг пўстини узмай бир айлана пилик қилиб олди ва минғирлаган бўлди:
— Пичоғингиз ўтмаслашибди...
Сўнг олмани кўксига қўйди-да, каравоти ёнида турган тумбача устидан пиёлани олди. Унинг орқа томонига пичоқни обдон ишқалаб ўткирлади. Кескирлигига ишонч ҳосил қилгач, олмани қайта олиб арчиди. Кейин эса бамайлихотир олма пўчоғини пиёла ичига солиб, жойига қўйди-да, иштаҳани очар даражада қарсилатиб, сувини оққизиб ризқини ейишга киришди.
— Яна ейсанми, ўғлим? — хурсанд бўлиб кетди отаси. — Балки банан ерсан.
— Бўлди, ота.
Шунинг билан Элнурнинг кўнгли хотиржам тортиб, хаёлга берилди. У ўлимидан кейин содир бўладиган воқеаларни кўз олига келтиришга уринди. Отаси аввалига ҳеч нарсага тушунмай шошиб қолади, кейин ўзини буткул йўқотади. Ухлаб ғафлатда қолгани учун ўзини айблайди.
Давоми бор
#usanboyeva
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6