Машинани ҳовли ўртасида қолдирган Сабина онасининг дийдиёларидан тўйиб кетгандек кафтлари билан қулоқларини ёпганча айвонга ўтди. Ортидан изма-из кириб келган онасини тинчлантирган бўлиб, ўтиришга жой кўрсатди. Қизи гапини тугатар-тугатмас, онаси уни бағрига босганча жаврай кетди:
— Вой, қўлларинг акашак бўлгур, мараз.
Қайнонаси айюҳаннос солаётганидан яна бирор кўнгилсизликни фаҳмлаган келин унинг важоҳатини кўз олдига келтирди-да, қўрқиб кетганидан уйғотиш учун эрини турта бошлади:
— Мавлон ака, Мавлон ака!
— Нима дейсан? — кўзларини уқалади Мавлон.
— Тура қолинг, соат ўн икки бўляпти.
— Сендан соат сўрадимми?
— Ҳалиги… Опажон келганди.
— Нима қилай? Чой дамлаб, дастурхон ёзайми? Синглим келган бўлса, мени уйғотасанми, аҳмоқ?
— Анави…
Келин ортиқ гапирмади. Аниқроғи, ҳожат қолмади. Уларга баралла эшитилиб турган айвондаги она-боланинг суҳбати ҳеч нарсага изоҳ қолдирмаганди.
— Яна **** келибдими эридан?
— Оғирроқ бўлинг, Мавлон ака!
— Бирор марта енгил бўлганманми?
Мавлон ўрнидан турди. Юз-қўлини ювиб келгач, айвонга ўтди. Синглиси билан онаси қучоқлашиб олишган, у онасининг пинжида пиқиллаётган бўлса, онаси эса ҳамон қўлини пахса қилганча ўзига-ўзи гапириб ўтирарди:
— Аёл кишигаям қўл кўтарадими, хунаса… — деди у ярим бақириб. — Ҳали даданг келсин, бир тавбасига таянтирмасамми? Товонингдан ўпиб олиб кетмаса, юрган эканман…
Мавлон ортиқ чидаб туролмади. Кулиб юборди. Унинг кулгисидан онаси ва синглиси ялт этиб ўгирилишди.
— Ассалому алайкум, ака! — деди синглиси ерга қараб, паст товушда.
— Сен нимага куласан? — деди онаси ўғлига қараб дона-дона қилиб.
— Хунасамиш… Зато битта туғдириб қўйган-ку, ойижон, — деди Мавлон киноя билан. — А так, хунаса деб кимларга айтади, биласизми?
— Ўчир овозингни, сендан биров гап сўраяптими?
— Сизнинг болангиз бола-ю, уларники боламасми? — Мавлон уларнинг рўпарасидаги диванга ўтирди. — Бировнинг запчастини қарғагунча, олдин «Нега шундай бўлди?» деб сўрамайсизми арзандангиздан?
— Сен ниманиям тушунардинг, бор, аёлларнинг ишига аралашма!
— Мен куёв болани ўйлаяпман.
— Вой, вой, вой… — қошлари кўтарилиб кетди онасининг. — Ҳой, ярамас, бу синглинг бўлади. Кимларнинг ёнини оляпсан?
— Ёнини олмаяпман. Шунчаки паняткамга сиғдиришга уриняпман. Балки, айб ўзидадир. Мажбур қилгандирки, ургандир.
— Ҳей, нима, шуни яхши гап билан тушунтирса бўлмайдими? — қизини қучоқлаб, бошини силаб қўйди онаси. — Яхши гапга илон ҳам инидан чиқади, дейишади, ҳали беозор синглинг у ёқда турсин…
— Пословицаларга бой мамулямдан ўргилиб кетай! — қулочларини кенг ёйди Мавлон. — Нима дедингиз? Яхши гапга қаер кимдан… Э-эй, ким қаердан чиқиб кетади? Анави шўрпешона келинингизни инидан чиқариш учун интересний-интересний стиллардан фойдаланасиз-у. Шўрлик урганим сари «Яна ур» деб, эмаклаб келади.
— Ҳа-а-а… — бошини сарак-сарак қилди онаси. — Ҳали гап бу ёқда экан-да, а? Хотинчангизга раҳмингиз келиб қолдими?
— Қўйсангиз-чи, ойи… — энсаси қотиб кетди Мавлоннинг. — Хотиним причём бу ерда?! Сизлар менга хотин эмас, уйларингизга универсалний робот олгансизлар. Унинг бори нима-ю, йўғи нима менга, ойи?.. Опамнинг куни бошига тушмасин дейман. Чунки сиз айтгандек у менинг синглим бўлади.
— Узр, болам! — бирдан жиддий тортиб, ерга қаради онаси. — Сен унинг бахтини ўйлашинг, акасилигинг, мен эса унга ўгай эканим эсимдан чиқиб қолибди.
— Бошланди… Деди-қўйди, деди-қўйди…
— Нимага бошланмасин? Нимага бошланмасин? — тутоқиб кетди она. — Хўш, опанг у ёқда, синглинг бу ёқда… Сен бўлсанг эрталабдан кечгача ётасан ғафлат босиб. Ярим кечаси эса кўча ҳаёти. Дискотекалар, ярим-яланғоч ойимчалар, маст-аласт дайдишлар. На пул топасан, на бирор иш билан машғул бўласан. Отанг шўрликнинг сочини сизлар оқартирдингизлар. Юрагини сизлар касал қилдингизлар.
— Оғирим тушяптими? — ўрнидан қўзғалиб қўйди Мавлон.
— Миннат қиляпсизми?
— Эй, бор-эй!
— Бор-эй дедингизми? — Мавлон ўрнидан туриб, уларнинг олдига келди-да, кафтларини столга ёзди. — Сизмасмидингиз «Қол», деб ялинган, а?! «Ундай қилма, мен нима қиламан? Ахир отанг сени оқ қилиб юборади, кўк қилиб юборади, яшил қилиб…»
— Бўлди, бас қилинг! — Акасига қараб мўлтиради синглиси. — Онангизни ҳам майна қиласизми?
— Закривай двер! — кўзларини чақчайтириб, синглисига ўшқирди Мавлон.
— Мен шунчаки эслатяпман, холос.
Кейин тағин онасига қаради-да, ёқимсиз ишшайди:
— Хўш, ойижон, энди гапиринг?
— Нима қилишим керак эди? Онангман ахир! Сизларнинг бахтингизни ўйлайман. Оилангни ташлаб кетмоқчи…
— Мен уни севардим, ойи… Бахтимни ўйлайсизлар-у… Бу нима, ўнг қўл билан силаб, чапи билан удар беришми?
Унинг гапи онанинг кўнглига оғир ботди, асабданми ёки ҳаяжонданми, хуллас каловланиб қолди.
— Анави… Сенинг тилингда нима дейилади?.. — деди у ва бирдан жонланиб кетди. — Ҳа, галавангга нима деб сингдирсанг, сингдир, аммо мен тўғри қилганман. У билан бирга бўлишинг мумкинмасди ахир…
— Извини, мама! — ўзини бечора тутиб, пичинг қила бошлади Мавлон. — Чунки мендан ўтган. Мен дурак устозини севиш запретлигини билмасдим. Эшакнинг иши ҳалол, ўзи ҳаром эканини билардим, аммо тарбиячидан тарбия олиш мумкин-у, уни севиш…
— Қанақа севги? Қайси тузук жувон ўзидан ўн икки ёш кичкина ўқувчисининг бошини айлантириб юради?
— Ойи, бошингиз резвалик бўлса ит ҳам, бит ҳам айлантираверар экан. Мана… — Мавлон чўнтакларидаги бор пулларни чиқариб, стол устига ёйиб юборди.
— Мана, шулар билан резвалик қилиб қўйгансиз мени. Мана, шулар билан. Ҳув анави билан. — кўчадаги «Жип»га ишора қилди у. — «Болажоним-болажоним», дейишларингиз билан. Энди бунга келди навбат, — дея синглисини кўрсатди у. — Например, синглим эшикдан кириб келганида ўз уйига ҳайдаш ўрнига қучоғингизни очган палладан буниям бошини резвалик қилиб қўйдингиз.
— Ҳали… — овози қалтиради онанинг.
— Ўзимизнинг қўлимиз билан ўзимизнинг оғзимизга урмоқчимисан? Ҳали шулар айнитганми сени? «Болаларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин, давримизда ўйнаб-кулиб қолсин, бизларни уларга боғлаб қўйгани йўқ», деб ўйлаганимиз хато экан-да?! Ҳалиям кеч эмас. Бугундан бошлаб «Жип»ингни ҳам, бисотингдаги пулларни ҳам топширасан. Ўзинг ишлаб пул топасан. Рўзғорингга ўзинг қарайсан. Чақалоғингниям, хотинчангни ҳам ўзинг боқасан. Мана, сенга жазо.
— Жазо?! — ҳайрон бўлди Мавлон. — Ойижонгинам, талтайтирган, блатнойлаштириб юборган, эркалатган, тарбия схемасида ошибкани қилган сизлар-у, жазони мен тортаманми? Адолатдан эмас бу.
— Бўлмаса нима хоҳлайсан? — кўксига муштлади она йиғламсираб. — Қачон одам бўласан, айт? Нима қилсак, сен?..
— Одам бўлишим керакми? Ўзларингиз доим йўлимда обгон бериб келмадиларингизми, а?! — тиржайди Мавлон. — Бувим нуқул бобомга ўхшаб фан номзоди қилиш учун мажбурлаб келди. Бобом эса бувимдан ҳам кучли шифокор бўлишимни истарди. Сиз-чи? Сиз тоғамга ўхшаб ҳуқуқшунос бўлишимни буюрсангиз, дадам бизнесмен бўлишимни талаб қиларди. Ишлайдиган менми, сизларми? Псих қилиб ташлардингизлар. Ҳаммангизнинг қўлингизда указка. Расм чиза бошлашим билан қўлимга урардингизлар. «Энди бир ками, менинг болам кўчада расм чизиб, пул топиши қолувди. Соқоли бир қарич, сочи икки қарич». Нима ўзгарди, ойи? Барибир, ташқи фоним ўша-ўшамасми? Боя мени нуқул маст-аласт дедингизми? Ҳа, мен ростдан ҳам маст-аласт, бомж бўлиб қолибман. Соқоли бир қарич, сочи икки қарич…
— Бас қил! — ўтинди онаси.
Унинг мазаси бўлмаётганини сезди, шекилли, синглиси бир пиёла чой қуйиб узатди.
— Болалигимдан Тўлқин билан ош-қатиқ бўлавермаслигимни, тезак қопи билан эканини уқтириб келардингизлар-а, — деди Мавлон бир нуқтага тикилиб ўтириб. — Биласизми, нега айтганингизни қилмасдим? Чунки унинг уйида ҳақиқий бахтни ҳис этардим. Қозонида гўшт йўғ-у, бир-бирига мақтаниб-мақтаниб ейишади овқатни. Отаси пулни онасига йўл кира қилиши учун бериб, ўзи пешком кетса, онаси Тўлқинга тушлик қилиши учун берарди ўша пулни. Тўлқин пулни нима қилади, биласизми? Синглисига беради. «Буни йўл кира қилгин-да, отамга тушлик олиб бор!» дейди. Синглиси пешком бориб, пулни кечқурун қайтиши учун отасига беради.
Ойижон, бизда мол-дунё, қуруқ савлатдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Аслида, қашшоқлар бизлармиз, ойижон, бизлармиз, билдингизми? Бизда шунақа ўзаро оқибат сто процент кўрсатилган бирор кунни эслай оласизми? Тонг манавининг очилган жағи билан оқаради, — деди Мавлон синглисини кўрсатиб.
— «Итальянский туфлим қани? Турецкий кофтам қаерда?» Ирғитган жойидан сиз олиб келиб берасиз. Уни ўқишига, тўғрироғи, эрмакхонасига амал-тақал жўнатиб, энди дам олмоқчи бўлганингизда зиммасидаги икки қоп масъулият нагрузка бўлаётганини айтиб, опажоним чиқади. Анави товуқмия келинингиз эса шунчалик овсарки, киноя қилиб гапирган гапингизга ҳам амал қилади. Кечқурун бетамиз ва одамгарчиликдан асар ҳам йўқ одам амфибия ўғлингизнинг дийдиёси билан то губернатор келгунигача овора бўласиз. Пахан эса келгани билан ҳеч нарсага эътибор бермайди. Айтинг-чи, мам, қачон биз паханнинг ёки сизнинг олдингизда масъулиятни ҳис этдик? Хўш?..
Онанинг баҳслашишга ортиқ кучи қолмагандек эди. Индамади. Кўзларидан оқиб, чаккасига думалаб келаётган ёшини рўмолининг учига артиб, бошини қуйи эгди. Қизи уни юпатгиси келар, аммо нима деярини билмасдан каловланарди. Ахийри онасининг елкаларидан қучиб олди. Мавлон эса чўнтагидан бир варақ қоғозни олиб майдалай бошлади. Онаси билан синглиси унга ер остидан қараб, кузатиб ўтиришди. Мавлоннинг қоғоз майдалаш ёки писта чақишни бошлагани уларни доим хавотирга соларди. Бундай пайтларда Мавлоннинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, кимдир асабига тегиб қолса, ким эканидан қатъи назар «Жойига олиб бориб, олиб келарди». Бундай қилиқларига ўрганиб қолган онаси бир куни бунинг тагига етиш учун ўғли даволанган наркологик диспенсер шифокоридан сўраганди.
— Сиз хавотир олманг, опажон. Баъзи-баъзида мижозларимизда шундай ҳолатлар кузатилиб туриши табиий ҳол, — деганди шифокор онасига тасалли бериб. — Бундай майда эрмаклар уларнинг асабини бирмунча тинчлантиради. Яхшиси, бундай ҳолларда унинг тутақиб кетишига сабаб бўладиган ҳодиса ёки гап-сўзларнинг олдини олишга ҳаракат қилинг!
Шифокорнинг ўша изоҳидан кейин онаси, опа-сингиллари Мавлоннинг шу тариқа эрмаклар билан шуғуллана бошлаши билан уни тинчлантиришга одатланишди. Жуда бўлмаганда эса халақит беришмасди. Бу сафар ҳам улар жим ўтиришди. Сукунат анчага чўзилди. Ниҳоят, Мавлон ўрнидан турди. Онасининг олдига келиб ўтирди.
— Ойижон, — деди у пиёлани маҳкам сиқиб. — Биламан, алкашман. Наркоманман. Лекин ҳозир ломкадамасман. Каллам свежий. Қизларингизни олиб боринг уйларига. Сўкса, «Жоним» десин, урса »Жаҳоним», десин. Кейин кўрасиз, куёвларингизнинг қандай ўзгариб кетишларини. Эркак киши чимдимгина меҳр учун нималарга тайёрлигини кўрасиз. Ҳаммаси яхши бўлади, мамуля.
Шундай деб у синглисига қаради.
— Тур, хонангга чиқ!
Синглиси дарҳол ўрнидан туриб, хонасига чиқиб кетди.
— Ойижон, — давом этди Мавлон. — Эсингиздами, болалигимдан ниманики гапирмоқчи бўлмай, ҳали оғзим очилмасдан бурун буни бошқалар учун приказга айлантирардингиз. Сизга яна приказ. Необичний приказ. Опамниям, синглимниям жўнатинг уйларига! Мен… Мен одам бўламан, ойи. Ҳаммасини ташлайман. Ичиш, чекиш, қизлар… Болангизни қайтариб бераман, ойи!
Онаси чидаб туролмади. Йиғлаб юборди. Ўғлини маҳкам қучди.
— Алдамаяпсанми, кейин яна айниб қолмайсанми?
Мавлон жавоб бермади. Онасига қаради. Ундан кўз узмай туриб, ўзи нуқул такрорлаб юрадиган қўшиқни хиргойи қила бошлади:
— Не ругай меня, мама,
Каюсъ, больше не повторю.
— Ўчир! — унинг елкасига туртди онаси. — Болам, рост гапиряпсанми? Сен ростдан ҳам…
— Даволанаман, ойи. Эртаданоқ.
— Йўлингни топганинг рост бўлсин, болам…
— Кеча анави, сиз чакалакзордан олиб келиб берган хотиним… Боламга ота-ўғил деди… Ҳалигача ўйлаб бирорта вывод тополмадим. Ота бўлолдимми, ёки ўғилми, ойи?
Унинг тўсатдан берган саволи онасини гангитиб қўйди. Нима демоқчи эканини чамалай бошлади. Мавлон эса онасидан жавоб ҳам кутиб ўтирмади. Ўрнидан туриб:
— Ишқилиб, энди поздно бўлмасин-да, — деб қўйди-ю хонасига чиқиб кетди.
Онаси ёлғиз қолиб, анча пайт ўйланиб ўтирди, шукроналар айтиб ўтирди. Камол аканинг келиб ёнига ўтирганини ҳам сезмай қолди.
— Вой, дадаси! Қачон келдингиз?
— Анча бўлди. Эшик тагида қолиб кетдим. Ҳаммасини эшитдим.
— Дадаси?!
— Нимани ўйлаётганимни биласанми? Сал қолибди, онаси. Шундай ўғлимиз бор экан-у, уни ўзимиз жувонмарг қилишимизга сал қолибди, онаси. Шундай эмасми?
— Энди ҳаммаси яхши бўлади, мана, кўрасиз. Ўғлимиз, албатта, тузалиб кетади.
Эру хотин бир-бирига суянишди.
Мавлон қийналди. Жуда узоқ қийналди. Ота-онаси уни бир зум бўлсин ёлғиз қўйишмади. У билан бирга йиғлашди, у билан бирга эзилишди. У билан бирга курашишди. Ҳаёт учун, яшаш учун. Қайтиш учун. Уни шифохонадан қўйиб юборишган куни онаси ўзини қўярга жой тополмас, гўё осмонларда учиб юрарди. Отаси элу юртга ош берди. Худойи қилди. Онаси дўсту душман, ҳамма-ҳаммага меҳрибон бўлиб қолди. Турмуши тикланган ҳар иккала поччаси ҳам тик оёқда барчанинг хизматида бўлишди. Отаси ҳам, онаси ҳам эндигина ўпкаларини тўлдириб нафас ола бошлаган кунларнинг бирида эса тўсатдан Мавлон йўқ бўлиб қолди. Остонада икки кундан сўнг пайдо бўлди. Эшикни очган онаси уни кўрди-ю, оёқлари музлаб, ҳаракатланолмай қолди. Гуп этиб полга йиқилди. Мавлоннинг ияклари қалтирар, кўзлари қип-қизил эди.
Юрагининг мазаси бўлмай, тўшакка михланиб қолгани учун отаси Мавлоннинг тобутини кўтаролмади. Кўзларида ёш билан иккита поччаси елкасига олди.
тамом.
Ваҳоб РАҲИМ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев