Мана, фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги нишонланадиган кунларга ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Илгари жанггоҳларда қон кечиб, ҳар он ўлим билан юзма-юз ҳолда душманга қарши мардона курашиб, зафар қучиб қайтган ота-боболаримиз сафи йилдан-йилга сийраклашиб боряпти. Биргина Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Сузоқ туманидаги Ирис қишлоқ аймоғидан фронтга жўнаган минглаб йигитлардан беш юздан ортиқ нафари жанггоҳлардан қайтмаган. Қишлоқ аймоғи марказидаги Ёрқишлоқда улар шарафига ўрнатилган ёдгорлик пойи ҳар йили Ғалаба байрами арафасида гулчамбарларга буркалади. На иложки, ўтган йиллар оралиғида кўплари оламдан ўтиб, улар сафида ҳозир бир нечагина фахрий қолди. Ана шу табаррук отахонлардан бири ёрқишлоқлик Тешабой ҳожи ота Ашуров бўлади. Қуйида ўша жасоратли инсон ҳақидаги лавҳамизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Юксак эҳтиром
Тешабой ҳожи ота билан ҳамқишлоқмиз. Кўпинча жума кунлари намоздан сўнг отахонни масжидда зиёрат қиламан, ҳол-аҳвол сўрашаман. Эрта баҳор кунларининг бирида уни йўқлаб хонадонига бордим. Бир-икки қадрдонлари келиб, унинг суҳбатини олиш баҳонасида чойхонага олиб кетишган экан. Қайтиб кетмоқчи бўлиб тургандим, набираси мени тўхтатиб, эшигига Ватан уруши ордени тасвири атрофига “Буюк Ғалабага 70 йил” деган ёзув акс эттирилган оқ рангли “Матиз”га ўтирди-да, “Ҳозир опоқдадамни олиб келаман, бир оз кутиб туринг”, дея ғизиллаганича қишлоқ маркази томон кетди. Ҳаш-паш дегунча машина қайтиб келди. Юзида ним табассум билан ҳожи ота машинадан тушаркан, мен унинг истиқболига пешвоз чиқдим.
- Эски жўраларимнинг ўғиллари, Россиядан келишибди, унамаганимга қўймай, бир пиёла чойга таклиф қилишганди. Оталаримизнинг жўраси эдингиз, деб мени йўқлаб келишибди, Аллоҳ рози бўлсин, - деди мамнун ҳолда ҳожи ота ва бундан роппа-роса 8 йил аввал бўлган бир қувончли воқеани айтиб берди.
Май ойининг бошлари эди ўшанда. Тешабой ота Москвага, Қизил майдонга Ғалаба парадида қатнашиш учун борармиш, деган хушхабар бутун қишлоққа таралди. Буни эшитганлар ҳақиқат бор экан-ку, Берлингача фашистни қувиб борган одамни тан олиб, Москвага чақиришибди, дея ҳам ҳайратланишди, ҳам фахрланишди. Отахонни Россиянинг пойтахтига иззат-икром билан кузатишди. Бишкеккача енгил машинада, сўнг самолётда Москвага эсон-омон етиб келди. Қишлоқда ва Бишкекда уни қандай кузатиб қўйишган бўлса, Москвада ҳам ана шундай самимий кутиб олишди.
- Дастлаб Москвага боришимга ўзим ҳам унчалик ишонмадим, - деди Тешабой ҳожи ота ўша кунларни эслаб. – Мурувватли ҳамқишлоқларимнинг Ғалаба кунини Москвада, Қизил майдонда кутиб олишим учун олиб боришмоқчи эканлигини эшитиб, аввал ҳаяжонландим. Кейин ўзимнинг соғлиғим, шароитимни ҳисобга олиб, уларнинг таклифига рози бўлдим. Чунки ўзингиз кўриб, урушдан қайтгач, умр бўйи ҳеч қаёққа бормай, шу битта колхозда меҳнат қилдим, пенсияга чиқдим, ҳаж сафарига бориб келдим. Транспортнинг ҳар қандай турида юра олишим учун сафар қийинчиликларидан чўчимадим.
Москвада бир неча йиллардан бери яшаб, Россия фуқаролигини олган ҳамқишлоқлари уни қизғин кутиб олишди ва уйларига олиб бориб, меҳмон қилишди. Отахонни шарқона чойхоналарга олиб боришиб, ўзимизнинг девзирага ош дамлаб, зиёфатлар беришди. Россия пойтахтининг диққатга сазовор жойлари, музейларини айлантиришди. Айниқса, уруш қатнашчилари орзу қилган Москванинг Қизил майдонида Ғалаба парадининг шоҳиди бўлганини бир умр унутмайди.
- Ғалаба куни мен миллий кийим-бошда бўлганим, Ўрта Осиёдан келганим яққол кўриниб тургани, кўксим орден ва медалларга тўла бўлгани учун соқчилар кўп ушлаб туришмай, Қизил майдонга киришга рухсат беришди, - дейди отахон сафар таассуротларидан сўзларкан. - Биринчи навбатда журналистлар ўраб олишди. Қўлларида фотоаппарат, микрофон тутган эди улар. Ҳам видеога тортишяпти, ҳам саволга тутишяпти. Ёш ўқувчи қизлар, болалар келиб кўксимдаги орден-медаллар, ажинли юзим, оппоқ соқолимни силашади... Қисқа, лекин жуда ҳаяжонли дамларни бошдан кечирдим. Қайноқ ёшлигим, оловли уруш йиллари ёдимга тушди...
Ватан учун, Ғалаба учун!
1942 йилнинг ёзида ёрқишлоқлик 18 ёшли Тешабой Ашуров фронтга чақирув қоғозини олди. Дастлаб уларни Пензада жанговар-ўқув тайёргарлигидан ўтказишди. Кейин Калинин фронтига юборишди. Сўнг Рокоссовский қўмондонлик қилган қўшинлар таркибида Орёл ва Курск йўналишидаги жангларда қатнашди. Тула шаҳри учун бўлган жангларда оёғидан яраланиб, госпиталда даволанди.
Урушдан аввал колхоз карвон саройида отларни парваришлаш билан шуғулланган Тешабой Ашуров 1943 йили машҳур ҳарбий саркарда Жуков қўмондонлик қилган қўшинлар сафида жанг қилди. Улар Белоруссия қишлоқларини немис-фашистлардан тозалар эдилар. Разведкачилар бир қишлоқдаги чекка уйларнинг бирида немис аскарлари жойлашганини билиб келдилар. Уларни қўлга туширмоқчи бўлиб кечаси Тешабой ака шериклари билан ўша уйга боришади. Уларнинг тўсатдан бостириб киришини хаёлига ҳам келтирмай донг қотиб ухлаб ётган 3 немисни асир олиб, командирлар қўлига топширишган эди.
Ефрейтор Ашуров ва унинг шериклари тутиб келган душман асирлари учун қўмондонлик уларни муносиб тақдирлади. Ўшанда Тешабой аканинг кўксини биринчи жанговар мукофот – 3-даражали Шуҳрат ордени безади. Кейин 1-Украина фронтида сапёрлар батальонида жанг қилди. Мина изловчилар қисмларимизнинг олға ҳаракат қилишларига катта имкониятлар яратиб берардилар. Улар жуда кўп марта йўллар, кўприклар ва муҳим объектларни душман миналаридан зарарсизлантиришда иштирок этдилар. Ана шу масъулиятли вазифаларни яхши уддалагани учун қўмондонлик Тешабой Ашуровни Қизил Юлдуз ордени билан мукофотлади.
Минскни фашистлардан халос этишда Тешабой аканинг кураги осколкадан яраланди. Госпиталда ётиб даволангач, у яна жангга кирди. Бу орада қўшинларимиз босқинчиларни қувиб борар, узоқ кутилган Ғалаба манзили борган сари яқинлашар эди. Кичик сержант Тешабой Ашуров машҳур саркарда Жуков қўмондонлигидаги минглаб аскарлар сафида фашистларнинг сўнгги уяси бўлган Берлинни ишғол қилишда қатнашганлигидан ҳанузгача фахрланади. Жанговар мукофотлар қаторида Олий Бош қўмондон Совет Иттифоқи маршали ўртоқ И.В. Сталин буйруғига биноан Гомель, Бобруйск, Волковиск, Белосток, Остроленка шаҳарларини немис-фашистлардан озод қилиш, Прут дарёсини кечиб ўтиш ва душман мудофаасини ёриб ўтишда кўрсатган жасорати учун қўмондонликнинг ташаккурномаларини олган. Уларнинг ҳаммасини кекса жангчи муқаддас ёдгорлик сифатида кўз қорачиғидек асраб келмоқда.
- Уруш тугагач, - деб эслайди кекса жангчи, - командирларимиз уйга совға-салом юборинглар, деб буйруқ беришди. Биз уларнинг айтганини бажариб, қўшинларимиз томонидан ўлжага олинган яп-янги, ҳали ёрлиқлари ҳам олиб ташланмаган кийим-кечаклардан посилка қилиб, почта орқали уйга жўнатдик. Бу бизнинг эсон-омонлигимиз ва немис-фашистлар устидан ғалаба қозонганимизнинг белгиси эди. Кейин халқнинг талабига биноан биз, ғолиб совет солдатлари, Германиядан Белоруссиягача пиёда келганмиз. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқда одамлар кўзларида ёш, қўлларида гул ва нон-туз билан кутиб олишган эди. Белоруссияда хизматни давом эттира бошладик. Сўнг менга уйга бориб келишим учун 45 кунлик таътил беришди.
Яқинлари билан бир ярим ойлик дийдорлашувдан кейин Тешабой Ашуров хизматни Тошкентда давом эттирди. Бу ерда у 203 миллиметрли артиллерия қисмида хизмат қила бошлади. Кекса артиллериячининг эслашича, 30 километр масофадаги нишонни ура оладиган ва ҳисобида 13 жангчи банд бўладиган бу оғир замбаракни нақд 2 та С-100 русумли занжирли трактор судрар, стволининг ўзи бамисоли чинордек келарди.
Ҳамиша эъзозда
Тешабой Ашуров 1947 йили ҳарбий хизматни тугатиб, она қишлоғига қайтди. Кўп йиллар колхоз карвон саройини бошқарди. От-улов асосий транспорт воситаси ҳисобланган машаққатли йилларда Тешабой ака саройдаги отбоқарлар билан ҳалол меҳнат қилиб, колхоз иқтисодиётини кўтаришга ўз ҳиссасини қўшди.
Уруш ва меҳнат фахрийси, табаррук отахонни қишлоқ аҳли ҳурмат қилиб, тўй-ҳашамлар, издиҳомларда уйларининг тўрига ўтқазади, ҳамма хонадоннинг азиз ва мўътабар меҳмони бўлади. Ирис қишлоқ аймоғининг фаоллари, Ёрқишлоқдаги Бобур номли 5-умумтаълим ўрта мактабининг ўқитувчилари, юқори синф ўқувчилари отахондан тез-тез хабар олиб туришади. Дарвоқе, ўтган йили Ғалаба куни арафасида ўқитувчилар Нафиса Қурашева, Гулбаҳор Тоштемирова, Умида Юсупжонова бир гуруҳ ўқувчилар билан отахоннинг хонадонида бўлиб, уни зиёрат қилдилар, байрам билан табриклаб, совға-саломларини топширдилар, ўзлари тайёрлаб келган кичик концерт дастурини намойиш қилдилар.
Ўзининг 96-баҳорини қаршилаган ҳожи ота билан хайрлашарканмиз, Аллоҳдан унга мустаҳкам иймон, сиҳат-саломатлик, умрига умр қўшишини тиладик. Отахон ҳам фотиҳага қўл очиб, ҳамқишлоқлари, узоқларда муҳожирликда меҳнат қилиб юрган юртдошлари, ўсиб келаётган ёш авлод ҳақларига дуо қилиб, улардан бир умр рози эканлигини айтди.
Тоҳиржон ХАЙРУЛЛАЕВ,
Қирғиз Республикаси Журналистлар уюшмасининг аъзоси.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 1
Лекин бизда хозирги ёшлар буни кадрига етмайди .