Эй иймон келтирганлар (18): Ўзини кофир ва мунофиқларга ўхшатишнинг ҳаромлиги
“Эй иймон келтирганлар, ўзлари каби кофир биродарлари тирикчилик билан сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб, ўлса ё ўлдирилса, улар ҳақида: “Агар биз билан бирга қолганларида, ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар“ деб айтадиган кофир кимсаларга ўхшаманг. Бу сўз уларнинг қалбларига ўрнашиб қоладиган ғам-алам ва ҳасратни зиёда қилади. Аллоҳ тирилтиради ва ўлдиради. Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўриб турувчидир” (Оли Имрон, 156).
Шарҳ:
Мўминлар Аллоҳга ва қиёмат кунига бўлган иймонлари, тақволари, буйруқларини бажариш ва қайтарган нарсаларидан қайтишлари билан Аллоҳга дўстдирлар. Аллоҳ мўминларга раҳматини ёғдириб, иззат-икром кўрсатган. Шу сабаб уларга Ўзининг ва мўминларнинг душмани бўлмиш кофир, мушрик ва мунофиқларга тақлид қилиб, уларга ўзларини ўхшатишларига рози бўлмайди. Шунинг учун “Эй иймон келтирганлар” деб, иймон номи билан уларга нидо қилиб, уларни кофир ва мунофиқ кимсаларга ўзларини ўхшатишдан қайтарди.
“Кофир кимсаларга ўхшаманг”. Куфр энг қабиҳ ва энг ёмон гуноҳдир, сизлар куфр ва нифоқда улар каби бўлманг. Куфр ва нифоқдан келиб чиқадиган зулм, фасод, разолат, қабоҳат ва ахлоқсизликларда ҳам уларга ўхшаманг. Кофирлар ўзларининг куфр ва нифоқдаги сафдошларига айтган сўзлари ҳам шу ахлоқсизлик жумласидан бўлиб, сафдошлари тижорат ё бошқа бир сабаб билан сафарга чиқса, сафарда уларга хавф-хатар, очлик ё касаллик етиб ҳалок бўлса ёхуд жиҳод майдонида қатл қилинса, – ҳолбуки улар зоҳирда мусулмонликни даъво қилсалар-да ботинда кофир эдилар, чунки нифоқ бу дилдаги куфрни яшириб ташида иймонни изҳор қилишдир, – улар ўзларининг хос ўтиришларида бир-бирларига: “Агар фалончилар биз билан бирга қолганида, ғазотга чиқмай жим ўтирганида, ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлишар эди”, дейдилар. Бу сўз уларнинг қалбига Аллоҳнинг суннатига кўра ҳасрат-надомат ва ғам-аламни келтиради. Аллоҳ таоло деди: “Бу сўз уларнинг қалбларига ўрнашиб қоладиган ғам-алам ва ҳасратни зиёда қилади”, Аллоҳнинг ўзгармас суннатига кўра шундай бўлади.
Аллоҳ мўмин бандаларини ҳаёт тарзида, хулқ-атворда, зоҳиру ботинда, ҳатто ички кечинмаларида ҳам кофир ва мунофиқлар ҳолига ўзни ўхшатишдан қайтарди. “Биз билан бирга бўлганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлишар эди”, деган сўзлари ҳам шу жумладан бўлиб, бундан қалблари сиқилади, яхши кўрганини йўқотиш сабабидан ғам-алам юракларини эзади.
Аллоҳ таоло Ўзига ва қиёмат кунига иймон келтирган, Аллоҳ ва Расулига итоатда бўлган солиҳ бандаларига озор етишини, уларни ғам-ташвишга соладиган сўзларни суймайди. Шунинг учун ҳам кофирлар айтгандек сўзларни айтиш билан бўлса-да кофирларга ўхшашдан мўминларни қайтарди: “Эй иймон келтирганлар, ўзлари каби кофир биродарлари тирикчилик билан сафар қилиб, ёки ғазотга чиқиб, ўлса ё ўлдирилса, улар ҳақида: “Агар биз билан бирга қолганларида эди, ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлишар эди“ деб айтадиган кофир кимсаларга ўхшаманг”. Сўнг уларга эслатма бўлсин учун: “тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ”, деб, ҳаётда яшатиш ёки вафот топтириш Аллоҳнинг қўлида эканини, мўминлар буни яхши англаши лозимлигини уқтирди. Аллоҳ истаса, сафардаги мусофирни ёки урушдаги жангчини тирик қолдириб, ўз уйида, оиласи ичида ўтирган муқимни ёки жангга чиқмай қолиб кетган кишини вафот топтиради. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу айтган эди: “Танамда қилич ёки найза жароҳатламаган ер қолмаган, аммо туяга ўхшаб, тўшагимда ўляпман. Қўрқоқларнинг кўзи ухламасин!”.
Ишлар Аллоҳнинг қўлида, У ҳар нарсага қодир зот. Шунга кўра, кофирларнинг: “Биз билан бирга бўлганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлишар эди”, деган сўзларида ҳеч бир маъно йўқ. Бу билан Аллоҳ уларнинг қалбларига ўрнашиб қоладиган ғам-алам ва ҳасратни зиёда қилади, холос.
Шунинг учун мўминлар бундай ботил, юракни сиқадиган, дилни ғаш қиладиган сўзларни айтишдан ҳазир бўлсинлар.
Яна кофирларга ўхшаб қолишдан, ўзларини уларга ўхшатишдан сақлансинлар. Бу ўхшатиш мўмин билан кофир орасини ажратиб турадиган эътиқод, сўз ва амалда бўладими, ички ва ташқи сифатларда бўладими, кийим-кечак, хулқ-атвордами, ҳатто фикрлаш ва истак-хоҳишда бўладими, баробар, уларга ўхшамаслик, ўзини ўхшатмаслик керак.
Аллоҳ таоло мўминларга қилган бу нидони: “Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўриб турувчидир”, деб якунлаши уларни кофирларга ўхшашдан қайтарганини таъкидлаш учундир. Яъни, Аллоҳ таоло сизнинг – эй мўминлар – зоҳиру ботин барча амалларингизни кўриб турибди. Буни асло унутманг, зоҳирда ҳам, ботинда ҳам ўзингизни кофирларга ўхшатманг. Бунда катта зарар бор, оқибати ёмон бўлади. Ҳазир бўлинг, акс ҳолда бошқаларга тушганидек сизга ҳам Аллоҳнинг азоби тушиб қолиши мумкин. Бу Аллоҳнинг ўзгармас қонунидир.
Шу ўринда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ўшалардандир”, деган сўзларини эслайлик. Дарҳақиқат, ўзини солиҳ кишиларга ўхшатган, ўшаларга ўхшашга ҳаракат қилган киши солиҳдир. Ўзини бузуқларга ўхшатган кимса эса бузуқдир. Аллоҳнинг қонунияти шуки, ким бир нарсага рағбат қилса, астойдил уни қидирса топади, унга эришади. Бошқа бир инсонга ўзини ўхшатаётган киши ўша инсонга ўхшашга рағбати бўлгани учун шу ишни қилади, ўшандай бўлади ҳам: “Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, у ўшалардандир”, вассалом.
Ва ниҳоят, эътиқод, сўз, амал ва фаҳмда ва ҳатто иштиёқда ҳам кофирларга ўхшашдан қайтариб келган бу илоҳий нидони ўқиган биродарим, ҳушёр бўлинг! Ўзингизни кофирларга ўхшатиш кўчасига кирманг, кофирларга ўхшашга интилманг, бу нарса хаёлингизга ҳам келмасин. Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. Аллоҳнинг: “Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўриб турувчидир”, деган сўзини доим ёдда тутинг, ғофил қолманг!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев