Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бирининг боғига кирдилар. У ерда бир туяни кўрдилар. Туя Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан инграб кўзларидан ёш тўкди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашиб бошини силадилар. У жим бўлди. Сўнгра сўрадилар:
-Бу кимнинг туяси?
Ансорлардан бир йигит келди ва “Меники, эй Аллоҳнинг Расули!”, деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб:
-Аллоҳдан қўрқмайсанми бу жонивор тўғрисида?! Аллоҳ уни сенга мулк қилиб берган. У менга сендан шикоят қилаяпти. Сен уни қаттиқ ишлатар экансан, оч қолдирар экансан, қийнар экансан!
Бугун ўзларини ривожланган ҳисоблаб бизга инсон ҳуқуқларидан лекция ўқийдиганлар билиб қўйсинларки, биз 1400 йил олдин инсонни уёққа қўйиб турайлик, ҳатто ҳайвонлар ҳуқуқини талаб қилиб лекциялар ўқиганмиз. Биз динимизни янги тутган вақтимизда бутун қадриятлар оёқ остида эди. Ҳурматлар суистимол қилинган, мол, жон ҳалол ҳисобланар эди. Биз бутун оламга адолат билан ҳукм қилдик. Инсониятни тараққиёт сари етакладик. Исломга енгил қараган кунимизда эса ортда қолдик, тўхтаб қолдик. Бу умматнинг охири аввалгилари тузалган нарса билан тузалади. Яъни, китоб ва суннат билан.
Аллоҳнинг энг суюкли исми Раҳмондир. Аллоҳ бандалари ичидан раҳмлисини яхши кўради. Инсонга раҳмлисини, ҳайвонга раҳмлисини, дарахт ва ўсимликларга раҳмлисини яхши кўради...
Аллоҳ бандасига берадиган ризқнинг энг гўзали махлуқотларга нисбатан раҳм ва шафқат туйғусидир. Чунки, раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳайвоннинг оч қолишига, қаттиқ ишлатилишига, қийналишига рози бўлмадилар. Бу дин ўз тобеларини инсонийликнинг энг юксак чўққисига кўтарди. Уларни ҳайвонларга раҳм қилишга ундади. Инсонларни энди қўяверасиз!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга Бани Исроилдаги бир аёл бир мушукни қийнаб овқат бермагани ва у мушук оч қолиб ҳалок бўлгани учун Аллоҳ у аёлни дўзахга киритганини айтишлари билан бизга руҳлар, жонлар гарчи ҳайвонники бўлсада уни эҳтиром қилишни ўргатаяптилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир киши саҳрода кетаётиб чанқаганини, сўнгра бир қудуққа тушиб сув ичганини, сўнгра ўша атрофда бир ит нам ерни ялаб турганини кўриб қолганини, унга раҳми келиб оёқ кийимида сув олиб чиқиб унга берганини, Аллоҳ уни шу иши учун мағфират қилганини айтиб беришлари билан кимки махлуқотга қанақа сифат билан муомала қилса Аллоҳ ҳам унга ўша сифат билан муомала қилишини ўргатдилар. Ким раҳм қилса раҳм қилинади, ким раҳмсиз бўлса унга ҳам раҳм қилинмаслигини англатмоқчи бўлдилар.
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади:
“ Масъуд Ҳамадоний кечириш ва авф қилишни яхши кўрар экан. У кишиларни ҳам кечиришга тарғиб қилар, унга даъват қилар экан. Ким ундан узр сўраб келса унинг узрини қабул қилар, уни авф қилар унга: “Ўтмиш эсланмайди” , дер экан. У вафот қилганида солиҳлардан бир киши уни тушида кўриб сўрабди:
-Эй Масъуд! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?
Масъуд жавоб берибди:
-Аллоҳ таоло мени ҳузурида турғизиб қўйиб: “Ўтмиш эсланмайди. Уни жаннатга киритинглар”, деди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев