Жиззах шаҳрида Жиззах-Тошкент йўналишида қатновчи хусусий автобус ва таксилар линиясини назорат қилиб келган "маҳаллий авторитет" Зуфар Турсунов пичоқлаб ўлдирилди. Ҳодиса 12 март куни Жиззах шаҳридаги Сўғдиёна ўйингоҳи олдидаги автобуслар тураргоҳида рўй берди.
Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Зуфар Турсунов ўз қўли остидаги паттачи тарафидан пичоқланган.
- Паттачи каллакесар бир одам. Ўтган-қайтган автобуслардан пул олиб турарди. Пул устида жанжал чиққан. Ҳайдовчилардан кўпроқ олиб¸ тепага кам узатганми, билмаймиз. Хуллас¸ бошлиғи унга дам берган, у ўткир тиғли пичоқ билан ташланган. Зуфар акани 2-3 марта пичоқлайди. Зуфар ака қочаётганда яна қувиб, ётқизиб, яна пичоқлайди. У больницада, реанимацияда жон берди. Паттачини шу ернинг ўзида милицияга олиб кетишди, - дейди ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган автобус ҳайдовчиларидан бири.