(ҳикоя)
Илгари дарвешлар бир овулдан бошқа овулга кўчганларида бутун қишлоқ бир қалқиб тушгандай бўларди. Улар сандалларини, качкулларини қалдиратиб юрганларида ҳудди карвонга хургандай итлар вовиллаб кутиб олиб, вовиллаб кузатиб қўйишарди. Дарвеш жамоалари шундай кўп эдики, қир-адирлардан тушиб келишаётганида чанг-тўзон кўтарилиб, худди тепаликдан сел оқиб келаётганга ўхшарди. Бироз ўтиб уларнинг кулоҳлари кўринарди, баъзилари эса кулоҳ ўрнига тоққини бостириб кийиб олган бўлардилар. Яқинлашганларида уларнинг эгнида увадаси чиққан жанда, мураққа, тайласон, баъзиларида ҳирқа, қишин-ёзин алмашмай кийиладиган пўстин бўлади. Айримлари унинг устидан тайласонни белбоққа ўхшатиб ўраб оларди ёки оддий бўз матодан белбоғ бўларди. Баъзилари ёзда пўстиннинг жунсиз томонини кийсалар, қишда жунини ичкарига қилиб астарини ўгириб кийиб кетаверадилар. Хуржунларида игна-ип ва бошқа керак анжомлар бўлади. Дарвешлар сафида увайслар, қаландарлар, маломатийлар, девоналар, риндилар, жавонмардлар, хароботийлар, қутблар, абдоллар, ҳофизлар, кадхудолар, палангпўстлар, баъзан эса чилтанлар ҳам учраб қоларди.
Улар яқинлашганларида бутун атрофни “Ҳақ! Ҳақ! Ҳақ! Ҳув! Ё Ҳув! Ё манҳу! Ё Аллоҳ! Лайсал Ходу лайсал Ҳақ! Лайсал Ходу Аллоҳу!” деган садо тутиб кетарди. Гурсиллатиб оёқ уришларидан ер ларзага келгандай бўларди.
Эл ичида ҳурматлари баланд, уларга эхтимом кучли бўлгани учун борган жойларида бутун аҳоли “дарвеш оши” пишириб очиқ майдонларга, далаларга, шаҳарларда эса чорсуларга, Регистонга ўхшаган майдонларга дастурхон ёзиларди. “Дарвеш оши” деганда ҳар бир фуқаро ўз химматини аямасди. Ҳатто ўзи оч ўтирган энг қўли калта фақир ҳам бу улкан дастурхонга бир ҳовуч туршак ё майиз билан ҳиссасини қўшарди. Бундай ҳурматни кўргач, кўчадаги оддий тиланчилар, ўғрилар, ақли заифлар, соҳиби узрлар, иши юришмаган кадхудолар – уйланишга қурби етмай тарки дунё қилган йигитлар, одамлардан қочиб юрган жиноятчилар, турли амирликдаги махфий иш олиб борадиган айғоқчилар ҳам либосларини ўзгартириб улар сафига қўшилиб олардилар. Сулаймон Баққол дарвешлари жамоаси ҳеч қачон “Шайъан лиллоҳ” демасди. Одамлар ўзлари билиб уларга назр, бахшиш беради. Дарвеш оши тугагач, дуо олиш маросими бўларди. Одамлар якка-якка дуо олганларидан сўнг еру осмон, элу юрт тинчлигини, вофир-фаровонликни, ёмғирни сўраб умумий дуо қилинади. Улар эл ичида қоладиган бўлсалар карвонсарой, ҳонақоҳ, масжид ва роботларда қўним топардилар. Дарвешларга ҳеч ким зулм қилмасди, улар ҳам ҳеч кимга зарар етказишмасди.
Дарвешлар сафларига қўшилиб олган бояги ёт кишиларни халқ олдида изза қилмай, очиқ далаларга чиққанларида уларнинг қалб ҳолати ва ниятига қараб сафларидан чиқариб, ҳайдаб солардилар. Фақатгина Сулаймон Баққол уларни инжитмай, ким бўлишидан, нияту мақсадидан қатъи назар жамоасидан ҳайдамасди. Шунинг учун унинг жамоасида дарвешлар жуда кўп эди. Лекин улар ҳам бир кишини қувиб солишди. Ўша қувилган кимса асли одамларни ходими қилиб пул ишлайдиган бир бачча, хез бўлиб, бир шаҳар хаммомидан чиқиб қўшилиб олган эди. Сулаймон Баққол буни билса ҳам то қилиқлари билан зуҳур қилгунича сабр қилиб келаётганди. Хез бир дарвешга қизбола дугонасига ноз қилганидай “Ҳо, ўлибгина қолай, сизга ўзимни арз қилсаму сиз йўқ дедингизми?” деб ўзини ошкор қилди ва тошбўрон қилиниб, уриб ҳайдалди.
Дарвешларнинг бошлиғи бўлмайди. “Ким бошлиқ бўлса демак у дарвеш эмас” деган мантиқ ҳукмрон. Сулаймон Баққол раҳбар эмас, йўл бошловчи эди. Бирор саъй, азми кўшиш ва кўчиш арафасида дарвешлар Сулаймонга қарайдилар, у қандай ҳаракат қилса эргашадилар. Дарвешларнинг деярли кўпчилигида лақаб бор. Сулаймон дарвешнинг ҳам “Баққол” деб аталишига сабаб ҳеч кимда озуқа қолмаганида қўйнидан ҳаммага етадиган ширинлик, холва чиқариб беришидир. У бу ширинликларни қаердан олади, ҳеч ким билмайди, қизиқмайди. У ҳатто йўлда кетаётиб ари ва чумоли инларига ҳам ширинликдан қўйиб кетади. Шунинг учун уни “Баққол” дейишади. Сулаймон Баққол шундай мумтоз эдики, қушларнинг учишига, табиат ҳолатига қараб йўл топиб, йил фасли қанақа бўлишидан қатъи назар ҳамроҳларини қийинчиликка учратмай, тоғу тошлардан олиб ўтарди. У кўп йиғларди. Илгари дарвешлар билан кетишаётганида қурт-қумусқа, чумоли инларидан эхтиёт бўлиб бошқаларни анча тўхтатиб қўйиб, жониворни ўтказиб юбориб, ҳар қадамини оҳиста босаверганлари учун бирор манзилга етиб боришлари қийин эди. Бир куни ухлаб ётганида тушида осмондан икки нафар фаришта тушиб келиб, бир-бири билан сўзлашди. Бири: “Пайғамбар Сулаймонга чумоли билан сабоқ берилди, риоя қилди. Бу Сулаймонга айтилмаса ҳам риоя қилди. Пайғамбар Сулаймонга берилган иззат энди бу Сулаймонга ҳам берилди!” деди. У уйқусидан хушнуд уйғонди. Ўша кундан бошлаб Сулаймон жамоаси йўлида чумоли, қурт қумусқа кўринмасди. Кўринса ҳам йўлдан қочишар, улар ўтиб кетгач, ғимирлаш бошланарди. Шундай бўлса ҳам Сулаймон Баққол ҳашарот инларига қўйнидан ширинлик чиқариб қўйиб кетишни канда қилмасди.
Дарвешлар бошқа дарвеш жамолари билан тўқнашиб қолсалар уларнинг катталари орасида жуда қисқа ва мазмуни тушунарсиз савол-жавоб бўларди. Масалан, бирови “Ҳув!” деса иккинчиси ҳам “Ҳув!” деб йиғларди. Ёки “Ҳа!” деса буниси “Йўқ!” дейди. Яна “Йўқми?” деса “Ҳа!” дейди. Улар нимани гаплашганларини дарвешлардан бошқа ҳеч ким тушунмасди. Баъзида эса тўқнашиб қолган жамоалар ҳеч гап-сўзсиз бир-бирига аралашиб халқа ҳосил қилиб зикр тушишарди. Зикри самоъ вақти баъзи дарвешлар наъра тортиб хушидан кетарди. Улар доим ҳам кир-чир, афтодаҳол юришмасди. Кимсасиз жойдаги сув ҳавзасига келсалар битта-биттадан ғусл қилиб олардилар. Бирор дарвеш чўмилмоқчи бўлса, кимса кўзи тушмаслиги учун қолганлар уни ўраб халқа ҳосил қилиб тескари қараб турардилар. Ораларидан айримлари ўзларига ҳам билдирмай ғусл қилиб, тоза кийим кийиб олган бўлса, демак фавқулодда бир ҳодиса юз беради. Яъни ўша чўмилиб, тоза кийим кийган дарвеш йўлда кетишаётганида шундай сафдан чиқиб “Лаббайка! Лаббайка!” деб ўтириб оларди-да, калимайи шаҳодатни пичирлаб айтиб, йиқилиб жон берарди. Уни бошқатдан ғусл қилдириб, жаноза ўқиб, дафн этишарди. Бир куни дарвешларнинг сафидан тоза кийиниб, чўмилиб олган бир ёш йигит ажраб чиқди-да “Алҳамд! Алҳамд! Менга совчи келди!” деб бир томонга қараб ирғишлаб хурсанд ҳолда югуриб кетди. Дарвешлар унинг бу ҳолатини тушунмай Сулаймон Баққолга қарадилар. Сулаймон Баққол уларга: “У ўлгани эмас, чилтанларга қўшилгани кетди!” деди. Ўзи ҳам хурсанд бўлиб унинг орқасидан қараб қолди. Чилтанлар энг олий, авлиёлар гуруҳи – асли қирқ нафар кишидан иборат ғойибназар, яширин тоифа бўлиб, уларнинг мақсади, вазифаларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Уларни биров ҳеч қачон кўрган эмас. Бу Аллоҳнинг “Менинг шундай хос бандаларим борки, улар қуббаларим остида яшириндир” деган қудсий ҳадисига тўғри келади. Чилтанлар озаймайди, кўпаймайди ҳам. Агар ораларидан бир кишининг вақти қазоси етган бўлса, улар сафига ана шундай дарвешлардан ёки туғма увайслардан қўшиларди. Сулаймон Баққол ҳам улар сафига қўшилишни умр бўйи орзу қилиб етолмагани учун ўша чопиб кетган йигитнинг ортидан кўзларида ёш, ҳавас билан тикилиб қолди... Айтмоқчи, дунёда яна еттита улуғ зот бўлади, уларнинг сафи ҳам кўпаймайди ва камаймайди. Уларни абдол ҳам дейишади. Улар тўғрисида ҳам ҳадис ворид бўлган.
Сулаймон Баққол жамоасида беш нафар хароботий ҳам бор эди. Хароботийларнинг ҳолати бошқа дарвешларникидан фарқ қилади. Масалан, аҳли дунё бўлган бирорта одам билан жанжаллашиб қолса, шундай ўрнидан туриб ўзини ўзи уриб кетади. Уларни ўзини ўзи савалашдан ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Лекин оқибати ёмон тугарди. Яъни, ранжишига сабаб бўлган, хафа қилган одам ўша куни кечаси ўларди. Ғассол уни юваман деса майитнинг учасида сон-саноқсиз тарсаки изини кўрарди. Шунда хароботийни ранжитибди-да, деб қўя қоларди. Айрим ғассоллар буни кўриб “Охирати куйиб кетибди-ку!” деб, ўликни ювгани унамасди. Бир куни ана шу хароботийлардан бирини Убай деган қозихона надими хафа қилди, бунинг устига масхаралаб “Қорнингни тўйғазиб ол!” деб қўлидаги яримта нонни итга ташлагандай олдига ирғитди. Шунда хароботий увлаб йиғлаб, ўзини ўзи савалай бошлади. Ўша кеча қозихона надими қазо қилди. Унинг қизарган учасида ҳам бир қанча тарсаки излари бор эди...
Тарки дунё қилмаган, халқ орасидаги суфийларнинг шогирдларини ҳам “дарвеш” дейишади. Лекин уларнинг турмуш тарзи мутлақо бошқача. Яъни улар жамоага аралашиб юришади, касб-кор қилишади, пир-муридлик ақидасини тутишади, силсилага риоя қилишади. Хатми хожагонлар ўтказишади. Уларнинг орасида жамиятда юқори поғонани эгаллаган зотлар ҳам бўлади. Яъни бу турли жамоада сиёсатдонлар, олимлар, адиблар, баъзан амирлар ҳам учраб туради. Дарвешлик оламидаги маноқиблари, нисбалари “силсилайи заҳаб” ёки “силсилайи шариф”га бориб туташади. Улар бу дарвешлардан фарқли равишда зикрни хафий, яъни овоз чиқармай айтишарди. Уларнинг мавқейи манави Сулаймон Баққол жамоасидан ҳам улуғ туради. Шунинг учун улар яшайдиган қишлоққа Сулаймон Баққол етиб келгач, етти-саккиз тош нарида жамоадагиларнинг барчалари оёғини ерга уриб “Ҳақ! Ҳақ! Ҳақ!” деб ижозат сўраб кутиб туришади. Улар келгани қишлоқдаги суфийларга ғойибдан маълум бўлиб, дарвешлар олдига бирорта мурид жўнатилади. Мурид келгач, уларга кириш ижозати берилгани ёки берилмаганини маълум қилади. Сулаймон Баққол жамоасидан ташқари унга ўхшаган бошқа дарвеш жамоалари ўша қишлоққа адабсизлик билан ижозат олмай кирсалар, бирор кўнгилсизлик рўй берарди. Сулаймон Баққол эса суфийлар тасарруфини (эгалланган маънавий, моддий ҳудудни) ҳурмат қиларди.
Ўрис босқинидан кейин Сулаймон Баққол қариб-қартайиб, озиб-тўзиб кетди. Жамоасидан ҳам илгариги файз, шавқ йўқолди. Чунки у ўрис босқинида ўзини айбдор деб ҳисобларди. У “Юртга бало келса пошшонинг эмас, дарвешнинг хатосидир” дерди. Мен хато қилдим, деб сиқилиб, ич-этини ерди. Қўқонда, Тошкентда мардикорликка олиш ва исёнчиларни Сибирга сургун қилиш учун жўнаётган поездни бир тош нарида дуо кучи билан тўхтатмоқчи бўлди. Ҳатто бир куни шундай поездни кетишга қўймай, бир тош нарида туриб кўринмас “арқон” ташлади. У жамоаси орасидан пок ва қурбати кучли бўлган дарвешларни танлаб олиб, ялангликка чиқиб оёқларини ерга тираб “Ҳақ! Ҳақ!” деб бақириб туришди. Поезд негадир жилмади. Шопмўйлов полисмен ва округ бошлиғи “Нима бўляпти?” деб паравоз тепасидаги машинистга тутақиб бақирар эди. У “Агар юрмасанг, дилигром жўнатаман! Етиб боргач жазоланасан!” деб бақиришини қўймасди. Сулаймон Баққол дарвешлари билан “Ҳақ!” деб оёқ тираб туришар экан, жамоадан танлаб олинмаган дарвешлардан беш нафари югуриб келиб қўшилиб олди. Шунда кўринмас арқон узилди. Илоҳий ёрдам қайтиб олинди. Поезд юриб кетди. Сулаймон Баққол уларга қараб “Нега қўшилдингиз?” деб йиғлай бошлади. Чунки ўша ўзбошимчалик билан қўшилган, танлаб олинмаганлар орасида Ҳаққа қурбат ҳосил қилмаганлар, бир ғийбатчи ва яна жамоага янги қўшилганлар бор эди.
Яна бир куни Сулаймон Баққол жамоаси Марғилонга кириб боришганида очиқ майдонда санойи нафисани томоша қилаётган мингбоши билан бир ўрис округ комиссари уларга жирканиб қаради. Округ комиссари ҳатто уларга қараб: “Вон от сюда грязний дервиши!” деб бақириб берди. Ўша куни Сулаймон Баққол шаҳарга кирмай, дарвешларини бошлаб қайтиб кетди. Ўша куни шаҳарда терлама касали тарқалди. Бу хасталик кўп одамни ҳаётдан олиб кетди. “Шу воқеага мен айбдорман. Ўша раҳбарларни зеҳним койибди. Бизнинг йўлимиздаги кишилар одамлардан норози бўлмаслиги керак” деб йиғлади. Мен сабабчиман, қадамим хатодан холий эмас, деб ўзини койиб, азобланиб юрди.
Сулаймон Баққол жамоаси ҳам соёвурлашиб қолди. Улар сафида Кун чиқар юртдан келган корейс миллатига мансуб бир буддавий ҳам бор эди. Ўша ҳам йўқолиб қолди. Унинг келиб қўшилиши қизиқ. Ундан “Нега бизга қўшилдинг?” деб сўраганларида, “Билмайман. Юртим жуда олисда. Юртимда туриб шу сиз ўтирган жойдан осмонга узун нур чиқаётганини кўриб келавердим”, деб жавоб қайтарган. Яна уларга қўшилган дини номаълум бир ҳабаш дарвешнинг гапи ундан ҳам қизиқ. “Нега бизга келдинг?” деб сўрасалар у: “Устозим бошлаб келди” деган. “Устозинг қани?” десалар “Ўлган” деган.
Ана шу дарвеш ҳам ўлгач, мусулмон ақидаси билан жанозасини ўқиб дафн этишди. Жамоа камайиб бормоқда эди. Хароботийлар ҳам улар сафидан чиқиб кетиб кетишди. Маломатийлар Қошғар ва Наманган томонга, дахбейдийлар Бухорога, палангпўстлар эса Ҳиндистон тарафга ўтиб кетишди.
Энди борган жойларида аҳоли уларни илгаригидай шавқ билан кутиб олмаётган эди. Дарвеш ошининг мазаси қочган. Бунга юртда кечаётган очарчилик ва қандайдир маънода ўрис босқини ҳам сабаб эди. Ҳатто қирда экин экиб турган бир киши уларни кўриб “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр” деган мақолга ишора қилиб шеригига: “Оббо бели оғримаган назрхўрлар келяпти” деди. Сулаймон Баққол зўр қувват билан буни олисдан эшитиб, улардан сал нарироқ йўлга тушиб кетди. Ўша одам шундай дейиши билан белини кўтаролмай беланги (грижа) бўлиб ётиб қолди. У айтган гапига пушаймон бўлиб, шеригидан “Мени номимдан дарвешлардан авф тила!” деб жўнатди. Халиги одам Сулаймон Баққолга етиб олиб, воқеани айтди ва дуо қилинг, тузалсин деди. Сулаймон Баққол “Мен ундан норози бўлмадим. Ўқни мен отмадим. Демак буни Ҳақ отган. Ҳақ отган ўқни олиб ташлашга қодирмасман. Мен отган бўлганимда тузаларди. Лекин барибир дуо қиламан” деди. Дуо қилди...
Шундан кейин Сулаймон Баққол гуруҳи билан шаҳарга тушмай тоғ томонга чиқиб кетди. Бир дарада бўлиб ўтган ишларда ўзини кўп мазаммат қилиб касалланиб ётиб қолди. Ва бир кун тонгда соғломлашиб, бардам ҳолда ғусл қилиб, ишроқни ўқиди ва калимасини айтиб, жонини Ҳаққа топширди. Дарвешлар уни жанозасини ўқиб, дафн этиб бўлгач, турли майда гуруҳларга бўлиниб ҳар томонга тарқаб кетишди. Шундай кейин бу дарвешларни ҳеч кўрмади...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев