Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (21)
Тоат ва солиҳ амалнинг самараси
Тоат ва солиҳ амал қалбни поклаб, унинг зангини кетказади. Гуноҳ ва маъсият эса қалбни қаттиқлаштиради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар банда бир гуноҳ иш қилса, қалбига битта қора нуқта қўйилади. Агар у тавба қилса ва истиғфор айтса, қалби сайқалланади. Агар гуноҳга қайтса, қора нуқта яна зиёда бўлади. Агар қайтса, яна зиёда бўлади. Агар қайтса, яна зиёда бўлади. Ҳатто, қалбини Аллоҳ таоло Қуръони каримда зикр қилган гуноҳлар (ران) қоплаб олади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (қиёмат) куни Парвардигорларидан тўсилувчидирдар. Сўнгра шак-шубҳасиз, улар дўзахга кирувчидирлар” (Мутаффифун, 14-16)”[1].
Тоат ва солиҳ амалнинг самараларидан бири қилинган ишнинг натижалари ижобий бўлишидир. Тоат тоатга бошлайди. Зеро Аллоҳ таоло айтади: “Бас, яхши амалларга шошилингиз!” (Моида, 48). Яхши амал устида мусобақалашиш солиҳ амални асосий мақсадга айлантиради. Натижада, ҳеч нарса бизни ундан машғул қила олмайди ва ҳаёт гўзаллашиб, саодатга тўлади. Амал ва ғайрат иккиси давомийликка олиб боради. Ялқовлик, роҳатсеварлик ва баҳоначилик эса маҳрумликка олиб боради.
Ишнинг ижобий натижаларидан бири кўнгил хотиржамлигидир. Ҳаётдан мақсад фақат фаровон ҳаёт кечириш ва роҳатда яшаш ва шу иккиси кишига саодат бағишлайди, деб ўйлаган одам хато қилади.
Қанча-қанча одамлар бор, иқтисодий томондан бекаму кўст, аммо ҳаётларида саодат йўқ, ҳаётлари ғам-ташвишга тўла.
Лекин улардан қайси бири бирон жиддий ишга ва хайр-саховатга бел боғлар экан, саодат сари одимлаётганин сеза бошлайди. Қўлидан келганича яхши иш қилиш билан кўнгли роҳат топа бошлайди. Қайғу кетиб, хурсандчилик келади. Фарзандларининг шовқин-суронидан чарчаган она ҳам буни бир тажриба қилиб кўрсин. Шубҳасиз, болаларга нимадир ўргатиш, уларга қандайдир ширинлик пишириб бериш, улар билан бирга ўйнаш ва дам олишга бориш ҳам онанинг кўнглини очадиган ва ғайратига ғайрат қўшадиган ишлардандир.
Ф… исмли аёл фарзандлари турмуш қуриб кетишгани, ўзи эса қиларга иш топа олмаслигидан шикоят қилади. Доимий бекорчилик ва ишсизликдан зерикиб кетган.
Нима учун шундай?!
Ахир миллат сизга муҳтож бўлса… Ҳар биримизнинг жамиятда ўз ижобий ўрнимиз бўлиши керак! Аллоҳ таоло ризқларни тақсимлаганидек, ишларни ҳам тақсимлаган. Ҳар биримиз ўзидаги қобилиятга қарасин ва уни ўстирсин. Қобилиятини кўмиб ташламасин. Бошқалар ундан фойдалансин. Ўзлигини ва ўз шахсиятини камситмаган ҳолда ўзидаги қобилиятни ишлатиб, имконияти даражасида муҳим ишларни амалга оширсин. Киши ўзини ожиз санаши ва қўлидан ҳеч иш келмайди деб ўйлаши ҳиммати сусайишига сабаб бўлади.
Ибодатларнинг энг афзали қайси?
Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ибодатлар ичида Аллоҳ ва Расулига ўта суюкли ва Аллоҳ ва Расулини рози қиладиган амаллар бор. Улар фарз ё суннат амаллар бўлиши мумкин. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабларидан ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Менга Мен унга фарз қилган ибодатларни адо қилиш билан яқинлашгани каби бошқа бирон нарса билан яқинлаша олмайди. Бандам Менга нафл ибодатлар қилиш билан яқинлашаверади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар Мен уни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мен ила эшитади, кўради, ушлайди ва юради. Агар Мендан сўраса, албатта тилагини бераман. Агар Мендан паноҳ сўраса, албатта паноҳимга оламан. Мен бирон ишда мўмин бандамнинг жонини олишда иккилангандек иккиланмайман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен унга ёмонлик қилишни хоҳламайман. Лекин начора[2]“.
Фарз амалларни бажаришда сускашлик қилишга узр йўқ. Вақтни ғанимат билинг. Охират тадорики учун шошилинг.
Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, тоат агар катта манфаат келтирадиган бўлса, у рукндир, агар жузъий манфаат келтирадиган бўлса, у нафлдир[3].
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ибодатларнинг энг афзали ҳақидаги масалада турли хил фикрларни ўрганиб чиқиб, масаладаги кучли фикр ибодатларнинг энг афзали ва энг фойдалиси манфаати кишининг ўзига чекланмай, бошқаларга ҳам наф келтирадиганидир, деган тоифанинг сўзи эканини айтади. Бу тоифа камбағалларга хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳожатларини ўташ, уларга пул-мол ва обрў-эътибор орқали ёрдам бериш афзал деб билиб, шу ишларга бел боғладилар. Бунга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ҳужжат қилдилар: “Бутун халқлар Аллоҳга қарамдир. Уларнинг Аллоҳга суюклилари Аллоҳнинг халқларига фойда келтирадиганларидир“[4].
Яна бир ҳужжатлари шуки, обид ва зоҳиднинг фойдаси ўзига чегараланган. Аммо бошқаларга фойдаси тегадиган кишининг фойдаси ўзига чегараланмай, бошқаларга ҳам тегади. Шундай экан, буларнинг бирини иккинчисига тенглаштириб бўлармиди?
Шунинг учун ҳам олимнинг зоҳиддан афзаллиги худди ойнинг юлдузлардан афзаллигига ўхшагандир, дейдилар.
Яна айтадилар: Агар обид вафот топса, амали узилади. Аммо олим вафот топгандан кейин ҳам унинг амали тўхтамайди.
Баъзилар: “Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар” деган оятни нотўғри тушуниб, аёл уйидан асло чиқмаслиги керак, деб айтишлари тўғри эмас. Тўғри, аслида аёл кишининг ўрни хонадони ичида. Лекин истисно ҳолатларда уйидан чиқиши мумкин ва ҳижоб шартларига риоя қилган ҳолда бемалол чиқаверади.
Авваллари мусулмон аёл зиммасидаги бурчларини шариат буюрганидек бажариб келар эди. Илм тарқатар эди. Чунки илм тарқатиш илмнинг закотидир. Аллоҳга даъват қилишда ўз ҳиссасини қўшар эди. Мисол учун Умму Шарик Қурашия Омирия Исломга киргандан кейин яширинча қурайшлик аёллар олдига бориб, уларни Исломга даъват этарди. Ҳатто унинг бу иши Маккада тарқалиб кетди. Кейин эса уни ушлаб олдилар ва унга: “Агар қавминг бўлмаганда эди, биз сенинг бошингга фалон-фалон азобларни солган бўлардик, лекин сени қавмингга қайтарамиз”, дедилар. Унинг ўзи бу воқеани ҳикоя қилиб, бундай дейди: “Улар мени устига ҳеч нарса ўрнатилмаган туя устига ўтқаздилар. Сўнг уч кунгача менга таом ҳам, сув ҳам бермадилар”.
Аммо ҳозирга келиб ўлчовлар ўзгариб кетди. Фасоддан кўз юмиш мақтовга сазовор ноёб ахлоққа айланди. Ҳатто баъзилар холис даъватчиларни ҳам ҳар хил даъволар билан қоралайдиган бўлиб кетдилар. Ҳали ундоқ, ҳали бундоқ дейдилар. Бунинг сабаби эса динни тушунмасликдир.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам динни ёйишга ва Аллоҳга даъват қилишга ташвиқ қилиб, бундай деган эдилар: “Сўзимни эшитиб, уни тушуниб, ёдлаб олган, сўнг бошқаларга етказган банданинг юзини Аллоҳ мунаввар қилсин! Гоҳида фиқҳни (илмни) олиб юрувчи киши ўзи фақиҳ (олим) бўлмайди. Гоҳида фиқҳни олиб юрувчи киши ўзидан кўра фақиҳроқ кишига етказади“[5].
Кошки биз аввалгиларнинг устун бўлишларига сабаб бўлган иш ҳақида чуқурроқ ўйласак эди! Улар аввало ақида билан, сўнг солиҳ амал ва Аллоҳга даъват этиш билан пешволарга айланган эдилар.
[1]Қаранг: Ибн Қаййим, “Мадориж ас-соликийн” (1/327).
[2] Ибн Таймия, “Мажмуъ ал-фатово”, 10/389.
[3] Шотибий, “Мувофақот”, 2/300.
[4] Абу Яъло ривояти.
[5] Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳасан деган. “Шарҳус-сунна”, 1/236.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3