Икромжон ишхонасининг эшигидан чиқар-чиқмас қўл телефони жиринглади. Экранда хотинининг рақами кўринди.
– Дадаси, уйда гўшт қолмабди… деди Маҳфуза эри телефонни кўтариши билан салом-аликни ҳам канда қилиб. Келишингизда биратўла нон, печенье, мева-чева ҳам олакелинг…
Хотини гапини тугатмасидан Икромжон телефонни ўчириб қўйди. «Уф, шуям жонимга тегди, ўйлади ичида. Қачон қарама, ҳали у тугади, ҳали бу тугади, деб ғашимга тегаверади. Нима, гўштсиз овқат еса бўлмайдими? Баъзи хотинларга ўхшаб борини эплаштириб ўтирса бўлади-ку!. Пулим йўғида печеньега бало борми энди?.»
Янги келинчаклик пайтлари Маҳфуза бутунлай бошқача эди. Ширинсўз, мулойим, вазмин… эрининг кўзига тик қарашга уяладиган. Ҳаммаси секин-аста юзага чиқди. Оиласида эрка қиз бўлиб ўсганиданми, у пулни орқа-олдига қарамай, катта-катта сарфлашни хуш кўрарди. Ҳар куни гўштли овқат емаса, кўнгли жойига тушмас, кўпинча овқат қилишга эриниб, эрига кўчадан қовурилган жўжаю кабоб келтиришни буюрар эди. Шу туфайли Икромжон уйланганига беш йил тўлса ҳам, ҳеч бири икки бўлмайди. Уй оламан, деб оз-моз йиғиб қўйган пуллари ҳам сарфланиб кетди. Хотинининг эҳтиёжларига пул етказолмай, охири қарз олишга мажбур бўлди. Қарз олишни бошлагандики, чўнтагидан барака кўтарилди.
Аслида, Икромжоннинг маоши ёмон эмас. Бирга ишлайдиган ҳамкасблари шу маошдан орттириб, икки-уч йил деганда уй олишди, тўйлар қилишяпти. Унинг хотини ҳам бошқаларникига ўхшаб тежамкор бўлганида, эҳтимол улар ҳам ҳозир ижарама-ижара сарсон юрмай, уйли бўлишарди.
Икромжон уйига яёв қайтаётиб, иккала қўлини шимининг олд киссасига суқди. Чўнтагида сариқ чақа ҳам йўқ эди. Ойликкача эса ҳали яна ўн кун бор. Хотинининг қўнғироғини эслади… Рўзғорга хотини айтган нарсаларни олиб бормаса, кечаси билан қулоқ-миясини **** қўяди. Яна қарз олсинми? Ҳозир ким ҳам қарз беради унга? Ўзи шундоқ ҳам уч-тўрт кишидан қарз кўтарган. Икромжон шундай хаёллар билан янги кўчиб келган уйи яқинидаги сабзавотлар сотиладиган дўкон олдига келганини билмай қолди. Бир неча кун аввал бу ердан қарзга нарса олганди. Мана, энди яна ўша маҳсулотлар тугаб қолибди. У мақсадини баён қилиш учун сотувчи аёл билан худди минг йиллик қадрдонлардек қуюқ сўраша кетди.
– Опа, узр, яна сиздан илтимос қиламиз энди, деди у аёлга сохта жилмайиб. Ойлик келгунича… ўтган сафарги қарзимиз устига қўшиб қўясиз. Қўлимга пул тушиши билан ҳаммасини тўлайман.
У гапираётиб, кўзлари пирпираб кетди. Сўнгги пайтда одамлардан қарз сўрашга бети ҳам қолмади. Негаки, қарзларини айтилган муддатда қайтара олмаслигини ўзи ҳам билади. Шундай бўлса-да, ваъда бераверади. Сотувчи аёл ҳам кўнгли бўшгина, очиққина экан. Уни ўзига яқин олганиданми:
– Майли, ука, ҳечқиси йўқ, деди самимий оҳангда. Мен ҳам қийналганман. Янги кўчиб келган экансизлар, бунинг устига ижарада тураркансиз… Секин-аста ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ҳеч ҳам хижолат бўлманг, нима керак бўлса, бемалол олиб кетаверинг, пулингиз борида берарсиз…
Икромжон аёлнинг гапларидан руҳланиб, уйига бир дунё бозорлик кўтариб борди. Остонадан кириши билан у хотинининг оёқ кийимига тўқнашиб кетди. Ичкарига кирса, ҳамма ёқ ивирсиб ётибди, идиш-товоқлар ювилмаган. «Нима бало, кун бўйи ётиб ухлаганми бу?» кайфияти бузилди эркакнинг. Шундай бўлса-да, тинчлик истаб, индамай қўяқолди.
Бозорликни кўриб, Маҳфузанинг оғзи очилди.
– Вой-бу, буларни қаердан олдингиз? сўради аёл эри олиб келган қип-қизил олмалардан бирини қарсиллатиб тишларкан. Гўшт ҳам олдингизми?
Икромжон негадир «Буларни қарзга олдим» дегиси келмади. Яхшиси, хотини билмай қўя қолсин. Барибир, ўзи тўлайди-ку.
– Нима ишинг бор қаердан олганим билан? деди у хотинига ёлғондакам пўписа қилиб. Борини индамасдан еявермайсанми? Овқатни гўштсиз қилаверсанг ҳам бўлади, гўштга пулим етмай қолди.
Маҳфузанинг энсаси қотди. Қошларини чимириб:
– Вой, бугун ҳам гўштсиз овқат ейманми? деди халтачаларни силтаб-силтаб ёпиб қўяркан, ўзича эри олиб келган нарсаларни менсимагандек. Бошқалар уйига ҳар куни килолаб гўшт олиб келади. Ҳалиям сиз ҳар-ҳар замонда бир кило, ярим килолаб олиб келасиз…
Икромжон не-не машаққатлар билан уйига тўлиб-тошиб келса-ю, хотинидан эшитадигани шу бўлса. Худди ўйнаб ўтирган пуфаги ёрилиб кетган боладай хўрлиги келди унинг. «Бу хотин мени қаро ер қилди, қарзга ботириб, одамлар олдида тилимни қисиб қўйди. «Қарз қарз чақиради» деганларига энди ишондим».
Эртаси куни ишга отланаётганида, хотини кечаги воқеани мутлақо унутиб, худди ҳеч нима бўлмагандай, кулимсираб гап бошлади.
– Дадаси, дугоналарим «гап» ўйнашаётган экан, деди Маҳфуза юзига сохта табассум қўндириб. Эрининг индамай эшитаётганини кўргач, гапида давом этди: Қўшилмасам бўлмайди…
– Хўш, шунинг учун мен нима қилай? жаҳли чиқди Икромжон оҳори тўкилган курткасини кияётиб. — Яна бировдан қарз олайми, а?! Ҳеч ким қолмади бизга қарз берадиган, билдингми? Қанақа хотинсан ўзи? Жонимга тегди сенинг калтаўйлигинг. Аёл дегани уйим-жойим деб, борига чидаб, йўғини ямаб ўтирмайдими?
Маҳфуза авваллари эрининг жаҳли чиққанда жим турарди. Ҳозир бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмади.
– Нега менга бақирасиз? деди у ҳам овозини баралла қўйиб. Эрмисиз, сизнинг вазифангиз оилангизни таъминлаш, билдингизми? Қачон қарама, унга пул етмади, бунга пул йўқ… Ҳатто ўзимизнинг бошпанамиз йўқлигидан бировларнинг уйида ижарада турамиз. Сиздан бошқага тегсам, маликалардек қасрларда, тиллаларга кўмилиб яшардим, қўлимни совуқ сувга ҳам урмасдим…
– Бунча нолийверасан-а, ношукур? Бировдан қарз олиб бўлса ҳам, ҳар ой янги кўйлак олиб бераман, нима егинг келса муҳайё қиламан! Бундан ортиқ нима керак сенга? Топганимни исроф қилмай, тежаб-тергаб ишлатсанг, ҳамма нарсага етади-ку ахир!
Маҳфузанинг тепа сочи тикка бўлди. Кўзларини катта-катта очиб:
– Нима, ҳали мен топганингизни исроф қилдимми? дея чийиллади эрига. Миллион-миллион пул олиб келиб бердингизми менга? Жонимга тегди шунақа яшаш! Ортиқ бунақанги қурумсоқ одам билан яшай олмайман, ажрашаман!.
Ҳеч нимага тушунмай, бир чеккада мунғайиб турган жажжи Моҳигул онасининг бақирганидан қўрқиб, бирдан йиғлаб юборди. У ҳали эндигина икки ёшга тўлган, сочлари жингалак қизча эди. Икромжон тезда қизини қучоқлаб кўтариб олди.
– Кетсанг, кетавер! деди у хотинига Моҳигулни қаттиқроқ бағрига босганча. Лекин қизимни ҳеч кимга бермайман! Қизчасининг мунчоқдек кўзчаларидан оққан ёшни артаркан, негадир Икромжоннинг ўпкаси тўлиб кетди. Боласини ерга қўйиб, сигарет чеккани ҳовлига чиқди.
Маҳфуза шу куниёқ нарсаларини йиғиштириб, онасиникига жўнаворди. Орқасидан йиғлаб қолгани учун қизини ҳам олиб кетишга мажбур бўлди.
Икромжон индамади. «Яхшилаб ўйлаб, хато қилганини англаб етар. Ўшанда ўзи қайтиб келади» деди ичида. Аммо ўн кундан ошса-да, хотини қайтмади. Икромжон қизчасини жуда соғинганди.
Маош олган куни кеч бўлишига қарамай, у тўғри қайнонасиникига борди. Маҳфуза мутлақо ўзгариб кетибди. Сочини калта қирқтириб, тор шим, тор кофта кийиб олган, юз-кўзларига алламбалолар чаплаб, қаёққадир отланиб турган экан. Эрини кўриб энсаси қотди. Тор кийимларда семиз гавдасини кўз-кўзлаб, ларсиллаб юриб келди-да:
– Сиз билан гаплашиб ўтиришга вақтим йўқ, деди лабини чўччайтириб. Ҳар қанча оро берган бўлмасин, унинг башараси сунъий гулга ўхшаб, кишида завқ уйғота олмасди. Калта сочларини бармоғи билан текислаб қўяркан, лаби-лабига тегмай, бидирлай кетди: Қайтиб ўша суварак босган ижара уйингизга қадамимни босмайман. Маҳфуза шундай деганча ялтироқ сумкачасини билагига осди-да, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Икромжон вазият бунақа тус олишини хаёлига келтирмаганди. Карахт бўлиб қолди. Сўнг гўё ҳамма нарсани тушунгандай тиззасида индамайгина ўтирган қизалоғини кўтариб олди-да, кўчага чиқди. У шу кетганча бу хонадонга қайтиб қадамини босмади. Орадан олти ой ўтиб, Маҳфуза эри билан қонуний ажрашди. Моҳигул дадаси билан қолишни хоҳлагани учун суд ҳукми уни отасида қолдирди. Энди Икромжон қизини эрталаб боғчага қўйиб, ишдан қайтишда олиб қайтарди. Уйда аёл бўлмаса, барибир, эркак киши қийналиб қоларкан. Укасининг қийналаётганини кўрган Дилфуза Икромжонни уйлантириш тадоригига тушди. Охирги марта гаплашганларида опаси маҳалласида яшовчи Замира исмли жувонни мақтай кетди.
– Ўзи тикувчи, деди
Дилфуза Икромжонга кўз ости билан назар ташлаб. Нозиккина, кўҳликкина… Икки йил олдин эри автоҳалокатга учраб вафот этганида ҳали ўғилчасининг чилласи чиқмаган экан. Маҳаллада ҳамма унга ҳавас қилади…
Опасининг қистови билан, қолаверса, қизини ўйлаб, Икромжон ўша жувон билан учрашишга рози бўлди. Бир кўришда Замира унга ёқди. «Хайрли ишнинг эртароқ бўлгани яхши», деб улар тўйни ҳам узоққа чўзишмади. Бир ой ўтар-ўтмас Икромжоннинг уйи яна бекали бўлди. Замира ниҳоятда саранжом-саришта, озода, эплигина аёл экан. Айниқса, унинг тежамкорлиги Икромжонга жуда маъқул бўлди. Моҳигулга ўз боласидай меҳрибон, ҳамиша тилидан бол томади. Эрталаб эрини ишга «Яхши бориб келинг», дея кулиб жўнатади, кечқурун «Чарчамадингизми?» деб очиқ чеҳра билан кутиб олади. Икромжон уйга кириб келиши билан димоғига тансиқ таомларнинг ҳиди урилади.
– Бирам қўлинг ширинки, қувонади Икромжон мантилардан бирини оғзига соларкан, хотинининг пазандалигига тан бериб. Ишонсанг, пиширган овқатларингнинг ҳиди ишхонамгача боради…
Икромжон секин-аста қарзларидан қутулиб, маошидан ортган пулларни жамғара бошлади. Замира ҳам бўш вақтларида қўни-қўшниларга кўйлак, парда тикиб, эрининг жамғармаси устига қўшиб қўярди. Кўп ўтмай, Икромжон «Спарк» русумли автомашина сотиб олди.
«Қуллуқ бўлсин»га келган жўралари уйларининг саранжом-саришталигини кўриб, унга ҳавас қилишди. Буларнинг бари Замира туфайли эди. Икромжон телевизор қаршисида ўтириб, тикув машинасида нимадир тикаётган хотинини кузатди. Меҳри товланиб, айни пайтда уни янада яхши кўриб кетди. «Эрни эри қиладиган ҳам хотин» деган гапнинг рост эканлигига у мана энди ишонганди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5
БИРИНЧИ ХОТИНИНИ ХОР БУЛГАНИНИ, ЯЛИНИБ КЕЛГАНИНИ,
АФСУСЛАНГАНИНИ ЁЗГАНИЗДА , УНДАНАМ ЗУР БУЛАРДИ,
ИКИНЧИ
АЙОЛИ , ТАРБИЯЛИ ИЙМОНЛИ КИЗ ЭКАН, БАХТЛИ БУЛИШСИН