БАЙРАМЛАРГА БОЙ ОЙ
Бу йил эрта баҳордан оммавий ахборот воситалари орқали Россия ва Қозоғистоннинг кўплаб ҳудудлари сув тошқинларидан талафот кўрганига гувоҳ бўлдик. Ўтган ҳафта анча серёғин келиб, республикамиз ва қўшни мамлакатларнинг айрим районларида сув тошқинлари юз берди ҳамда экинзорлар сел ва дўлга дуч келди. Мана шу табиий офатларни кўз олдимга келтирарканман, беихтиёр собиқ Совет Иттифоқи даврида ҳам юз берган ана шундай ҳодисалар хотирамда гавдалана бошлади.
Кўпинча апрель-май ойларида янги униб чиқаётган ғўза ниҳолларини баҳорги ёмғир ва дўллар ёғиши натижасида қатқалоқ қоплаб, ер юзасига чиқиб кетолмай қоларди. Тез орада қатқалоқдан бўшатилмаса, ниҳоллар нобуд бўлиши ва йиллик ҳосил етиштириш муаммога айланиши мумкин эди. Шунда район раҳбарларининг рухсати билан мактаб ўқувчилари дала ишларига сафарбар этиларди. Уларнинг ёрдамида ғўзалар қатқалоқдан бўшатилиб, ягана ҳам қилинарди. Май байрамларини ўқувчилар кўпинча далада ўтказишарди. Агар об-ҳаво яхши туриб, дала ишларида болаларга эҳтиёж бўлмаса, Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни ҳисобланган 1 май шарафига район марказида намойиш ўтказиларди. Бундай оммавий тадбирларда меҳнат жамоалари билан бир қаторда мактаб ўқувчилари ҳам сафларни тўлдириб, қўлларида алвон байроқлар ва шиорлар, бошқа ранг-баранг транспарантларни кўтариб, шахдам қадамлар ташлаб параддан ўтарди.
Бугунги кунда Қирғизистонда, дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, халқаро байрам — Меҳнат куни нишонланади. У дастлаб Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни деб номланган эди. Ушбу байрамнинг тарихи 1886 йилга бориб тақалади. 1 май куни америкалик ишчилар Чикагода 8 соатлик иш кунини талаб қилиб, иш ташлашни ташкил қилишган. 1889 йил июль ойида II Интернационалнинг Париж Конгресси ишчиларнинг ўша намойиши хотирасига бағишлаб ҳар йили 1 май куни намойишлар ўтказишга қарор қилган. Биринчи марта Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни 1890 йилда Австрия-Венгрия, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Италия, АҚШ, Норвегия, Франция, Швеция ва бошқа баъзи мамлакатларда нишонланган.
Узоқ вақт давомида май куни инқилоб, муросасиз синфий курашнинг рамзи бўлиб, сиёсий арбоблар, ишлаб чиқариш илғорларининг портретлари, шиорлар, мурожаатлар, халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг у ёки бу соҳасидаги ютуқлар ҳақидаги плакатлар ва диаграммалар билан безатилган намойишлар иштирокида нишонланган эди.
Бугунги кунда ушбу байрам дунёнинг 142 мамлакати ва ҳудудида 1 май ёки май ойининг биринчи душанбасида нишонланади. Бир қатор мамлакатлар учун одамларни касаба уюшмалари байроғи остида йиғиш анъанаси ҳанузгача сақланиб келмоқда. Бироқ аксарият мамлакатларда бу ҳали ҳам сиёсий байрам эмас, яъни Меҳнат куни, халқ сайиллари, санъаткорларнинг чиқишлари, ярмаркалар, тинч юришлар ва кўплаб кўнгилочар тадбирлар ташкил этиладиган ёрқин баҳор байрами бўлиб ҳисобланади.
Меҳнат кодексига кўра, 1 май Қирғизистонда расмий байрам -Меҳнат куни. СССР даврида яшаган кўпчилик одамлар байрамнинг асл номи – Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик кунини ҳали ҳам эслашади. Расмий равишда собиқ Совет Иттифоқида 1 май байрам сифатида 1917 йилда нишонланган. Икки йилдан сўнг ҳозирги Қирғизистон ҳудудида Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни тан олинган. Шундан бошлаб май намойишлари барча Совет фуқаролари учун анъанага айланган. 1928 йилда РСФСР Халқ Комиссарлари Совети Марказий Ижроия Комитетининг қарори билан 1 ва 2 май дам олиш кунлари деб эълон қилинган.
Совет Қирғизистонида, СССРнинг барча республикаларида бўлгани каби, байрам ҳам май намойишлари, спорт тадбирлари ва халқ байрамлари билан кенг нишонланган. СССР парчаланганидан кейин бу байрам шунчаки дам олиш кунига айланган. Баъзан шу куни касаба уюшмаларининг кичик гуруҳлари, жамоат ташкилотлари ва коммунистик партия фаоллари ўз тадбирларини ўтказадилар. Қирғизистонда 1 май куни кўплаб собиқ Совет республикалари каби ушбу байрамни табиат қўйнида сайр қилиш билан ўтказиш анъанаси сақланиб қолган.
Май ойи, дарҳақиқат, байрамларга бой ой ҳисобланади. 3 май – Бутунжаҳон туркий халқлар бирдамлиги куни, 7 май эса Радио куни сифатида белгиланса, 9 май Ғалаба байрами қатори кенг миқёсда нишонланади. 12 май – Халқаро тиббий ҳамширалар куни, 14 май – Халқаро оналар куни, 15 май – Халқаро оила куни, 18 май – Халқаро музейлар куни, 19 май – СССРда пионер ташкилоти тузилган кун, 28 май – СССР чегарачилар куни, 30 май - Халқаро феминизм куни бўлиб, жасоратли француз аёли Жанна д’ Арк хотираси шарафига қабул қилинган, 31 май эса Халқаро тамакисиз кун сифатида эътироф этилади.
1971 йили 9-синфда ўқирдим. У пайтларда 5 май Совет Иттифоқининг асосий матбуот нашри ҳисобланган “Правда” газетасининг илк сони чиққан сана Матбуот куни сифатида нишонланарди. Шу кун муносабати билан Ўшдан, “Ленин йўли” (ҳозирги “Ўш садоси”) газетаси муҳарририятидан фаол қишлоқ мухбири сифатида тадбирда иштирок этишга таклифнома олган эдим. Оддий бир ўқувчи болага шунчалик эътибор қаратиб, нуфузли тадбирга чақиришгани ёшлар, истеъдод эгаларини эътироф этиш, уларни илҳомлантириш ва рағбатлантиришнинг бир кўриниши эди. Ҳатто ўша йили рус тилида чиқадиган “Ленинский путь” (кейинги номи “Эхо Оша”) область газетаси редакцияси мени Сузоқ райони ва Жалолобод шаҳрида турар жой, коммунал хўжалиги фаолиятини текшириш мақсадида уюштирилаётган қўшма рейдда қатнашишга ҳам чақирган эди. Ёзган хабар ва мақолаларим ҳамон маҳаллий, область ва гоҳида республика газеталарида босилиб турарди.
Совет Иттифоқи даврида меҳнат илғорлари муносиб рағбатлантирилиб, давлатнинг юксак мукофотларига тавсия қилинар, номзодлари республика ва Иттифоқ Олий Советларига илгари сурилар, сайловларда депутат бўлиб сайланардилар. Донгдор колхозчиларга мукофот тариқасида ўша пайтда камёб саналган кийимлик матолардан барқут, хонатлас, уй-рўзғор буюмларидан кир ювиш машинаси, тикув машинаси, гилам, полос, транспорт воситаларидан велосипед, мопед, мотоцикл, енгил автомашина ва ҳоказолар бериларди. Мукофотлар одатда колхоз бошқармасининг олти ойлик ёки йиллик ҳисоботидан сўнг бериларди. Тадбир ниҳоясида Ўшдаги Киров номли (ҳозирги Бобур номли) область мусиқали драма театри артистлари ижросида катта дастурда концерт намойиш этиларди.
Айниқса, олти ойлик ҳисобот айни ёзнинг этаги, пахта теримининг олдидан бўларди. Шунинг учун колхозчилар концерт кўриб, мириқиб маданий ҳордиқ чиқаргандан кейин график асосида бригадалар бўйича ажратилган катта автобусларда кўпинча Шоҳимардон томонларга бир қўйни олиб, бир кеча ётоғи билан саёҳатга бориб келишарди. Анча йиллар илгари эса колхозчилар Жалолободдаги Мозорбувам (курорт)га ва Арслонбобга юк машинасида, кузовига тўшаклар тўшаб, бир қўйни олиб бутун бригада билан бориб дам олиб келишарди.
Корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари ходимлари, колхоз аъзолари ва совхоз ишчи-хизматчиларининг кўнгилли дам олишлари учун маъмуриятлар касаба уюшмалари билан ҳамкорликда шарт-шароитлар яратиб беришарди. Агар ходим навбатдаги меҳнат таътилига чиқадиган бўлиб, курорт ва санаторийларда саломатлигини мустаҳкамламоқчи ёки турист сифатида чет элларга саёҳатга бормоқчи бўлса унга имтиёзли нархда йўлланмалар бериб, оқ йўл тилашган. Бунда биринчи навбатда амалдорларга эмас, оддий ходимларга кенг йўл очилган. Оддий колхозчи ёки ишчининг малакали мутахассис ёки бирор корхона раҳбари қатори камёб саналган Қора денгиз бўйидаги курортларга йўлланма олишга бемалол имконияти бўларди. Илғор колхозчилар, ишчилар билан бир қаторда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, мактаб юқори синф ўқувчилари ҳам гуруҳ бўлиб саёҳатга чиқиши мумкин эди.
“Спутник” халқаро туристик бюросининг йўлланмалари билан кўплаб ёшлар, меҳнат илғорлари чет элларга, хусусан, социалистик давлатлар ва СССР билан ижобий муносабатдаги капиталистик мамлакатларга саёҳатга бориб келишар эди. Бунда, албатта, корхона ва муассасанинг касаба уюшмаси ташкилоти ўз ишчи-ходимларига ғамхўрлик кўрсатиб, уларга имтиёзли нархда йўлланмалар тақдим этар эди.
Т. ХАЙРУЛЛАЕВ
Суратларда:
1. Сузоқ қишлоғида байрам намойиши. 1977 йил.
2. Дам олишга келган колхозчилар. Гагра, 1977 йил.
3. Мактаб ўқувчиларининг Тошкентга саёҳати. 80-йиллар охири.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев