Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ул зотга эргашган мусулмонларни иқтисодий қамал қилиб, одамларни улар билан алоқада бўлишдан ман қилиб қўйишгач, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлдилар. Уч йил давом этган иқтисодий қамалдан барчаларининг тинка-мадорлари қуриди.
Хадича онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари рози бўлган ҳолда бор молмулкини инфоқ қилиб юбордилар. Қалблар сабр ва фидойиликда тобланди. Мана энди мўминларнинг онаси ўз манзилига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қайтар эдилар. Бироқ келган пайтларидагидек бой-бадавлатликдан асар ҳам қолмаган эди.
Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг таъқиб қилишлари онамизнинг тинка-мадорини қуритди. Бетоб бўлиб қолганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича розияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб гуллаб яшнашига иштиёқи жуда баланд эди.
Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:
– Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.
– Ундай деманг, онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умму Гулсум розияллоҳу анҳо.
Мўминларнинг онаси ҳаёт билан видолашар экан: “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўлкўлчиликни кўрмади. На фақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабибул Мустафога хотин бўлишим дунём учун кифоя. Охиратим учун эса, энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.
Кўзлари юмила бошлар экан, лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!”
Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол-мулкини Аллоҳ йўлида саховат ила нисор қилиб юборгани учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганининг башоратини берар эдилар. “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Раббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир” (Зориёт сураси, 15–19-оятлар).
Ниҳоят, Раббул иззатга покиза руҳларини топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳо)га ўта вафодор эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юбордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Ойша розияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:
– Қурайш кампирларидан бирини бунча кўп эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермадими? – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:
– Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади!
Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди!
Одамлар ёлғончига чиқарганда, у мени тасдиқлаган эди!
Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида уни менга сарфлаб юборган эди!
Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган, – деган эдилар.
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар” китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1