Марҳаматимиз тупроғига қўйган муборак қадамларингиз қутлуғ бўлсин!
Сизларни, бутун умрини зиё билан бойлаган табаррук инсонларни, Марҳаматимиз даргоҳида кўриб беҳад хурсанд бўлдик. Албатта, Сиз билан бизни гўзал Марҳаматимизда дийдорлашувимизга сабаб бўлган улуғ инсон мамлакатимиз севимли Устоз шоирига айланган Муҳаммад Юсуфнинг бетакрор ижодий меросидир. Биз, Марҳаматликлар, Ўзбекистонимизнинг қайси бурчига бормайлик, Устоз юртидан эканлигимизни айтиб ифтихор этамиз, ёки "Марҳаматликман" дейишимиз билан Муҳаммад Юсуф юртиданмисиз, деган саволни эшитиб, кўксимиз осмонларга кўтарилади. Кузатувчиларнинг эътирофича, Марҳаматда Устоз шеърлари айтилмаган бирор-бир кун йўқ. Ўқувчилар энг кўп ёд олаётган шеърлар ҳам Устозникидир. Илоҳий қудратни кўрингки, мана бир ойдан бери Устоз қабридан зиёратчиларнинг сиз каби азиз инсонларнинг оёғи узилмаяпти. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ташриф буюрган бу инсонларни ҳеч ким мажбурлаб олиб келаётгани йўқ. Улар Ватан ва халқига муҳаббатини мухлисларига юқтира олган Устозларига миннатдорлик ҳиссини ифодалаш учун келаётганлари рост. Мана, 28-апрель куни ҳам Сизларнинг қутлуғ ташрифларингиз сабаб Устоз руҳи шод эканлиги ва у, биз билан бирга, Марҳаматимизда минатдор кезганлиги аниқ. Устоз руҳини шод этиш мақсадида буюрган ташрифларингиз қутлуғ бўлсин!
Кечамизда Муҳаммад Юсув таваллудининг 64 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Муҳаммад Юсуф асарлари билимдони” мавзусида халқаро танлов ғолиб аниқландилар.
100 га яқин иштирокчиларнинг талаб ва таклифларига биноан танлов ғолиблари тадбирга келган иштирокчилар орасидан ўқиб беришларига қараб танлаб олинди.
Танловимизнинг ғолиб ижодкорларни эълон қилиш шарафига муяссармиз!
1-ўрин, Фарида Абдураимова (Қирғизистон. Ўзбек тили адабиёти ўқитувчиси, шоира)
2-ўрин, Нилуфархоним (Солиҳа Исломова. Бухоро вилояти)
3-ўрин, Жамолиддин Облоқулов (Тожикистон. шоир)
Ғолиблар Муҳаммад Юсуф фонди қошидаги “ОЛТИН ҚАЛАМ” газетасининг шу йилги обунаси, махсус диплом ва совғалар билан тақдирландилар.
Биринчи ўрин ғолибига севимли шоиримиз Иқбол МИРЗО томонидан “НАВОИЙ АСАРЛАРИ ТЎПЛАМИ” берилди.
Қолган барча ижод намуналари билан иштирок этган ижодкорлар “ФАХРИЙ ЁРЛИҚ” билан тақдирландилар. Тадбирга келаолмаган танлов қатнашчилари бир ой ичида фахрий ёрлиқларини олиб кетишлари мумкин.
Шунингдек, тадбиримизда қуйдаги ижодкорларнинг асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
1. “ТАБАССУМ КОШОНАСИ” Баҳодир АНДИЖОНИЙ. Ушбу тўпламдан ўрин олган шеърларда ижодкор кундалик ҳаётимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ҳажвий ёритган. Бу муаллифнинг биринчи китоби эмас. Болалигидан китоб мутолаасига меҳр қўйган ижодкорнинг Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги га бағишланган “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” хотиралар китоби Муҳаммад Юсуф издошларига тақдим этилган.
2. “КЎНГИЛГА ЙЎЛ” Ҳусан МИРЗО. Ёш иқтидорли қаламкаш Ҳусан МИРЗОнинг ушбу илk тўпламида Ватан соғинчи, она табиатни асраш, муҳаббат ва садоқат, меҳр-оқибат каби турли мавзулар ўрин олган.
...
Энди бағри лола каби доғ Андижон,
Муҳаммадин кутиб толган Ота макон,
Ижод билан номин элга қилган достон,
Шеърларида яшар, ўлмас асли шоир,
Қон дилини қизғалдоққа тутган бағир...
3. “СОҒИНДИМ, ДЕБ ЧОРЛАСАМ...” Нодирабону Равшанбек қизи (Самарқанд).
Шеър – юракнинг туб-тубида ётган, ҳеч кимга айтолмаган гапларинг. Шеър – жўшқин қалбнинг ҳайқириғи. Юрагида дарди бор шоир шеърни шунчаки ёзмайди, сўзнинг ўзи қуйилиб келади. Нодирабонунинг шеърларини ўқиган одам, беихтиёр, шу тўхтамга келади.
4. “ҲАМИША ЁДИМДАСАН” Улуғбек ЙЎЛЧИЕВ. Китобга самимий туйғуларга йўғрилган, ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайдиган кўнгил сатрлари жамланган.
Не бўлсам ҳам, бағрингда бўлиб,
Гоҳ озсам-да, гоҳида тўлиб,
Онамнинг зўр фарзанди бўлиб,
То тирикман, танда экан жон,
Сенга хизмат қилгум, Андижон...
5. “КЎНГИЛ ЁШЛАРИМ” Сайриддин ЖЎРАЕВ. Унинг шеърларини ўқир экансиз, кўнгил тубидаги қаҳрли сўзлар унутилиб, меҳрга айланади, ҳасадлар ҳавасга, эгрилик тўғриликка, манманлик камтарликка, нафрат муҳаббатга, алам шодликка алмашинади.
Кунларим бошланар табассумингдан,
Дил яшнаб, кайфият бўлади аъло.
Шундайин ҳаётим қувончга тўла,
Гулим, ҳаётимда борлигинг учун.
6. “КЎНГИЛ БЕКАТИ” Насиба ФЕРУЗ. Ижодкор ҳаётдан олган таъсир ва таассуротларини қалб чиғириғидан ўтказади. У борлиқни ўзича кузатиб, дилида мавж урган ҳис-туйғуларини содда ва равон баён этишга уринади.
...
Менинг бугун орзуларим ушалди,
Шу кунларим рўё эди хаёлда.
Мана бугун кўринг, азиз дўстларим,
Омад кулиб боқди мендек аёлга.
7. “ДИЛИМДАГИ ТИЛИМДАДИР” Мухтасар (Эргашой АЗИМОВА). Шеър кўнгилнинг қоғоздаги суврати, десак муболаға эмас. Шеърини ўқиб, шоирнинг ким эканлигидан анчайин воқиф бўласиз. Мухтасар опанинг шеърларида Ота она, фарзанду набираларни, нақадар яхши кўриши, ёру дўстларига ҳамиша суяниши, уларни доимо соғиниб яшашидан таълим олинади.
Тадбиримиз ўтказилишида бошу қош бўлган устозимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари,севимли шоирамиз Хуршидабону опамизга, Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди раҳбари Назира ас-Салом опамизга, Марҳамат туман ҳокимлиги раҳбариятига иштирокчилар номидан миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Кеча, тадбиримизда режалаштирган кўп ишларимизга улгурмай қолдик. Бунинг учун сиз азизларимиздан минг бор узр сўрайман. Тадбиримиздаги хурсандликларни устозимиз руҳи шодлигидан, тадбиримиздаги хато ва камчиликларни камина ходимингиздан, деб билиб авф этгайсизлар.
Тадбиримиздаги машаққатли ва масъулиятли ишларда бизга ёрдамчи бўлган барча азизларимизга чин қалбдан ташаккур изҳор қиламиз ва уларнинг ҳаққларига дуои хайрлар қиламиз. Тадбиримиз лавҳалари баён этилган фото ва видео дискларимизни яқин кунларда тадбир иштирокчиларига тақдим этамиз. Назира ас-САЛОМ опамиз айтганларидек, Устознинг 65 йиллигини келаси йили катта тантана билан яна Марҳаматимизда нишонлаймиз.
@muhammadyusufizdoshlari
yuqoridagi ssilkani bosib kanalimizga ulaning telegram känal qaytadan ochildi
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 26
Бу тадбирга хаммадан ҳам кўп меҳнат қилган Муқимжон акамга рахмат соғ бўлсинлар!
Бундай чиройли ва эсда қоларли дийдор базмини яратишга сабабчи бўлганингизга рахмат айтамиз ва бундай ишларда сизга куч қувват тилаб қоламиз келаси йилги тадбиримиз бунданда чиройли ва мехмонларга бой бўлади ва сафимиз бунданда кенгаяди деб умид қилиб қоламиз!
Сизга куч-қувват,соғлик ва кўп раҳмат Муқимжон ака.
Шоир
Муҳаммад Юсуфни руҳлари шод бўлсин...
Ҳурмат билан Жиззахдан
Шаббона Лапасова
Ижобат булиб кунглинг булар шод,
Зиёрат х,ам яхшилик бир тури,
Майли ниятингга етгин албат.
Рамазон байрами сизга муборак.
Сизга ҳам тилайман тиниқ сув мисли,
Гўзаллик, софликдан келтирсин дарак.
G'oliblarni, chin yurakdan tabriklayman!