"Жижи" аслида қандай бўлган эди?
Домла Каримберди Тўрамурод бу воқеани кимдан эшитганларини билмайман, тахмин қиламан. Лекин ажойиб тасвирлаганлар. Ҳозир Сизларга асли қандай бўлган бўлса нуқта вергулигача қолдирмай ўз ҳолича етказишга ҳаракат қиламан.
Бу воқеа анча йиллар олдин, бизнинг оила аъзолари ва меҳмонимиз Фарғоналик Севарахон ўртасида бўлиб ўтган эди. Оғиздан оғизга ўтиб анчагина машҳур ҳам бўлиб улгурди.Меҳмонлар учун сомса ва манти қилаётган эдик ўшанда. Севарахон ҳам бизга ёрдам бераяпти. У ёқ бу ёқдан гурунглашиб туриб гап болалик, болалик ўртоқларимиз, болаликдаги дўстликнинг мустаҳкам бўлишига бориб тақалди.
---Мани эрим ва учта ўртоқлари боғчадан дўст.---деди Севара.---Ҳозиргача яхши ёмон кунда бирга. Ман жижиласам ҳатто мани кўргани банисага келишибти!
Севара мамнун кулди. Акамнинг аёллари Дилорахон янгамуллом букаётган мантилари қўлларида Севарага ҳайрон бўлиб қарадилар.
---Сизларда жижиласангизлар больницага ётасизларми? Кейин... эрга тегиб жижилаганмисиз?
Севара янгамулломдан бадтар ҳайрон бўлиб ҳатто кўзлари катта катта бўлиб очилди.
---Сизлар нима, уйда жижилайсизларми? Кейин эрга тегиб жижиладингизми деганингиз нимаси?
---Бизда жижилаган бирор киши ҳали касалхонага ётмаган. Кейин бизда жижиси бўлмаса эр ҳам олмайди.---суҳбатга синглим Зебинисо қўшилди.
---Аааа?! Вой товбааааа...---Севара энди бутунлай карахт бўлиб қолгандай эди.---Бизда аввал эрга тегиб кейин жижилаймиз. Кейин ҳамма банисага ётади. Уйда эркаклар бор, ундан кейин оғриғига чидашни айтинг. Ҳар ҳолда дўхтирлар назоратида бўлган маъқул.
---Кенг кўйлак кийиб юраверамиз, эркакларга сездирмай. Оғриб оғриб чиқадида, ўшанга дўхтирга бориб ётиб оласизларми? Яна эрни ўртоқлари кўргани бориши...
Биз, яъни Бухороликлар енгил истеҳзо билан кулдик.
---Вой буни кулгили ери йўқ. Анча бозорлик қилиб мева чева, шашликлар оборишган. Яна жижимга пул ҳам қистиришган.
---Жижингизни кўрсатдингизми ўшаларга? Иби товбааааа...
---Ҳааа, нимага кўрсатмайман? Эрим бўлса бошимда, жижимни кўрсатсам нима бўпти? Лекин роса кўп пул беришган!
---Севарааааа!... Сизга ҳайрон қолаяпман!
Боятдан бери жим ўтирган Дилнора синглим шундай деб бош чайқади. Севара индамади,лекин ҳаммамизга бир бир қараб чиқди. Унинг кўзларида ғалати ифода бор эди. Кейин манга нигоҳини қадаб жиддий сўради:
---Булар рост айтишяптими? Эрга тегмай туриб жижилайверасизларми?
---Эрга жижисиз тегмаймизку ахир? Ўша эрни, қариндош уруғини кўзи бор, бу эркак нусха бежижи кимга керак демайдими?--жавоб бердим мен.
---Ғалати экансизларууу? Бизларда унақамас.
Севара ҳам, биз ҳам жимиб қолдик. Севара охирги гапини айтмоқчи бўлди шекилли яна жимликни бузиб соф водийча оҳангда деди:
---Жижини кўрсатиш уятбас бизада. Лекин эмизиб ўтириш уят.
---Ие? Буёғи қизиқ экан! Кўрсатиш уятмас экану, эмизиш уят экан!
Янгамулломнинг бу гапларига Севара энди асабийроқ жавоб берди:
----Туғруқхонадан келсангиз, жижини бешикка бойлайдими ахир? Шунда аёллар кўргани келишадими? Кўрсатмайман деб бошқа хонага чиқариб қўймийсизууу миттигина жижичани!
Бир нимани фаҳмлагандай бўлдик. Зебинисо синглим сўради:
---Севара опа, ўзи жижи деди нимани айтяпсиз? Чақалоқни назарда тутяпсиз шекилли?
---Ҳа, яна қанақа жижи бор?
---Бизда аёллар кўкрагини жижи дейдида ахир!
Севара оғзи ярим очилиб анграйиб қолди бир муддат.
---Нимааа?Аёллар кўкрагини?Ман Бухороликлар уятсиз экан,тўйдан аввал жижилаб оларкан деб ўтирибмануууу!---деди ҳайратомуз.
---Биз эса Сизни..... Ваҳ ҳа ҳа ҳа ҳа ҳааааа!...
Кулгудан думаладик ишонсангиз.
Муаллиф: Зейл Лейла Мустафасайяр
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2