Ҳақ амрининг ҳақлиги алмисоқдан мутлақдир,
От минмоқ ҳам тақдирдир, яёв юрмоқ ҳам тақдир.
...Оби равон юзида қизил олма келодир,
Хожа Собит қўл чўзиб, беихтиёр олодир.
Ҳақнинг йўли ул зотга ҳам қарзу ҳам фарз эди,
Ва лек малъун азозил: – Ризқинг келди, е, – деди.
Бир тишлади, бир луқма оташ бўлди оғзида,
Ларза тушди қалбига, тўхтаб қолди бўғзида.
Ризосини олай деб, кўчат эккан инсонни,
Излаб топди ахийри боғ ичидан боғбонни.
Тўкиб солди бор гапни, хўб айлади арзи ҳол,
Таъзим қилди бобога, кўп ёлворди бемажол.
– Мулло йигит, розимиз, фақат бор бир шартимиз,
Қизимиз бор ожиза, ҳам севинч, ҳам дардимиз.
Фариштага ўхшатдик, лойиқ билдик шул қизга,
Хўп десангиз, марҳабо, куёв бўлинг сиз бизга.
Таърифини сўрсангиз, шол бўлган қўл, оёғи,
Кўзи ожиз, тили йўқ, эшитмайди қулоғи.
...Ёлғон дунё – ўткинчи, омонатдир ҳар одам,
Алдамчидир йигитлик, бебақодир ёшлик ҳам.
Йигит асли ғўрмикан, пешонаси шўрмикан?
Тақдир кўзи кўрмикан, ё тузоқ, ё тўрмикан?..
Йигит деди: – Қисматим ёлғиз Ҳаққа таваккал,
Нуқсони йўқ Роббимдир, банда эмас мукаммал.
Чин ошиққа маҳшарда басдир Холиқ жамоли,
Майли, ўша ногирон бўлсин жуфти ҳалолим.
...Висол чоғи, воажаб, чимилдиқда бир санам,
Чақнар эди кўзлари, сулув эди жуда ҳам.
Сарви озод қомати, таъзим бажо келинчак,
Салом айтди куёвга тили бурро келинчак.
Шукур айлаб қайнота, рози бўлиб тақдирдан,
Огоҳ этди куёвин ҳамон пинҳон ул сирдан:
Очай сизга дилимни, марҳабо ё марҳабо,
Эшитганмас ёлғон сўз, билиб қўйинг сиз шуни,
Кардир дедим, кар дедим, шул сабабдан мен уни.
Кўзларининг кўрлиги – норавони кўрмаган,
Оёғининг шоллиги – нобоп йўлга юрмаган.
Соқов дедим: тилида ёлғони йўқ мутлақо,
Суйган сўзи иккидир: ё Аллоҳ, ё Мустафо.
Ўшал соқов, ўшал кар, ўшал мажруҳ – сизга тан,
Сиздай азиз ўғилга қайноталик – бизга тан.
...Ёр-ёр айтиб малаклар фалакларда қувнашди,
Шамсу қамар шод ўлиб, юлдузлар-ла ўйнашди.
Кўрганмикан мозий ҳеч ул висолдай соф висол,
Ишқу иймон чашмаси – Замзамдайин пок, ҳалол.
Ул висолдан яралмиш инсонларнинг Аъзами,
Ул висолдан яралмиш имомларнинг Аъзами.
* * *
Гоҳи тонглар хаёлдан ўйлар кечар ғаройиб,
Бўлган экан одамлар алмисоқда ажойиб.
Қизил олма ариқда оқармикан бугун ҳам?
Боғбон бобо боғида ўсармикан бир санам?
Олма еган ҳеч йигит борармикан боғ сари?
Соқов ё кар бўлса-да, кутармикан бир пари?
Минг йилдирки, олмалар дарёда ҳам оқмоқда,
Лекин ҳеч ким бормайдир боғбон чолни топмоққа...
Мен борардим, албатта, бор бўлса гар ўша боғ,
Лекин қизи қайдадир – бунга бордир иштибоҳ.
Хожа Собит энди йўқ, соқов қиз ҳам қолганмас,
Минг йилдирки, ҳеч ошиқ соқов қизни олганмас...
Ҳар на бўлса бўлсин-да, боққа болта кирмасин,
Иймон боғи яшнасин, сира завол билмасин.
Олма оқсин ариқда, бўлмасин ҳеч ниҳоя,
Имом Аъзам олмасин кесмасалар кифоя.
Рустамжон УММАТОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев