Муслима аёлнинг бирламчи вазифалари (20)
Амални пухта бажариш шарт
Ишни сифатли бажариш бошқа соҳаларда бўлгани каби ибодатларда ҳам зарурдир. Сифатга эътибор бериш миқдорга эътибор беришдан кам бўлмаслиги керак.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Агар бирингиз бир иш қилса, Аллоҳ таоло уни пухта бажаришини яхши кўради”[1].
Шунингдек, барча амал ва ибодатларда шариат кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш лозим.
Абу Саълаба ал-Хушаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
“Аллоҳ таоло бир қанча амалларни фарз қилди, уларни зое қилмангиз. Бир қанча амалларни ҳаром қилди, уларни қилиб қўймангиз. Бир қанча ишлардан эса сизларга раҳм қилиб ва унутмаган ҳолда сукут қилди, у ҳақда изланмангиз”[2].
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сўз амалсиз қабул бўлмайди. Сўз ва амал ниятсиз дуруст бўлмайди. Сўз, амал ва ният суннатга мувофиқ бўлмаса тўғри бўлмайди”.
Убай ибн Каъб ва бошқалардан ривоят қилинади: “Суннатда иқтисод қилиш бидъатда ижтиҳод қилишдан афзалдир”[3].
Бу қимматбаҳо сўзларни уламоларимиз ислом миллати ҳимояси учун айтганлар. Токи мусулмонлар ҳар хил гуруҳ ва тоифаларга бўлиниб кетмасинлар, бир сафда мустаҳкам ва жипс турсинлар.
Бидъат, имом Шотибий айтганидек, динда гўё алоҳида шариатга ўхшаб кетадиган йўлни ихтиро қилиб, бу билан Аллоҳга ибодатда муболағани мақсад қилишдир[4].
Масалан, хаворижлар ибодатда илмсиз ғулув кетдилар. Охир-оқибат бу ишлари уларни бидъатга олиб борди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар ҳақида бундай деганлар: “Улар диндан худди камон ўқи ўлжани тешиб чиққанидек чиқиб кетадилар. Уларни қаерда топсанглар, ўлдиринглар. Уларни ўлдиришда, ўлдирган киши учун қиёмат куни улкан ажр бордир”[5]. Чунки, улар мусулмонларнинг қонини ҳалол санадилар ва ўзларига хилоф қилганларни кофирга чиқардилар.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, урф-одат ва муомалаларда бидъат бўлмайди, илло ўша урф-одат ёки муомала Аллоҳга ибодат саналиб қилинаётган бўлса, бидъатга кириб қолади.
Буни мисол билан ёритадиган бўлсак, бир киши одатда гўшт емайди. Лекин, у гўшт емасликни Аллоҳ яхши кўради деган эътиқод билан емаса, у ҳолда гўшт ейишдан воз кечиши бидъат бўлади.
Турмуш қуришни истамаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги иш. Аммо, турмуш қурмаслигини Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодат деган эътиқодда қилса, бу иши бидъатга айланади.
Ёки бўлмаса, жундан тўқилган кийим кийиш одатий иш. Аммо шу кийимни кийишдан мақсад Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш бўлса, у ҳолда бидъат бўлади.
[1] Байҳақий Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирган, Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ ас-сағир”да (1/383) ҳасан санаган.
[2] Дорақутний ва бошқалар ривоят қилганлар, ҳасан ҳадис. “Жомеул улум вал-ҳикам”га (275-бет) қаралсин.
[3] Ибн Таймия, “Мажмуъ ал-фатово” (10/293).
[4] Шотибий, “Ал-эътисом” (1/50).
[5] Бухорий (6930) ривояти.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев