Данғиллама уй қаршисида турган ношир астагина қўнғироқ тугмасини босди. Ичкаридан “ҳозир” деган товуш эшитилди ва зум ўтмай ўша Машҳур одам кўзга кўринди.
—Одамларга ўрнак бўладиган хислатларингиз бисёр, -деди машҳур одамнинг хонадонига кириб келган ношир. —Шу сабаб сиз ҳақингизда китоб ёзишни ният қилдик. Маълумотларни йиғдик, етмаганини сўраймиз. Фақат шахсий фотосуратларингиздан олсак дегандик...
—Албатта, -деди машҳур одам жилмайиб жавондан фотожамланмасини оларкан, —марҳамат истаган суратингизни танлаб олаверинг, расмлар кўп...
—Ташаккур!
—Манави суратда давлат арбоблари, бунисида номдор санъаткорлар билан расмга тушганман. Бу эса оилам: рафиқам, фарзандларим... Бунисида ҳамкасбларим қуршовида ўтирибман.
—Хўп ажойиб, -ношир альбомни варақлади. -Аммо... нашриётимиз муқаддимага онангиз билан тушган суратингизни қўймоқчи эди. Шу суратни топиб бера оласизми?
Машҳур одам бир зум ўйланиб қолди, суратларни барини бирма бир кузатиб чиққач, мулзамлик билан жавоб қайтарди:
—Буни қаранг... онам билан иккимиз бирор марта суратга тушмаган эканмиз. Буни... энди пайқабман, -у шундай деб альбомни жойига қўйди. -Одамларга ўрнак бўлишимга ҳали вақт бор, кўринади, ука. Онам билан суратга тушганимда келарсиз...
Ношир кетди.
Сиз-чи? Онангиз билан суратга тушганмисиз?..
Нодирабегим Иброҳимова
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев