Совчилар келиб кетди. "Ёшлар бир-бирини кўрсин", —дейишибди.
Учрашувгв чиқди. Йигит камгапгина экан. Ҳеч нарса ваъда қилмади. Ортиқча мулозамат ҳам йўқ. Оддийроқ кафега кирдилар. Йигит овқатга чорлади. Зуҳро ҳеч нарса емади. Назарида, ҳаммаси бошқача бўлиши керак эди.
Қиз уйига хомуш қайтди.
— Ёқдими?Онасининг саволи жавобсиз қолди.
Зуҳро кўп китоб ўқиган, сал романтикроқ. У кутган шахзода оқ отда келмаса-да, лоақал гул олиб келиши, илтифот қилиши, кузатиб қўйиши керак эди..
Ҳаммасини отаси ҳал қилди. "Таг-зоти тоза, бегона эмас, узоқроқ бўлса ҳам қариндош, шунга бераман!"
Тўйдан олдин бир-икки кўришдилар, шу ҳисоб! Тақдир экан тўй бўлиб ўтди. Турмуш ўртоғи чиройли гапиришни билмасди. Китоблардаги, кинолардаги муҳаббатдан асар ҳам йўқ. Аммо Зуҳрога янги оиласи жуда ёқиб қолди. Катта оилага биринчи келин келди!Атрофида қайнилари, қайнисингиллари парвона, қайнонаси сал пишиқроқ, ортиқча ҳаражатни ёқтирмайди, лекин, ҳар гапини "болам" билан бошлайди. Қайнотаси беш маҳал номозни канда қилмайди, битта чой дамлаб берса ҳам эринмай дуо қилади. Эрка келин бўлди, аммо Рустамдан илтифот кутиб яшашдан чарчади. Югур-югурлар билан бир пасда бир йил ўтиб кетибди.
Эрталаб барвақт турган Зуҳро шиппагини киймоқчи бўлди-ю, бир пойи иккига айрилиб яроқсиз бўлиб қолганини кўриб, уйга қайтиб кирди. Кийим жавони тагида турадиган оёқ кийимларни титкилаб, уйга кийишга яроқлисини топа олмади.
—Нима қидиряпсан?
—Уйга кийишга шиппагим қолмабди, нима кийсам экан? Мана топдим! —У чиройли, аммо пошнаси бироз баландроқ пойафзални чиқарди. Шуни кия қоламан. Кейин югуриб ҳовли супургани чиқиб кетди...
Қулай оёқ кийим ҳам яхши экан, бу оёқ кийим уни чарчатди. Ечиб ташлаб қайнонасининг шиппагини кийиб олди.
—Зуҳро, манга қара болам, оёғингдаги меникими? Сарпангдаги шиппакларинг қани?
—Соб бўпти, ойижон, нуқул ноқулайлари қолибди, иш қилишга ҳалақит беряпти. Шунга сизникини...
—Маникини жойига қўй, болам, эрта-индин уйингга борсанг, қудам қулайроғидан олиб берадилар, ҳозир борини кийиб тур, маниям бошимда мингта иш, ана қайнисинглингга совчилар келяпти...
Зуҳро биринчи марта қайнонасидан дили оғриди, аммо, билдирмади
—Хўп бўлади, ойижон!
Кейинги пайтларда тез чарчаб қоляпти. Қайнисингиллари билан ҳамма ёқни саранжомлаб, ҳовлига сув сепаётганда турмуш ўртоғи ҳам ишдан келди.
Дарҳол истиқболига шошди.
—Уйга кир!
—Тинчликми?-бироз ҳавотир билан эргашди Зуҳро.
—Бу— сенга, кийиб кўр! —эри қора елим қопчиққа солинган бежирим шиппакларни узатди.
—Вой, вой, қандоқ чиройли, вой, лоп-лойиқ экан, раҳмат, Рустам ака!
Шиппакни маҳкам бағрига босиб турмуш ўртоғига тикилар экан, унинг кулиб турган кўзларида ўзи бир йилдан бери кутгани меҳр ва муҳаббатни кўриб турарди.
—Зуҳро! Қаердасан? Қайнонасининг овозини эшитиб
бир йиллик сабрининг мукофоти ўлароқ етишгани шиппакни оёқларига чаққон илиб шодумон ҳовлига отилди
—Лаббай, ойижон!
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6