Рут 4:1-22
Бўаз шаҳар дарвозаси олдига чиқиб ўтирди. Ўша пайт Бўаз айтган яқин қариндоши ёнгинасидан ўтиб қолди. Бўаз унинг исмини айтиб чақириб: — Бу ёққа келинг, ўтиринг, биродарим, — деди. Қариндоши яқин келиб ўтирди. Бўаз шаҳар оқсоқолларидан ўн кишини гувоҳликка чақириб: — Шу ерда ўтиринглар! — деди. Улар келиб ўтиришди. Бўаз қариндошига деди: — Мўаб юртидан қайтиб келган Наима бор–ку, у Элималек акамизнинг даласини сотмоқчи. Мен шу ерда ўтирганлар ва қавмим оқсоқоллари ҳузурида ўша далани сотиб оласизми, йўқми, билай дедим. Агар сиз қариндошлик бурчингизни ўташни хоҳласангиз, майли, сотиб олаверинг. Борди–ю, хоҳламасангиз, айтинг, мен билайин. Чунки бу бурчни ўташ биринчи навбатда сизга тушади. Сиздан кейин навбат меники бўлади. У киши: — Қариндошлик бурчимни мен ўтайман, — деди. Бўаз деди: — Хўп. Лекин сиз Наиманинг даласини харид қилганингизда, дала билан бирга марҳум Махлўннинг беваси Мўаблик Рутни ҳам олишингиз керак. Чунки марҳумнинг номи ўз мулкидан йўқолиб кетмаслиги шарт. Шунда қариндоши Бўазга: — Ундай бўлса, мен уни ололмайман, акс ҳолда, ўзимнинг мулкимни хавф остига қўйган бўламан. Зиммамдаги қариндошлик бурчимни сиз ўтайверинг, менинг иложим йўқ, — деди. Илгари Исроилда қариндошлик бурчини ўтамоқчи ёки мол–мулкини алмаштирмоқчи бўлсалар, далил–исбот тариқасида биттаси чориғини ечиб, иккинчисига берарди. Мана шу одат Исроилда қонуний гувоҳлик ўрнини босарди. Шундай қилиб, қариндоши Бўазга: — Ўзингиз сотиб олаверинг, — деди–да, чориғини ечиб берди. Шундан кейин Бўаз оқсоқолларга ва ўша ердаги бошқа одамларга мурожаат қилди: — Сизлар гувоҳсиз: мен бугун Элималекдан Хилён ва Махлўнга қолган ҳамма мулкни Наимадан сотиб оляпман. Яна Махлўннинг хотини Мўаблик Рутни ҳам ўз никоҳимга оляпман, токи марҳумнинг номи ўз мулкида қолсин, биродарлари орасида ва киндик қони тўкилган юртида номи йўқолиб кетмасин. Бугун сизлар бунга гувоҳ бўлиб турибсизлар. Шунда шаҳар дарвозаси ёнида турган одамлар ва оқсоқоллар: — Биз гувоҳмиз, — дедилар. — Эгамиз сенинг хонадонингга келадиган аёлни Роҳила ва Леахдай қилсин, ана ўша бибилардан Исроил халқи бино бўлган. Эфратда бойликлар эгаси бўлгин, Байтлаҳмда номинг улуғ бўлгай. Сенинг хонадонинг Яҳудога Тамара туғиб берган ўғли бобомиз Параз хонадонидай баракали бўлсин. Эгамиз мана шу жувон орқали сенга ўшандай буюк насл ато этсин. Шундай қилиб, Бўаз Рутга уйланди. Улар турмуш қуриб, бир ёстиққа бош қўйишди. Эгамизнинг марҳамати билан Рут ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди. Аёллар Наимага айтишди: — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У бугун сенга ғамхўрлик қиладиган невара берди, меросхўрсиз қолдирмади. Меросхўрингнинг номи Исроилда улуғ бўлсин. У туфайли ҳаётинг яна шодликка тўлади, қариганингда суянчиғинг бўлади. Чунки бу ўғилни сени яхши кўрадиган, сен учун ҳатто етти ўғилдан ҳам аъло бўлган келининг туғди. Наима чақалоқни ўзига олди, бир дам бағридан узмади. Ўзи энагалик қилди. Қўшни аёллар: “Наима учун ўғил туғилди”, деб чақалоққа Обид исмини бердилар. Обид Довуднинг падари бузруквори Эссайнинг отаси бўлди. Параздан Довудгача бўлган авлод–аждод қуйидагича: Параздан Хазрон бунёд бўлди. Хазрондан Рам бунёд бўлди. Рамдан Оминадав бунёд бўлди. Оминадавдан Нахшўн бунёд бўлди. Нахшўндан Салмўн бунёд бўлди. Салмўндан Бўаз бунёд бўлди. Бўаздан Обид бунёд бўлди. Обиддан Эссай бунёд бўлди. Эссайдан Довуд бунёд бўлди.
https://www.youtube.com/watch?v=hUb2o82PHIo #mudofaa #mudofaavazirligi #armiya #armiyauzbekistan #askar #harbiy
...Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев