Ишқингда зор бўлдуму ғамгин димоғман!,
Бемори фурқатингману зоҳирда соғман,
Ақлу ҳушум санинг била — ўздин йироғман,
Кўрсат юзингни — толиби нури чароғман,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Ўлдум жамолинг шавқида — дардинг ололмадим,
Бошингдин, эй санам, нега мен ўргулолмадим?
Бир лаҳза ишрат уйида мажлис қуролмадим,
Лаъли лабингни қандини бир дам сўролмадим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Золим фалак фироқингга солди мени, нетай,
Қандоғ ғамингни сийнада элдин ниҳон тутай,
Сабру қарорим қолмади, эй жон нечук этай,
Мажнуни бенаво киби ё бош олиб кетай,
Ҳажринга дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Кўрдум юзингни — қолмади бир зарра тоқатим,
Тун-кечаларда йўқ мани бир дам фароғатим,
Заҳр ўлди шаккар оғзима, кетти ҳаловатим,
Билмас киши ғаминг била чеккан надоматим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Сенсан париваш аҳлини шўхи замонаси,
Менман сенинг ғаминг била олам фасонаси,
Кўнгул қушини боиси чангу таронаси,
Зулфунгни домию яна холингни донаси,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Ўлсам эди висолингга парвонадек куюб,
Жон берсам эрди бошими остонангга қўюб,
Махмурликда бодаи васлинг била тўюб,
Ноқислигимда кўксими тийри мижанг ўюб,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев