БИР МАНЗИЛДА КЎРГАНЛАРИМ.
Бозорнинг орқа кириш эшиги ёнида соқол қўйган олифта йигитлар ўтган кетганнинг тумшуғи остига янги чиққан йигирма мингталик пачка пулни тиқиштириб тиржаяди.
-Булар ҳалиги ўнтасини санаб, биттасини секин кафти ичига қайириб қоладиган долларфурушлармиди?
-Ҳа, ундан бошқа усуллари ҳам кўп. Берган пулингиз кам экан деб қайтиб берсанг, худди бошқатдан санаб кўргандек бўлиб яна учтасини қайириб қолади ва "ҳа, ростдан ҳам кам экан, ҳозир бу ёқдан битта қўшиб юбораман дейди ва чўнтагидан бир дона қўшиб беради!" Қарабсанки, ярмини шимириб бўлган...
-Яна қайтиб санаса-чи?
-"Ҳа ҳозир олдингизда санаб бердим-ку, ўйин қиляпсизми?" деб айтади...
Астағфируллоҳ дейман ортимга яна бир бор қараб:
-"Қиёмат" эсларида бормикан?!
Бу ерда ўн йиллар олдин аёлларнинг ғалати тоифаси савдо қиларди. Улар айтаётган гапларни минг қоғозга ўрайман деб ҳам ўраб бўлмасди...
-Битта таблетка билан қирчиллама йигит бўласиз, хотинизи ҳам қиз бола қилиб қўядиган палочкамиз бор.
Йўқ булар қўлида сеҳрли таёқчаси бор "фея" лар эмас. Сотадиган ашёсини ҳам сеҳргарликка оид деб бўлмайди. Уларнинг ёнида кўзини шилпиқ босган ва кекирдагигача қизариб кетган амакиларни тез-тез кўриб қолиш мумкин эди.
Опам олий маълумотли фармацевт бўлгани учун ундан қизиқиш юзасидан ўша дориларнинг организмга таъсирини сўрадим.
Бир талай тиббий атамаларни айтди. Тушунганларим шуки, баъзан шунақа бемаъни ғоясидан кечолмаганлар шармандали вазиятда жон таслим қиларкан.
Юрак пишқириб ишлаб, баъзан кутилмаган пайтда иш ташлаш қилиб қоларкан...
"Астағфируллоҳ" дейман яна, наҳотки болалари уни "фаҳш уйи" дан олиб кетиб кўмишса...
Ҳар қалай сўнгги йилларда бу дорифурушлар бозор ёқасида кўринмай қолишди.
Ҳозир у ерда турли мева-чева сотадиган аёллар ўтиришади. Тирикчилик...
Аммо кеча у ердан икки кило узум олдим. Сотувчи аёл мени тарозуни кўрмаяпти деб ўйлади шекилли 1 килою 670 грам узумни қўлимга тутқазди.
-Опа ўзи бу тарози ҳеч қачон тўғри ҳисобламайди. Ҳозир аслида бир ярим кило тортдингиз, майли сизга икки кило учун пул бераман. Қиёмат бор-а?
Дўрдайган лаблари дарров бидирлашга тушди.
-Астағфируллоҳ!-дедим ва йўлимга равона бўлдим.
Ўша пайт нима хаёлимдан ўтди айтайми?!
Мен бир фикрни англатиш учун узун матнлар ёзаман. Эринмаган одам уларни охиригача ўқийди ва гап нима ҳақида эканлигини тушунади.
Аммо катта мавзуларни битта сўз ичига сиғдириб гапирадиган одамлар ҳам бор.
Мен ўша лаҳзада узун матнларни ўқишни хушламайдиган турмуш ўртоғимнинг бир гапини эсладим:
"Ким алдаса-фақат ўзинигина алдайди. Ким зарар берса-фақат ўзигагина зарар беради!"
©️Ummu Zaynab Ummu
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев