ҚИЁМАТДА БЎЛАДИГАН ҲИСОБ-КИТОБГА ТАЙЁРМИСИЗ?
------------
اللَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ۚ لَيَجْمَعَنَّكُمْ إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ لَا رَيْبَ فِيهِ ۗ وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ حَدِيثًا
“Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлар. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!” (Нисо. 87)
Сессиядаги имтиҳонларга таёргарлик кўраётган талаба, ўқув билим юртига кириш учун тайёргарлик кўраётган абитуриент ёки бирор бир мутахассислик соҳасида ишга кириш учун тайёргарлик кўраётган инсонларнинг ғам-ташвишлари, кутилаётган имтиҳонлардан эсон-омон ўтиб, ўз мақсадларига эришишдир. Ушбу жараёнда уларга тайёргарликдан чалғитадиган бирор-бир нарсани таклиф қилсангиз, аксар ҳолатда рад жавобини оласиз. Чунки уларнинг фикру ҳаёллари имтиҳондан эсон-омон ўтиб олиш бўлганлиги учун бошқа ишлар кўнгилларига сиғмаслиги табиий. Бундай воқеликни бошидан ўтказган ёки ўтказаётган талаба, абитуриент ёки ишга кираётган инсонлар тушунадилар.
Биз талаба ёки абитуриентларнинг воқесини мисол тариқасида келтириб, эътиборингизни бир жиҳатга, яъни улардаги имтиҳон дақиқаларига тайёргарлик асносидаги ғам-ташвишларига қаратмоқчимиз. Бу ғамдан фақатгина имтиҳондан ўтиб олсаларгина фориғ бўлишлари мумкин. Яна эътиборли жиҳати шуки, улар имтиҳондан ўта олмасалар, қайта тайёргарлик кўриш ва топшириш имкониятига эгалар. Бироқ шундай имтиҳон ҳам борки, агар инсон ундан ўта олмаса, қайта тайёргарлик кўриб, топширишга имконияти бўлмайди. Бу Қиёмат онидаги, нафақат маълум тоифадаги, балки бутун инсоният учун энг муҳим бўлган Аллоҳ Таъоло ҳузуридаги имтиҳондир.
يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ ۚ فَأَمَّا الَّذِينَ اسْوَدَّتْ وُجُوهُهُمْ أَكَفَرْتُمْ بَعْدَ إِيمَانِكُمْ فَذُوقُوا الْعَذَابَ بِمَا كُنْتُمْ تَكْفُرُونَ * وَأَمَّا الَّذِينَ ابْيَضَّتْ وُجُوهُهُمْ فَفِي رَحْمَةِ اللَّهِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
“Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: «Иймонингиздан кейин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг», дейилур. Юзлари оқ бўлганлар эса, бас, Аллоҳнинг раҳматидадирлар. Улар унда абадий қолурлар”.(Оли Имрон. 106-107)
Бу Кунда имтиҳондан ўта олмаганлар учун ушбу ҳаётга қайтиш имконияти берилмайди. Ўта олмаганлар бу ҳаётдаги ақлсиз ҳайвонлар каби бўлишни орзу қиладилар.
يَوْمَئِذٍ يَوَدُّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَعَصَوُا الرَّسُولَ لَوْ تُسَوَّىٰ بِهِمُ الْأَرْضُ وَلَا يَكْتُمُونَ اللَّهَ حَدِيثًا
“Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар”. (Нисо. 42)
Лекин бу орзулари ҳам уларга фойда бермайди. Шундай экан бу ҳаёт, то ҳар бир инсонга Аллоҳ Таъоло томонидан белгиланган ажали етгунигача берилган қимматли фурсатдир. Юқорида келтирган мисолимизда, талаба ёки абитуриент қайси куни имтиҳон топширишидан хабардор бўлади. Лекин Аллоҳ Таъоло белгилаб қўйган ажал қайси куни ва қайси соатда етишини эса инсон ақли қанчалик маълумотларга бойимасин, била олмайди.
إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَاذَا تَكْسِبُ غَدًا ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир”. (Луқмон. 34)
Ажали етган ҳар бир инсон учун ушбу қимматли фурсат якун топади албатта. Шундай экан, ана шу муҳим имтиҳондан ўтиб олиш ғами бизда мавжудми? Агар мавжуд бўлса, унга қанчалик даражада тайёргарлик кўряпмиз?
Бу саволларни ҳар бир ажали етмаган инсон ўзига бериб кўрсин!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев