Кўпчилик мендан ғамгин ёзасиз,армонингиз кўпми?-деб сўрашади.Ўзи бу Дунёда армонсиз инсон бормикан?
Сочимдаги оқми,қормикан,
Бағрикенгга Замин тормикан?
Оёқяланг кезай Дунёни,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Ўтиб кетди қанча Замонлар,
Ўтиб кетар яхши-ёмонлар.
Айтинг дўстлар,айтинг ёронлар,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Қон бағримдан ўрлайди тутун,
Изтиробим мунчалар узун.
Бу Дунёда ким бағри бутун,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Дарду ҳасрат бағрингни тиғлар,
Ишқ муҳаббат бағрингни тиғлар.
Бир юракда бир армон йиғлар,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Дард яхшининг ёқасин тутган,
Ким кимнидир бир умр кутган.
Ким Дунёдан беармон ўтган,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Дўст,қалбингни меҳримга ўра,
Қўй дардимдан гап очма сира.
"Маҳзунсан"деб сўрама жўра,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Менку хаста,мен метин бардош,
Битта жоним минг битта талош.
Эркам нега кўзинг тўла ёш,
Армони йўқ Инсон бормикан?
Милион қалблар ўртанди жуда,
Ҳаёт қимор,ўйин авжида.
Кўк остида,Замин устида,
Армони йўқ Инсон бормикан?
КАМОЛИДДИН ШУКУР.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев