Замон охир бўлиб келганда хабар,
Осмону Ер чаппа, бўлар зер – забар.
Ер айланиб қолади бошқа Ерга,
Одамзод бу куни қочар қаерга?!
Борлиғу йўқликни инсон қаритди,
Оламнинг тугаши хабари етди.
Биринчи қичқириқ ҳаммани букди,
Оғилда хашакдай ҳар томон тўкди.
Бош кўтарганида қуёш ғурубдан,
Вужудлар сўроғи сўралди руҳдан.
Осмон ечди қорнидаги бойламни,
Иккинчи қичқириқ тутди оламни.
Қабрлар қимирлади, кабир қорилди,
Замин текисланиб осмон ёрилди.
Эса бошлар Қиёматнинг насими,
Энди ёрдам бермас на зар, на сийми.
Амалин кўтариб бу бани башар,
Инсу жину ҳайвонот қилинди хашр.
Номли-номсиз жонзот, яъжужу маъжуж,
Маҳшарда махлуқот тўпланди ғуж-ғуж.
Девлар узди кунда, занжиру ғулни,
Ёлғиз Эгам тортмиш ҳисобга қулни.
Хурушдан омонат ханнослар чиқди,
Кунни ёлғон деган жанозлар чиқди.
Қурсоғда қийнаётган хомиладайин,
Хансираб уфура бошлади замин.
Етти сайёра ҳам тушди тўлғоққа,
Даҳшат ичра имкон йўқдир ўлмоққа.
Яккаш бўлди олам, қуёшу ой ҳам,
Гирёну ялонғоч – фақиру бой ҳам.
Борлиқ бор овозда тортади наъра,
Қўпиб силкинадир Ерда ҳар зарра.
Чиринди тупроққа айланиб кетган,
Эски мурдалар сакраб гангиган.
Аянчли нигоҳлар, бақир-чақирлар,
Қизитилди ўбдан чоху сақарлар.
Оловтус ел келиб бори ғуборни,
Сидириб ташлади нақши нигорни.
Боғ, шаҳар, виқорли кошона қани?
Улардан энди бирор нишона қани?
Новвосдек булқиниб отилар вулқон,
Тоғлар майдаланиб, бўлади талқон.
Ҳамма кўради ва бўлади дучор,
Тоғларни кўрасан, пахтадек учар.
Тоғларни учиргач гирдибоду бод,
Кўрина бошлади кўринмас ҳар зот.
Ер силқиб чиқарди хазинасини,
Борки сир-асрор, дафинасини.
Сайёралар ўз йўлидан буралди,
Қуёш ҳам гардишига ўралди.
Осмон бўлди гўё эритилган мис,
Дўзаҳ қизитилди “ўтин”га харис.
Аччиқ чанг Ерни қоплайди бутун,
Нафасинг тиқилар қамрайди тутун.
Қабрлар тўнкарилгач тирилди жонлиғ,
Потирлаб чиқишар чигиртка янглиғ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев