Қиш бўйи қўмсадим,қиш бўйи ёндим,
Ниҳоят,-дардимни билдингму,баҳор?
Қадамларинг кўриб,бирам қувондим,
Сен мени соғиниб келдингму,баҳор?
Мен сени қўмсадим,истадим,ҳорғин,
Қаҳратон қор сочган зулматлар аро.
Ҳеч нима кўнглимга бермади таскин,
Ҳеч нима,жонимга кирмади оро?!
Соғиндим,-юрагим ўртади ёмон,
Қоғозларга тўкдим,аламларимни.
Қиш бўйи йўқотдим,изсиз,беомон,
Қанча ўзим суйган,одамларимни...
Қийналдим,-ўртандим,ёндим,басма-бас,
Ва сени соғиниб яшадим,мудом.
Қулоқ ос,дардимни,сўйласин,бесас,
Отамнинг уйида гуллаган бодом;
Кел баҳор,-кўп кутдим,кутдириб қўйдинг,
Бир сени қучоқлаб,бағримга босай.
Мунчалар қийнадинг,бағримни ўйдинг,
Кел,-сочинг торига жонимни осай.
Наҳот сен,-кўзимга ишонмай қолдим,
Менинг дардларимни билдингму баҳор?
Қадамларинг кўриб,бирам қувондим,
Сен мени соғиниб,келдингму,баҳор???
©КАМОЛИДДИН ШУКУР.
@kamoliddinshukur1
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1