“Ва, аммо ким Раббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиот сураси, 40–41-оятлар).
Қўрқиш парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлиш чораларини ўргатади. Қўрқишнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиш. Аллоҳдан қўрқиш туфайли инсон Аллоҳ учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ва дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.
Аллоҳдан қўрқиш инсонни гуноҳ ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳдан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб уни сидқидилдан бажаради.
Муқаддас Ислом дини олдидаги вазифаларни бажаради. Натижада у валийлар – Аллоҳнинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради ва Аллоҳнинг улуғ неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар қалбида уларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди.
Аллоҳдан қўрқишнинг энг асосий маҳсули – ҳар бир амални нуқсонсиз тўлиқ бажаришга олиб келгувчи парҳезкорликдур.
Аллоҳдан қўрқиш бозорда сотилувчи матоҳ эмаски, хоҳлаган одам сотиб олса. Балки Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган Ислом умматига насиб этган улуғ неъматки, Ўзи хоҳлаган бандасига хоҳлаган миқдорда ато этгай.
Аммо Раббинг буйруғи ва кўрсатмаларига хилоф равишда нафснинг хоҳишлари кесилиб қолишидан қўрққан кимсалар эса Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлгайлар.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидан лавҳалар” китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев