Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сиздан дунёу охиратга етарли нарса ҳақида сўраш учун келдим“, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёлингга келганини сўрайвер“, дедилар.
У: “Энг илмли инсон бўлишни истайман?“ деди.
У зот: “Аллоҳга тақво қил, одамларнинг энг илмлиси бўласан“, дедилар.
- “Одамларнинг энг бойи бўлишни истайман?“ деди.
- “Қаноатли бўл, одамларнинг энг бойи бўласан“, дедиларл.
- “Одамларнинг энг адолатлиси бўлишни хоҳлайман?“.
- “Одамларга ўзингга раво кўрган нарсани раво кўр, уларнинг энг адолатлиси бўласан“.
- “Одамларнинг энг яхшиси бўлишни хоҳлайман?“
- “Одамларга энг кўп манфаат етказадигани бўл, уларнинг энг яхшиси бўласан“.
- “Одамларнинг ичида Аллоҳнинг энг хос бандаси бўлишни хоҳлайман?“
- “Аллоҳнинг зикрини кўпайтир, Аллоҳнинг энг хос бандаси бўласан“.
- “Иймоним комил бўлишини хўҳлайман?“ -
“Хулқингни гўзал қил, иймонинг комил бўлади“.
- “Муҳсин - ҳақиқий яхшилик қилувчилардан бўлишни истайман?“
- “Аллоҳга У Зотни кўриб тургандек, агар У Зотни кўриб тургандек бўлолмасанг, У Зот сени кўриб турганини ҳис этиб ибодат қил, муҳсинлардан бўласан“.
- “Итоатлилардан бўлишни хоҳлайман?“ -
-“Аллоҳнинг фарзларини адо эт, Итоатлилардан бўласан“.
- “Аллоҳга гуноҳлардан тоза ҳолда йўлиқишни истайман?“
- “Жанобатдан ғусл қилиб, покланиб юр, Аллоҳга гуноҳлардан тозаланган ҳолда йўлиқасан“.
- “Қиёмат куни нур ичра тирилишни хоҳлайман?“
- “Ҳеч кимга зулм қилма, Қиёмат куни нур ичра тириласан“.
- “Қиёмат куни Роббим менга раҳм қилишини хоҳлайман?“
- “Ўзинга ва У Зотнинг бандаларига раҳм қил, Қиёмат куни Роббинг сенга раҳм қилади“.
- “Гуноҳим камайишини хоҳлайман?“
- “Истиғфорни кўпайтир, гуноҳинг камайиб бораверади“.
- “Одамларнинг энг мукаррами бўлишни хоҳлайман?“
- “Ўз ҳолингдан бировга шикоят қилма, одамларнинг энг мукаррами бўласан“.
- “Одамларнинг энг кучлиги бўлишни истайман?“
- “Аллоҳга таваккул қил, одамларнинг энг кучлиги бўласан“.
- “Аллоҳ менга ризқимни кенг қилишини хоҳлайман?“
- “Доим таҳоратли бўл, Аллоҳ сенга ризқингни кенг қилади“.
- “Аллоҳ ва Расулининг севиклиси бўлишни хоҳлайман?“
- “Аллоҳ ва Расули севган нарсаларни сев, Аллоҳ ва Расулининг севиклиси бўласан“.
- “Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабидан эмин бўлишни истайман?“
- “Аллоҳнинг ҳеч бир махлуқига ғазаб қилма, Аллоҳнинг ғазабидан эмин бўласан“.
- “Дуойим ижобат бўлишини истайман?“ -
“Ҳаром ейишдан узоқ бўл, дуойинг ижобат бўлади“.
- “Роббим Қиёмат куни мени сатр қилишини - айбларимни яширишини истайман?“
- “Биродарларингнинг айбларини яшир, Аллоҳ Қиёмат куни сенинг айбларингни яширади“.
- “Гуноҳлардан нима нажот беради?“ -
“Кўзёшлару, тазарруълару касалликлар“. -
“Аллоҳнинг наздида энг буюк яхшилик қайси?“
- “Гўзал хулқ, тавозе ва балоларга сабр қилиш“.
- “Аллоҳнинг наздида энг улкан ёмонлик қайси?“
- “Ёмон хулқ, хасислик ва итоатпарастлик“.
- “Дунёю охиратда Робб таолонинг ғазабини сўндирадиган нарса нима?“
- “Махфий садақа ва силаи раҳм“.
- “Қиёмат куни дўзахнинг ўтини ўчирадиган нарса нима?“
- “Дунёда балою мусибатларга сабр қилиш“.
Имом Мустағфирий айтади: “Мен кўп маънольарни ўзида жамлаб, мужассам қилган ушбу ҳадисдан кўра диннинг гўзалликларини ўз ичига олган, буюкроқ ва манфаатлироқ ҳадис кўрмадим“. Имом Аҳмад ривояти.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев