Айбим излаб қидиришиб баҳоналар,
Кетса кетар кўнгил узиб жаноналар,
Керак эмас атрофимда парвоналар,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Дардларимни кулгуйингиз билан олиб,
Юрагимга дуолардан нурлар солиб,
Ғурбат тўла дунёлари бир чет қолиб,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Қалби ичра турфа ғамлар уюлганим,
Омад қучсам мендан кўпроқ суюнганим,
Тобим қочса жони ҳалак куюнганим,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Ризқу файз кошонамдан аримайди,
Дейдиларки Онаси бор қаримайди,
Икки дунё армон мени танимайди,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Уйим ичин тўлдиргансиз райҳонларга,
Гул эккансиз кўнглимдаги сайҳонларга,
Шу боғларим айланмайди пайҳонларга,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Ғамлар кўрманг етмай қолар бунга дошим,
Ер юзини кўл айлайди кўзда ёшим,
Болажоним дея аста силаб бошим,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Айбим излаб қидиришиб баҳоналар,
Кетса кетар кўнгил узиб жаноналар,
Керак эмас атрофимда парвоналар,
Сиз ёнимда бўлсангиз бас Онажоним...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев