Подадан олдин чанг бу, деган ўйга борманг, йўқ!
Бир тошнинг қулашидан талқон бўлган тоғлар бор,
Буюк салтанатларни кулдон қилган битта чўғ,
Бир томчидан заминнинг юзида минг доғлар бор.
Кўзни очинг, мудраган таналарни уйғотинг,
Яъжуж-маъжуж мисоли қутурмоқда шум офат.
Беандиша касларнинг кўкрагига ўқ отинг,
Хиёнат-ку, ахир бу – келажакка хиёнат.
Жалолиддин ким учун қонлар тўкди жангларда,
Кимлар учун Улуғбек давот қилди осмонни.
Навоий ҳазратлари шомни улаб тонгларга
Кимлар учун яратди беш достон – беш бўстонни?
Ҳеч ўйлаб кўрдингизми қари Очун сирларин:
Нечун ёлғончи бисёр, не боисдин чинчи йўқ.
Нега ювмоқ мушкулдир басир кўнгил кирларин,
Нега Давлатбошининг ҳаловати, тинчи йўқ?
Ахир, икки Ренессанс қурганларга фарзандмиз,
Мағрибдан Машриққача ҳилпираган туғимиз.
Бугун жўшқин уммондек туйғуларга ҳамдаммиз,
Чақмоқдек чақнаётир юракдаги чўғимиз.
Ибо, ҳаё, садоқат момолардан қолган тож,
Илдизимиз сув ичган Зардушт булоқларидан.
«Ушшоқ», «Муножат»у «Гиря»ларга қучоқ оч,
Беғамни уйғотайлик тортиб қулоқларидан.
Дерлар, отлар тишлашиб, ит топишгай искашиб,
Ўғри, каззоб, қаллоблар ёқалашиб, муштлашиб;
Урчиётир манқуртлар ёввойи подалардек,
Бир-бирига суйкалиб, илакишиб, илашиб.
Гуллар экдик яна бир Уйғониш саройига,
Қаршимизда сафланмиш ўрлар, қирлар, довонлар.
Қутқармасак ноқисни кир ва иркит лойидан,
Довонларни қай тарзда забт этгаймиз, ёронлар?
Бас-е!
Энди томоша қиладиган замон, бас!
Томирдаги дарёлар ол қонларга айлансин.
Кимки беғам – оломон, биз эмас, биз томонмас,
Ол қонлар оловланиб, исёнларга айлансин!
Карвонимиз йўлдадир, сарбонимиз ўтюрак,
Тарих муҳрлаётир энг халқона достонни.
Ушалмоқда бирма-бир минг йиллик армон, тилак –
Ўзбегим қураётир Янги Ўзбекистонни!
Янги Ўзбекистонга нур сочайлик бирлашиб,
Кўнгилларга маърифат, маънавият улашиб.
Абдусаид Кўчимов https://t.me/mahalla_raislari
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев