Фурункул (чипқон) — сабаблари, асоратлари, ташхислаш, даволаш, олдини олиш
Фурункул, чипқон — соч фолликуласининг ўткир йирингли яллиғланиши, атрофдаги юмшоқ тўқима ва ёғ безларини қамраб олади. Фурункул зич инфилтрат ҳосил бўлиши билан бошланиб, инфилтрат марказида пустула билан тугайдиган некротик ўзак шаклланади. Шундан сўнг пустуланинг очилиши, ўзакнинг йиринг билан бирга чиқиб кетиши ва фурункулнинг шифо топиши содир бўлади, терида эса чандиқ қолади. Фурункулни ташхислаш дерматоскопия, ажралмани бактериологик экиш, қон таҳлили, иммун тизимини текшириш, ҳамроҳлик қилувчи касаллик ва асоратларни аниқлашни ўз ичига олади. Чипқонни даволаш касаллик ривожланиши босқичига мувофиқ маҳаллий равишда амалга оширилади. Кўрсатмаларга кўра, антибиотиклар билан даволаш, иммунокорректсия ва асоратларни даволаш белгиланади.
Фурункул
Фурункулнинг халқ орасида кенг тарқалган номи — «чипқон«. Ушбу касаллик катта ёшлиларда, аёлларга қараганда эркакларда кўпроқ учрайди. Фурункул билан касалланишнинг кўпайиши куз ва баҳор фаслига тўғри келади.
Остиофолликулит, гидраденит, фолликулит, сикоз ва стрептококкли импетиго билан бирга фурункул пиодермия — йиринг-яллиғланиш табиатли дерматологик касалликлар гуруҳига тегишли ҳисобланади. Агар остиофолликулит ва фолликулит фақатгина соч фолликулининг зарарланишини назарда тутса, фурункул фолликулани ўраб турган тўқималарни йирингли жараёнга жалб қилади ва кўпинча ушбу касалликларнинг асорати ҳисобланади. Бундан ташқари, фурункулнинг ривожланишини бошқа стафило- ва стрептодермиялар мураккаблаштириши мумкин.
Фурункул сабаблари
Чипқон чиқишининг асосий сабаби — стафилококк инфектсияси. Дерматологияда доимо олиб бориладиган кўплаб тадқиқотлар давомида нормада инсон танасининг юзасида стафилококклар мавжуд эканлиги исботланган. Бироқ, стафилококклар умумий сонининг фақат 10 фоизи патоген микроорганизмлар ҳисобланади. Фурункулли беморларда ушбу нисбат ўзгаради ва патоген стафилококларнинг сони кўпинча 90% га етади. Тери қоплами микрофлорасининг бундай бузилиши терининг ифлосланиши, унинг қўшимча инфектсияланиши ёки иммун тизими реактивлигининг пасайиши натижасида содир бўлиши мумкин.
Иммунитетнинг пасайиши сабаблари эса ўз навбатида қуйидагилар бўлиши мумкин:
Организмдаги сурункали касалликлар ва инфектсион жараёнлар (туберкулёз, ўткир пиелонефрит, бронхит, гепатит, синусит, тонзиллит ва бошқалар);
Метаболик касалликлар (қандли диабет, эндокрин семизлик);
Глюкокортикостероидлар билан узоқ муддатли даволаниш;
Иммун тизимини бостиришга қаратилган ситостатик ва бошқа препаратларни қўллаш (лимфома, ошқозон саратони, буйрак аденокарсиномаси, кўкрак бези саратони, бачадон саркомаси ва бошқа онколгик касалликлари бўлган беморларда).
Стафилококкларнинг соч халтачасига кириши билан чипқон ҳосил қилишига қуйидагилар шароит яратиб бериши мумкин:
Кучли терлашда тери матсератсияси ва унинг микрожароҳатлари;
Кучли қичиш билан кечувчи дерматологик касалликларда терини қашиш (экзема, атопик дерматит, қўтир, чов эпидермофитияси, пруриго);
Тирналиш, кесилиш ва ишқаланишлар.
Бурун ва қулоқдаги фурункуллар сурункали ринит, аденоидлар, гайморит ва отитда бурун ёки қулоқдан ажраладиган шиллиқ-йирингли ажралманинг терига доимий таъсири натижасида ривожланиши мумкин.
Фурункул аломатлари
Фурункул инсон терисининг деярли барча жойларида пайдо бўлиши мумкин. Кўпинча у ишқаланиш, терлаш ёки терининг ифлосланиши кўп бўлган жойда ҳосил бўлади. Бу соҳалар юз, бўйин, қўлтиқ ости ва чов соҳаси, сон, думба, бел, кўкрак ҳисобланади. Ривожланишида фурункул 3 босқичдан ўтади: инфилтратсия, йиринглаш ва некроз, шифо топиши. Ривожланиш жараёни одатда 10 кундан кўпроқ вақт олмайди.
Фурункул инфилтратсияси босқичи соч фолликуласининг тешиги атрофида ёрқин-қизил инфилтратсия пайдо бўлишидан бошланади. Инфилтратлар ўлчами катталашиб боради (диаметри 1-3 см гача), зичлашади, янада оғриқли бўлиб, атрофдаги тўқималарнинг шишиши ва санчиш ҳисси пайдо бўлади. Фурункул юзда жойлашганда (қовоқлар, лаблар, ёноқлар) энг кўзга кўринадиган шиш пайдо бўлади.
Фурункуланинг некрози ва йиринглаш босқичи — чипқон пайдо бўлишидан 3-4 кун ўтиб содир бўлади. У тери юзасига пустула кўринишида чиқадиган фурункул учун одатий бўлган йирингли-некротик ўзак шаклланиши билан тавсифланади. Ушбу давр мобайнида тана ҳароратининг 38 °C гача кўтарилиши, фурункул соҳасида кескин сезилувчи оғриқ қайд қилинади. Интоксикатсиянинг умумий аломатлари кузатилиши мумкин: ҳолсизлик, кучсизлик, бош оғриғи, иштаҳанинг ёмонлашиши. Фурункул клиник кўринишининг энг юқори нуқтасида унинг юзаси очилади. Ҳосил бўлган туйнук орқали йиринг оқади ва некротик ўзак чиқиб кетади. Шундан кейин инфилтратсия, шиш, оғриқлар ва умумий аломатлар тез ўтиб кетади, тузалиш жараёни бошланади.
Фурункулнинг тузалиш босқичи — чипқон очилиши натижасида қолдирилган кратерларда гранулятсион тўқима шаклланиши билан кечади. 3-4 кун ичида фурункул жойида чандиқ ҳосил бўлади. Аввалига у сезиларли қизил-кўк рангда бўлади, сўнг аста-секин рангсизланиб, деярли кўринмас ҳолга келади.
Баъзи ҳолларда фурункулнинг кечиши хира ва некротик ўзакнинг ҳосил бўлишисиз кечиши мумкин. Қулоқ супрасида фурункул пайдо бўлганда, умумий аломатларга чакка ва жағларга тарқалувчи қулоқдаги кучли оғриқ қўшилади. Баъзида диффуз бош оғриғи қайд этилади. Фурункул эшитиш каналининг ёпилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин, бунинг натижасида эшитиш қобилияти ёмонлашади.
Фурункул асоратлари
Касалликнинг содда кўринишига қарамай, ҳатто биргина чипқон ҳам жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Бурун-лаб учбурчаги ва бурун бўшлиғи кириш қисмининг шиллиқ қаватида жойлашган фурункуллар энг кўп асорат қолдирадиганлари ҳисобланади. Асоратларни ривожланишига кўпинча фурункулни сиқиб чиқаришга уриниш, уни нотўғри маҳаллий даволаш, соқол олиш вақтида жароҳатлаш ҳисса қўшади.
Жараённинг локализатсияси бўйича фурункулнинг барча асоратлари маҳаллий (абстсесс, карбункул, сарамас, флегмона), узоқлашган (лимфаденит, лимфангит, флебит) ва умумий (фурункуйлоз, бош мия шикастланиши, ички аъзоларда абстсесслар, сепсис) турларга бўлинади.
Маҳаллий асоратлар фурункулдан ажралиб чиқаётган ажралмада патоген стафилококклар мавжудлиги ва улар терининг бошқа жойларини инфектсияланишига олиб келиши мумкинлиги билан боғлиқ. Бир нечта фурункулларнинг бирлашиши карбункул, абстсесс, юмшоқ тўқималар флегмонаси каби кенгроқ йирингли тери шикастланишларига олиб келади. Фурункулларнинг кўп сонли табиати фурункулёз деб баҳоланади.
Инфектсиянинг фурункулдан лимфа томирлари ва веналарга ўтиши лимфангит, лимфаденит, флебит ва тромбофлебит ривожланишига олиб келади. Энг хавфлиси стафилококк инфектсиясининг артерия томирлари орқали тарқалиши, бунда метастатик абстсесслар, пиелонефрит, сепсис ривожланиши мумкин. Юзда локализатсияланган фурункуллар арахноидит, менингит, бош мия абстсесси билан асоратланиши мумкин.
Фурункулни ташхислаш
Тери яллиғланиши белгилари кузатилганда бемор дерматологга мурожаат қилиши керак. Шифокор шикастланган соҳанинг дерматоскопияси ва ташқи кўрикка асосланиб ташхис қўяди. Қўзғатувчининг этиологиясини аниқлаш учун фурункул ажралмасини бактериологик экиш амалга оширилади. Қайталанувчи ва кўп сонли фурункуллар кузатилганда қуйидагилар кўрсатилади:
Умумий қон ва сийдик таҳлиллари;
Қонда қанд миқдорини аниқлаш учун таҳлил;
Сийдикни бактериологик экиш;
Фаринго- ва риноскопия;
Бурун ён синусларнинг рентгенографияси;
Флюорография;
Қорин бўшлиғи аъзолари ва буйракларнинг ултратовуш текшируви.
Зарур бўлганда, беморга қўшимча равишда эндокринолог, гастроентеролог, пулмонолог, оториноларинголог ва бошқа мутахассислар маслаҳат беради. Асоратлар ривожланишини аниқлаш учун қонни стерилликка баҳолаш, буйрак КТъси, бош мия МРТъси, люмбал пунктсия ўтказиш талаб қилииниши мумкин.
Фурункулни гидрагенит, фолликулит, чуқур трихофитияда гранулёма, тугунчали эритема, куйдирги, тери туберкулёзи, актиномикоздан фарқлаш керак.
Фурункулни даволаш
Кўп ҳолларда, чипқонни даволаш касалликнинг босқичига мувофиқ амалга ошириладиган маҳаллий терапия билан чекланади. Фурункул етилиши босқичида унга ихтиолли боғламлар қўйилади, қуруқ иссиқ, УЙЧ-терапия қўлланилади. У очилганидан сўнг, гипертоник натрий хлорид эритмаси, метилуратсил билан комбинатсияланган хлорамфеникол сақлаган малҳам билан турунда қўлланилади. Некротик ўзакнинг чиқиши қийин бўлса, протеолитик ферментлар кўрсатилади: трипсин, химотрипсин. Тузалиш босқичида даволаниш антибактериал ва шифобахш воситалар билан амалга оширилади.
Кўп сонли ва қайталанувчи фурункулларни даволаш иммунитетни кўтаришга қаратилган терапияни ўз ичига олиши керак. Бундай мақсадда, аутогемотерапия, қонни лазерли ва ултрабинафшарангли нурлантириш, гамма глобулин, стафилокк анатоксиди ёки вактсина киритиш қўлланилади. Медикаментоз иммуномодулятсияловчи терапия иммунограмма натижаларига мувофиқ белгиланади. Тизимли антибиотикотерапия катта, қайталанувчи ёки асоратланган фурункул, шунингдек унинг юзда жойлашган ҳолларда амалга оширилади. Фурункулни даволаш билан бир вақтда ҳамроҳлик қилувчи касалликларни тузатиш ва асоратларни камайтириш амалга оширилади.
Чипқонни уй шароитида халқона тиббиёт воситалари билан даволаш
Кўп маблағ сарфлашни талаб қилмайдиган оддий усуллар орасидан қуйидагиларни ажратиш мумкин:
Игна баргли ванналар. Тайёрлаш учун дорихонадан қарағай ёки оққарағай эфир мойини сотиб олиш керак. Илиқ сувга 20-25 томчи қўшилади, ҳар куни 20 дақиқа давомида сувга тушиш керак;
Алое япроқлари кўндалангига кесилади ва мағиз томони билан йирингли жойга қўйилади. Фиксатсиялаш дока ва леёкпластирдан «нафас оладиган» боғлам қўйиш билан амалга оширилиши керак. Боғламни кунига бир марта алмаштириш лозим;
100 грамм мум, 0,5 литр ўсимлик мойи, игнабаргли дарахтларнинг олтингугуртидан тайёрланадиган малҳам. Иссиқ мойга мум ва олтингугурт қўшилади, ярим соатдан кейин 100 гр. пиёз пўстлоғи солинади. Аралашма паст оловда 1 соат давомида қайнатилади, кейин қулайлик учун кичик идишга қуйилади. Совуган малҳам чипқон чиққан жойларга суртилади.
Фурункул пайдо бўлишини олдини олиш
Чиқон чиқишини бартараф этишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
Тери гигиенасига риоя қилиш;
Гипергидроз ва кўп тери ёғи ажралишида терини тўғри парвариш қилиш;
Тери жароҳатларига антисептиклар билан ишлов бериш;
Пиодермиянинг юзаки шаклларини ўз вақитда ва тўғри даволаш;
Модда алмашинуви бузилишларини тузатиш ва сурункали касалликларни даволаш;
Иммунитетни мустаҳкам сақлашга ёрдам берадиган соғлом турмуш тарзи.
Асоратларни олдини олиш, авваламбор, фурункул жароҳатланиши ва инфектсия тарқалишини олдини олишдан иборат. Фурункулга иссиқ компресслар қўйиш тақиқланади. Мустақил даволаниш тавсия этилмайди. Дерматолог-шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш ва унинг кўрсатмаларига риоя қилиш керак.
Google play'dan ko'chirib oling:Teri va tanosil kasalliklari
https://play.google.com/store/apps/details?id=com.teri_tanosil.davolash
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев