ЭХТИЁТ ҚИЛГУВЧИ ДУОЛАР.
--------
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тез тез шундай дер эдилар: "Эй қалбларни айлантирувчи (Роббим), менинг қалбимни динингда мустаҳкам қил!".
Мен айтдим: "Ё Расулуллоҳ, биз сизга ва сиз келтирган нарсага иймон келтирдик. Наҳот сиз биз учун қўрқасизми?".
Ул зот дедилар: "Ҳа! Дарҳақиқат, қалб Аллоҳнинг Бармоқлари орасидадир ва уни хоҳлаганича айлантиради".
Термизий 2140, ибн Можа 3834. Ҳадиснинг саҳиҳлигини Албоний "Саҳиҳ Сунан ат-Термизий"да тасдиқлаган 2/ 444.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуони энг кўп айтганлар: "Эй, қалбларни ўгирувчи, менинг қалбимни динингда мустаҳкам қил!".
Ва мен ул зотдан сўрадим: "Ё Расулуллоҳ! Нега бу дуони тез-тез ўқийсиз?".
Ул зот дедилар: "Албатта, инсоннинг қалби Аллоҳнинг Бармоқлари орасидадир, агар хоҳласа, уни (ҳақ йўлдан) буриб қўяди, хоҳласа тўғри йўлга ҳидоят қилади".
Аҳмад 6/91 ривояти. Ҳадисни Албоний "Силсила ас-Саҳиҳ" 2091 да тасдиқлаган.
يَا مُقَلِّبَ الْقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ
Я муқоллибал қулуби соббит қолби ʼала диника.
Имом Муслим ривоятида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Албатта, Одам фарзандларининг қалблари, Раҳмоннинг Бармоқлари орасида, худди бир қалб кабидир ва уни хоҳлаганича айлантириб туради". Кейин ушбу дуони ўқидилар: "Эй, қалбларни ҳидоят қилувчи Аллоҳим, қалбларимизни Сенга итоат қилишга йўналтиргин".
اللَّهُمَّ مُصَرِّفَ الْقُلُوبِ صَرِّفْ قُلُوبَنَا عَلَى طَاعَتِكَ
Аллоҳумма, мусаррифал-қулюб, сарриф қулубана ʼала тоаътик
Имом ан-Нававий ҳам "ар-Риёду ас-Солихин"да, ад-Дарақутний "ас-Сифат"да, Ибн ал-Қаййим "Мадорижус-Соликийн"да яҳши санад билан ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Албатта, инсон танасида шундай бир парча гўшт борки, у гўзал бўлса, бутун вужудни гўзал қилади, қадрсиз бўлса, бутун вужудни яроқсиз қилади ва, албатта, бу парча қалбдир".
Бухорий 52 ва Муслим 1599 ривояти.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"Албатта, кийим эскирганидек, иймон ҳам ичингизда эскиради. Бас, Аллоҳ Таолодан қалбларингизда иймонни янгилашини сўранг!".
Табароний "Муъжам ал-кабир"да ва ал-Ҳаким 1/4 да ривоят қилган. Шайҳ Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: "Саҳиҳ ал-жомиъ ас-сағир" 1590.
Ўқилганлардан ҳулосалар:
Мусулмон киши ўз қалбини уни фитнага солувчи ва қалбини бузувчи ҳар қандай атроф муҳиддаги фитналарнинг таъсиридан қўлидан келганча эҳтиёт қилиши керак. Юқоридаги ҳадисларда келганидек қалбни фитнадан ҳимоя қилиш учун мусулмон киши тез тез Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берган дуоларни айтиб юриши мақсадга муофиқ бўлади.
♻ ҚИСҚА, АММО ҚАЛБДАГИ ҚЎРҚУВ ВА ТАШВИШЛАРГА ҚАРШИ ДУО.
Абу Саид ал-Худрий (розиёллоҳу анҳу) айтдилар:
“Хандақ жанги куни (қалбларимиз қурқувга тушганда) : “Ё Расулуллоҳ! Дарҳақиқат, қалбларимиз (қўрқувдан) бўғзимизга етиб бўлган!” (Бу қўрқувларга қарши Роббимизга) айтадиган гапимиз борми?" дедик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, айтинглар: “Аллоҳим, бизни камчиликларимизни беркит ва бизни қўрқувдан сақла!”, деб жавоб бердилар.
Шундан сўнг Аллоҳ Таоло душманларимизнинг юзларга шамол билан урди ва у билан мағлуб этди!”
Аҳмад (3/3) ва Баззор (3119) ривояти. Ҳадиснинг исноди ҳасан. Қаранг: “Тахриж Ҳидоя ар-рува” (3/17).
اللَّهُمَّ اسْتُرْ عَوْرَاتِناَ، وَآمِنْ رَوْعَاتِنَا
Аллоҳумма-стур ʼавратина ва амин раватина/
Саубон розиёллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсадан қўрқсалар: “Аллоҳ менинг Роббим, Унинг шериги йўқ!” дер эдилар”.
Имом Насоий “Амал ал-явми ва-лайла”да (657), Ибн Сунний “Амал ал-явми ва-лайла”да (335) ривоят қилган. Ҳадис саҳиҳдир. Қаранг: ат-Тайсир (2/250), "Силсила ас-саҳиҳа" (2070).
اللهُ رَبِّي، لَا شَرِيكَ لَهُ
/Аллоҳу Роббий, лаа шарикалҳу/.
🧩 ҚАЙҒУ ВА ТАШВИШЛАРГА ҚАРШИ ЗИКР.
Абдуллоҳ Ибн Аббос (розияллоҳу анҳо) дан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни қайғу олганда, у шундай дер эди: "Буюк ва Ҳалим Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақлик илоҳ йўқ. Буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақлик илоҳ йўқ, (У Аллоҳ) осмонларнинг Робби ва ернинг Робби ва баракотлик Аршнинг Раббисидир".
لا إلهَ إلا اللهُ العظيمُ الحليمُ، لا إلهَ إلا اللهُ ربُّ العرشِ العظيمِ، لا إلهَ إلا اللهُ ربُّ السماواتِ وربُّ الأرضِ، وربُّ العرشِ الكريمِ
/ Ла илаҳа иллаллоҳул-Аъзимул-Ҳалим, ла илаҳа илла-ллоҳу, Раббул Аршил Аъзим, ла илаҳа иллаллоҳу, Раббус-самаввати, ва Раббул арди, ва Раббул Аршил Карим /
Бухорий (6346) ва Муслим ( 2703) ривояти.
🌴 ҚАЛБНИ САЛОМАТ УШЛАНГ.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тез тез ушбу дуони айтар эдилар:
"Аллоҳумма инний ас алука қолбан салиман" /Аллоҳим қалбимни соғлом қилгин/.
Аҳмад 4/123 ва Насоий 3/54 ривояти. Шайҳ Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: "Силсила ас саҳиҳа" 3228.
Имом Нававий айтадилар:
"Қалбни солиҳлигига нафрат, ғазаб, ҳасад, очкўзлик, такаббурлик, бошқаларни масхара қилиш мойиллиги, ғайратли бўлиш истаги, машҳур бўлиш истаги каби яширин касалликлардан халос бўлиш орқали эришилади. Айёрлик, очкўзлик ва олдиндан белгиланган нарсадан норозилик ... \". Ибн Ражаб шундай деган: “Соғлом қалб - бу касалликлар ва танқид қиланидиган нарсалардан холи бўлган юракдир. Бундай қалбда Аллоҳга бўлган муҳаббат, Ундан қўрқиш ва Ундан (яний; Унинг Ҳақ йўлидан) олиб ташланадиган нарсадан (залолатга тушиб қолишдан) қўрқишдан бошқа ҳеч нарса бўлмайди". Қаранг. Имом аНававийнинг "Қирқ ҳадис" 6-сонли ҳадисга берган шарҳи.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев