#Хадис_1298
НАРД ВА КАПТАР ЎЙНАШ
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким нардишер ўйнаса, худди қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига ботиргандек бўлади», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ:
Бундан нард ўйнаш чўчқанинг гўшти ва қони қанчалик ҳаром бўлса, шунчалик ҳаром эканлиги чиқади.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ийд кунлари мубоҳ ўйин-кулги бўлса жоизлиги.
2. Аёл кишига нисбатан меҳрибонлик билан жоиз нарсаларда кенгчилик яратиб бериш яхшилиги.
3. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким нард ўйнаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлибди», дедилар».
Шарҳ:
Нард каби шахмат, карта, ошиқ ва шунга ўхшаш ўйинлар ҳам ҳаром бўлади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каптарга эргашаётган кишини кўриб: «Шайтон шайтонага эргашмоқда», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Шарҳ:
Бу ҳадисда каптарни қимор учун ўйнатиш ҳақида сўз кетмоқда. Нафақат каптар, балки ит, хўроз, қўй каби бошқа ҳайвонларни уриштириш ва улар орқали қимор ўйнаш ҳам ҳаромдир. Чунки бунда ҳайвонга зарар етказиш, қимор ва Аллоҳ таолонинг зикридан қолиш бор. .
#Ҳадис_1302
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким балога учраган кишини кўрганда «ал-Ҳамду лиллаҳиллазии афонии миммаа ибталака ва фаззалании ала касийрин мимман холақа тафзийлан» деса, унга ўша бало етмайди», дедилар».
(ИмомТермизий ривоят қилган?
Шарҳ
Дуонинг маъноси:
«Сени мубтало қилган нарсасидан менга офият берган ва мени Ўзи халқ қилганларнинг кўпидан афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Бирор балога, мусибатга учраган шахсни кўрган одам ушбу дуони ўқиб қўйса, ўзини ўшандоқ балога учрашидан Аллоҳ таоло саклайди.
Мисол учун, Аллоҳ таоло сакласину, бирор йўл ҳодисасига учраганни кўрганда ва шунга ўхшаш ҳолатларни кўрганда ушбу дуони ўқиб қўймоқ керак.
#Хадис_1297
САРБОН ҲИРГОЙИСИ ВА ҚЎШИҚ
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: لا «Қўшиқчи қизларни сотманглар, сотиб олманглар, уларга таълим берманглар, улар ила тижорат қилишда хайр йўқ. Уларнинг баҳоси ҳаромдир. Шунинг мислида «Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор» ояти нозил бўлган», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ:
Жоҳилият даврида чўри қизларга қўшиқчилик бўйича таълим берилар ва уларни базми жамшидларда, турли йиғинларда қўшиқ айтдириш учун сотилар ҳамда сотиб олинар эди. Уларнинг қўшиқчилик хизмати фақат фисқи фасод учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг савдоси ва фаолиятига боғлиқ ҳар бир нарсанинг ҳаромлигини эълон қилмоқдалар.
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни эрталаб келиб, тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб ўтирдилар. Шунда қизчалар чилдирма чалиб, Бадр куни қатл бўлган оталарим ҳақида хиргойи қилишди. Улардан бири: «Ичимизда эртага нима бўлишини биладиган Пайғамбар бор», деб айтди. Бас, у зот: «Буни қўй, аввал айтаётганингни айт», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ:
Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари Муъаввиз ва Авф ҳамда Муоз исмли икки амакилари Бадр урушида мушрикларга қарши жанг қила туриб шаҳид бўлган эдилар. Кейин йиллар ўтиб, Рубаййиъ вояга етиб, Ияас ибн ал-Букайр аллайсий исмли йигитга турмушга чиқиб, тўй бўлади. Тўйга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келадилар. Ичкарига кириб ар-Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг тўшакларига ўтирадилар. Шунда қизлар чилдирма чалиб, Бадрда шаҳид бўлганлар, хусусан, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари (ота ва икки амакилари) мадҳида айтилган шеърни оҳанг билан куйга солиб айтадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эшитиб ўтирадилар. Қизлар айтиб бориб, ичимизда эртага нима бўлишини биладиган, ғайбдан хабардор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор, деган маънодаги байтни ҳам айтадилар. Бу маъно нотўғри, гуноҳга олиб борувчи бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни айтманглар, олдин айтаётган тўғри маъноли нарсаларни айтинглар, деб кўрсатма берадилар. Ушбу ҳадисда тўйда кўнгилхуши қилиш жоиз экани баён қилинмоқда. Эркак киши қизлар оҳанг билан айтган шижоат, одоб-ахлоқ, сахийлик каби маъноларни ўз ичига олган байтларни эшитиши ҳам жоиз эканлиги аён бўлмоқда. Уламоларимиз, албатта, бу нарса парда ортидан бўлса,ина ҳамда фитна бўлиш хавфи бўлмаса,ина жоиз, деганлар.
#Ҳадис_700
Ал-Муғийра бин Шуъба розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ ﷺ мендан: «Уни кўрдингми?», деб сўрадилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: «Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади», дедилар.
Термизий ривояти
Изоҳ:
Ушбу ҳадислар турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар бир-бирига назар қилиши жоиз эканига далил. Уламолар бу ҳолатнинг одобларини бундай баён қилганлар:
1) Йигит қизга уйланишни қасд қилганидан кейин фақат унинг юзи ва кафтига қараши мумкин.
2) Такрор кўриши жоиз, токи унинг кўриниши онгида ўрнашсин.
3) Йигит қиз билан кўришаётган маҳал гувоҳлар иштирокида суҳбатлашиши мумкин.
4) Никоҳ ақди бўлмасидан туриб, унаштирилганлар бошқа ножоиз ҳаракатларни қилиши мумкин эмас.
5) Унаштирилган қиз номаҳрам йигит билан хилватда қолиши мумкин эмас. Чунки динимиз бегона аёл ва эркак киши билан хилватда қолишни ҳаром қилган...
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: «Кимни дуоси қабул бўлишини ва дард ғамларнинг кетишини ҳоҳласа, қийин аҳволдаги бирор кишини қувонтирсин»
Имом Термизий ривояти
(Ибн Умар (р.а).дан)
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
«Ким Аллоҳга дуо қилиб сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади»
Имом Термизий ривояти
(Абу Ҳурайра (р.а).дан)
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: «Кимнинг қийинчилик ва ғам-ғусса пайтидаги дуосини Аллоҳ таоло қабул қилиши хурсанд қилса, фароғат пайти дуони кўпайтирсин»
Имом Термизий ривояти
(Абу Ҳурайра (р.а).дан)