Ғойибий сўзи
Эй, шоҳи олам, ҳуснина, олам гадо, мен ҳам гадо,
Ул шаҳди-шаккар сўзина, олам гадо, мен ҳам гадо.
Тушдим сенинг мен кўйинга, ҳайрон бўлибман рўйинга,
Ул зулфи анбар мўйинга, олам гадо, мен ҳам гадо.
Қолди фалак зирмойинга, ҳеч ким эришмас феълинга,
Эй, жони ширин лаълинга, олам гадо, мен ҳам гадо.
Қолди малойиклар санга, ҳусни камолинга янга,
Ошиқ бўлиб жумла санга, олам гадо, мен ҳам гадо.
Ҳусн ичра бўлмишсан ғани оламда сендек шоҳ қани,
Эй, ҳамма халқ истаб сани, олам гадо, мен ҳам гадо.
Шул орази гулзоринга, ул наргизи беморинга,
Эй, маҳлиқо дийдоринга, олам гадо, мен ҳам гадо.
Васфингни сўйлар Ғойибий, кўрмай жамолинг Ғойибий,
Ҳуснинга, эй, ҳақ нойиби, олам гадо, мен ҳам гадо.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев