Толмас банкдан илк кредитни олганда айни йигит эди. Ялиниб-ёлвориб уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлган хотинига истамаса кетиши мумкинлигини эслатиб қўйди. Иккинчи фарзандини кутаётган аёлга уйга қайтиб бориш ўлим билан тенглини яхши биларди, хотини ҳам бошқа бу ҳақда оғиз очмади. Унча-мунча нарсадан қўрқмас, тоғларни толвон қиладиган кучи, ўзига ишончи ва кичкинагина фермер хўжалиги бор эди. Кенгайтиришни ният қилди. Биринчи йилни амаллаб ўтказди. Қарзларини ёпди, аммо фойда топдими, топмадими, сезмади. Кейинги йил яна фоизга кредит олди, назарида, куни ўтаётгандек моли кўпаяётгандек эди. Йил давомида қарзини тўлаб борди. Моли ўша-ўша, бирпасда тўлов муддати келиб қолар, бор топганини банкка топширар эди.
Уйидан барака кетди, барибир, умидини сўндирмади. Ҳар йили кредит олар, банкдан олаётган пул миқдори ҳар йили ошиб борар, ўғил-қизи ҳам вояга етиб келарди. Ёши элликка яқинлашиб ҳам бу балодан қутула олмади. Бу вақтга келиб минг азобда топган пулларини ойма-ой қарзга устамаси билан тўлаш жонига теккан эди.
Кирар ақли кириб, кексалик эшик қоқаётганда нима учун Аллоҳ судхўрликни ҳаром қилгани ҳақида ўйлай бошлади.
Жавобини ўз ҳаёти мисолида топгандек бўлди. "Агар Аллоҳга таваккал қилиб яшаганимда балки бирим икки бўлармиди? Нажотни Ўзидан эмас, банкдан қидирибман, ҳамма нарсага бирдан, тез эришмоқчи бўлдим-у, бари чиппакка кетди" Жидду жаҳд қилиб қарзларини ёпишга, бу балодан тезроқ қутулишга ҳаракат қила бошлади. Тунлари уйқуси қочиб кетар, муҳрланган қалби очилиб бораётганди.
Эрталаб ўғли чой устида янги машина олмоқчи эканлигини, банкдаги ўртоқлари орқали номига кредит олиб беришини отасидан илтимос қилди.
—Агар фоиз тўлаб улов оладиган бўлсанг, яхшиси бир умр машинасиз ўтиб кета қол, аммо кредит олишингга рухсат бермайман!—деди отаси.Онаси ялт этиб отасига қаради.
Ўғли бундай жавоб олишини кутмаган эди.
—Ўғлим, агар бугун ўлсам, менинг шунча қарзимни бир кунда тўлай оласанми?—деди.
"Пиқ-пиқ" йиғи овози аралаш. "Оллоҳимга шукур!"-деган овоз ҳар иккала эркакни ҳам ўзига қаратди.
—Адаси, ва ниҳоят шунча йил давомида қилган дуоларим ижобат бўпти, худойим қалбингизга урган муҳрни опти, ўзига шукур!
Феруза.Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1