У мен томонга деярли югуриб келаркан, ўн метр нариданоқ кўзлари ёнаётганини пайқадим. Сочлари бошқача турмакда, жуссаси сезиларли тўлишган, кийиниш услуби ҳам мутлақ ўзгача. Атрофимдаги дугоналаримни гўё энди кўриб қолгандек беш-олти қадам нарида тўхтади. Оқ-сариқдан келган, аёлларникидек нозик ва узун бармоқлари совуқдан қизарганди. Қишнинг илк кунларидаги салқин, нурсиз ҳавода қуруқшаган ўтларни босиб дийдираркан, мендан ўғринча нигоҳини узмасди. Мен эса мутлақ беэътибор ҳолатда дугоналарим билан гап сотардим, гўё. Беш дақиқалардан сўнг овқатланиш учун ресторанга кирдик, у эса ортимиздан қолмади. Бурчакдаги столлардан бирига ўрнашарканмиз, унинг қайси томонга ўтирганига беихтиёр қизиқдим, лекин бошимни ўгириб қарашга юрагим бетламади (эҳтимол, ғурурим йўл қўймагандир). Қадрдон дугоналарим билан икки соатдан ортиқ суҳбатлашиб ўтирдик.
— Ортингга қарама! — деди дугонам сохта табассум билан. — Нариги столдаги йигит кўзимга жуда иссиқ кўриняпти.
Ортга қарашимга ҳожат йўқ эди. Бу айнан мен нигоҳим билан излашга ғурурим йўл қўймаётган йигит. Дугонам уни эслолмас, лекин кўзига иссиқ кўринаётганди. Ўн дақиқадан сўнг кетишга шайланган дугоналарим ўринларидан туришди.
— Мен яна бироз ўтирмоқчиман, — дедим ажабланиб қараётган дугоналаримга. — Ҳ-ҳалиги… Акам олиб кетмоқчи, уни шу ерда кутаман.
Дугоналарим билан хайрлашиб, қўл телефонимга тикилиб ўтирсам, бир шарпа қаршимдаги ўриндиққа чўкди. Унинг кимлигини сезиб турсам-да, бошимни кўтаришга кўп ҳам шошилмадим. Эҳтимол, унга яхшилаб термилиши учун имкон бергандирман.
— Ие, сиз?! — дедим ҳайрат тўла нигоҳ билан бироздан сўнг.
— Салом! Яхши юрибсанми? — деди у ҳаяжонланганча.
— Ҳа, яхши, кутилмаган тасодиф.
— Ҳа, кутилмаган. Умуман олганда, сени кўчада кўриб қолгандим, шундан сўнг бу ерга кузатиб кирдим! — деди у ҳаяжон билан ва қўлларини икки томонга ёзди. — Хуллас, сени кўрганимдан бағоят хурсанд бўлдим!
Унинг ёниб турган кўзлари, шўх-шодон кулиши, сирли қараши, ҳаётимдаги икир-чикирларгача қизиқиши ҳайратимни оширди. Аммо ҳолатимни ўзгартирмай, мийиғимда кулганча ўтиравердим. У шунчалар энтикиб гапирардики, юрагида қайта тикланаётган ҳиссиётни англардим…
Бу худди кучли оғуга ўхшаш бир нарса. Аввалига сени ўзига мафтун этади-ю, лекин қўрқасан, сўнг «Доим сен билан биргаман», дегандек чорлайверади, натижада унга ўрганасан. Вақт ўтгач эса усиз дунё кўзларингга қоронғу кўринади, оғриқларни ҳис этиб, фақат уни ўйлайверасан.
— Бунча ўзингни қийнамасанг, бўлди, энди уни унут! — дугонам менга ачинганидан куйинчаклик қилар, кўз ёшларимни артиб, овутишга уринарди.
— Ахир у мени севиши ҳақида тинмай айтарди-ку…
— Улар айтаверади-да! — деди у мени бағрига босиб. — Осмондаги ойни ваъда қилиб, ҳеч нарса бўлмагандай кетаверади. Ёлғончилар!
— У ёлғонни ёмон кўрарди, мени ҳеч алдамасди! — йиғлардим ўзимни тутолмай. — Нега энди ўзгариб қолди, а? Нима деса, хўп дердим, айтганидан чиқмасдим, фақат унинг ҳақиқатини тан олардим…
— Айнан шу энг катта хатоинг! Демак, сен унга ҳаддан ортиқ яхши муомала қилгансан. Эркаклар фидокорликни қадрламайдиган мавжудот!
Унинг биронта гапи қулоғимга кирмасди. Фақат ва фақат мендан воз кечмоқчи бўлган инсон ҳақида ўйлар, усизликдан чунонам қўрқардимки!
— Гап бундай, — деди дугонам қатъий оҳангда, — энди унга умуман қўнғироқ қилмайсан, SMS ёзмайсан…
— Бунинг иложи йўқ…
— Бор! — деди у елкамдан ушлаб қаттиқ силкитаркан. — Сен унга муҳтож эмаслигингни билдириб қўй.
Гапириш осон. Бир инсон иккинчи инсоннинг дарди-ю, қалб кечинмаларини ҳеч қачон айнан ўзиникидек ҳис этолмайди, албатта. Ҳар кунги қўнғироқлар, тонг отгунга қадар суҳбатлар, учрашувларга ошиқиш… Энди буларнинг ҳеч бири бўлмаслигини ўйлаш ва шунга кўникишга ўзингни мажбур этиш ҳақиқий азоб! «У учун ҳамма нарсага тайёрлигимни, усиз яшашни истамаслигимни қандай тушунтирай?! Унинг ўша ширин сўзлари, севги ва муҳаббат билан тикилишларига яна қандай сазовор бўлишим мумкин?!» Саволлар мени тинч қўймасди. Уйда томоғимдан овқат ўтмас, оила аъзоларимнинг суҳбатлари қулоғимга кирмасди.
— Куну тун бир аҳволда юрасан. Ёрилсанг-чи бундай!Онам асабдан қошларини уярди-ю, бироқ бу зарда ортида меҳр ётарди. «Аслида-ку, онанинг меҳридан бўлак бари ёлғон экан. Қани ўша менга меҳр беришни истаган, оқибатли эканини қайта-қайта такрорлаган севгилим?!» дея ўйладим-у, онамга ҳеч нарса деёлмасдим. Онамга ҳаммаси жойидалигини айтиб, мийиғимда кулардим-у, лекин кўзларимни қўлимдаги телефондан узмас, «У қачон қўнғироқ қиларкин ёки SMS ёзаркин?» деган ўйлар билан овораман. На ейишимда, на уйқумда ҳаловат бор, миям ҳадеб бир нарсани ўйлайверганимдан отилай дерди.
Орадан бир ҳафта, ўн кун, бир ой ўтдики, ундан хабар йўқ. Дугонамнинг айтганига кириб, қанчалар сабр қилганим ва бу сабр мени адойи тамом қилгани фақат ўзимгагина аён. Ярим кечаси гоҳ у, гоҳ бу томонга қараб тўлғонарканман, охири чидай олмадим. Унга қўнғироқ қилдим. Ўша мени севишга ўргатган, бутун умр ёнимда бўлишга ваъда бериб, мендан кеча олмаслигини қайта-қайта такрорлаган одамга.
— Алло…
Гўшакнинг нариги тарафидан эшитилган овоз юрагимга ўт ташлади. Қўнғироғимга жавоб бермаслигидан қўрқиб, яширин рақам орқали боғлангандим.
— Алло, — деди у такроран, — ким бу?
— М-мен…
— Нима дейсан?
Унинг совуқ оҳангдаги шу гапи оғир ботди. Аммо ҳозир гина-кудурат қилиб ўтирадиган аҳволда эмаслигим сабаб кўзимда мавжланган ёш томчиларини артдим.
— Сиздан хабар олай дегандим!
— Ҳа, мен яхшиман, бўлдими?
— Сизни безовта қилдимми? — хотиржам гапирардим-у, ичимни ит тирнарди.
— Ҳа, ухлаётгандим.
— Қачон қўнғироқ қилай? Қачон уйғонасиз?! — сўзларим бўғзимга тиқилиб қоларди.
— Бир йилдан кейин, — деди у ниҳоятда бепарволик билан эснаб. — Балки, тўрт-беш йилдан кейиндир…
— Сиз наҳотки мени соғинмадингиз?! Ахир бирга ўтган шунча яхши дамларимиз, севгимиз…
Алоқа узилди. Бармоқларим титраб қайта-қайта яна ўша рақамни тердим, бироқ у қўнғироқларимга жавоб бермас, мен эса саросимага тушган кўйи йиғлашдан тўхтамасдим. Ўн дақиқадан кейин эса иккинчи алоқага тушдим. Ҳаммаси тушунарли эди. Ахир йигит киши ярим кечаси дўсти билан гаплашмаса керак, ҳар ҳолда. Ичимга ташланган олов бутун танимни ёндириб юборди, менга чунонам алам қиларди-ки!
То тонг отгунча мени иситма тутди. Тепамда менга қўшилиб йиғлаган онам аҳволим сабабини тушунмай эзиларди.
Ҳар куним унга қўнғироқ қилиш, у ҳақда бирор янгилик топиш ўйларига тўла ўтар, лицейдаги дарсларимни ҳам ташлаб қўйгандим. Дугоналарим олий ўқув юртига кириш учун тайёрланиб юрган бир пайтда ишқ дарди билан оворалигим ўзимнинг ҳам ғашимга тегар, лекин фикр ва туйғуларимни асло бошқаролмасдим. Кунларнинг бирида охирги дарсга кирмадим-да, унинг ишхонаси томон йўл олдим. Йиғидан қизарган кўзларим у чиқиб қолишидан умид қилиб атрофга аланглар, қўлимдаги китобимни ҳаяжон зўридан маҳкам қучоқлаб олгандим. Тез-тез ютинарканман, очликдан мадорим қуриб бораётганини ҳис этдим. Бироқ айни дам мен учун уни кўришдан-да муҳимроқ иш йўқ эди гўё. Бир пайт узоқроқдан унинг шарпасига кўзим тушди. Ҳапқириб кетдим ва телбалардек унинг ёнига югурдим.
— Бу ерда нима қиляпсан?! — деди у кўзларини ола-кула қиларкан ва билагимдан қаттиқ ушлади-да, атрофга хавотир билан аланглаб, мени четга судради. — Сенга ҳаммаси тамом дегандим-ку!
— Одамга ўхшаб гаплашиб олайлик! — йиғламасликка ҳаракат қилардим-у, кўз ёшларим юзимни юварди. — Мени бироз эшитинг.
— Сени севаман, деб ўйлагандим, лекин ундай эмас экан. Шунга шунчами?! — бақирди у.
— Нега бақирасиз?!
Ёнимиздан ўтаётган уч-тўртта йигит менга ачиниш, мазах ёки яна аллақандай назар билан боқишар, уялганимдан ерга қараб олгандим.
— Сени севмайман, тинч қўй мени! — дея яна бақирди у.
Айни дам ўзини бундай тутиши менга алам қилар, лекин қўл силтаб ҳам кетолмасдим.
— Қийналиб кетдим! — дедим унинг юзига қарамай.
Гапларим кўп эди. Аммо ҳеч бир сўзим унинг кўнглини юмшатмаслигини билардим.
— Илтимос, кўзимдан йўқол!
Унинг оғзидан чиққан мана шу охирги сўз иззат-нафсимнинг энг юқори чўққиларигача акс садо берди. Тирноқларимгача музлаб кетдим ва кўзимда ёш билан ундан узоқлашдим. Ўшандан бери орадан беш йил ўтибди-я!
«Уйингга кузатиб қўяман, қоронғуда ёлғиз юришинг яхши эмас», дея ҳол-жонимга қўймаган собиқ севгилимнинг таклифига рози бўлдим. Йўлда кетиб борарканмиз, бирга сайр қилган хиёбон яқинидан ўтдик.
— Эсингдами?! — деди у ним табассум билан хиёбон томонга ишора қиларкан.
— Нимани айтяпсиз? — гарчи у нима ҳақида гапираётганини билсам ҳам сир бой бермадим.
— Наҳотки эслолмасанг, ахир биз бу ерларга жуда кўп келардик! — деди у ҳаяжон билан. Сўнг тўхтади-да, менга тикилиб қолди. — Ўшанда сочларинг тим қора, жингалак, жуда чиройли эди.
— Ҳозир-чи, ҳозир чиройли эмасми? — сўз оҳангимга бироз айёрликни қўшиб, шўх кулдим.
— Й-йўқ, ҳозир янада чиройли!
Уйимга етгунча у билан ҳазиллашиб кетдик. Мен ўзимни ниҳоятда эркин, бефарқ тутар, у эса бу эркинлигимдан хижолат тортиб, ҳар икки гапининг бирида дудуқланарди. Қўл телефонимни сўраганида ҳам ҳеч иккиланмай айтдим ва жилмайганча хайрлашдим.
— Сен жуда ўзгарибсан! — деди у, ниҳоят, ичидагини сиртига чиқариб.
Лом-мим демай юзимда қувноқ табассум билан уйга кириб кетдим. У эса бир соатга бормай менга қўнғироқ қилди.
Биз у билан соатлаб гаплашардик, худди беш йил ортга қайтиб қолган ўспиринлар каби. Унинг SMSлари тинмас, ўзимни эҳтиёт қилишим ҳақида такрорлайверарди. Мен эса у билан доим мағрур, шўх ва дадил ҳолатда суҳбатлашар, ҳаёт ва ишларига эътибор қаратмасдим. Совғалар, гулларнинг кети узилмас, у мени учрашувга чақириб чарчамасди. Ҳар учрашувимизда ўзини йўқотиб қўяркан, мен янада дадилроқ сўзлардим, ундан кўзимни узмай «Мен энди мутлақо бошқа қизман. Менга етишиш осон эмас», дердим гўё.
— Сенга уйланмоқчиман!
Унинг бу гапни базўр айтгани қизариб кетган юзидан аён. Мендан айни шундай ҳаяжонни кутганига қарамай, пинагимни ҳам бузмадим.
— Лекин нима учун?! — дедим бироз ҳайратлангандек елка қисиб.
— Б-бу нима деганинг, ахир биз бир-биримизни, ҳ-ҳалиги…
У гапиролмай қолди. Бироз ўйланиб турдим-да, «Ота-онам нима деса шу», деб қўя қолдим.
Уйга келсам, онам хурсанд қиёфада ўтирибди. Хурсандчилиги сабабини айтганида ўйланиб қолдим.
— Қизим, дугонамнинг ўғлини танийсан. Ёшлигингизда доим уришиб-талашиб юрардинглар. Хўш, бир марта учрашиб кўрасанми? — деди волидам мени бағрига босаркан.
— Майли, ойижон!
Онамга маъқул келган йигит менинг ҳам кўнглимга ёқди. Аслида-ку, уни неча йиллардан буён биламан, аммо турмуш ўртоқ сифатида бошқача назар билан қарагач… Хуллас, барини унутдим-у, тўйга розилик бердим.
Собиқ севгилимнинг совчиларига онам: «Биз аллақачон тўй бошлаганмиз. Сизлар ҳам икки ойдан сўнг меҳмон бўлинглар», дея жавоб берди. Унинг ўзи эса қўнғироқ қилишдан чарчамасди. Тўй тадориги билан оворалигм сабаб у билан ҳеч гаплаша олмадим ва ҳатто юзлаб SMSлари ҳам жавобсиз қолди. Бунга сабаб эса номаълум. Мен ундан қасос олишни, ёйинки устидан кулишни истамагандим. Шунчаки унга нисбатан юрагимда заррача меҳр-муҳаббат қолмаганди. Шунчаки бир нарсани тан олишим керак, бир вақтлар менга азоб бергани учун ҳамон кўнглимнинг бир четида кемтиклик борлиги рост эди. Фақат тўйимга уч кун қолгандагина яширин рақамни кўриб, гўшакни кўтардим.
— Алло, ким бу?
— Мен! — деди у ва ҳаяжон билан қўшиб қўйди. — Илтимос, телефонни ўчириб қўйма.
— Нима дейсиз?
— Сендан хабар олай дегандим, яхшимисан?!
— Ҳа, мен яхшиман.
— Ростини айт, сени мажбурлаб эрга беришяпти-я?! — деди у фавқулодда ўта кучли ҳиссиёт билан. — Сен менга айт, ҳаммасини ўзим ҳал қиламан.
— Мени тинч қўйинг…
— Илтимос, фақат телефонни ўчирма, ахир наҳотки мени соғинмадинг? Бирга ўтган шунча яхши кунларимиз…
— Тақдирнинг ўзи сиздан қасос олган кўринади, — унинг гапини шарт кесдим. — Ўн саккиз ёш! Ахир бу ёшда инсон гўдак бўлади-ку. Ҳислари энди куртак очаётган, ожиз, тажрибасиз. Дарҳақиқат, Худо ҳеч нарсани унутмас экан!
Сўнгги гапимни айтдим-да, телефонни ўчириб қўйиб уй тўла меҳмонлар ҳузурига қувонч кўз ёшлари билан чиқдим!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1