Дард ва даво (70): Гуноҳнинг касофати (29) Гуноҳ – душманга мадад (2)
(Давоми)
Сўнг Аллоҳ таоло бу жангга киришган бандага зоҳирий ва ботиний куч билан мадад берди. Унинг кўзини қўшинининг олд қисми, қулоғини хабар етказувчиси, тилини таржимони, қўл ва оёқларини ёрдамчилари қилди. Шунингдек, фаришталари ва аршни кўтариб турувчи зотларга унинг ҳаққига истиғфор айтиб, Аллоҳдан уни ёмонликлардан ҳимоя этишини ва жаннатга киритишини сўраш вазифасини юклади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уни ҳимоя ва мудофаа қилиш вазифасини шахсан Ўз зиммасига олди ва деди: “Улар (шайтонга қарши курашаётган бандалар) Менинг жамоатим, Аллоҳнинг жамоатигина нажот топувчидирлар. Улар Менинг лашкарим, зеро, Бизнинг лашкаримизгина ғолиб бўлувчидир”. Бандаларига жанг услублари ва қоидаларини ўргатди. Қуйидаги оятда уларни тўрт жумлада жамлаб бундай деди: “Эй мўминлар, сабр қилингиз, сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!” (Оли-Имрон, 200).
Ушбу жангда мазкур тўрт иш билангина курашиш мумкин. Банда душманга сабр қилиш, яъни унга қарши туриш ва курашиш билангина сабрга эришади. Агар душманига сабр қилолса, энди яна бир ишга муҳтож бўлади. У ҳам бўлса рибот. Рибот бу қалб чегарасини душман кириб кетишидан ҳимоя қилиш, уни мудом назоратда ушлаш. Шунингдек, рибот кўз, қулоқ, тил, қорин, қўл ва оёқ чегара-ҳудудларини назорат қилишдан иборатдир. Чунки душман шу чегаралардан киради. Борди-ю, киргудек бўлса, қўлидан келгунча барча ерни хонавайрон этади. Демак, рибот – мазкур ҳудудларни назорат қилиш, уларни эътиборсиз ташлаб қўймаслик. Акс ҳолда, душман чегара бўшлигини кўриб, бостириб киради.
Мана, саҳобалар пайғамбарлардан кейинги энг афзал, шайтондан энг қаттиқ ҳимояланган ва қўриқлаган бандалар бўлишига қарамай, Уҳуд жангида қўриқлашга буюрилган биргина жойни бўш қолдирган эдилар, душман шу жойдан кириб келди. Натижада бўлар иш бўлди.
Ушбу уч ишнинг таянчи ва асоси Аллоҳдан тақво қилишдир. Зеро, сабр ҳам, душманга сабр этиш ҳам, рибот ҳам тақвосиз фойда бермайди. Тақво эса сабр устунисиз қад ростлай олмайди, рўёбга чиқмайди.
Қаранг, ҳозир танангизда икки қўшин саф тортиб, бир-бирлари билан тўқнашмоқда. Бир сафар сизнинг лашкарингиз, бир сафар уларнинг лашкари устун келмоқда.
Куфр подшоҳи лашкар тортиб келган пайтда қалбни ўз қалъаси ичида, тахтида ўтирган ҳолда топса, қўл остидагилар унинг буйруқларини ҳеч икки қилмай бажараётган бўлса, лашкари унинг атрофини қуршаб, унинг йўлида жанг қилишга, тахтини ҳимоя қилишга тайёр турган бўлса, у ҳолда куфр подшоҳининг қалбга ҳужум қилиш учун унинг айрим амир ва қўшинини йўлдан уриб, ўзи томон оғдиришдан бошқа чораси қолмайди. Шунда куфр подшоҳи улар орасида қайси қўшин қалбга энг яқин ва қалбнинг ҳузурида мартабаси улуғ экани ҳақида сўрайди. У – нафс, деб жавоб беришади. Шунда қўл остидагиларга бундай дейди: «Нафсга хоҳиш-истаги орқали йўл топинглар.
Қаранглар, у нимани кўпроқ хуш кўради, нимани кўпроқ яхши кўради. Шу нарсани унга ваъда қилинглар, шу нарсадан умидвор этинглар, уйғоқлигида ҳам, ухлаганда ҳам яхши кўрган нарсасининг суратини кўз ўнгидан кетказманглар. Қачонки, шу нарсага кўнгли тўлса ва кўнглига ўрнашса, у томон шаҳват қармоқларини ташланглар, сўнг уни ўзингиз томон тортинглар.
Агар нафс қалбга қарши сизлар билан бирлашса, кўз, қулоқ, тил, оғиз, қўл ва оёқ чегараларини қўлга киритасизлар. Ушбу чегараларни яхшилаб назорат қилинглар. Агар қалбга нафс орқали кирсанлар, албатта уни ё ўлдирасизлар, ё асир оласизлар, ё оғир жароҳатлайсизлар. Мазкур чегараларга эътиборсиз бўлманглар, қалбга улардан бирон ёрдамчи қўшин киришига йўл қўйманглар. Акс ҳолда сизларни ҳайдаб солади. Агар енгилиб қолсанглар, қўшимча кучни заифлаштиришга, кучсизлантиришга ҳаракат қилинглар. Токи қалбга етиб бормасин. Борса ҳам бирон фойда келтира олмайдиган даражада заиф ҳолида борсин.
Агар мана шу чегараларни қўл остингизга олсангизлар, биринчи бўлиб кўзни борлиққа ибрат назари билан қарашдан тўсинглар. Кўзни фақат кўнгил очиш, роҳатланиш ва эрмак учунгина назар соладиган қилинглар. Борди-ю, ўғринча ибрат назари билан қараб қолса, у ҳолда уни ғафлат, шаҳват ва шайдолик назари билан йўққа чиқаринглар. Чунки ушбу ишлар унга ёқимлироқ, нафсига таъсирлироқ ва енгилроқдир.
Кўз чегарасини маҳкам ушланглар. Чунки мақсадларингга у орқали эришасизлар. Мен одам боласини назарчалик бошқа нарса билан йўлдан оздиролмадим. (Ҳаром ва ҳаромга элтувчи нарсага) назар солиш воситасида банданинг қалбига шаҳват уруғини сочаман, сўнг орзу-ҳавас суви билан суғораман. Сўнг то ҳаром ишга қўл урмагунча унга турли ваъдалар беравераман, орзу-умидларини кўпайтиравераман ва шаҳват тизгини билан уни қўрғондан чиқиб кетишига олиб бораман.
Ушбу чегарани эътиборсиз ташлаб қўйманглар. Қодир бўлганча уни бузишга ҳаракат қилинглар ва одамга унинг аҳамиятини арзимас қилиб кўрсатиб, бундай денглар: “Сени Яратганга тасбеҳ айтишга ундайдиган назар солишнинг қанчалар фойдаси бор деб биласан? Ушбу суратларнинг гўзаллиги ва бетакрор яратилгани ҳақида бир ўйлаб кўр. Улардаги бу гўзаллик уларга қараган банда Яратувчининг борлигини билиши учун яратилган. Аллоҳ таоло сенга икки кўзни бекорга бермаган, ушбу суратларни одамлар кўзидан яшириш учун яратмаган. (Бас, шундай экан уларга қараб баҳраманд бўл)”.
Агар сизлар илми кам, ақли калта инсоннинг устидан ғолиб бўлсанглар унга: “Бу сурат ҳақ кўринишларидан бир кўринишдир, ҳақ акс этадиган бир ойнадир. Бутун борлиқ бир нарсадир, барчаси бирликда бир илоҳдир”, дея “иттиҳодийлик” ақидасига чақиринглар. Агар буни қабул қилмаса, у ҳолда умумий ёки жузъий “ҳулул” ақидасига чақиринглар. Шундан бошқасига кўнманглар. Чунки шу эътиқодга ўтса, насронийларнинг биродарига айланади. Сўнг уни (барча, ҳатто ҳалол нарсалардан ҳам) тийилишга, (туну кун) ибодат қилишга, дунёдан юз ўгиришга буюринглар ва жоҳил одамларни унга тобе этиб қўйинглар. Бундай одам менинг энг яқин ўринбосарим, энг катта лашкарим, балки мен унинг лашкари ва ёрдамчиси бўламан”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев