Саҳобаларнинг фазилатлари ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида
Саҳобалар кимлар? Улар ҳақида қандай эътиқодда бўлиш керак?
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган ҳолда у зотни кўрган, сўнг мўмин ҳолида ўлган кишини саҳоба (ёки саҳобий) деб айтилади. Саҳобаларни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлишгани, у зот билан бирга жиҳод қилишгани, у зотдан шариатни қабул қилиб, ўзларидан кейингиларга етказишгани хусусиятига кўра умматнинг энг афзали, то қиёматгача бутун инсониятнинг энг яхши кишилари деб эътиқод қилиш вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни ўзининг улуғ Китобида мақтаб, шундай дейди:
«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Аллоҳ улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба, 100).
«Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. У билан бирга бўлган саҳобалари кофирларга қаттиққўл ва бир-бирларига раҳмлидирлар. Уларни Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва розилигини истаб, намозларида руку ва сажда қилган ҳолларида кўрасиз. Ибодатларининг аломати ўлароқ юзларида сажда асари кўриниб туради. Бу уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари бир экинга ўхшайдики, у атрофидан навниҳоллар чиқарган, сўнг улар ўсиб, ўзак тана билан тенглашган, кучайиб, ўз таналарида тик турган. Уларнинг бу ҳолати деҳқонларни қувонтиради. Аллоҳ таоло мўминларнинг шундай кўпайиб, куч-қувватга тўлиб, гўзал манзара касб этишларини бу билан кофирларнинг ғазабини чиқариш учун қилди. Аллоҳ иймон келтириб, яхши амаллар қилган кишиларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилди» (Фатҳ: 29).
«Шунингдек, бу ўлжалардан ўз диёрлари ва мол-мулкларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган камбағал муҳожирларга ҳам берилади. Улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва розилик истайдиган ҳамда Аллоҳ ва пайғамбарига ёрдам берадиган кишилардир. Ана ўшалар иймонларида содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари Мадинада яшаган ва иймонли бўлган ансорлар эса уларга ҳижрат қилиб келган муҳожирларни яхши кўрадилар ва муҳожирларга берилган нарсалар сабабли дилларида уларга нисбатан ҳасад топмайдилар. Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, уларни ўзларидан муқаддам қўядилар. Ким нафсининг бахиллигидан сақланса, ўшалар нажот топувчи инсонлардир» (Ҳашр, 8-9).
Бу оятларда Аллоҳ таоло муҳожир ва ансорларни мақтади ва уларни яхшиликларга ошиқувчи пешқадамлар деб сифатлади ҳамда улардан рози эканлигини, уларга жаннатларни ҳозирлаб қўйганлигини хабар берди. Уларни бир-бирларига меҳрибон, кофирларга нисбатан қаттиққўл деб, руку ва саждалари кўп, қалблари пок ва иймону тоат белгилари билан танилиб турадилар, деб сифатлади. Уларни кофир душманларни ғамга солишда Ўз пайғамбарига шерикликка танлаганини айтди. Шунингдек, муҳожирларни Аллоҳ учун, диннинг нусрати учун, Аллоҳнинг фазли ва розилигини умид қилиб ўз ватанларини ва мол-дунёларини ташлаб чиқдилар ва шунда содиқ қолдилар, деб мақтади. Ансорларни эса ҳижрат ва нусрат диёри эгалари ва иймонида содиқ бўлганлар деб сифатлади. Уларни муҳожир биродарларига муҳаббат қўйган, муҳожирларни ўзларидан афзал кўрган, уларга мудом ҳамдарду ҳамкор бўлган, бахилликдан саломат бўлган деб атади ва шу билан нажотга эришганликлари хабарини берди. Бу айтиб ўтилганлар уларнинг умумий фазилатларидан баъзилари бўлиб, муҳожиру ансорлардан ҳар бирининг бошқалардан афзал қилиб турадиган мартабалари, хос фазилатлари бор. Бу уларнинг Исломга, жиҳодга, ҳижратга интилишларига ва бу борадаги пешқадамликларига қараб ўлчанади. Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Саҳобаларнинг афзали тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али разияллоҳу анҳумдир. Сўнг жаннат хушхабари берилган 10 киши – мазкур 4 халифа ва Талҳа, Зубайр, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайддир, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Муҳожирлар ансорлардан, шунингдек, Бадр уруши қатнашчиларидан ва Ризвон байъати иштирокчиларидан афзал, деб эътиқод қилинади. Макка фатҳидан олдин Исломга кирган ва жанг қилган кишилар фатҳдан кейин Исломга кирганлардан афзал саналади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев