Туркум ҳикоялар.
1.ҚЎРҚОҚЛИК ФАЛСАФАСИ...
Ҳаётда қўрқоқ одамларнинг борлиги алам қилади, баъзан. Инсонлар билан муносабатда сиз уларни осонгина таний оласиз.
Кўзлари шокосадай катта очилган, ўзини ҳайратланаётгандай кўрсатишга уринаётган кимсалар қўрқоқ бўлади, ишонаверинг.
"Қўрқоқ олдин мушт кўтарар" деган гап бор.Халқ мақоли, ҳақ мақол.Ҳақ гап.
Ўзини мард кўрсатишга уринаётган,
одам биринчи навбатда қўрқоқдир.
..Ёки аксинча, ўзини бефарқ қилиб кўрсатишга уринаётган, айтилаётган гаплар ўзига тааллуқлимасдай беэътибор, кесак кимсалар ҳам аслида қўрқоқ бириларидир...
Масъулиятдан қочаётган одам яна қўрқоқдир, амалини суистеъмол қилаётган ва буни тан олмаётган одам икки карра қўрқоқдир...
Давлат сиёсатини пеш қилиб, ўзини оппоқ кўрсатаётган ва имконияти бўла туриб, сизга ёрдам қўлини чўзмаётган, ишингизни пул билан битказаётган порахўр одам ҳаммасидан қўрқоқдир...
Пул билан, пора билан ҳам ишингизни битказиб беролмайдиган одам қўрқоқнинг учига чиққани, мунофиқнинг тагидир. "Бошимни балога суққим келмайди сиз учун... Мени тинч қўйинг, бошқа биронтадан ёрдам сўранг,-деб қўрқоқлигини тан оладиган одам ҳаммадан қўрқоқдир.
Кузатишларим натижаси бу.
Тажрибалар шуни кўрсатадики,
оддий ишчида, раҳбар бўлмаган кимсаларда бунақа ҳолат яққол кўзга ташланмаслиги мумкин, масъулият, принцип билан ниқобланган бўлади уларнинг қўрқоқлиги.
Лекин қаҳрамонимиз бошлиқ, раҳбар одам бўлса-чи.. Қўлидан иш келадиган, қўлида ҳукми, муҳри бор давлат одами бўлса-чи...
Хўш, бунақа одам нимадан қўрқади? Биринчи навбатда, пора билан сотиб олинган амалидан қўрқади... Пора олаётганини англашларидан, юқоридагилар буни билиб қолишларидан ва оқибатда ўз маслагидан ажралиб қолишдан қўрқади.Лиқиллаб турган, чўлоқ курсисидан қўрқади.( Бу масалалар жуда нозик, айтилмайдиган, коса тагидаги нимкосада бекитиб сақланадиган, сир тутиладигн гаплар.. Мен бу ҳолатларни рақамларга муҳрлаб ҳам изоҳлашим мумкин эди.Аммо, бу битигим суд очерки ёки айбнома эмас, оддийгина ҳикоя. Менам ҳозир проеурор мақомида эмас, оддий қаламкашман, бу фикрлар жиддий далил эмас, оддий кузатиш хулосаларидир... Хуллас, давом этамиз)
Шу сабаб шов-шувдан қўрқади бунақа одамлар.
Сомон тагидан сув қўйвориб иш битказишдан қўрқишмайдию, бунинг юзага қалқиб чиқиб қолишидан қўрқишади.
-Юз минг бераман, ишимни бажариб беринг. Илтимос. Шу ишим битиши зарур.
-Миллион берсангиз ҳам бажариш қўлимдан келмайди. Давлат деган, сиёсат деган гаплар бор... Бизниям юқоридагилар текшириб туришади, дўғон. Сал нарсага оёғим тойиб, ишдан кетиш рискини ололмайман, таваккал қилолмайман.Осонлик билан келдимми мен бу жойгача...
Эътибор беряпсизми, у пора билан амалга ўтирганини тан олаяпти бу гап билан.Иккинчи томондан ўзининг ҳақгўйлигини ниқтаяпти, ҳақгўйлигини пеш қилиб ўз нархини ошираяпти. Сиз унга ҳозир, " Майли бир миллион бераман, илтимос, шу ишимни ҳал қилиб беринг", деб кўринг...
- Албатта, бироз жим қолади, нафси хуруж қилаётган бўлади айни дамда...Ўша, чўнтагига ҳали кириб улгурмаган, миллион манатда хаёли ҳозир унинг. Кўзлари ўша пулларни бармоқларига тупуриб, битталаб, ҳузур қилиб санаётгандай сузилган... чала юмилган, бир алфозда... Ўша миллионнинг таъмини шимаётгандай лаблари қимтилган ҳолатда...
-Майли, ўйлаб кўрамиз,-дейди сўнгра, сизни умидвор қилади. Энди сиз унга боғланиб қоласиз.Кетолмайсиз.Ишингизни битказишидан умидвор бўлиб юраверасиз, бошқасига юз тутолмайсиз, боғлиқ итдай ортидан эргашиб бораверасиз.Энди бўйинтуруғингиз унинг қўлида, ҳар кўйга солиб ўйнатиши мумкин сизни у.
Келинг, бир сафар таваккал қилинг.
Савдолашганда қўрқмай каттароқ нарх қўйинг... Бунинг оқибатида чўнтагингиз йиғлайдиган бўлса-да, иложингиз йўқ.Ишингиз битиши зарур. Битиши эса шу касга боғлиқ.Бир марта эчилинг, порахўрга саховат кўрсатинг..
-Бор барака, икки миллион бераман, рози бўлинг.Икки оёғим бир этикка тиқилиб қолди.Бор умидим сиздан,- денг.
✨
-Қўймадингиз, қўймадингиз-да....Майли, қадрдонлигимиз ҳаққи ҳурмати ишингизни ҳал қилиб бераман.Аммо, тилингизга эҳтиёт бўлинг, ҳеееч қачон, ҳееееч кимга бу ҳақида оғиз оча кўрманг...( қайта-қайта ниқтайди, таъкидлайди) Келишдикми....Бунақа ишлар жимгина ҳал қилинади дейди шивирлаб.Хонада иккингиздан бошқа одам бўлмаса-да, кўрсаткич бармоғини лабига қўйиб, "Ттишшш, секинроқ, девордаям қулоғи бор,-- дейди.(қўрқоқлигининг исботи бу)...
-Хўп,хўп...
Ана энди хавотир олманг.Нақд ишингизни битириб беради. Сизнинг иложингиз йўқ, ундаги бор ҳукм сизда йўқ, ундаги бор имкон сизда йўқ, шунинг учун бу имконни сотиб олишингизга тўғри келади, пора беришингизга тўғри келади... Бекорга ё заринг бўлсин, ё зўринг бўлсин дейишмаган, ахир!
Энди, сизга келадиган бўлсак... У сиздан эмас, сиз ундан илтимос қилиб бордингиз шундайми? Ялиниб-ёлвордингиз, пора таклиф қилдингиз, тўғрими?.Нега? Бошқа иложингиз йўқлигидан, ўзингизда бунақа имкон йўқлигидан.Шундай экан, сизам чидашингизга тўғри келади. Қўрқоққа бўйсунишингизга тўғри келади.Қўрқоқ билан келишишингизга, ўзингиз ҳам қўрқоқ бўлишингизга тўғри келади.
Бу ишлар ёмонлигини, гуноҳлигини, ҳаромлигини била туриб, бош уриб бордингизми, сизам гуноҳкорсиз, сизам қўрқоқсиз.Қўрқоқ эмасман деб кўринг-чи, давлат маъмурларини бу ишдан хабардор қилиб кўринг, кетаётган икки миллион чўнтагингизда қолади, ҳечқурса... Қилолмайсиз, қўрқаяпсиз. Ишингиз битмай қолишидан қўрқаяпсиз." Майли, кетса мендан кетсин, болаларимнинг бошидан садақа, ишим битсин",- деяпсиз. Афсуски, бу садақа эмас, бу- пора.(садақа эзгулик йўлида қилинади, бирон манфаат йўлида эмас...) Гапимдан хафа бўлманг...
Раъно Умидбахш.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев