Атрофи тўла одаму ёлғизлар кўп бу оламда. Юзлаб яқинлари бору, битта қадрдони йўқ одамлар бор, орамизда...
Аллоҳим мени хўп сийлаган.
Битта бўлса ҳам ўнтага татийдиган дўстим, тутинган синглим, ўзининг эътирофи бўйича шогирдим, ҳамкасбим бор.
Нима қийинчилик келса, туриб берадиган, шодлигимда ўзимдан ортиқ севинадиган жигаримдек яқиним у. Турмуш ўртоғи ҳам ўзига мос, ажойиб йигит, биргаликда тўртта фарзандни тарбиялаб келишяпди
.
Бугун сизга қизиқ бир воқеани гапириб бермоқчиман.
Яқинда яна битта неваралик бўлдик, алҳамдулиллаҳ. Қизимга қовурдоқ берадиган бўлиб, директордан рухсат сўраш учун бирровга мактабга бордим. Чиқиб кетаётсам юзлари қуёшдек кулиб Гулбаҳор кириб келяпди. Қўлида чиройли халтача. Қучоқлаб олди, табриклади ва қўлидагини "Бу сизга суюнчи!"— деб тутқазди. Шошиб турган эдим, миннатдорчилик билдириб қўлидагини олдиму, кўчага отилдим. Ортимдан " Феруза опа, бизага нима хизмат? "деб қолди. Узоқдан қўлим билан раҳмат ишорасини қилдим.
Уйга келгач, совғани олдим. Бежирим, чиройли сочиқлар комплекти. Яхши кунларида қайтаришни ният қилдим.
Эртасига чақалоқ сарпаларини тайёрлаётган келинларимга конфетларни Гулбаҳор олиб келган чиройли халтага солишларини топширдим.
Қариндрш-уруғлар билан қудамларникида кичкинтойнинг дунёга келганини байрам қилиб қайтиб келдик.
Орадан икки кун ўтиб — бугун Нозимахон қизим" Ойижон доллар йўқотмадингизми? "—деб хатжилдга солинган пул кўтариб чиқдилар. Қаердан олдингиз десам ,"Қуда холам қўйган конфетингизни икки килосини қайтарибдилар, музлаткичга жойлаб, пакетни қоқиб олиб қўймоқчи эдим, ичидан тушди", —дедилар.
"Вой, ўлмасам қудаларнинг пули келиб қолдими?",—деб шошиб қолдим.
" Бу пакетни ким берган эди-я? "
Кейин Гулбаҳор эсимга тушди.
Қўнғироқ қилсам, ҳар доигидек кулиб суюнчига бериб кетганлигини айтди...
Чин юракдан деган гап бор. Гап пулда эмас. Гап шу пакет айланиб уйга қайтиб келганида ва мен қадрдонимнинг ўзимга қилган навбатдаги эътиборини, чин дилдан қилган яхшилигини билиб қолганимда...
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3